270

Гапир! Сен буни уддалайсан

Ромена Августова

Боланинг нутқини (айниқса, имконсиз ҳолатларда)

шакллантириш ҳақида

(3-қисм. Давоми)

Фарзандингиз ўзининг соғлом тенгқурларига етиб олиши учун қанча куч сарфлаши зарур. Унга осон эмас. Бундан ташқари, ўқитувчининг ўзи ҳам машғулотлар жараёнида ўзи учун янгиликларни кашф қилади – бунга боланинг хатти-ҳаракатлари, воқеликка муносабати ишора қилади. Ва бу ҳолат бошқа ҳеч қачон такрорланмаслиги ҳам мумкин. Доимий ҳаркат – ютуқлар гарови. Бир мартагина бўлмай қолган машғулот – бу йўқотиш. “Кўп нарсани эшитишим мумкин эди, агар шовқин қилмасам” – болангизни тингланг, унинг ҳар бир овози, талаффузига эътибор беринг, бир қарашда эътиборга лойиқ бўлмаган ҳолатларни кузатинг.
Айтаётган гапларингизга, бажараётган ҳаракатларингизга унинг муносабатини билинг. Унинг шахсий иштиёқларига эътибор қаратинг. Кўра олиш ва эшитишни билмаслигимиз кўп ҳолларда биз билмаган сир-синоатларга йўл очадиган, боланинг тўғри униб-улғайишига хизмат қиладиган майда нарсаларни илғаб олишимизга халақит беришини биласизми? Биз ўзимиз ўрганган бошқарувчилик ролини адо этишимизни ўзлаштириб олганмиз. Биз доим ҳақмиз, чунки биз –каттамиз, биз – намунали шахсмиз. Боладан кўп талаб қилиб, ўзимиз кам бераётганимиз ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? “Болалар ҳар хил бўлади”, — дейди хўрсиниб қолоқ ўқувчимнинг онаси. Бунга ўхшаш баҳоналарни кўп эшитганман, ваҳоланки, нафақат болалар, балки ота-оналар ҳам турфа хил дунё. Фарзандингиз дангаса, ишёқмас, қулоқсиз, қайсар, бетартиб. Ўзингиз-чи, ўзингиз қандайсиз? Ўз камчиликларингизни бартараф қилиш устида ишлайсизми? Йўқ. Чунки уларга кўникиш осонроқ. Бу ҳам етмаганидек, атрофимиздагилар бизни қандоқ бўлсак шундоқлигмизча қабул қилишларини истаймиз. Буни улар хоҳлайдими ёки йўқ инобатга олмаймиз. Болаларга келганда – бу бошқа гап! Шу ерда биз эътирозга ўрин қолдирмаймиз. Уришамиз, талаб қиламиз, жазолаймиз. Боланинг дангасалиги ўзимизнинг қайсарлигимиз оқибати эканлигини тушунамизми? Қачон ўз хатоларимизни тан оламиз? Бошқаларнинг фикри билан осонгина келишамизми? Бола ҳаммасини унутди. Машғулотда нималар ҳақида гапирилганди? Ахир ота-она дўстлар билан дийдорлашиш баҳонасида боланинг машғулотини ўтказиб юбориб, энди икки машғулот топшириқларини биттада боланинг калласига жойламоқчи бўладилар. “Ўзим!” – бақиради бола оёқ кийимини ўзи ечмоқчи бўлиб, онанинг эса вақти йўқ. Тезроқ уни ечинтириб ишларини қилиши керак. Сабр етишмайди. Машғулотга ярим соат кечикиб, ўтиб кетган машғулотни ўзлаштиришга ҳаракат қиларкан, ўқитувчининг ҳам асабини издан чиқаради. Оқибатда ҳаракатларини ўйлаб-мулоҳаза қилиб олишга вақт етишмайди. Шу ва шунга ўхшаш ҳолатлар.

Боланинг эътирози, қаршилигига қарамай унинг ташаббусини сўндирамиз, узоқ вақт бир хил маромда ўз гапларимиздан ҳузурланиб, нутқдонлик қиламиз, ақл ўргатамиз. Болада гапириш ҳуқуқи йўқ. Бизнинг бола билан суҳбатларимиз одатда монолог кўринишида кечади, асло диалог эмас. Айниқса, зиддиятли вазиятларда боланинг гапириш, тушунтириш имконияти бизнинг тарбиявий нутқимиз билан чекланади. Ҳеч кимга керакмас сўзамоллик – денгиз-денгиз сўз, океандек бениҳоя нутқ. Болага нисбатан ҳар доим бир нарса такрорланаверади: ақлли бўлиш, масъулиятни ҳис этиш ва шунга ўхшаш мавҳум умумий гапларда ифодаланган мавҳум тушунчалар. Мана, бувимиз ҳам насиҳат қила бошлади, унга амма-хола қўшилади. Оилавий хор жамоаси. Бола бунда бирорта ҳам мустақил овозни ажратиб ололмайдиган вазият. Сиз эътибор қаратишингиз керак бўлган асосий масала гап-сўзлар уммонида чўкиб бўлди. Булар ҳаммаси нимадан бошланди? Ўзингиз тушунасизми? Яхшиси, бировларнинг аралашувисиз бола билан жиддий гаплашиш керак. Французлар айтганидек — Tete-a-tete. Бола билан юзма-юз гаплашиб олишга улгурмасингиздан орага бошқалар аралашиб, таъна ва танқидларни “қалаштириб” ташлаши ўринли эмас. Фарзандингиз сизни жиддий қабул қилишини, у учун авторитет бўлишни, айтганларингизни жиддий қабул қилишини истайсизми? У ҳолда “ўртакаш”ларга не хожат?! Юзма-юз суҳбат фақат икки киши ўртасида бўлиши керак. Шундагина бола айтган ҳар бир сўзингизни қабул қилиш билан бирга нигоҳингизга, овозингизга, юз ифодангизга, ҳатто мимикаларингизга эътибор қаратади. Боланинг атрофида кўпчилик бараварига гапирса, ҳар бири ўзиникини маъқулласа у ҳеч қайси гапни илғаб ҳам тушуниб ҳам ололмайди. Оқибатда ўртадаги алоқа ҳам йўқолади. Эътибор беринг, болага отанинг гаплари нима учун таъсир қилади? Чунки ота – эркак кам гапиради, талабларини аниқ билдиради, сўзларни аниқ талаффуз қилади ва овозида талабчанлик бўлади.

Нутқ маъноли, тушунарли ва қатъий бўлиши учун у қисқалик зарур. Бир-бирингизга халақит берманг. Сергап бўлманг. Эътибор беринг: тажрибали, малакали, ёши улуғ ўқитувчилар ҳеч кўп гапирганини кўрганмисиз? Ҳеч қачон.

Мен бир пайтлар болалар клубининг иккинчи қаватида машғулотлар олиб борар эдим. Бир куни дарслар тугагач, пастки қаватга тушдим. Кийиниш жойида 9-10 ёшлардаги болалар кетишга тайёрланишарди. Улар кинозалдан чиқишганди. Уларнинг ҳеч бири биринчилардан бўлиб пальтосини олишга шошилмас, ёки бири бошқасининг бошига портфели билан уриб, хўроз бўлиб қичқиришлар, тутқичларга ўтириб учиб тушишлар йўқ. Жим-житлик. Болалар орасида сочларига оқ оралаган, катта ёшлардаги бир ўқитувчи бор эди. У сокин ва қатъий овозда бутун гуруҳни бошқариб борарди. “Бу ерда нечта синф бор?” сўрадим қизиқиб. “Учта”. Учта синф! Бу 100га яқин ўқувчи дегани! Биронта боланинг баланд овозда гапиргани ёки шовқин қилгани йўқ. Бу болаларнинг орасида тиниб-тинчимас, шўх, қулоқсиз, бутун мактаб маъмуриятини “зир титратган” болалар бўлиши турган гап.

“Фиона! Бугун сен яхши шуғулландинг. Лекин йўлакка чиққанингда ерга ётиб олиб, оёқларинг билан тапиллатсанг, ёки шкаф калитини олиб қочсанг, тилингни менга кўрсатиб, “кака” десанг кейинги сафар мурабболи чой бермайман”. Мен бу гапларимни қизалоқнинг кўзларига қараб туриб, жиддий охангда ҳар бир сўзимни дона-дона қилиб таъкидлайман. Одатда болалар узоқ келажакни режалаштирмайдилар. Лекин шунга қарамай мен Фионанинг онгига шундай бўлишини уқтираман. “Витя ҳам сени ёмон кўриб қолади. Ира холани далаховлисига ҳам бормайсан. Кимга керак бунақа ёмон қиз?”- деб қўшилди онаси. Мана буниси ортиқча эди. Ахир кичкинагина бошчага шунча “бахтсизлик” шартмикан? Хозирча мурабболи чойсиз қолдириш жазосининг ўзи етарли. Чунки Фиона анча олисдан келади. Кетиш олдидан бир финжон мурабболи чой ва бирор ширинлик билан уни меҳмон қиламан. Шунақа, оддий аммо доимий меҳмондорчилик. Мен жиддий айтаётганимни Фиона тушунади. Унинг қўли калитга чўзилди. Мен сўзсиз ундан нигоҳимни узмайман. Калитни олмади. Фиона ортидан эшик секин ёпилди. Ҳеч қандай эътирозга ўрин йўқ. Мана, ўқитувчи ва ота-она авторитети… Агар у бошиданоқ ўрнатилмаса кейин муносабатларни аниқ мақсадга йўналтириш мушкул кечади. Бунга сабаб турлича бўлиши мумкин: балки сиз жаҳлингизни бошқаролмассиз, чекиниш зарур бўлганида чекинмай, чекинмаслик кераклигида ортга қайтарсиз, сизга қатъийлик етишмас, кайфиятингиз тез-тез ўзгариб турса керак. Сиз тирик инсонсиз, оилангизда Даун синдромли болангиздан ташқари сизнинг эътиборингизга муҳтож яна бошқа фарзандларингиз бор. Доим ўзингизни назоратда тутиш қийин. Умуман олганда сизга қийин. Суткасига 24 соат давомида педагог бўлиш қийин. Зеро педагоглик – бу фақат ўқишни ва ёзишни ўргатиш дегани эмас. Беназр ўқитувчи Шаталов айтганидек “ болаларни педагогик муҳаббат билан севинг”. Педагог бўлишни ўрганинг. Ким болаларга авторитет бўла олади? Кимнинг талаблари ва илтимосларини болалар сўзсиз бажаради? Болаларнинг мактаб ховлисидаги ўйинларига эътибор беринг: ким улар орасида лидер? Кучли, қатъиятли бола. Ёши жиҳатидан бошқа болалардан у катта, у бошқаради ва болалар унга бўйсунади. Ҳатто болалар унинг эътиборидан ғурурланадилар. Даун синдромли болалар учун соғлом болалар жамоасида аҳамиятга эга бўлган қадриятлар тизими мавжуд эмас. Аълочи бўлиш, жисмоний устунлик, чиройли ташқи кўриниш – буларнинг ҳаммасини улар баҳолай оладиган тушунчага эга эмас. Даунчаларни рақобатчилик қизиқтирмайди, биринчилардан бўлишга интилиш уларнинг характерида йўқ. Улар ўзларини мукаммал эмасликларини эрта, жуда эрта тушуниб етадилар. Тушунадилар, ва бу ҳолатни борича қабул қиладилар. Одатда улар вазиятлар тақазоси билан ота-онага жуда боғлиқ бўлишади. Лекин шунга қарамай баъзи ота-оналар уларга авторитет бўла олмайди. Авторитет бўлиш учун уларнинг тушунчасидаги дўст бўла олиш зарур. Бу ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Агар сиз у ўйнаётган қўғирчоқни қўлингизга олиб у ёқ буёғини айлантириб томоша қилсангиз ёки ўйинчаоқ машинасини ғириллатиб кўрсангиз бу унинг учун дўстлик эмас. Беш ўн дақиқалик бу урунишингиз унинг дунёсига бир меҳмон бўлишдек гап.
Болангиз ўйинчоқ ўйнашни ҳам билмайди. Ўйинчоқ ўйнашни ўрганади, лекин қачонки сиз буни ўргансангиз. Кун бўйи у ғингшиб оёқларингиз остида ўралашади, ё бирор бурчакда қоғоз ва гулқоғозларни йиртади, ёки бўлмасам эътиборсизлигингиз туфайли очиқ қолган бирор жавонни титикилайди.

Ўзининг ғаройиб, ширингина кичкинтойи бўлмагунча баъзи катта одамлар болалар дунёсини ҳеч қачон тушунмайди. Ҳатто ўшанда ҳам улар учун болалар дунёсини ҳудди ўйинчоқ дунёдай кўриб, жиддий қабул қилмайдилар, болаларнинг ўзини эса кичик бир одамчалардай қабул қилсалар-да, ҳақиқий эмасдек муносабатда бўладилар. Ғаройиб, қувноқ, лекин барибир кичкина. Муносабатлар ҳақиқий, дўстлик эса шунчаки, кейинчалик мустаҳкамланиб олинадиган муносабат. “Ана ўшанда балиқ овига бирга борсак бўлади. Хозир эса, қанақа дўстлик? Мен – 32 ёшдаман, у эса бор йўғи 4 ёшда”, дейди кичкина бир болакайнинг отаси. Бу ота чумолилар ҳаётига жуда қизиқар эди. Албатта, у фарзандини яхши кўради, лекин чумолилар ҳақида гап кетганда соатлаб гапириши мумкин эди. У ўз фарзандидан кўра кўпроқ чумолилар ҳақида маълумотга эга. Бу ота, афсуски, педагог бўлиб туғилмаган! Ҳақиқий педагог болалар асарларини ўқишни, Болажонлар ҳақидаги фильмларни томоша қилишни, болалар ўйинларини ўйнашни яхши кўради. Бола учун қандай бахт агар ота-она болага фақат қариндошлик ришталари билангина эмас, дўстлик ришталари билан ҳам боғланган бўлса. Бажараётган ишларимиз қизиқарлими ё зерикарлими, асосан уни биргаликда бажарамиз. Мана шуниси муҳим! Экрандаги томошадан биргаликда қувонамиз, хаяжонланамиз, қўрқувларни бирга хис қиламиз. Фақат шундагина ўз фарзандингизга ҳақиқий дўст бўла оласиз. Бу билан сиз ҳам “унга ўхшаган” эканлигингизни, фақат ундан каттароқ, тажрибалироқлигингизни, саволларига жавоб топа олишингизни, сизга ишониш мумкинлигини исботлайсиз.

(Давоми бор)

Мухайё Саидова таржимаси

Улашинг: