142

ОҚ ХАЛАТДАГИ ДОҒЛАР ёхуд кардиология бўлимидаги машмашалар

Аёлнинг худди рутубатли, ўтиб бўлмас чангалзор ўрмон ичида туртиниб суртиниб йўл топа олмай фарёд чекаётган ҳаёлларини Нафосатнинг инграган овози тўзитиб юборди.

-Ойи.. Ойижон…

-Шу ердаман, жон болам. Сенга нима бўлаяпти ўзи? Бироз ётиб тур, мен ғир этиб бир жойга бориб келаман. Сенга аканг қараб туради, хўпми? Тезда яхши бўлиб кетасан.

Саодат 15 яшар ўғлига уйдан чиқмай синглисига қараб туришни тайинладида, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига бориш учун бекатга чиқди. Тумандан вилоятгача салкам бир соатли йўл, мана уч ойдирки кам таъминланган оилаларга мўлжалланган бепул операция қилиниш имтиёзини берадиган талонга навбатга туради. Ўтган куни ҳиссиз, ҳаммага жеркиб гапирадиган опахон “уч кундан кейин келсангиз берамиз” деган. Аммо бу гапни нақд етти маротаба эшитиб, тарвузи қўлтиғидан тушиб қайтиб келган кунларини эсласа юраги орқага тортиб кетади. Ўзи талонни олгунига қадар Тошкентга бориб, барча таҳлилларни топширишгунича бўлари бўлди. Амаллаб йиғиб- терганини сарфлади. Ҳаммаси пулли. Бир шифокорнинг икки оғиз сўзи билан бир парча қоғозга имзо чекиши 25000 сўм турса-я. Электрокардиограмма, УЗИ, эхокардиография деган таҳлиллардан нақд 15 тасини топширишди. Қайтгач бир ойгача макарон қайнатиб, устига пиёзни жазлаб ейишди. Бу сафар ўғли билан катта қизи гўжа, айрон сотиб мактаб билан лицейга бориш учун оладиган кийимига йиғаётган пулларни уларга билинтирмай, чўнтагига солди. Нима қилса ҳам талонсиз орқага қайтмайди.

Бошқармага етиб келганида кун тиккага келган, соат 11 бўлишига қарамай, июль ойининг жазирама қуёши навбат кутиб, ташқарида турганларни аёвсиз “чимчилар” эди. Бир кун олдин тузилган рўйхатдаги навбатга 72 бўлиб ёзилгач, ташқарига чиқиб, бошқарма ҳовлисида ўсаётган арчанинг шапалоқдек соясига жойлашишга уринди.

Унинг ёнида ўтирган аёл дам-бадам пешонасида ялтираётган терини кир рўмолчаси билан артаётган аёл Саодатга юзланди.

-Ҳа, эгачи, сиз ҳам талунгами?

Кечадан бери туз тотмай, иссиқдан лоҳас бўлаётган Саодат секин бош ирғади.

-Тўрт ойдан бери талунни ололмайман. Қизимни апираса қилиш керак. Юраги касал. Бор пулим шу ёққа қатнашга кетаяпти. Ўтган йили эрга бергандим, бир йилдан кейин қудалар касал экан, нимжон, иш қилолмаяпти, деб уйга қайтариб олиб келиб ташлашди. Қизнинг бахти очилмаса қийин экан. Отаси билан сигирни сотиб, шу боламни даволатишга қарор қилдик. 10 миллион тўланг, ҳозир қиламиз дейдия, бу дўхтирлар. Шунча пулимиз бўлаганида шу ерда ойлаб сарсон бўлиб юрармидим. Аёл намланган кўзларини рўмолининг учи билан артиб, хурсинди. Сиз ёш экансиз, болангиз касалми?

Саодат индамай бош ирғиб қўя қолди. Ҳозир гаплашишга ҳам, ўзи каби дарди тўлиб тошган бу одамларнинг ҳасратини тинглашга ҳам мажоли йўқ эди. Ундан гап ололмаган аёл иккинчи ҳафсаласи пир бўлиб, иккинчи тарафда ўтирган аёлга юзланди…

Қош кўзи ҳафсала билан бўялган ёшгина қиз, Саодатнинг қўлига талонни жилмайганича тутқазар экан, ниҳоят омади кулиб боққанига ишонгиси келмаган Саодатнинг кўзида ёш милтиллади. Қайта-қайта раҳмат айтар экан Яратган эгам ниҳоят уни эслаганига шукроналар айтди. Миннатдорчилик сифатида қизга узатган пулини ходима қайтариб берар экан, ширин жилмайганича “қизингиз тузалиб кетсин” деди. Дунёда яхши одамлар кўпда. Ҳамма нарса пул билан ўлчанади, деган ўзи аҳмоқ. Умид қанотлари ўсиб чиққан Саодат уйга етиб келганида соат тунги 23 дан ошган, фарзандлари аллақачон ухлаб қолишган эди. Умид учқунлари йилтираб, кўнгли бир оз хотиржам тортган Саодат чарчаган бўлишига қарамай касалхона тадоригини кўришга киришди.

Касалхона палатаси унча катта бўлмасада 6 нафар бемор ётар, қаровчилар кимдир уйидан олиб келган кўрпача, кимдир ҳамширалардан тилаб олган матрасда тунашар эди. Биринчи куниёқ ёшгина шифокор йигит Нафосатни текшириб кўрар экан, қизалоқнинг рангпар чеҳрасига қараб, “Нега яхши овқатлантирмаганмисиз?” дея Саодатга юзланди. Эндигина қирққа кирган бўлсада, офтобда қорайиб қуруқшиган, лаблари ва кўзлари четини майда ажин босган аёлга тикилиб, бош чайқади. Сўнг ёнидаги ёрдамчисига алланималар деганича “Зарур таҳлилларни топширинглар. 3 кундан сўнг операция қиламиз, аммо тунгача беморни тайёрлаш керак” деганича чиқиб кетди. Ёнидаги ёрдамчи йигит бир оздан сўнг палатага қайтиб келиб, Саодатнинг қўлига рўйхат тутқазди.

-Опажон. Бу ерда зарур дорилар рўйхати. Тезда етказинг. Бусиз операция бўлмайди.

Саодат қўрқув аралаш рўйхатга тикилди. Унда ўндан ортиқ дори, жаррохлик қўлқопларидан тортиб, ярани тикиш учун ип, стерил пахта ва яна нималардир ёзилган эди.

-Кечирасиз укажон, ярани тикиш учун ип, спирт, қўлқоп дебсизлар нахотки республика аҳамиятига эга бўлган касалхонада булар бўлмаса?

-Вой, қизиқ экансизку?! Касалхона хўжалик ҳисобида. Мана сиз операцияга пул тўламайсиз, тўғрими? Сиздақалар яна қанча? Буларнинг барчасини бизнинг ўзимиз сотиб олишимиз керак. Бундан ташқари “Соғлом авлод” жамғармасидан оксигинатор асбобини ҳам олиб келгансиз. Шу ўзимизда ҳам бор эди. Бу ердан сотиб олганингизда озгина бўлсада касалхонамизга ҳисса қўшган бўлардингиз. Агарда кечгача дориларни етқазмасангиз, қизингиз операцияси қолдирилади.

Саодат худодан қизи эсон омон шу ердан чиқишини тилаб, қарз ҳавола этиб кўтарган пулини чангаллаганича дорихонага югурди. Қайсинисига кирмасин, барчасида сотувчилар унга осмондан тушган одамга қарагандай қараб, ёзилган икки- учта дори бизда бор, аммо қолганларининг барчаси касалхонага давлат томонидан берилади, дея бир хил жавоб беришди. Дорихонама дорихона югуравериб ҳолдан тойган Саодат даволовчи шифокорга учрашиши билан унинг энсаси қотди.

-Майли сизга ёрдам бераман. Ёлғиз экансиз, аммо пулини олдиндан тўлаш керак бўлади. Ҳозир бориб катта ҳамширага учрашасиз.

Шифокор, тезда қўл телефонидан кимгадир қўнғироқ қилиб, Саодатнинг қийналиб қолганини “таъкидлаб, унга ёрдам беришини уқтирди”. Жонлантириш бўлимидан чиққан қорачадан келган аёл Саодатни кўриши билан, жиддийлашди.

-Сизни Одилбек юбордими? Пул ёнингиздами?

-Ҳа, ўзи қанча бўлади?

-Бир миллион икки юз минг.

— Аммо, дорихонада ҳаммаси 850 минг атрофда бщлади дейишувди-ку!

-Бўлмаса бу ерга нега келдингиз? Дорихонадан олиш керак эди.

Аёлнинг жеркиб гапириши Саодатнинг нафсониятига теккан бўлсада, фарзандини ўйлаб тишини тишига босди.

-Майли, ҳозир олиб келаман.

Орадан ўн дақиқа ўтар ўтмас шифокор аёл бўлимдан Саодатнинг қўлига бир халта дорини тутқазди. Атрофга аланглаганича қора елим халтадаги пулни олди-да, эшикни шарақлаб ёпиб, ичкарига кириб кетди. Катта ҳамширага пулни олиб келиб берган Саодат, яна бир бор ҳайратдан ёқа ушлаб, шифокорларнинг нақадар “тадбиркор” бўлиб кетганига тан берди. Ҳамшира дориларни Саодатнинг қўлидан олар экан, мулойим жилмайганича унинг қўлига каттагина дафтарни тутқазди.

-Илтимос, опажон мана бу ерга дорилар бўлим томонидан ҳақиқатдан ҳам сизнинг фарзандингиз учун берилганлиги ҳақида имзо чекинг.

— Аммо…

— Тартиб, қоида шундай. Янаям ўзингиз биласиз. Пулингизни қайтариб беришимиз мумкин. Аммо операция бўлмайди.

Имзо чекиб, шалвираганича палатада шифтга термулиб ётган қизининг олига қайтаётган Саодат катта ҳамширанинг ҳозиргина ўзи берган дори солинган елим халтани кўтарганича жонлантириш бўлимига кириб кетаётганини кўриб, ижирғанди. Ичидан устида оқ халату, аммо нафс қурбонига айланиб, қалбини қурум босган шифокорларни қарғади. Сўнг бироз ўзини босишга ҳаракат қилиб, қизини эсон омон шу ердан ўз оёғи билан чиқиб кетишини худодан илтижо қила бошлади…

…Уч, тўрт, олти, етти соат. Саодат жарроҳлик бўлимининг эшиги олдида юрагини ҳовучлаганича мижжа қоқмай ўтирар, шифокорларнинг “уч соатда бўлади” деган операцияси мана етти соатдан бери тугамаётганига жони халқумига келган эди. Ниҳоят жарроҳлик бўлимининг эшиги очилиб, юзларида ҳорғинлик акс этган жарроҳни кўриши билан унга қараб интилди.

-Ҳаммаси яхши, опажон. Аммо пастдаги поликлиникада таҳлил топшираётганингизда бироз чалкашликка йўл қўйилибди. Шунинг учун юракда бошқа муаммо ҳам борлигини уни очгач билдик. Шунга операция чўзилиб кетди. Аммо қизингизга тан бердик. Ўзини бардам тутди. Ҳозир жонлантириш бўлимига ўтказишади.

Саодат бирданига елкасидан тоғ оғдарилганини ҳис қилиб, эрталабдан буён тийиб турган кўз ёшларига эрк берди.

Жарроҳ “бардам” бўлинг деганича ундан узоқлашар экан, Саодатнинг қулоғига унинг ғудраниб “поликлиникадаги чаласаводлар жонга тегди” деган гапи чалинди.

Жонлантириш бўлими ёнида негадир одам тирбанд. Эшик олдидаги йўлак деразасининг рахига суянган онаизорлар эшик очилиши билан чиққан шифокор аёлнинг халат чўнтагига пул тиқа бошлашди. Бир четда анграйиб турган Саодатни кўриб, палатадоши Мукаррам унинг биқинига туртди.

-Ҳой эгачи, не анграясиз. Дўхтирнинг чўнтагига 20-25 минг солиб қўйинг. Бўлмаса қизингизга қарамайди. Саодат минг истиҳола билан шифокрнинг ёнига яқинлашиб, қўлидаги тердан намиққан 20 мингни узатди.

-Опажон, қизим оти Нафосат, фамилияси Шоумарова. Илтимос ўзингиз яхшилаб унга қаранг.

Оқ сариқдан келган, русча сўзларни ўзбекчаси билан аралаштириб гапирадиган шифокор, пулни санаб чўнтагига тиқар экан, энсасини қотириб, Саодатга юзланди:

-Мамаша,кетмай туринг, я сейчас позову медсестру. Уни ҳам надо отблагадорить.

Саодат қизини ҳозиргина жонлантириш бўлимига олиб ўтганликларини ҳали нима учун ҳамширага миннатдорчилик билдириши кераклигини сўраб улгурмай, у “аква” эшик орқасида ғойиб бўлиб, зум ўтмай унинг ўрнида дум думалоқ, бўйи пастлигидан худди ичи қипиқ билан тўлдирилган қанор қопга ўхшаб кетадиган ҳамшира аёл пайдо бўлди. Аёллардан 10 минг сўмдан йиғиб олиб, уларни кетиб қолмасликлари ҳақида огоҳлантириб, ўрнига санитаркани жўнатди. Ноилож ёшгина бўлишига қарамай кўзлари пулни кўрганида ўйнаб кетадиган санитарка 5 минг сўмдан иборат “ҳосил” ни йиғиб кетди.

-Ростданам булар болаларимизга қарармикан, дея сўради Саодат Мукаррамдан. Иккинчи фарзандини операция қилдираётган аёл “тажрибали беморга қаровчи” сифатида мийғида кулди.

-Вой эгачией, ким сизни журналист дейди. Булар эрталабгача туради. Ҳар куни смен алмашади. Алмашганига “тиқиштирмасангиз” бўлмайди. Бўлмаса болангизга сув ҳам тутишмайди.

-Жа, унчалик эмасдир. Булар ҳам одам. Бундан ташқари Гиппократ қасамини ичишган.

-Нимани ичишган дедингиз? Буларда жиғилдон деган улгур биринчи ўринда туришини билмайсизми?

Бир кундан бери қизининг ҳаёти учун ташвишланиб туз тотмай, мижжа қоқмай чиққан аёл ярим соатгина Нафосатнинг бўшаб қолган каравотига чўзилган ҳам эдики, жонлантириш бўлимининг ҳамшираси овозидан чўчиб уйғонди.

-Шоумарова… Ким Шоумарова?

-Мен синглим, тинчликми?

-Қизингизни мазаси бўлмаяпти. Дўхтир зудлик билан манови дориларни олиб келишингизни айтди. Бундан ташқари беморга операциядан сўнг куч йиғиши учун витамин керак. Банан, апельсин, нок, киви олиб келинг. Албатта ёнига бир қути олма шарбати билан биокефир ҳам қўшинг.

Саодат апил-тапил кийинганича, касалхона орқасида жойлашган дорихонага югурди. Аксига олиб у ерда рўйхатдаги мавжуд дориларнинг ҳаммасини топаолмагач, такси ушлади.

Рўйхатда кўрсатилган барча дорилардан ташқари яна 10 та тиббий қўлқоп, 15 та 5 граммли, 10 та 2 граммли шприцларни етказиб келганича орадан 2 соат вақт ўтди. Худди кечикса қизининг жасадини унга топширишаётгандек, ҳовлиққанича жонлантириш бўлимига югурди.

Шифокор аёл дорию, мева ва шарбатни ундан қабул қилиб олар экан, норози оҳангда рўйхатнинг энг пастки қисмига ёзилган дори номига кўрсаткич бармоғини ниқтади.

-Нега бу йўқ?

-Тополмадим опажон. Қидирмаган жойим қолмадми.Балки ўзингизда бордир?

-Майли, сиз учун топамиз. Аммо сал қимматроқ бўлади.

Саодатдан дори пулини қуртдай санаб олар экан, унинг юзи ёришди.

-Қизингиз ҳозир яхши. Тинмай мева сўраяпти. Сиз хавотирланманг, ҳаммаси яхши.

-Нафосатни кўрсам бўладими?

-Ҳозир эмас. У ухлаяпти. Кейинроқ.

Кўнгли жойига тушган Саодат фақат шундагина очлик ва чарчоқликдан мадори қуриб, тиззалари дир-дир титраётганини сезди. Пулни тежаш учун эрталаб қайнатиб, палатадаги стол устида қўйган, аммо Нафосатни операцияга олиб кетишгач, иштаҳаси бўғилиб, ўша ерда қолдирган бир дона тухум ёдига тушди. Ўзимни тутишим керак, йиқилсам Нафосатга ким қарайди? дея ўзига ўзи далда берганича палатага кирди. Торгина палатадаги олтита каравот ёнига яна бир каравотни қўйишибди. Унда хириллаб нафас олиб, дам бадам 9-10 яшар боласининг бурнидан тинмай оқаётган сувни рўмолчаси билан артаётган 30-35 яшар чамасидаги жувон ёнбошлаб ётган фарзандига чой ичиришга уринарди.

Аёл ўғлига пиёлада бўғи чиқиб турган чойни тутар экан, Саодатнинг берган саломига алик ҳам олмади.

Боланинг шамоллаганини сезган Саодатнинг юрагини ваҳима босди.

-Синглим, ўғлингиз шамоллаганми? Нега сизларни бизни палатага қўйишди.

Аёл норози оҳангда Саодатга тикилиб, қўпол жавоб берди.

-Нима палатани сотвоганмисиз? Қаерга қўйишса ўша ерда бўламизда?

Жувоннинг важоҳатидан у билан гаплашиш бефойдалигини тушунган Саодат овқатланишни ҳам унутиб, бўлим мудирини излаб кетди. Хлор, турли хил дори-дармонлар ҳиди анқиб турган йўлакдан кетар экан, чиқиш эшиги олдида турган дугонасини кўриб, қувонди.

-Яхшимисан Саодат? Бормисан ўртоқжон? Сени қидирмаган бўлимим қолмади. Аксига олиб телефонинг ҳам ўчиқ. Нафосат яхшими? Операция бўлдими?

Қадрдон дугонасини кўрибоқ охирги уч кун ичида эзилиб кетган Саодатнинг мижжаларида ёш қалқиди. Висола билан 20 йиллик ўртоқ. Тошкентда Саодат журналистика факультетида, Висола эса тиббиёт олийгоҳида таҳсил олганига қарамай, иккаласи битта ижара хонада туриб танишган, беш йил давомида қил ажралмас дугона бўлиб кетишган эди. Висола Жиззахдан, Саодат ангренлик эди. Ангрен яқин бўлганиданми ҳар икки ҳафтада дугоналар Саодатларникига боришар, унинг онаси Халима хола “оч қолган” талабаларни қучоқ очиб кутиб олар, борини дастурхонга тўкарди. Бундан ташқари турли хил пишириқлар, банкага бостирилган қовурилган қўй гушти, тузламаларни иккаласи инқиллаб кўтаришганича орқага қайтишарди.

Фалакнинг гардиши билан Висола Тошкентда қолиб, ҳозир етакчи тиббий илмий тадқиқот институтининг клиникасида шифокор бўлиб ишлар, илмий изланишларини амалиёт билан мужассамлаштирар эди.

Зинапоя майдончасида бошидан ўтганларини бирма бир сўзлаб берган Саодатнинг киртайган кўзлари, чарчоқдан сўлиган юзига Висола ачиниб тикилди:

-Ўзинг шу уч кун ичида бирор нарса едингми? Қани менга берчи “ҳамкасбларим” сендан қандай пул шилишган экан? Жонлантириш бўлимида ётган Нафосатга бир дунё шарбат мева олиб келиб бердим, дедингми? Ахир операция бўлган одам мева ейиш у ёқда турсин бир неча хўплам сув ёки шарбатни зўрға ичади.

-Э, ҳаммаям ўзининг фарзанди учун жонини беради. Уч турт кун овқат емасам ўлиб қолмайман. Қизалоғим тузалиб кетса бўлди.

-Илоҳим, илоҳим. Аммо сенга бирор нарса бўлса, болаларинг нима қилади? Шуни ўйладингми? Менга қара рўйхатдаги манови дорини нега 5 та ёзишган? Жуда ҳам қиммат туради. Агарда янгилишмасам у бир кунда бир маротаба қилинади. Қани даволовчи врачингни чақирчи ўзим бир гаплашиб кўрай.

Саодат ичкарига кириб кетди ҳамки, тўғридаги жонлантириш бўлимидан навбатчиликни топширган шифокор аёл икки қўлида шарбат, сархил мевалар, патир нонлар ва яна алланима егуликлар билан тўла тўртта елим халтани кўтарганича чиқиб кетди. Аксарият шифокорларнинг таъмагирликлари орқали оқ халат кийиб, беморни ҳаётга қайтариш учун жонини фидо қилаётган шифокорларнинг оппоқ либоси ва номига қора доғ тушираётган ҳамкасбининг орқасидан ҳам ачиниш, ҳам нафрат билан қараб қолар экан Саодат билан етаклашиб келаётган шифокорни кўриб, ичидан қайнаб чиққан ғазабини аранг босди. Дарҳол ўзини қўлга олиб, жилмайди:

-Ассалому алайкум, исмим Висола, ҳамкасбингизман.

-Одил Шукурович…

-Узр, сизни безовта қилдим. Саодат билан бундан 20 йил илгари опа-сингил тутинган эдик. Унинг қизи, менинг ҳам қизим. Нафосатнинг аҳволи яхшими? Операциядан яхши чиқдими? Бирор ёрдам керак эмасми?

— Саодатхон айтган бўлсалар керак. Ташхис қўйишда бироз хатоликка йўл қўйилгани боис операция чўзилиб кетди.

Одил Саодатга маъноли қараб қўйиб, гапидан давом этди:

— Ҳозир қизча жонлантириш бўлимида. У ерда ҳам малакали шифокорларимиз, қўлдан келган ёрдамларини аяшмаяпти.

— Сизга катта раҳмат. Бу яхшилигингизни бир умр унутмаймиз. Аммо жонлантириш бўлимидан мана бу рўйхатни ёзиб беришибди, майли қўлқоплари, шприцларни қўя турайлик, аммо янглишмасам мана бу дорини беморга фақат бир кунда бир маротаба қилиш керак. Улар бўлса 5 та ампула ёзиб беришибди. Ундан ташқари 2 қути дори 12 яшар қизалоқ учун кўп эмасми?

Одил унғайсизланиб, негадир пешонасини тез-тез ишқалай бошлади.

-Сиз ўзингиз шифокор сифатида яхши билсангиз керак, мен бутундай жонлантириш бўлими ишига аралаша олмайман. Уларнинг ўзи билан гаплашинг.

Жонлантириш бўлимида уларни бу сафар бошқа шифокор қарши олди. Шифокорларнинг навбат алмашганидан бехабар Саодат ҳали ёш бўлишига қарамай аллақачон чекка сочлари оқарган, картошкасимон бурни устига қора гардишли кўзойнак қундирган йигитни кўриб шошиб қолди.

-Э…э.. кечирасиз. Дилором Алимовнани мумкинми?

-Улар навбатни топшириб кетишди. Ҳўш, хизмат?

-Қизим… Нафосат шу ерда эди аҳволини билмоқчи эдик.

Висола доимо ўктам, ҳар бир гапини кесиб гапирадиган дугонасининг довдираб қолганига ажабланиб, суҳбат тизгинини ўз қўлига олди:

-Кеча операциядан сўнг жонлантириш бўлимига Шоумарова Нафосат ўтказилган эди. Аҳволини билмоқчи эдик.

-Узр, аммо мен навбатчиликни ҳозиргина қабул қилиб олдим. 10 дақиқадан сўнг келинглар, беморнинг аҳволи билан танишиб, сизларга хабар бераман.

Саодат учун 10 дақиқа худди ўн йилдек чўзилди. Очлик ва чарчоқ ўз кучини кўрсатиб, йўлакнинг дераза рахига беҳол суянди.

-Сенга нима бўлди, Саодат. Мазанг бўлмаяптими?

-Йў-ўқ, ҳозир ўтиб кетади. Кеча ухлай олмай, Нафосатни операцияга олиб кириб кетишганидан бери туз тотмаган эдим. Энди билинаяпти.

-Вой эсим қурсин. Шунақа бўлишини билиб, сенга озгина табака олиб келган эдим. Узр, уйга бориб овқат пиширишга вақтим бўлмади. Телефонингни кўтармагач, нима бўлди экан деб, ишдан чиқиб югуриб келавердим. Юр, палатага. Булар барибир ярим соатсиз чиқишмайди. Озгина овқат егин.

Висола Саодат билан палатага йўналган ҳам эдики, қош кўзини қалин қилиб кўк ва қора рангга бўяб олган, олчаранг бўёқ суртилган лаблари чимирилган ҳамшира “Палатага бегоналарнинг кириши мумкин эмас” дея уларнинг йўлини тўсди. Саодат дугонасининг олиб келган егулигини ичкарига олиб кириб, зинапоя майдончасига чиқишди. Шу орада жонлантириш бўлими томонидан “Шоумарова…. Мамаша..» деган овоз эшитилди.

— Шоумарова сизми? Жикаккина ҳамшира бир Саодатга, бир устига оқ халат ташлаб олган Висола бошдан оёқ кўздан кечирди.

— Менман. Қизим яхшими?

-Мана бу дориларни зудлик билан олиб келинг. Бундан ташқари беморга мева билан биокефир ҳам унутманг. Унинг тонусини сақлашимиз керак. Операция оғир кечганидан хабарингиз бўлса керак?

Саодат 10 тача дорининг номи ёзилган рўйхатга ҳайрон бўлиб тикилди. Ундаги таниш дориларнинг номини кўриб, ичидан кўтарилиб, бўғзига тикилган алам, ноҳақликни аранг босди.

-Аммо… аммо мен бу дориларни бугун эрталаб Дилором Алимовнага олиб келиб берган эдим. Дарҳол тугадими?

-Сизга қизингиз оғир аҳволда деяяпман? Олиб келмасангиз ўзингиз биласиз…

-Менга қаранг синглим, мен ҳам шифокорман. Мана бу дори фақатгина бир маротаба беморга қилинади. Уни бир ампуласини қанча туришини яхши билсангиз керак. Бундан ташқари буларнинг барчаси ўзларингизда бўлиши керак.

Ҳамшира энсаси қотиб Висолага бир қаради-ю “мен ҳеч нарсани билмайман, менга айтилган нарсани сизларга етказдим” деганича, эшикни ёпиб ичкарига кириб кетди.

-Қўй Висол, улар билан тортишма. Булар беморларнинг яқинлари олиб келган дори, шприц, перчатка, хаттоки пахтагача яна ўзларига қайтиб сотишини тушунганман. Бўлмаса жонлантириш бўлимига 10 перчаткани нима кераги бор? Олиб келиб берганим билан орадан бир соат вақт ўтар ўтмас ҳамшира палатама-палата йўқ, юриб перчатка, шприц, пахта бор, дея уялмай узоқдан келиб, ташқарига боласини ташлаб чиқолмайдиган шўрпешоналарга сотиб юришига нима дейсан? Ҳуқуқий -демократик давлат қураяпмиз-у, аммо жойлардаги мана бундай иллатлар, кўзбуямачилик, порахўрлик ва худбинликнинг томирига болта ураолмаяпмиз. Майли, қизим шу ердан эсон-омон чиқиб кетса бўлгани!!!

Саодат гапини тугатар-тугатмас шифокор ассистентининг ўзини чақираётганини эшитиб, негадир юраги зириллади. Халлослаб келган ёрдамчига “тинчликми?” дегандай қараши билан у гап бошлади.

— Ҳа, айтгандай, боя даволовчи шифокорга учраганимда қизингизга икки баробар қон қўйдик дегандилар. Сизга донорлик бўлимига бориб пулини тўлашингизни айтиб қўйишимни тайинладилар ёки ўрнига 10 та одам келиб қон топширсин девди. Саодатнинг овозидан унғайсизланиш сезилди.

-Қанча тўлаш керак экан?

-Кўп эмас, атиги бир ярим миллион сўм.

— Атиги бир ярим миллион…Тўғриси умуман пулим қолмади. Қулоғимгача қарзга ботиб кетдим.

-Бу сизнинг муаммонгиз. Аммо қон топширмасангиз қизингизга жавоб бера олмаймиз.

Гангиб қолган Саодатнинг жонига Висола ора кирди:

-Эртага синглим билан қон топширгани келамиз. Ўзинг ҳам ака-укаларингга телефон қил. Сиқилма, ҳаммаси яхши бўлади.

Кун аллақачон уфққа бош қўйганига қарамай, касалхона ҳовлисида тизилиб ўтирган одамларнинг ташвишли юзларига назар ташлар экан Висола хурсиниб қўйди. Яқиндаги дорихонадан зарур дори-дармонларни харид қилишгач, эртага келишини айтиб Саодат билан хайрлашди.

Жонлантириш бўлимида ётган қизалоғи учун ҳар навбат алмашганида бир дунё дори дармон олиб келиш билан бирга, Висола ташлаб кетган пулни таъмагир шифокор, ҳамшира, санитаркаларнинг чўнтагига тиқди.

Қизалоғини палатага олиб ўтишлари билан уч йилдек чўзилган уч куннинг ортда қолганига худога шукроналар айтди.

10 кун ичида 10 килога озган Саодат тезроқ касалхонадан чиқиб кетишни орзу қилар, бунинг устига мутлақо пули қолмаган, таниш билишлари ташлаб кетган бир-икки сўм ҳам тугаган эди. Уч кун ўтар ўтмас қизалоғи ўзига келиб, иштаҳаси очилди. Бундан хурсанд бўлган Саодат энди умид билан шифокорнинг жаррохлик ипини олишни кута бошлади. Аммо у негадир бу ишни пайсалга солар эди. Яқинлари, дўсту ёронлари топширган қон етмай, қолган 400 минг сўмни амаллаб тўлаган Саодат шифокордан жавоб сўрашга қарор қилди.

Одилбек айнан унинг келишини кутиб тургандек, жилмайди.

-Келинг опажон. Нафосатнинг тез тузалаётганини кўриб, хурсандман. Эртага жавоб берамиз. Аммо…

-Тинчликми?

-Менга ҳеч нарса керакмас. Лекин операцияда қатнашган анестизиолог, иккинчи жарроҳни рози қилиб кетмасангиз бўлмайди.

Пулнинг номини эшитса юраги санчий бошлаган Саодатнинг кўз олди қоронғилашди.

-Албатта, қизимнинг ҳаётини сақлаб қолганларингиз учун барча шифокорлардан жуда ҳам миннатдорман. Биласиз бошимда эрим йўқ. Уч нафар фарзандимни амал-тақал қилиб катта қиляапман. Нафосатнинг касаллиги яратганнинг менга юборган яна бир синови эканлигини тушуниб турибман. Ундан эсон-омон ўтиб олишга сизлар ёрдам бердингиз. Бунинг учун сизларнинг оёқларингизга бош уриб таъзим қиламан. Давлатимиз менга ўхшаб ижтимоий жиҳатдан кам таъминланган инсонларга ёрдам қўлини чўзиб, бепул операция қилиш учун йўлланмалар ажратди. Мен хом сут эмган банда соғлиқни сақлаш тизимимизда фаолият юритаётган шифокорларни ҳақиқий оқ халат эгалари деб билибман. Нима десангиз денг-у, аммо ҳозир менда бир тийин пул йўқ. Истасангизтшу ерда уринг, ўлдиринг. Аммо чин дилдан айтилган раҳматдан ташқари бошқа ҳеч нарса бера олмайман.

Одилбек асабийлашганда одати бўйича пешонасини қўли билан тез-тез ишқалай бошлади.

-Ғалати аёл экансиз-у. Ҳали шунча меҳнатимиз учун раҳматингиз шуми? Ўзбекларда қўл ҳақи деган нарса бор…

Саодат маънавий тубан, таъмагир Одилбекка ачиниш тўла билан қараб, шартта орқасига бурилганича қизи ётган палата томон тез-тез юриб кетди.

Наргис Қосимова.

2015 йил

Улашинг: