Олимали ҳаётдан нолишни ёмон кўрарди. Унинг фикрича, инсон ўйлаб иш қилса, албатта мурод мақсадига етади. Давраларда у тез-тез «Худо сендан харакат, мендан эса барака» деган. «Ётиб қолгунча, от қол» дея ҳалқ мақолаларини ишлатишни яхши кўрарди. Албатта ана шу нақлларга амал қилишга ҳаракат қиларди. Аёлининг номига «Мухлиса Олим қизи» фермер хўжалигини очгач, унинг Низомига қатор ишларни бажариши мумкинлигини ҳам киритди. Фермер хўжалиги ходимлари нафақат деҳқончилик қилишлари, балки Низомга биноан қурилиш ишларида қатнашишлари, савдо билан шуғулланишлари ҳам мумкин эди. Фермер хўжалигинг бошқарувчиси лавозимини эгаллаган Олимали, сҳар бир соҳага «бурун суқмасдан» қолмасди. Олий маълумотли Олимали учун ўз тили билан айтганда «қоғоз ишларини қийворарди». Ажабмаски, унинг тиришқоқлиги ва ҳар бир соҳа асосларини мукаммал ўрганмасдан туриб бир ишга қўл урмаслиги, фермер хўжалигининг тумандаги ягона ўрта мактабни капитал таъмирлаш борасида ўтказилган тендер танловида ғолиб чиқишига имкон яратди. Бу ақл билан иш кўрилса бир неча миллионга эга бўлиш демак эди. Бугунги меҳмондорчилик ҳам шунга бағишланган эди.
— Қани олдик.
Қадаҳларнинг жаранги кичик бўлсада, шинамгина меҳмонҳонани тўлдирди. Дид билан безатилган дастурхон устида халқаланаётган сигарет тутунидан нафаси қайтиб, Толибжон ёнида ўтирган Олимали акадан узр сўрадида, ташқарига чиқди. Куз ойининг салқин ҳавосидан бир оз эти жунжуксада, юлдуз тўла осмонга завқ билан термулар экан, беихтиёр болалигини эслади. Раҳматли бувиси ҳар бир юлдуз туркуми ҳақида эртак айтиб берар, унинг ўшанда тезроқ катта бўлгиси, ундаги ботир паҳлавонлар сингари қасрлар қуриб, уни маликаларга совға қилгиси келарди. Аммо болаликдаги орзу-ҳавас, инсон улғайгач, унга интилмаса саробга айланганича ортда қолар экан.
-Совқотиб қолмадингизми, ука?
Беҳосдан берилган савол Толибжонни хаёллар уммонидан аслига қайтариб, чўчитиб юборди.
-Ҳа.. Э, йўқ. Тоза ҳаводан нафас олаётган эдим. Ичкари исиб кетди.
-Ҳа, ҳозир тоза ҳаводан тўйиб, тўйиб нафас обқолинг. Кейин вақтингиз ҳам, имконингиз ҳам бўлмайди.
Олимали ака негадир хиринглаб кулди-да, «совуқ экан» деганича ичкарига кириб кетди. Толибжон унинг бу билан нима демоқчи эканлигини тушунмади. Кўнглининг бир чеккасида пайдо бўлган нохушликка эътибор бермасликка харакат қилиб, яна юлдузли осмонга тикилди…
Олимали фермер хўжалиги номидан туман Халқ таълими бўлими билан шартнома тузгач, бир оз муддатдан сўнг «Мухлиса Олим қизи» фермер хўжалигининг ҳисоб рақамига 36 миллион сўм пул маблағларини туширди.. Мазкур маблағларини ўз танишларининг хусусий фирмалари ҳисоб рақамига ўтказиб, улардан қисман қурилиш моллари, қисман пулни «ювиб, тирик» пулга айлантирди. Энди нима қилиб бўлсада тузилган шартномадаги кўрсатилган таъмирлаш ишларини бажариши ва далолатномани ёпиши лозим эди.
-Ҳаёлингиз қаёқда Толибжон, шунча чақираман эшитмайсиз-а. Сизни зудлик билан Олимали ака сўраяптилар. Уста Шокир мактаб пойдеворини қуриш учун олиб борилаётган ўлчовлар бошида туриб, ҳаёлан янги мактабда болаларнинг чуғур-чуғурини тассаввур қилаётган янги муҳандис Толибжонга зардали оҳангда гапириб, орқасига бурилди.
Олимали Толибжонни очиқ юз билан кутиб олиб, қаршисидан жой кўрсатди. Ишларнинг қандай кетаётганлигини сўраб-суриштиргач, секин мақсадга кўчди:
— Энди, гап бундай ука, сиз ҳали ёшсиз, шунинг учун ҳам қурилишнинг ўзига хос қонун-қоидалари билан сизни таништириш менинг бурчим. Кеча «накладной»лар бўйича олиб келинган цементнинг бир тоннасини Рустам билан Шарифга айтиб орттиртиринг. 600 куб тахтани иккинчи мошинга ортишсин, тушунарлими? Қолганини кейин гаплашамиз.
Олимали «гап тамом» дегандек стол устида сочилиб ётган қоғозларга тикилди.
-Кечирасиз, ўзи уларни куни кеча туширган бўлсак, яна ортиб қаёққа олиб борамиз.
— Бу билан ишингиз бўлмасин. «Тендер»да бекордан бекорга ютганимиз йўқ. Лойиҳамиз 30 миллионлик бўлиб, энг кам харжлиги учун ҳам қабул қилишди. Бундан ташқари ҳали олдинда биргалашиб кўп иш қиламиз, шундайми? Яна бир нарсани ёдингизда тутинг. Кўпчиликнинг мактаб қурилишида ўзига яраша насибаси бор. Иннанкейин, яна ишлай десангиз, тепадагиларниям шартига кўниш керак.
Лекин қолган цемент мактабни битиришга етмайди. Тахта ҳам, қолган полнинг учдан бир қисмини нима билан ёпмоқчисиз?
Баракалла, ана шунга каллангизни ишлатинг. Сизни бекордан бекорга ишга олганим йўқ. Керак бўлса бирор жойга кўпроқ қум-у, камроқ цемент қўшинг, эски тахталарни рандалатиб, яна жойига қўйинг, шу ҳам муаммоми? Яна саволлар борми? Билиб қўйинг, жойингизга талабгорлар кўп. Ана қанчадан қанча ёш муҳандислар олийгоҳни битириб, иш тополмай юрибди. Сизни Эрмат Тошевич «эсли-ҳушли, иш ўрганадиган бола» дегани учунгина олувдим.
Муроджон оғир ўрнидан қўзғолди. Қизил диплом билан олийгоҳни битириб ўзининг мутахассислиги бўйича иш топа олмагач, уч йил қилмаган иши, бошини суқмаган тешиги қолмади. Тоғасининг қўли узун жўраларидан бири, шу ерга жойлаштириб қўйган эди. Бундай бўлишини билганида… Икки ой ҳам ишламай бу ердан ҳам кетса, тоғаси «юзимни ерга қаратдинг» деб ундан юз ўгириши аниқ. Ўзи ишлаган жойининг барчасида «адолатпаравар»лиги учун кўп қола олмаган эди. Толибжон бир қул силтаб, этагини қоқиб чиқиб кетгиси, келди-ю, яна бир онаизорини ўйлаб шаштидан қайтди. Ўзи емай тўрт фарзандига едириб, киймай кийдириб вояга етказди, ўқитди. Энди Толибжонни уйлантириш дардида елиб-югуриб юрибди. Оталари уларни ёшлигида ташлаб кетган. Толибжон тўнғич фарзанд. Энди нафақат ўз кунини кўриши, волидасига ҳам ёрдам бериши керак. Бу ердан ҳам кетса, кейин бошқа иш топиши гумон.
Аста-секинлик билан янгиланаётган мактаб биносига тикилар экан Толибжоннинг юрак бағри эзиларди. Унинг ҳисоб-китоби мактаб томи камида бир метр баланд кўтарилиб, сифатли шифер билан ёпилиши керак эди. Олимали эса қаердандир ишлатилган, сал қаттиқроқ тегсанг уваланиб кетадиган шифер топиб келиб, томга ёптира бошлади. Том четларига ўрнатилиши лозим бўлган тунука ўрнига қора қоғоз қўйилди.
Кенг, ёруғ спорт залининг қурилиш ишлари тугалланай деб қолди. Қилинаётган ишлар атрофдаги қишлоқ аҳлининг миннатдорчилигига сазовор бўлиб, оқсоқоллар бир неча бор келиб, болажонларнинг бахтли яшашлари, билим олишлари учун барча шароитларни яратиб бераётган хукуматнтни, қурилиш ишларини олиб бораётган фирма директори билан бош мухандисни алқаб кетишди. Толибжон эса мактабнинг фойдаланишга топшириш вақти яқинлашган сари ичига чироқ ёқса ёришмасди. У қанча харакат қилмасин, Олимали ўзи айтгандек «эски приёмлари»ни ишлатиб, билганидан қолмади. Мактабнинг полига у аллақайси бузилаётган корхонанинг тахталарини олиб келиб ишлатди. Рандаланганидан сўнг «янги кийим» кийган тахталар нақд 3 см га юпқалашди. «Смета» бўйича олиниши лозим бўлган янги тахталарнинг пули чўнтакка урилди. Цемент иқтисод қилиниб, қоришмага кўпроқ қум қўшилди. Хорижнинг «Рояль» краскаси ўрнига хитойники олинди, у ҳам «разбавитель» билан обдон суюлтирилди. Мактабнинг кираверишдаги улкан зали ва зиналарига ишлатилиши лозим бўлган Нуротанинг табиий мармари ўрнига шаҳарда мармарнинг қолдиқ кукунидан тайёрланадиган сунъийси арзонга олиниб, ётқизилди. Мактабнинг янги биноси йўлаклари лойиҳада кўрсатилган ўрта қалинликдаги гипсокартон билан қоплангач, «Армстронг» типидаги осма шифт ўрнига ноъмалум фирма ишлаб чиқарган қалбакисини ўрнатишди. Ювиниш хоналари, хожатхона, ўқув лабораторияларининг «тозалик бурчак»ларига ёпиштирилиши лозим бўлган италия кафели ва сантехникаси хитойникига алмаштирилди. Бир кўринишдан сифатлисидан фарқ қилмайдиган мазкур кафеллар-у, сантехниканинг хизмат муддати италияникига нисбатан икки баробар кам эди.
— Қишлоқ боласи Италия билан хитойникини фарқига бориб ўтирибдими? Ўзи умрида сантехника нималигини кўрмаганларга шуниси ҳам бўлаверади. Уйига сувни икки чақрим беридан ташиб келтириб, обдастада ювинади-ю, буларга италия сантехникаси керакмиш. Ўзининг гапидан ўзи хо-холаб кулган Олимали дастурхон бошида ўтирганларнинг бирортаси тишининг оқини кўрсатмагач, индамай иккинчи пиёлани даст кўтариб ичган эди, ўшанда.
Хатто осма шифтга ўрнатиладиган галоген чироқлардан ҳам Олималининг буйруғига биноан «уриб» қолишди. Уларнинг оралари кенгайтирилиб, 230 чироқ ўрнига 190 таси мактаб йўлакларини ёритадиган бўлди. У «иқтисод» қилинган мих-у, болт, гайка, шайбаларни айтмаса ҳам бўлаверади. Толибжон шунча ўқиб, деворни сувоқ қилишда ҳам турли ҳил ҳийла-ю найранглар ишлатилиши мумкинлигини биринчи маротаба кўрди. «Тендер»га топширилган мактаб лойиҳасида кўрсатилган сувоқ қалинлиги икки баробар камайтирилиб, бундан анча-мунча унга кетадиган қурилиш материаллари олиб қолинди.
-Олимали ака, қилинган сувоқ бир йилга бормай ёрилиб, кўчиб кетади. Ҳеч бўлмаганда шунча одамнинг меҳнати-ю, бизга кўз тикиб турган қишлоқ одамларига раҳмингиз келсин. Ҳамма нарса меъёрида, ўлчаб қўшилса бундай сувоқ салкам ўн йилга чидайди-ку!
— Менга қаранг, йигитча, тоззаям жонимга тегдингиз. Тепадагиларнинг улушини ўзимни чўнтагимдан тўлайманми? Ё пулингиз ошиб-тошиб кетган бўлса, балки буни сиз қиларсиз? Олимали қизариб, бузариб қуллари мушт бўлиб тугилди. 10 кундан сўнг мактабни топширамиз. Шу объектдан сўнг, ана катта кўча. Лекин эсингиздан чиқмасин, «смета» билан барча «накладной»ларнинг ярмидан кўпроғига мен йўқ пайти фақат ўзингиз имзо чеккансиз. Шу пайтгача бажарилган ишларнинг нархи бўйича счет-фактурада ҳам сизнинг имзоингиз турибди. Шу бўйича иш якунидаги умумий маълумотга ҳам тақсирнинг имзолари керак бўлади. Яна ғинг десангиз фақат шуларнинг ўзи билан индамай 10 йилга қамалишингизни биласизми?
Олималининг кесатиқ оҳанги Толибжоннинг миясини пармалаётгандек бўлди. Бошлиқнинг гапларидан сўнг унинг баданидан совуқ тер чиқиб кетди. Ёшлигига бориб бу тулкининг нимага бундай разилликка қодирлигини ўйлаб кўрмаган экан. Кўра-била туриб ўзи бошини сиртмоққа тиқди-я!
Толибжон бошини қуйи солганича раҳбар хонасидан чиқиб кетди. Қурувчиларнинг тақир-туқури-ю, мактаб атрофини текислаётган булдозернинг шовқинидан боши тарс ёрилай деди. Бирдан ҳаво етишмаётганлигини ҳис қилиб, деворга беҳол суянди. Илк зиёфатда Олимали аканинг «тўйиб-тўйиб нафас олиб қолинг» деганини эслаб, бошига санчиқ кирди. Ўшанда бекордан бекорга айтмаган эканда. Илонни ёғини ялаган бу.
Атрофи асфальтланиб, ҳовлининг ўртасига ўрнатилган кичик фаввора, унинг икки бурчагига гуллар-у, арча кўчатлари экилган мактаб биноси янги ўқув йилига тахт эди. Вилоятдан келган махсус қабул қилиш гуруҳи оқ плиталар ётқизилган шинамгина йўлакдан юриб, ҳар бир синф хонасига бирма-бир кириб чиқиб, «Мендан кетгунча, эгасига етгунча» қабилида бажарилган ишлардаги камчиликларни бирма-бир қайд этиб, мактабни қабул қилиб олиш учун тайёрланган хужжатга имзо чекмадилар. Кузнинг серёғин кунлари бошланиши билан эса, тунука қўйилмаган том четларидан, мих қоқилиши билан ёрилган шифер ёриқларидан чакка ўтиб, наридан бери оқланиб, сувоқ қилинган жойлар кўчиб туша бошлади. Бундан ташқари О. Қурбонов таъмирлаш бўйича 1537 586 сўм Олимали иш ҳажми кўрсатганлиги аниқланди
Суд О.Қурбоновни Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 228-моддаси 1-қисми ва 25-167-моддасининг 2 қисми «а» банди билан айбдор деб топди. Аммо у содир этган жиноят Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Амнистия тўғрисида»ги Фармонининг 2-моддаси таъсир доирасига тушганлиги сабабли, жазо тайинламасдан айблов ҳукми чиқаришни лозим топди.
(Мақола қаҳрамонларининг исм-шарифи ўзгартирилган)
Н.ҚОСИМОВА, журналист