1 797

БАХТ ВА БАХТСИЗЛИК

ЭССЕ

  Бахт ва бахтсизлик… Бу икки тушунчанинг қай бири тўғри ва нотўғри? Нега инсон ўзини бахтсиз ҳис қилади? У нималарга асосланган? Балки ҳар қандай бахтсизликнинг орқасида бахт, бахтнинг соясида бахтсизлик мавжуддир?  Инсон ўтган умрига назар ташлар экан, жуда ҳам кўп вақтини мазмунсиз ўтганлигини англаб етиши билан ўзини бахтсиз ҳис қила бошлайди. Бахтсизлик ўз ҳаётининг мазмуни нимадан иборат эканлигини англаб етмасликми ёхуд борига шукр қилиб,  ҳаёт оқимида қаршиликларсиз, “бировдан кўп ҳам кам ҳам бўлмай, бошқаларга тенглашиб яшашми?”. Ёки ўз олдинга мақсад қўйиб унга эришига интилиш бахтми? Аслида ҳаётнинг ҳар бир сонияси бахт эканлигини англаб етиш учун ҳеч бўлмаганда ёшинг 40 дан ошиши керак экан! Ўтган йилларга назар ташлайман. Елкамда шаҳардан олинган уйнинг қарзи… Маошим эса учма-уч зўрға овқатланиш-у, кийинишга, кундалик харажатларга етади.  Кечаси билан қилинган таржималар, бировлар учун ёзиб берилган мақолаларнинг пули, маошимнинг ярми билан биргаликда қарз тўлашга кетади. Шу куни нима бўлса бўлар  деб, ишдан қайтишимда фарзандларимга бир оз бўлсада тансиқ таом едирай деб бозордан учта илонбалиқ олдим. Уйга келганимда ҳам улар ҳамон тирик эди.  Ўғлимга кўрсатиш учун тоғорага сув тўлдириб  уларни қўйиб юбордим. Балиқларга жон кириб, айланиб суза бошлашди. Эндигина 10 ёшга қадам қўйган ўғлимнингнинг, унга қўшилиб, балиқларнинг сузишини завқ билан томоша қилаётган қизим қувончини кўриб, беихтиёр барча чарчоқларим чиқиб кетди. Шу куни ёвғон шўрва билан қорнимизни тўйдирдик.  Болаларнинг қувончини бир оз бўлсада чўзгим келди.  Эртасига ишдан қайтгач,  ўғлимга балиқларнинг сувини тўкиб, уларни олиб келишни буюрдим. Менга кўз тиккан  фарзандимнинг бутун вужуди “нега?” деган саволни берарди.

-Ҳозир балиқларни қовурамиз, кейин мазза қилиб еймиз, дейишимни биламан аввал ўғлимнинг, кейин қизимнинг, уларга қўшилиб бирга яшаётган  қиз жиянимнинг кўзидан ёш думалади.

-Аяжон, уларни емайлик, илти-м-ос.

Болаларнинг аянчли овози, кўзларидаги нам юрагимни ўртаб юборди. Тоғорадаги балиқларни авайлаб кўтарганча, уйимиз орқасидан оқиб ўтаётган “Қичқириқ” каналига қўйиб юбордик. Сувга тушган балиқлар канал юзида бир пас жим туришдида, сўнг сузгичлари билан сувни шалоплатганича кўздан ғойиб бўлишди. Болалар эса шодон қийқиришганича, уларнинг орқасидан қўл силкиб қолишди. Уйга қайтгач, ўғлим “Аяжон, қорним очди, нима еймиз?” деди.

-Овқатимиз сузиб кетди, энди чой ичиб қуя қоламиз, дедим. Ўғлим хурсинди-да, сўнг менга қараб жилмайди.

Унинг ана шу мунгли жилмайиши қалбимни ўртаб юборди. Қўлим қисқалигидан эзилиб кетдим, аммо бир паснинг ичида ўғлим опалари билан балиқлар қандай қилиб сузиб кетишганлиги ҳақидаги таассуротларини айтишаётганини кўриб, кўнглим ёришди. Қорни оч бўлсада,  тирик жониворнинг ҳаётини сақлаб, бундан ғурурланаётган фарзандларим борлигидан  ўзимни бахтли сездим.

***

Отажонимни йўқотдим. Бу нақадар катта бахтсизлик эканлигини, ана шу инсон бутун оилани нафақат бошқариб, балки қовуштириб турганлигини кейинчалик сездим…. Оила тарқаб кетгач содир бўлди бу нарса…  Отамни соғинаман, ҳар соғинганимда, отам ёнимда эмаслигидан ўзимни бахтсиз сезаман. Ким билан маслаҳатлашаман? Кимга суянаман?

Аммо онажоним тирик. Бунинг нақадар қай даражада катта бахт эканлигини ҳар доим онамнинг овозини эшитганимда, хизмат сафарига кетиш олдидан уларнинг “Эсон-омон бориб кел, ишингнинг омадини берсин, одамлар олдида юзинг доимо ёруғ бўлсин” дея дуога қўл очганлари билан кўнглим  ёришиб кетади, қалбимга илиқ нур ёриб киргандай бўлади.

***

Туш кўрдим. Яшил девор ичидан раҳматли отам чиқиб келиб, соғинганини айтди. Мени қўлимдан ушлаб, орқасидан етаклади. Аммо шу пайти қаердандир раҳматли бувижоним пайдо бўлиб, қўлимни силтаб, дадамнинг қўлидан суғуриб олди ва “унга ҳали эрта, иккита боласи кимга қолади?” деди. Дадам бошларини сарак-сарак қилганларича яна  яшил деворга сингиб кетдилар. Бувижоним ҳам бирдан ғойиб бўлди. Иккига айрилган йўлнинг ўртасида туриб қолдим. Чўчиб уйғондим. Юрагим ғаш эди. Тонг ҳам отибди. Шоша пиша болаларни кийинтириб, нонушта қилдиргач, ишга шошилдим. Бугун талабалардан ораликқ назорат ишларини олишим керак эди.  Бир даста дафтар кўтариб, ташқарига чиқдим. Бир пиёла чой ичиш учун йўл четидаги талабалар ошхонасига кетаётганимда, орқамдан урилган зарбадан ҳушимдан кетдим. Кўзимни очганимда икки нотаниш талаба йигит мени ўзимга келтиришга ҳаракат қилар, атрофимда дафтарлар сочилиб ётар эди. Уларнинг айтишларича яшил рангли “Нексия” мени “туртиб” юбориб,  қочиб кетган, хаттоки унинг рақамини ҳам эслаб қола олишмаган экан. Ўрнимдан туришга ҳаракат қилдиму, аммо  тўпиғим даги оғриқдан кўз олдим қорайиб кетди. Йигитлар дафтарларни йиғиб, мени амаллаб таксига ўтказишди. Уйга аранг кирдим. Оёғим шишиб кетган эдим. Тошкентга келиб жойлашиш, иш топиш мақсадида эндигина 9 ва 7 ёшли фарзандларимни Жиззахда, онамникида қолдириб келган эдим. Кимсасиз, ҳувиллаган уйда оғриқ ва аламдан, бахтсизлигимдан укириб укириб йиғладим. Сўнг ўша пайтлари “Янги авлод” ННТ сининг раҳбари, биргаликларда ёш журналистлар учун тренинглар ўтиб юрган Суннат ака Қўзиевга қўнғироқ қилдим. Суннат ака тренинглардаги ҳамкасбимиз  Улуғбек Ғиёсов билан ярим соатга қолмай етиб келишди. Шошилинч тез ёрдам бўлимига олиб боришди. Тўпиғим дарз кетган экан. Гипс қилдиргач, уйимга олиб келиб қўйишди. Йўл-йўлакай бозор қилиб, ташлаб кетишди.  Ўзи аранг уч фарзандини катта қилиш учун 3-4 та ишда ишлаб юрган дугонам Нигора Шофайзиева Тошкентнинг бир бурчагидан икки яшар қизалоғи  билан етиб келди. Нега менга эртароқ айтмадинг дея кйиганича, уйимни йиғиштириб, овқат тайёрлаб кетди. Аллоҳим мени яхши инсонларга йўлиқтирганига, атрофимда шундай меҳрибон одамлар борлигидан кўзимга ёш келди. Ўзимни бахтиёр ҳис этдим..

***

Опамни йўқотдим. Икки йил ичида шамдай эриб сўнган, бошқа инсонларга ёрдам бериб, ўзига ёрдам бера олмаган қадрдон инсонимни, отамдан сўнг таянчимни йўқотдим…  У жон бераётганида қўлини ушлаб турар эканман, унинг ҳали ишга чиқиши, ҳали охиригача тузалмаган беморлари борлиги, уларга ёрдам бериши кераклиги ҳақидаги сўзларини эшитар эканман, ичимдан ташқарига интилган ўкирикни аранг босиб, жилмайишга ҳаракат қилдим. Иложи бўлмади, кўзимдан оқаётган ёшни тўхтата олмадим…

Жони узилди, опам атрофидаги барча инсонларнинг юрагидаги катта-кичик қон томири узилди. Нега энди эндигина 50 ёшга тўлган опам дунёдан кўз юмди? дея нидо отилиб чиқди. Ўзимни ўта бахтсиз сездим. Аммо шу ерда бўлган унинг шифокор дугонаси “Гулнора ўлмади, у тирик, томири ураяпти” дегани билан ҳамма жонланди. Бирданига ўзимни дунёдаги энг бахтиёр одамдек ҳис қилдим. Ҳамманинг юзига табассум инди. Мачитга кўз ёшларини арта-арта кетган поччам халлослаганича қайтиб келди. Фарзандлари “аяжон” дея унинг олдига югуришди. Аммо бир неча дақиқадан сўнг  бу гаплар ёлғон эканлиги, дугонаси адашганлиги маълум бўлди. Хонадон узра яна бахтсизлик кулранг чойшабини ёйди. Опажоним кетганига мана 4 йил бўлди. Ҳамон уни эсласам, у ёнимда эмаслигдан ўзимни бахтсиз ҳис қиламан, уни жуда соғинаман.

***

Фарзандларим ҳам катта бўлиб қолишди. Бир куни кечқурун улар кўчадан нимжон, ярим чалажон мушук боласини топиб келишди. Уни икки соат чўмилтириб, бургаларидан тозалашди. Бечора жонивор шу даражада очлик ва совуқдан мадорсизланган эдики, хаттоки сут ҳам ича олмади. Унга амаллаб шприцда сут беришди. Қорни тўйган ва тозаланган мушукча бир пасда мудраб, ўғлимнинг кафтлари орасида муриллай бошлади. Гоҳида кўзларини  ярим очиб, ўғлимга қараб қўярди. Болаларнинг уч соат давомида жажжи мушукча ҳаётини қутқаришга ҳаракатларини кўриб ғалати бўлиб кетдим. Уларга мушукни уйга олиб кирманглар дейишга хаддим сиғмади. Биргаликдаги хатти-ҳаракатлари, мушукчани силаб-сийпалашлари, юзларидаги мамнунлик ва нигоҳларидаги қувончни кўриб ўзимни бахтиёр сездим. Болаларда  иссиқ жонга нисбатан меҳрни тарбиялай олганимдан ғурурландим.

***

 Қийинчиликлар ортда қолди. Анча ўзимни ўнглаб  олдим. Яхши кўрган ишим, уйим, машинам бор. Республика бўйлаб журналистларга тренинг  ўтганимда ҳар бир янги  инсон билан танишиш ва мулоқот чоғида  кўнглимда ажиб бир  ҳис туяман. Ўзимнинг билганларимни ўзгаларга етказаётганимдан ўзимни бахтли ҳис қиламан…

***

Катта чуқурга тушиб,  катта тезликда кетаётган машинамнинг олд ғилдираги чиқиб кетди-да, тормоз ишламай қолди. Руль бошқаруви издан чиқиб, машинам йўл четида турган бошқа машинага қарсиллаб урилди. Сўнгра яна йўлга чиқиб, олдинда кетаётган катта юк машинасига урилишига бир сония қолганида  бошимга тушган зарбадан ўзимга келиб, қўл тормозини тортдим. Машина 300 метрлар чамаси судралганича, бир ёнбошига қийшайиб тўхтади. Аранг эшикни очиб ташқарига чиқдим. Бирдан миямга келган фикрдан баданим музлаб кетди. Болалар… Болалар тирикми? Қоронғулик тарқаб, бошимда йиғлаб турган қизимни кўрдим. Унинг ёнида турган ўғлимни кўриб, бирдан хурсанд бўлдим. Машинанинг бир томони пачоғланиб, қийшайганича тутаб ётар, аммо барчамиз, энг асосий болаларим жиддий шикастсиз, тирик эди. Қандай бахт…. Аллоҳимнинг ўзи асради..

***

Ўғлим 2000 нафар талабгорлар ичида ўзи интилган Тошкент Ахборот технологиялари коллежига ўқишга кирди. Имтиҳонларни топширгандан буён ҳар куни “Аяжон кира оламанми ёки йўқми?” деб сўрайдиган ўғлимнинг кодланган рақамининг коллежга кирганлар рўйхатида кўриб кўзимдан ёш чиқиб кетди. Бир йилдан сўнг қизим Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг талабаси бўлди. Тест натижалари чиқадиган кун  туни билан ухламадик. Соат тунги учда қизимга талабалик бахти насиб этганлиги ҳақида СМС хабар келди…

***

Ёлғизликни ҳеч бир аёлга тиламайман. Ёнида суянчиғи бўлмаган, ўзини бахтсиз, ёлғиз сезганида бир сония бўлсада елкасига бош қўйиш мумкин бўлган, аро йўлда қолганида маслаҳатлашиб туғри йўлни кўрсата биладиган, фарзандларига ота меҳрини бера оладиган турмуш ўртоғи бўлсин экан. Аёл бахти деганда оила, фарзандлар каломи, севишғсевилиш тушинилади. Аллоҳим менга бунинг барчасини ато этганидан бахтлиман.

***

Олтинчи “Интернет  нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятида” ўқув қўлланмам нашрдан чиқди. Журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан қўллаб қувватланган ва нашр этилган қўлланмани вилоятлар ОАВ вакиллари учун ташкил этилаётган тренингларда тарқатиб, журналистлар ва ННТ вакилларидан раҳмат эшитганимда, оз бўлсада миллий журналистикамиз ривожига ўз ҳиссамни қўшим, инсонларга оз бўлсада зиё улашаётганимдан бахтлиман.

***

Навбатдаги медиатренинг “Талабалар интернет ҳаракати”  лойиҳаси доирасида Чимёнда жойлашган “Камолот” оромгоҳида ташкил этилди. Атиги 5 кун  давомида гуруҳимдаги турли вилоятлардан келган 35 нафар ёшлар илан шу даражада дўстлашдикки, уларни кузатар эканман кўзимга ёш келди. Келажагимиз ана шундай иқтидорли, ўзига нисбатан талабчан,  билимга чанқоқ ёшларимиз қўлида эканлигидан ғурурландим. Уларга оз бўлсада билганларимни ўргатганимдан, журналистика соҳасига мутлақо бегона бўлган йигит-қизларни соҳага ошно этганимдан  ўзимни бахтиёр сездим.

***

Қизим Хитойда бир йил таълим олиш учун давлат грантини қўлга  киритди. Ўғлим 4 та хориж университетларига ўқишга кирди ва Хитойнинг Чанжоу технологик университетни танлади. Хозир иккаласи ҳам Хитойда.  Ҳар куни интернетдаги мулоқот дастурлари орқали улар билан гаплашиб,  қувончдан порлаётган кўзларини кўрар эканман, нақадар бахтиёр инсон эканлигимни яна бир бор ҳис этдим…

Наргис ҚОСИМОВА

Улашинг: