799

 “Менга икки дунё сиғар, лек мен сиғмасмен икки дунёга” 

Имомиддин Насимийнинг 650 йиллигига бағишланган кеча  Хайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият марказида бўлиб ўтди. 

Озарбайжон Президенти Ильхом Алиевнинг қарорига биноан 2019 йил Имомиддин Насимий йили деб эълон қилинган эди. Бу бежиз эмас албатта, чунки маърифатпарвар шоирнинг бу йил 650 йиллиги нафақат Озарбайжон, балки Ўзбекистонда ҳам кенг нишонланмоқда.

Насимийдан бизгача бой адабий мерос етиб келган. Унинг туркий ва форсий тилдаги девонлари қайта-қайта нашр этилган. Насимий ижоди нафақат озарбайжон, балки, ўзбек адабиётининг ҳам қимматли хазинасидан ўрин олган. Қадимда боболаримиз унинг шеърларини таржимасиз тушунганлар. Унинг ижоди Машраб, Нодира, Амирий каби мумтоз шоирларимиз ижодига сезиларли таъсир кўрсатган. Машраб шеърларидан бирида шоир фожиасини ачиниш билан ёдга олади:

Куфр айтди деб Насимийнинг терисин сўйдилар,

Гўшту пўстин сўйлатиб оламга гўё қилди ишқ.

Саййид Имодиддин Али Насимийнинг ғазаллари ўзбек назм ихлосмандлари қалб мулкига айланган. Зеро, бу улуғ мутафаккир ижоди бутун башариятга ва абадиятга дахлдордир.

Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият марказида ташкил этилган тантанали тадбир ҳам айнан ана шу санага бағишланди. Тадбирда сўзга чиққан Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази директори Самир Аббосов, Тошкент шарқшунослик институтининг профессори Атхамбек Олимбеков, адабиётшунос-олим Бобохон Шариф, Озарбайжондан келган меҳмонлар Шамахи-Исмилии ҳудудининг маданият бошқармаси раҳбари Элнур Гусейнов, Фузули номидаги Қулёзмалар институти бўлим бошлиғи, филология анлари номзоди Керимулла Мамедзаде, З.Буньядов номидаги Шарқшунослик институтининг  Насимийшунослик бўлими раҳбари, филология фанлари доктори Саодат Шихиевалар Саййид Имодиддин Насимийнинг шеъриятга қўшган ҳиссаси,  шоир туркий халқлар, жумладан, ўзбекларнинг ҳам шоири ҳисобланиши,  Мавлоно Лутфий, Алишер Навоий, Бобораҳим Машраб ва бошқа ўзбек шоирлари унинг шахси ва ижодига юксак эҳтиром билан қараганларини таъкидлаб ўтишди.

Насимийнинг мактаби чуқур ўрганилиб келинмовда. У турк дунёсида таниқли шоирдан биридир. Унинг издошлари бўлмиш Лутфий, Хофиз Хоразмий, Саккокий,  Навоий, Машраб, Бобурлар шеъриятида Насимийнинг техникасидан фойдаланишини кўриш мумкин. Насимийнинг ўз давридаги таъсирини Хофиз Хоразмийнинг ижодида кўринади.  Хусайн Байқаронинг ҳам шеърларида Насимийнинг таъсири бор. Ўзбекистон халқ шоираси Ойдин Ҳожиева Насимий ижоди, шахсиятини ўрганиб, улуғ озарбайжон шоирига шеърлар битган. Насимий ўз шахсияти билан Озарбайжон ва ўзбек халқини бирлаштирди дейиш мумкин. Шу ўринда буюк ўзбек шоири Навоийнинг асарлари ҳам Озарбайжонда севиб  ўқилишини эътироф этамиз, деди филология фанлари доктори Саодат Шихиева.

Тадбир доирасида “Насимийнинг ижоди суратларда, расмларда ва қулёзмаларда” номли кўргазма ташкил этилди. Шунингдек, Ўзбекистонда “Менга икки дунё сиғар” номли  Насимий ижодига бағишланган шеърлар танлови эълон қилиниб, унинг асосий шартларидан бири Насимий ижодига яқин бўлган шеърлар ва поэмаларни йиғиш эди. Кечада ана шу йиғилган шеърлар анталогиясининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Имомиддин Насимийнинг “Менга икки дунё сиғар, лек мен сиғмасмен икки дунёга” номли ғазали Сами Юсуф томонидан Бакудаги Ҳайдар Алиев марказида ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси қўмитасининг 43 сессиясининг очилиш маросимида  ижро  этган композицияси қатнашчилар эътиборига ҳавола эьтилди.

“Суғдиёна” Ўзбекистон миллий халқ чолғулари ансамблининг буюк шоир ва озарбайжон композиторлари асарларининг ижроси тадбирга янада кўтаринки руҳ бағишлади.

Наргис Қосимова

Улашинг: