725

Гапир! Сен буни уддалайсан

Ромена Августова (2-қисм)

Боланинг нутқини (айниқса, имконсиз ҳолатларда)

шакллантириш ҳақида

(Давоми. Боши аввалги саҳифаларда)

Сир-синоатга бой болажон

… Бу дунёда ажойиб дўстларимиз бор

Уларни “болалар”деб атайдилар.

Бир қарашда Серёжа одамда ҳуш кайфият уйғотмайди. Ҳамиша ланг очиқ оғзидан тили осилиб, ҳеч бир ифодасиз юзи ниқоб каби доимо бир хил. У 9 ёшда. Серёжа бир оғиз ҳам гапирмайди. Яқинроқ танишгач, яна нималарни билиш мумкин? Умид қилишга арзирлик ҳеч нарса. У қулоқсиз ва қайсар. Екатеринбург яқинидаги болалар боғчасида болакайни бир соат ҳам олиб қололмадилар: бола бутунлай қулоқсиз, ҳар қандай педагогик тарбия воситаси бетаъсир ва бесамар ҳаракат эди гўё. Серёжа машғулотга онасининг хамроҳлигида келди. Келган заҳоти у йўлакда турган чанғи таёғини олиб, жавон устида турган скрипка футлярини уриб туширмоқчи бўлди. Ҳеч қандай “хой-хой”лар унга кор эмас. Ниҳоят мен мусиқа қўйиб, уни тинчлантириш йўлини топдим. Болада ўзгариш юз берди. Паганининг скрипкали концерти давомида бола тасаввуридаги “скрипка” ва “чўп”билан скрипка чалаётгандек ҳаракат қиларди. Серёжанинг қўллари ғаройиб тарзда енгил ҳаракатланар, кўзлари эса ниҳоятда маъноли ва жиддий боқарди. Болаларга умуман хос бўлмаган ниҳоятда чуқур маъноли нигоҳ. Мусиқа тугади. Скрипкачи таъзим қилди. Концерт тугади. Қўлига тушган китобни варақлай бошлади. Рангли чиройли расмларга махлиё бўлди. Расмда: катта стол, турли таомлар билан безатилган дастурхон. Учта ялмоғиз базмда  овқатланишяпти. Шунда Серёжа баланд овозда қувноқ қўшиқ хиргойи қила бошлади. Ахир, базм-ку, базмда қўшиқ куйлаш керак! Кейинги расм: қалдирғочлар ўнг ва чап томонда, мусиқачи сингари саф тортиб парвоз этмоқда. Серёжа яна қўлига “скрипкасини олиб”хона бўйлаб мусиқа чалганча рақс туша бошлади – гўё Иоганн Штраус, дейсиз!

Яна бир “мусиқачи”. Алёша, тасаввуридаги оркестр олдида туриб, тасаввуридаги партитурани варақламоқда, оркестрга ишора бериб, кейин мусиқачиларни тўхтатди. Кўринмас нота китобига узоқ тикилиб туриб, жиддий ўйга толган Алёша қўлидаги кўринмас дирижёрлик чўпи билан тақиллатиб бироз турди-да, кейин қўлларини кенг ёзиб, мусиқани бошлаб юборди. Товушнинг турфа хили – жарангдор фортедан тортиб, майин пиано овози ҳам унинг дирежёрлик ҳаракатлари остида куй таратмоқда. Карнайлар, қани дадилроқ, дадилроқ чалинг! Скрипкачилар – майин, майинроқ! Мусиқа тугади. Оркестр Алёшанинг бир имоси билан ўрнидан туриб, ўзи ҳам томошабинларга юзланиб таъзим қилишди. У буларни қаерда кўрган бўлиши мумкин? Алёша Чита вилоятининг кичик бир шаҳарчасида яшайди. У пайтларда “Маданият” (“Культура”) телевизион канали ҳам йўқ эди хали.

Йўл ҳаракати милицияси ҳаракатларини ҳам у жуда ўхшатиб берди. Ҳуштак. Милиционер қўлидаги таёғи билан мени тўхтатиб, машинамни четга олишни буюрди. Фақат милиция хизматчисига хос бўлган ҳаракат билан ойнадан мўралаб қўйди. Машинадан тушиб, ҳайдовчилик гувоҳномамни кўрсатишимга тўғри келади чамамда. Қўлларимга кишан тақиб, бўлинмага олиб кетишди. Билишимча, мен йўл ҳаракати қоидасини бузувчи эмас, қандайдир хавфли жиноятчиман. Шкаф эшигига қўлларимни тираб турибман, тинтув қилишди. Протокол тузишдан олдин милиционер менга узоқ ва айёрона тикилиб турди: қўлга тушдинг-а? Нима қиламиз энди?

5-ёшлик Сима Қор Бобога тақлид қилади. Елкасига китоб тўла халтасини кўтарволиб, эгилиб-букилиб қора терга ботганча хонадан хонага юриб, халтадан қути олиб, диванга қўяди-да, яна эгилиб-букилганча қора терга ботиб қайтиб кетади. “Сима сен қутингни унутиб қолдирдинг”, дейман унинг ҳаркатларини дарров фаҳмламай. Серёжа ҳам, Алёша ҳам, Сима ҳам бир оғиз гапирмайди. Лекин уларнинг зийраклигини инкор этиш мумкинми? Сима Москвадаги Даун синдромли болалар қатнайдиган оммавий болалар боғчасига қатнайди. У ерда Симага алоҳида эътибор зарур. Чунки унинг ихтирочилик қобилиятлари тасаввурларимизга сиғмас даражада ривожланган. Бир сафар уни қўл ювиш раковинаси ичидан чиқариб олишган бўлса, бир сафар дераза токчаларидан аранг тушириб олишган. Икки марта кўчага чиқиб кетганида бахтига милиция уни кўриб қолиб, боғчага қайтариб олиб келган. Мана, хозир ҳам у баланд шкаф устига чиқмоқчи бўлиб турибди. “Чиқади! Чиқолади!” дейди унинг онаси ишонч билан. Даун синдромли болаларнинг ҳаракатлари кескин ўзгаришларга бой, кўп ҳолларда кутилмаган вазиятларни келтириб чиқаради. Бу болажонлар серҳаракатдир. Лекин улар орасида тарбияга мойил, юмшоқ болалар ҳам учрайди. Лекин биз аввал “юмшоғойлар” ҳақида эмас “тинч ўтирмас”лар ҳақида гаплашамиз.

Шундай қилиб, “тинч ўтирмаслар”. Жуда нотинч одамчалар! Нимадир талаб қилса қатъий ва қайсарлик билан сўрайдилар. Сўраган нарсасини беришга улгурмасингиздан бошқага чалғиганининг гувоҳи бўласиз. Қаергадир чиқмоқчи бўлади, эшикларни ғичирлатиб ўйнайди, айлантириш, бураш мумкин бўлган нарсаларнинг ҳаммасини айлантириб, бураб чиқади. Тезучар-Коля электр токи розеткасидан симни тортиб, ерга тушиб кетган соатни босиб, ошхонада ўйинчоқ фонарини ёқиб, куйдириб, қора тутун ва ачимсиқ ҳид тарқаган хонадан қочиб чиқишга қачон улгурганини фақат фаҳмлаш мумкин. Мана, у пальтосини кийган, бошида шапка. Кетишга тайёр. Худога шукрки, бу сафар ҳеч нарсани синдирмади. Ўйлашга ҳам улгурмасимдан у хонага югуриб қайтиб кириб, кўзойнакка чанг солганини кўрдим. Кўзойнакни қаттиқ силтади. Синди! Улгурди синдиришга. Ҳалиям бўшашишга эрта. Жонга тегди шу Коля деганлари! Лекин шунга қарамай, баъзида Коляни ҳеч иккиланмай соат, кўзойнак, бошқа нарсалар билан ёлғиз қолдириш мумкин. “Ўқиймиз. Ёзамиз”, — деб Коля ўзига ўзи, бўғинли қарталарни тахлайди, берилиб дафтарига узундан-узун тўлқин чизиқларни чизади.

Бундай боланинг ота-онасига осон эмас. Уларнинг асаб толалари кучли зўриқишдан таранг бўлади: “Тегма! Синдирасан! Туширасан! Жойига қўй! Қаёққа чиқяпсан?”. Бошига бир мушт! Қўлига бир калтак! Орқасига бир шапалоқ! Ёпишган нарсасини олиб қўйиб, ажратиб олиб, чиқиб олган жойидан судраб тушириб кўнгилни хотиржам қилиш мумкин. Лекин бу ҳаракатлар билан бутунлай бошқа натижага эришилади – кейинги сафар бола сиздан-да чаққонроқ бўлишга ҳаракат қилади ва олади, синдиради, тўкади, узади. Чунки у ҳеч нарсани тушунмади, англамади. Ва бу сизнинг айбингиз! Нега олиш мумкинмас? Нима учун жойига қўйиши  керак?  Тушунтириш йўқ, мумкинмас – вассалом! Пайтини пойлаб у барибир ўша ишини қилади, ишонаверинг.

Бола сизни тинглашни ўрганиши керак. Нима учун мумкинмас – буни тушуниши, ўйлаб кўриши, уқиб олиши муҳим. Бунинг учун узундан-узоқ тушунтиришлар, тарбиялашлар шарт эмас. Бола пиёлани синдриб қўйишидан, косани тушириб юборишидан қўрқасизми? “Мушукни ҳайдагандан кўра балиқни олиб қўйган яхши”- бола тушириб юбориши, синдириб қўйиши мумкин бўлган нарсалар ундан узоқроқда, қўли етмайдиган жойда туриши маъқул. Лекин энг муҳими – бола синдириб қўйиши, тўкиб юбориши, бузиб қўйиши мумкин бўлган нарсалар билан муомала қилишни ўргатиш зарур. Агар сиз унга маҳкам ушлашни, эҳтиёт бўлишни ўргатмас экансиз болажонингизнинг ҳар қандай инжиқликларидан қўрқишингизга тўғри келади. Хонамда, энг номаъқул жойда бир ёғоч гулдон туради. Унинг ичига ручка, қалам, ўйинчоқ супургиларни соламан. Болаларга булар доим керак. Ўзлари олиб ишлатаверадилар. Шу пайтгача болаларнинг биронтаси гулдонни тушириб юбормаган. Ваҳоланки, у жуда тепадаги жавонда туради. Унинг ичидан қалам ёки ўйинчоқ супургичани олиш учун анча уруниши керак. Тўкилиб, ҳар ёққа сочилиб кетган қаламларни териш менга ҳам ёқмайдиган иш. Шунинг учун болаларга қандай қилиб жавонга етиш, гулдондан уни тушириб юбормай, бошқа қаламларни тўкмай ўзига керакли нарсани олишни ўзим ўргатдим. Албатта, бу анча сабр-тоқатни талаб қилди. Лекин натижа аъло.

“Найзани бер! ”- дейди 5 ёшли Ваня хонага кирибоқ. Найза – бу бурчакда турган чанғининг гардишсиз калтаги. “Уни нима қиласан?”“Аждарни ўлдираман”. Найзани Ваня вақтинчаликка олди. Лекин у қуроли билан ҳеч нарсага тегиб кетмаслиги керак. Озгина вақт ичида у абжирлик билан қуролидан фойдалана олишни ўрганиб олади деб ўйламайман. Лекин қўйилган талаб Ваняни атрофга бир назар ташлаб олиши, таёқни эҳтиёткорлик билан ишлатиши, маслаҳатларга қулоқ солиши учун сабаб бўла олади. “Мусиқий қутича (проигрыватель)га тегиш мумкинмас!” – дейман қатъий овозда унга ва ҳар сафар қўлини асбобдан ўзи тортиб олишини кутаман. Агарда бола ерга бирор нарсани ташлаб юборса – кўпинча у буни атайлаб қилади – мен ташлаган нарсасини ердан ўзи олишини талаб қиламан. Челакдаги қайин ёнғоқларини отиш мумкин. Марҳамат. “Елкаларни кенг олиб, қўлни кескин силталаб” – иложи борича узоқроққа! Отасан ва эгиласан, териб, жойига қўясан. Ошхонадан иккита пичоқ олиб келдим: бири ўткир тиғли, иккинчиси ўтмас, кичкина қизил тутқичли. “Пичоқ жуда ўткир! Ёмон пичоқ! Ҳеч қачон уни ушлама! Кесиб олсанг қўлинг қонайди! Хавфли! Бу эса биз иккимизнинг пичоқчамиз бўлади. Қара – кесмайди, ўтмас (бармоғим билан пичоқ тиғини силайман). Шу пичоқни ишлатамиз, хўпми”.  Шунга ўхшаш солиштиришларни кўп марталаб такрорлаймиз. Кейин эса: “Ошхонага бориб, тортмадан пичоқчани олиб кел”. Бола мумкинмас дейилганни олмайди. Албатта, биз доим хушёр туришимиз керак. Лекин вазиятни тўғри баҳолашни ҳам ўрганишимиз лозим – ҳар доим ҳам боланинг ташаббусларини сўндириб, ҳаракатларини чегаралашимиз зарурмикан? Боланинг бирор ёрқин ва ўзи учун номаълум бўлган нарсага талпиниши, бу табиий ҳолат. Мен унинг қўлини тўхтатиб: “Айт, мумкинми олсам?”. Ҳар доим ва ҳар сафар бола қўлини нимагадир узатганида бу ҳолат такрорланаверади, токи у руҳсат сўрашни ўргангунича. Бу усул ўз навбатида болани хоҳиш-истакларини бошқаришга ўргатади. Хамёним, кўзойнагим, калитларимни атайдан стол устига, кўз олдимга қўяман – буларни олиш мумкин эмас. “Эшик қулфида калитни қолдирманг, акс ҳолда, кийингунимизча Алёша уни олволиши мумкин”, — дейди онаси. Ҳа, мен атайдан калитни эшикда қолдираман! Мана уч йилдирки шу калит болалар эътиборини ўзига жозиба каби тортади, лекин уни олиш мумкин эмас. Болалар аниқ билишади – олиш мумкинмас. Агарда болажон телевизорни уриб синдирмоқчи бўлса, ёки очиқ ойна токчасига чиқмоқчи бўлса, ё бўлмаса қайнаб турган чойгум дастагини ушламоқчи бўлса сиз, албатта, зудлик билан чора кўришингиз, уни тўхтатишингиз керак. Лекин болажон сизга фойдаси тегишини истаб идишларни ювмоқчи бўлса, дастурхон тузамоқчи бўлса, гулларни суғораман деса, ёки бўлмаса ўзи кийинмоқчи бўлса бу ҳаракатларини ижобий қабул қилишингиз жуда муҳим. Гарчи ватқингиз қанчалик кам бўлмасин, ва бу ишларни ўзингиз тезроқ ҳамда кўнглингиздагидек бажаришни қанчалик истаманг, боланинг хоҳишини қондириш керак.  Бола ўзи бажариши мумкин бўлган ишларни унинг ўрнига қилманг. Секин-асталик билан доимий равишда ўзи бажариши керак бўлган, аммо хозирча уддалай олмаётган ишларни мустақил бажаришига шароит яратинг, кузатинг, ўргатинг.

Фарзандларини машғулотга олиб келган ота-оналар уларнинг китобчалари, шиппаклари, ўйинчоқларини халтага солаётганларини кўп кузатганман. Ахир бола ўзи буюмларини мустақил йиғиштириб олиши мумкин эмасми? Хонага нимжонгина, кичкинагина, чиннидек нозиккина бола – Коля кириб келди. Бу йўлида учраганни уриб, синдириб кетадиган Коля-тезучар эмас. Бу Коля тинч, осуда, майин, ғамгин мусиқа тинглашни ёқтирадиган ва доим маъюс юрадиган бизнинг “маъюс Пьеро”миз. Колянинг халтаси катта. “Унинг ичида нималар бор?”- “Буюмларим. Китобларим”. Коля тартиб билан халтасидаги буюмларини столга тахлайди – китоблар, дафтарлар, карточкалар сақланадиган сандиқча. Буларни ҳеч йиғиштирмасдан уйига кетмайди: китоблари, қаламлари, ручкалари, чизғичлари, алоҳида халтачага шиппак, рўмолчалари.
Болалар ҳеч қачон ҳеч нарсани унутмайди, шошилинчдан беҳосдан бировнинг нарсасини олмайди. Тартиб-интизомда айниқса Саркис бошқалардан жуда ажралиб туради. Ҳамма нарса унинг учун жой-жойида бўлиши керак. Тўғри, баъзида нарсаларини йиғиштираётиб бировнинг ўйинчоғини, кимнингдир китобини йиғиштириб олиши мумкин. Аммо бу ҳолатни осонгина ҳал этиб келмоқдамиз. Ҳаркатларини бошқара олмайдиган, ички ҳаловатдан мосуво, бетартиб болажон учун доимий равишда такрорланадиган аниқ ҳаракатлар, ўзи қўйган нарсанинг қаерда эканлигини билиши кейинчалик уни интизомга ўртагатади. Болаликдан ўрганганлари эса бир умр ёдда қолади. “Болани ўргатаётган тошга, каттани ўргатаётган қумга ёзгандек бўлади”, дейди донишмандларимиз. Ички ҳаловатимиз атрофимизда кўриб турганларимизга боғлиқ. Ташқи дунёнинг бетакрор гўзаллиги, табиатнинг фусункорлиги, ёқимли мусиқа, кўркам архитектура, атроф-муҳитнинг тоза ва озодалиги бизнинг ички дунёмизга ҳаловат баҳш этувчи омиллардир. Бунинг акси, яъни тартибсизлик, ифлослик, аралаш-қуралашлик одам кайфиятига ёмон таъсир этиб, ички ҳаловатни бузади. Оилада ҳар бир аъзо ёши, характери, темпераментидан келиб чиқиб, тарбиявий жараёнга ўз ҳиссасини қўшган ягона бир принцип бўлиши жуда муҳим. Таъкидлайман принцип ягона бўлмоғи керак. Агар сиз ўйинчоқларини аниқ бир тортмага йиғиштиришни болага ўргатаётган бўлсангизу, лекин бу ишни кимдир боланинг ўрнига бажарса, бу нотўғри ҳаркат бўлади. Чунки ўша кимдир сиз шакллантираётган фойдали жиҳатни йўққа чиқаради.

Менга таниш бўлган бир болакай бувисиникига меҳмонга борганида комоддаги барча тортмаларни чиқариб, ичидаги нарсаларни атрофга ёйиб қанчалик завқланишини биламан. Бу тиниб-тинчимас болага қанчалик кенг имконият! Кўнглингга сиққанича ўйна! Лекин шу ҳолатда болани ўзи ёйган кирларни тахлашга: майкаларни бир тўпламга, пайпоқларни бир тўплам, рўмолларни бошқа бир тўпламга йиғиб тартиблашни ўргатиш фойдадан ҳоли эмас. Бола ўзига ёққан иш билан машғул бўлади. Яна бир машғулот – майда буюмлар уюмидан тўғноғич, тугмача, қоғоз қистирғич, михларни алоҳида уюмларга ажратиш.

Яқинлари ва шифокорларнинг қаршиликларига қарамай Даун синдромли фарзандини ўз қарамоғига — уйига олиб кетишга қарор қилган аёлни оналик инстинкти бошқаради. Илк даврларда ота-она болани катта қилиш, тарбиялаш, яшаб кетиши учун қўлидан келган барча чораларни қўллайди. Улар фарзанди учун энг яхши шифокорларни, ўқитувчиларни, уқаловчиларни қидириб топадилар, турли аминокислоталарни, лазер нурлари билан даволашни қўллайдилар – яна нима қилмоқ керак? Лекин вақт ўтиши билан бу иштиёқ секин-аста сўниб боради. Бола улғаяверади, ота-она эса унга кўпроқ боғланиб қолаверади. Ва ниҳоят ота ва она фарзанди қандай бўлишидан қатъий назар: гапирмайдиган, гапирадиган, тинч ўтирмас, гапга тушунмас, чиройли ёки ҳунук бўлишидан қатъий назар уни ҳамиша яхши кўришларини, ўзлари учун бу бола энг чиройли, энг ёқимтой эканлигини тушуниб етадилар. Ҳамиша яхши кўришади. Ҳатто – қаттиқ севишади. Боланинг “Даун синдром”и ташҳисига кўникишади.
Ота-оналар машғулотларга бефарқ қарай бошлайдилар, ҳатто келмай қўядилар.

Ҳаёт эса давом этади – иш, байрамлар, дўстлар. Ҳаммаси одатдагидай. Бола тез-тез касал бўла бошлайди, тўғрида, қайси бола касал бўлмай катта бўларкан? Мана укача ҳам дунёга келди. Ёки сингилча. Қийин, ҳаммаси ҳам биз ўйлаганчалик ёмон эмас. Лекин бола ўйинчоқ эмас. Уни кийинтириб, ясантириб, истаган ўйинчоғини олиб бериб, бутун борлиғингиз билан уни яхши кўриш – бу ҳаммасимас, шуни унутмаслик керакки, у ҳам тирик одам, у катта бўлади. Уни қуршаб турган бу дунё асло гулзор эмас, қачонгача уни атрофдагилардан ҳимоя қиласиз. Ёшлигингизда қилган барча чораларингиз кейинчалик ўзингиз ва болангизда акс таъсирини кўрсатади. 13 яшар боласининг ботинка боғичларини она энгашиб боғлаб қўйишидан ёмони йўқ. Наҳотки, шу пайтгача унга мустақил ўзи ботинкаси боғичини боғлашни ўргатмаган бўлишса? Тўғри, шундай қилса кўпроқ вақт тежалади – иш кўп, ҳаммасига улгурмоқ керак. Лекин бу қачонгача давом этиши мумкин? Шу кетишда у улғаярмикан. Бу ўсмирнинг ота-онаси бир уринишдаёқ сиз ўргатиб қўйишингизни истаган бўларди. Яхшиси, сеҳргар бўлса-ю, мўъжиза содир этса. Бир деганда – бола гапирса. Икки деганда – у ўқишни ўрганса. Уч деганда – оёқ кийимини ўзи боғлашни ўрганиб олса. Аммо мўъжиза бўлмайди. Парвоз қилиш учун қанотларни қоқиш керак. Бу бир, икки, учлар амалга ошмоғи учун ишлаш керак, хордим демай-толдим демай, узоқ ва тинимсиз ишламоқ керак. Агар фарзандингиз тартибсиз ва қулоқсиз бўлса, бунга ўзингиз ва фақат ўзингиз айбдорсиз. Сабримиз етмай боланинг ўрнига ўзимиз бажарамиз. Вақтни тежаймиз. Бу билан ҳеч қачон вақтингиз тежалмайди, билинг. Қачонгача боланинг ўрнига йиғиштирасиз, уни кийинтирасиз, овқатлантирасиз? Ҳар доим, ҳар куни, ҳар вақт бир хил ишни ўзингиз унинг ўрнига бажарасиз. Ва бу ҳолат кучингиз, иродангиз, сабрингиз етгунча қиласиз. Сиз йиғасиз – у ёяди. У сочиб ташлайди – сиз йиғиштирасиз. Шу ҳолат айланаверади. Қачонгача?!

Машғулотга она фарзандини бошлаб келди. Улар йўлакда устки кийимларини ечаётганидаёқ бу она менга боланинг тарбиясида ёрдам бера оладими ёки йўқми аниқ айта оламан. Агар мен йўлакдан онанинг оҳиста лекин қатъий овозда боласига нима қилиш кераклигини айтаётганини эшитсам – ҳамкорликка умид қилса бўлади. Агарда йўлакдан она ва боланинг тартибсиз, шошқалоқ харакатларининг овози эшитилса, бола дуч келган нарсани олганида, тутқич бермай типирчилаганида, стулга чиқиб, ойнага шапиллатиб урганида эшитилган онанинг асабий овози бунинг аксини билдиради.  Онанинг бир маромда тинмай минғирлаб гапиргани, боланинг беэътибор типирчилашларидан билингки, бундай тарбиявий усул ҳам бесамардир. Бу гўё девордаги гулқоғозга қанчалик узоқ тикилманг қайси нақш чизиғи қаердан бошланиб, қаерда тугашини англаб етиш қийин бўлганидек тушуниб, англаш қийин бўлган насиҳатомуз мавҳумликдир. Ёки ҳудди шунга ўхшаш яна бир ҳолат – она фарзандини машғулотга олиб келиб, ўзи бир четда ўтирганча мизғийди, нимадир тўқийди, уйидан олиб келган китобини ўқийди… У фарзандини педагог қўлига топширди, шу билан унинг вазифаси бажарилди – сиз бола билан қандай шуғулланасиз, нималарни ўргатасиз буниси унга қизиқ эмас. Бу ҳам бесамар. У болани овқатлантириш, кийинтириш каби жисмоний мавжудлигини таъминлаб қўйган шахс. Болани қийналиб тарбиялагандан кўра, у учун боласининг уқувсизлигини тан олиш осонроқ.

Яна ота-оналар борки, уларни назариётчи деб аташ мумкин. Улар  қандайдир тарбия усуллари, гапиришни ўргатадиган сеҳрли техник воситалар, дунёнинг қайсидир бурчагида яшайдиган бебаҳо бир педагог ҳақида соатлаб баҳслашишлари мумкин. Улар у ёки бу усулларнинг ҳеч бирини узоқ вақт сабр билан тажриба қилиб кўрмасдан қўллаб кўраверадилар. Бошқа болаларнинг ютуқларини ноёб истеъдодга йўядилар ва асло бунинг ортида тинимсиз меҳнат борлигини тан олишни истамайдилар. Ваҳоланки, ўша болада ҳам ҳудди уларнинг фарзандида бўлгани каби Даун синдроми борлигига қарамайдилар. Одатда бундай ота-оналар баҳс бойлашга ўта берилувчан бўладилар. Улар ўз фарзандини доим тергайдилар, танқид қиладилар: қаранг бошини катталигини, ёки аксинча кичкиналигини! – дангасалигини қаранг, агрессивлиги ҳам бор, умуман, у бошқа болаларга ўхшамайдиган беўхшов бола, — онанинг бу иддаоларини тасдиқлаб кўринг, ҳа болангиз бошқаларга қараганда ёмонроқ, деб кўринг! Бу бениҳоя баҳсларга чек қўйиш учун ҳам айтиб кўринг! Тарбия услубингиз бошқаларда қанчалик самарали кечмасин, айнан шу болада “бир тийинга қиммат” услуб бўлиб чиқади.

Аслида ҳар бир машғулотда кичик мўъжиза рўй беради. Фақат уни илғаб олиш даркор. Аммо қайсар она учун бу камлик қилади. Сабрсизлик унинг кўзларини кўр, қулоқларини кар қилади. Уни жараён қизиқтирмайди, унга фақат натижа керак, иложи бўлса тезроқ. У ўқитувчиларни ўзининг бениҳоя “қачон”лари билан ўзидан бездиради. Болам қачон гапиришни бошлайди, болам қачон ўқишни ўрганади, қачон у ўзи мустақил бирор ишни бажаришни ўрганади?.. Боланинг улғайиши, унинг ривожланишини тезлаштириш имконсиз чора. Ниҳол тезроқ ўсиши учун ерни юмшатамиз, уни суғорамиз, зараркунандалардан тозалаймиз. Лекин ҳеч қачон унинг учидан тортмаймиз-ку, тезроқ ўссин деб. Гулнинг ғунчасини тезроқ очилсин деб қўлларимиз билан очмаймиз-ку. Табиат ўзи ҳар нарсанинг меъёри ва вақтини белгилаб берган.  Сўз бойлигингиздан “қачон” деган сўзни олиб ташланг! Сиз билишни истаган ўша “қачон” ўз-ўзидан келади. Фақат унинг келиши бугун, хозир, айни дамда нима қилаётганингизга боғлиқ. Ўқитувчи қанчалик иқтидорли, тажрибали бўлмасин ота-онанинг фаол иштирокисиз болада ҳеч қандай ўзгаришлар содир бўлмайди. Агар бола ҳафтасига бор-йўғи икки мартагина товуш, ҳарф, бўғин, сўзлар талаффузини машқ қилса, самараси бўлмайди. Спортчиларни қаранг, ёки мусиқачиларни эсланг натижага эришиш учун тинмасдан машқ қиладилар, ҳар куни, ҳар соат, ҳар он. Цирк артистларининг репетицияларини кузатинг: ҳар куни, ҳар соатда тинмай бир машқни ўзлаштирмагунча такрорлайверадилар. Шундагина натижа бардавом бўлади.

(Давоми бор)

М.Саидова таржимаси

Улашинг: