748

МАКТАБ ҚУРИЛИШИ НАЙРАНГЛАРИ

— Қани олдик. Қадамларнинг жаранги кичик бўлсада, шинамгина меҳмонҳонани тўлдирди. Дид билан безатилган дастурхон устида халқаланаётган сигарет тутунидан нафаси қайтиб, Мурод ёнида ўтирган 45-48 ёшлар чамасидаги Солиҳ Турдиевичдан узр сўрадида, ташқарига чиқди. У «Обод» хусусий қурилиш фирмасига  бош мухандис  бўлиб ишга кирганидан сўнг илк бор корхона  тумандаги  мактабларнинг бирини капитал реконструкцияси  бўйича ўтказилган тендердан ғолиб чиққан ва бугунги меҳмондорчилик ҳам шунга бағишланган эди. Зиёфатни фирма директорининг ўзи бериб, унга  вилоятнинг кўзга кўринган арбоблари, мактаб қурилишига алоқадор одамлар таклиф этилган эди. Куз ойининг салқин ҳавосидан бир оз эти жунжуксада, юлдуз тўла осмонга завқ билан термулар экан, беихтиёр болалигини эслади. Раҳматли бувиси ҳар бир юлдуз туркуми ҳақида эртак айтиб берар, унинг ўшанда тезроқ катта бўлгиси, ундаги ботир паҳлавонлар сингари қасрлар қуриб, уни маликаларга совға қилгиси келарди. Ўшандаги орзуси қисман ушалди, ҳам. Сарой қуриб маликаларга совға қилмасада, болажонларга энди мактаб қуради. Мактаб ҳам билим қасри. У эрта-индин иш бошлайдиган, ғолиб чиққан тендернинг лойиҳасига биноан янги қурилажак мактаб ҳам ҳар қандай шоҳ қасридан кам эмас.

Совқотиб қолмадингизми, ука?

Беҳосдан берилган савол  Муроджонни хаёллар уммонидан  аслига қайтариб, чўчитиб юборди.

Ҳа.. Э, йўқ. Тоза ҳаводан нафас олаётган эдим. Ичкари исиб кетди.

Ҳа, ҳозир тоза ҳаводан тўйиб, тўйиб нафас об қолинг. Кейин вақтингиз ҳам, имконингиз ҳам бўлмайди.

Солиҳ Турдиевич негадир хиринглаб кулди-да, «совуқ экан» деганича ичкарига кириб кетди. Муроджон унинг бу билан нима демоқчи эканлигини тушунмади. Кўнглининг бир чеккасида пайдо бўлган нохушликка эътибор бермасликка харакат қилиб, яна юлдузли осмонга тикилди…

1950 йилларнинг охирида  хашар йўли билан қурилган пастқам, ўқитувчи қўлини кўтарса  шифтга етадиган мактаб ўрнида қурилажак уч қаватли бинонинг лойиҳасини кўздан кечиришар экан, туман хокимининг таклифига биноан меъморлар унинг ташқи томонига миллий қадриятларимизга мос безаклар бериб ўзгартиришди. Лойиҳа  бўйича бу бинода барча шароитлар муҳайё бўлиши лозим эди.

Замонавий талаблар бўйича жиҳозланган синфлар, ўз канализациясига эга ўқув лабораториялари, ювиниш, кийиниш хоналари бўлган хашаматли спорт зали. Эҳ-ҳе, энди болажонлар мазза қилиб, қишин-ёзин спорт билан шуғулланиш имконига эга бўлишади. Баҳор-кузнинг ёмғири-ю, қишнинг қоридан сўнг шудгорга айланадиган стадион деб аталмиш ялангликда лойга ботмаслик учун жисмоний тарбия ўқитувчилари ўқувчиларни синфга ҳайдаб кириб,  ўғил болалар  ўтхонага кўмир ташишар, қизлар синф хоналари-ю, йўлакларни полини артиш билан банд бўлишарди. Ўқувчилар хазиллашиб жисмоний тарбия дарсини  мажбурий меҳнат колоннияси деб аташарди. Кузда пахта терими-ю, баҳорда чопиққа кетадиган ўқувчилар учун жисмоний тарбия  дарсида нима ўтдинг-у, неча баҳо олдинг дея сўрай кўрманг. Бу дарс учун баҳо  пахта теримида «норма»ни бажариш-у, чопиқ пайтида кўпроқ эгат чиқариш билан боғлиқ эди. Энди ҳеч бўлмаса қишда болажонлар шаҳарлик ўртоқларига ўхшаб тузук дарс ўтишар…

-Ҳаёлингиз қаёқда Муроджон, шунча чақираман эшитмайсиз-а. Сизни зудлик билан Солиҳ ака сўраяптилар. Уста Шокир мактаб пойдеворини қуриш учун олиб борилаётган ўлчовлар бошида туриб, ҳаёлан янги мактабда болаларнинг чуқур-чуқурини тассаввур қилаётган Муроджонга зардали оҳангда гапириб, орқасига бурилди.

Солиҳ Турдиевич Муроджонни очиқ юз билан кутиб олиб, қаршисидан жой кўрсатди. Ишларнинг қандай кетаётганлигини сўраб-суриштиргач, секин мақсадга кўчди:

— Энди, гап бундай ука, сиз ҳали ёшсиз, шунинг учун ҳам қурилишнинг ўзига хос қонун-қоидалари билан сизни таништириш  менинг бурчим.  Кеча  «накладной»лар бўйича олиб келинган цементнинг бир тоннасини   Рустам билан Шарифга айтиб орттиртиринг. 600 куб тахтани иккинчи мошинга ортишсин, тушунарлими? Қолганини кейин гаплашамиз.

Солиҳ Турдиевич, «гап тамом» дегандек стол устида сочилиб ётган қоғозларга тикилди.

-Кечирасиз,  ўзи уларни куни кеча туширган бўлсак, яна ортиб қаёққа олиб борамиз.

— Бу билан ишингиз бўлмасин. «Тендер»да бекордан бекорга ютганимиз йўқ. Лойиҳамиз 115 миллионлик бўлиб, энг кам харжлиги учун ҳам қабул қилишди. Бундан ташқари ҳали олдинда  биргалашиб кўп иш қиламиз, шундайми?  Яна бир нарсани ёдингизда тутинг.  Кўпчиликнинг мактаб қурилишида ўзига яраша насибаси бор. Иннан кейин, яна ишлай десангиз, тепадагиларниям шартига кўниш керак.

Лекин қолган цемент мактабни битиришга етмайди. Тахта ҳам, қолган полнинг  учдан бир қисмини нима билан ёпмоқчисиз?

Баракалла, ана шунга каллангизни ишлатинг. Сизни бекордан бекорга ишга олганим йўқ. Керак бўлса бирор жойга кўпроқ қум-у, камроқ цемент қўшинг, эски тахталарни рандалатиб, яна жойига қўйинг, шу ҳам муаммоми? Яна саволлар борми? Билиб қўйинг, жойингизга талабгорлар кўп. Ана қанчадан қанча ёш муҳандислар олийгоҳни битириб, иш тополмай юрибди. Сизни Эрмат Тошевич «эсли-ҳушли, иш ўрганадиган бола» дегани учунгина олувдим.

Муроджон оғир ўрнидан қўғолди. Қизил диплом билан олийгоҳни битириб ўзининг мутахассислиги бўйича иш топа олмагач, уч йил қилмаган иши, бошини суқмаган тешиги қолмади.  Тоғасининг қўли узун жўраларидан бири,  шу ерга жойлаштириб қўйган эди. Бундай бўлишини билганида… Икки ой ҳам ишламай бу ердан ҳам кетса, тоғаси  «юзимни ерга қаратдинг» деб ундан юз ўгириши аниқ. Қзи ишлаган жойининг барчасида «адолатпаравар»лиги учун кўп қола олмаган эди. Муроджон бир қўл силтаб, этагини қоқиб чиқиб кетгиси, келди-ю,  яна бир онаизорини ўйлаб шаштидан қайтди. Ўзи емай  тўрт фарзандига едириб, киймай кийдириб вояга етказди, ўқитди. Энди Муроджонни уйлантириш дардида елиб-югуриб юрибди. Оталари уларни ёшлигида ташлаб кетган. Муроджон тўнғич фарзанд. Энди нафақат ўз кунини кўриши, волидасига ҳам ёрдам бериши керак. Бу ердан ҳам кетса, кейин бошқа иш топиши гумон.

Аста-секинлик билан қад кўтараётган янги мактаб биносига тикилар экан Муроджоннинг юрак бағри эзиларди. Унинг ҳисоб-китоби бўйича  айнан танланган жойга уч қаватли мактаб қурилиши мумкин эмас эди. Шу ерга бинони қуриш учун ернинг зичлиги тўғри келмас, бунинг устига ер ости сувларининг кўтарилиши натижасида унинг шўрланиши ортиб,  агарда  бино  ёнидан дренаж қурилмаса, бу нарса пойдеворга зиён етказиши мумкин эди. Бу ҳақида у бир неча бор Солиҳ Турдиевич, кейин туман хокимиятининг қурилиш ишлари бўйича хоким ўринбосарига мурожаат этсада, ҳеч ким унинг гапига қулоқ солгиси келмади. Қайтанига Солиҳ Турдиевич унинг бу ўзбошимчалиги учун яхшилаб «тузлади» ва бундай ҳолат яна бир бор такрорланса ишдан кетажагини айтди.

8 ой ўтар ўтмас,   шиферлари ямалавериб, охири устига тош бостириб қўйилган бино ўрнида муҳташам  уч қаватли янги мактаб қад кўтарди. Эски мактаб биносининг бир қисми ҳам қолдирилиб, у ҳам капитал таъмирланди. Кенг, ёруғ спорт залининг қурилиш ишлари тугалланай деб қолди. Қилинаётган ишлар  атрофдаги қишлоқ аҳлининг миннатдорчилигига сазовор бўлиб, оқсоқоллар бир неча бор келиб, болажонларнинг бахтли яшашлари, билим олишлари учун барча шароитларни яратиб бераётган хукуматнтни, қурилиш ишларини олиб бораётган фирма директори билан бош мухандисни алдаб кетишди. Муроджон эса мактабнинг фойдаланишга топшириш вақти яқинлашган сари ичига чироқ ёқса ёришмасди. У қанча харакат қилмасин, Солиҳ Турдиевич ўзи айтгандек «эски приёмлари»ни ишлатиб, билганидан қолмади. Мактабнинг полига Солиҳ Турдиевич алла қайси  бузилаётган корхонанинг тахталарини олиб келиб ишлатди. Рандаланганидан сўнг «янги кийим» кийган тахталар  нақд 3 см га юпқалашди. «Смета» бўйича олиниши лозим бўлган янги тахталарнинг пули чўнтакка урилди. Цемент иқтисод қилиниб, қоришмага кўпроқ қум қўшилди. Хорижнинг «Рояль» краскаси ўрнига хитойники  олинди, у ҳам «разбавитель» билан обдон суюлтирилди. Мактабнинг кираверишдаги улкан зали ва зиналарига ишлатилиши лозим бўлган Нуротанинг табиий мармари ўрнига  шаҳарда мармарнинг қолдиқ кукунидан тайёрланадиган сунъийси арзонга олиниб, ётқизилди. Мактабнинг янги биноси йўлаклари лойиҳада кўрсатилган ўрта қалинликдаги гипсокартон билан қоплангач, «Армстронг» типидаги осма шифт ўрнига ноъмалум фирма ишлаб чиқарган  қалбакисини ўрнатишди. Ювиниш хоналари, хожатхона, ўқув лабораторияларининг  «тозалик бурчак» ларига ёпиштирилиши лозим бўлган италия  кафели ва сантехникаси  хитойникига алмаштирилди. Бир кўринишдан сифатлисидан фарқ қилмайдиган мазкур кафеллар-у, сантехниканинг хизмат муддати италияникига нисбатан икки баробар кам эди.

— Қишлоқ боласи Италия билан хитойникини фарқига бориб ўтирибдими? Ўзи умрида сантехника нималигини кўрмаганларга шуниси ҳам бўлаверади. Уйига сувни икки чақрим беридан ташиб келтириб, обдастада ювинади-ю, буларга италия сантехникаси керакмиш. Ўзининг гапидан ўзи хо-холаб кулган Солиҳ Турдиевич дастурхон бошида ўтирганларнинг бирортаси тишининг оқини кўрсатмагач, индамай иккинчи пиёлани  даст кўтариб ичган эди, ўшанда.

Хатто осма шифтга ўрнатиладиган галоген чироқлардан ҳам Солиҳ Турдиевич «уриб» қолишга муяссар бўлди. Уларнинг оралари кенгайтирилиб, 230 чироқ ўрнига 190 таси мактаб йўлакларини ёритадиган бўлди. У «иқтисод» қилинган мих-у, болт, гайка, шайбаларни айтмаса ҳам бўлаверади. Муроджон шунча ўқиб, деворни сувоқ қилишда ҳам турли ҳил ҳийла-ю найранглар ишлатилиши мумкинлигини биринчи маротаба кўрди.   «Тендер»га топширилган мактаб лойиҳасида кўрсатилган сувоқ қалинлиги икки баробар камайтирилиб, бундан анча-мунча унга кетадиган қурилиш материаллари олиб қолинди.

-Солиҳ Турдиевич, қилинган сувоқ бир йилга бормай ёрилиб кетади.       Ҳеч бўлмаганда шунча одамнинг меҳнати-ю,  бизга кўз тикиб турган қишлоқ одамларига раҳмингиз келсин. Ҳамма нарса меъёрида, ўлчаб қўшилса бундай сувоқ  салкам ўн йилга чидашини у яхши биларди.

— Менга қаранг, йигитча, тоззаям жонимга тегдингиз. Тепадагиларнинг улушини ўзимни чўнтагимдан тўлайманми? Ё пулингиз ошиб-тошиб кетган бўлса, балки  буни сиз қиларсиз? Солиҳ Турдиевич қизариб, бузариб  қўллари мушт бўлиб тугилди. 10 кундан сўнг мактабни топширамиз. Шу объектдан сўнг, ана катта кўча. Лекин эсингиздан чиқмасин, «смета» билан барча накладнойларнинг ярмидан кўпроғига мен йўқ пайти фақат ўзингиз имзо чеккансиз. Шу пайтгача бажарилган ишларнинг  нархи бўйича счет-фактурада ҳам сизнинг имзоингиз турибди. Шу бўйича иш якунидаги умумий маълумотга ҳам  тақсирнинг имзолари керак бўлади. Яна ғинг десангиз фақат шуларнинг ўзи билан индамай 10 йилга қамалишингизни биласизми?

Солиқ Турдиевичнинг кесатиқ оҳанги Муроджоннинг миясини пармалаётгандек бўлди. Бошлиғнинг гапларидан сўнг унинг баданидан совуқ тер чиқиб кетди. Ёшлигига бориб бу қари тулкининг нимага бундай разилликка қодирлигини ўйлаб кўрмаган экан. Кўра-била туриб ўзи бошини сиртмоққа тиқди-я!

Муроджон бошини қуйи солганича раҳбар хонасидан чиқиб кетди. қурувчиларнинг тақир-туғури-ю, мактаб атрофини текислаётган булдозернинг шовқинидан боши тарс ёрилай деди. Бирдан ҳаво етишмаётганлигини ҳис қилиб,  деворга беҳол суянди. Илк зиёфатда Солиҳ Турдиевичнинг «тўйиб-тўйиб нафас олиб қолинг» деганини эслаб, бошига санчиқ кирди. Ўшанда бекордан бекорга айтмаган эканда. Илонни ёғини ялаган бу.

Атрофи асфальтланиб,  ҳовлининг ўртасига ўрнатилган кичик фаввора, унинг икки бурчагига  гуллар-у, арча кўчатлари экилган мактаб биноси янги ўқув йилига тахт эди.  Вилоятдан келган махсус қабул қилиш гуруҳи оқ плиталар ётқизилган шинамгина йўлакдан юриб, ҳар бир синф хонасига бирма-бир кириб чиқар экан, маъқул дегандек бош  ирғитиб қўйишарди. Бир кўринишда мукаммалдек кўринган бу қурилиш кўпга бормай сароб  сингари тўкила бошлашини улар қаердан ҳам билишсин. Керакли одамлар ўз улушларини олиб оғзи мойланган,  фирма қурувчиларининг кўпчилиги Солиҳ Турдиевичнинг  қариндош-уруғи эди. Ёлланиб ишлатилган қора ишчилар эса бу ердаги ҳийла-ю найранглардан бехабар. Ҳаммасидан бохабар ва ўз қўли билан мактабнинг “усти ялтироқ”, сувоқ таги қалтироқ» бўлишига  улкан ҳиссасини қўшган Муроджоннинг дами ичида.

Ўтган куни Солиҳ Турдиевич Муроджон шаҳарга тушганида онасига «қўлингизни мукофот пули» деб анча-мунча пул ташлаб кетибди. Онасининг «тўйингга Худонинг ўзи етказди» деб суюнганини кўриб, ундан қайтариб олишга юраги бетламади. Энди эса Солиҳ Турдиевич билан ипсиз боғланган, аниқроғи у Муроджонни «пичоқсиз сўйган» эди.

Балки бу воқеани шу билан тугатсак ҳам бўларди. Муроджон ҳам мактаб фойдаланишга топширилгач, фирмадан бўшаб, иш қидириб шаҳарга кетди. Вақт ўтган сари виждон азобидан ҳам қутилган бўлиши мумкин. Аммо орадан бир ярим йил ўтгач,  енгилгина ер қимирлашига янги мактабнинг «иқтисод қилиниб  қурилган» деворлари дош бера олмади. Зичлиги ҳисобга олинмаган тупроқнинг бир оз чўкиши натижасида устидан зилдек  босиб турган бетон плиталарнинг оғирлигига чидамай девор оғиб,  мактабнинг ярим томи қулаб тушди. Худога минг қатла шукурки, бу воқеа якшанба куни эрта саҳар соат 5 лар атрофида содир бўлгани учун ҳам ҳеч ким жабр кўрмади. Гумбирлаган овоздан чўчиб уйғонган қоровул, кўкка ўралаётган чанг–тўзонни кўриб, тушимми ё ўнгимми дея, турган жойида тахтадек қотган эди. Бегуноҳ норасидалар-у,  муаллимларни  Худонинг ўзи асради. «Обод» фирмасининг номаъқул ишларини эса яратганнинг ўзи  фош этди. Иккинчи куниёқ бошланган текшириш ишлари натижасида Солиҳ Турдиевич билан Муроджон ҳибсга олинди.

Наргис Қосимова, журналист

Улашинг: