29

ХИТОЙ ТЕЛЕВИДЕНИЕСИ РИВОЖИНИНГ ЎЗИГА ХОСЛИКЛАРИ

Наргис ҚОСИМОВА

ЎзДЖТУ халқаро журналистика

факультетининг доценти, ф.ф.н

Аннотация

Илмий мақолада Хитой Халқ Республикаси телевидениесининг яратилиши, ривожланиш босқичлари ва тенденциялари, телекомпаниялар бошқарувининг ўзига хосликлари ва ҳуқуқий асослари, кадрлар ва иқтисодий сиёсати таҳлил этилади.

Калит сўзлар:  телекомпания, ривожланиш босқичи,  кадрлар сиёсати, Хитой Халқ Республикаси, маданий инқилоб, Хитой марказий телевидениеси.

Хитой Халқ Республикаси сўнгги йилларда жаҳонда ҳар соҳада етакчиликни қўлга киритаётган давлатлардан бирига айланди. Хитой ҳукумати оммавий ахборот воситаларининг ривожига катта эътибор бермоқда. Ушбу  йўналишда олиб борилаётган  ислоҳотлар  1  млрд. 384 млн. 350 минг нафар аҳолига эга бўлган мамлакатни тезкор ва долзарб ахборот билан таъминлаш имконини бермоқда. Хитойда онлайн журналистика билан бир қаторда телевидение жадаллик билан ривожланмоқда. Бошқа давлатларга нисбатан телевидение Хитойда анча кеч, яъни 1958 йилда иш бошлаган бўлса-да (1), бугунга келиб рақамли ва онлайн ТВ нафақат бутун мамлакатни, балки Осиё  давлатларининг  муайян қисмини ҳам қамраб олди.Ярим асрдан кўпроқ тарихга эга бўлган Хитой телевидениеси ривожини шартли равишда беш босқичга ажратиш мумкин:

1958–1966  йиллар – миллий телевидениенинг ташкил топиши ва оёққа туриши;

1967–1976 йиллар – “Маданий инқилоб” давридаги телевидение.

1977–1982  йиллар  –  мамлакат  провинцияларида  телевидениенинг ташкил топиши ва ривожланиши;

1983–2000  йиллар  –  миллий  телевидениенинг  ривожи  ва  гуллаб яшнаши;

2000–2017  йиллар  –  миллий  телевидениенинг  онлайн  платформага кўчиши.

1958  йил  1  май  куни  хитойликлар  учун  унутилмас  сана ҳисобланади.

Айнан шу куни Пекин телестанцияси иш бошлаган. Унгача бутун мамлакатда атиги  бир  нечта  телевизор  мавжуд  бўлиб,  улар  ҳам  фақатгина  ҳукумат вакилларининг уйларида эди. Оқ-қора трансляция қуйидаги дастурни ўз ичига олган эди:

19:00  –  Биринчи  май  байрами  ҳақида  илғор  ишчилар  ва  қишлоқ хўжалиги вакиллари билан суҳбат.

19:15 –  Ёшларнинг қишлоқда яшаши ва ишлашига даъват этувчи фильм.

19:25 – Иқтисодиётдаги кўтарилишга бағишланган шеър.

19:30 – Миллий классик балет: “Тўртта оққуш” ва “Чўпон бола”.

19:50 –“Телевизор”– Cовет Иттифоқи томонидан тайёрланган илмий маърифий фильм(1).

Ўша йилнинг 1 октябрига келиб,  Шанхай телестанцияси, 20 декабрда эса Харбин телевидениеси  ишга туширилди. 1960 йилга келиб мамлакатда 29 та телестанция  фаолият  кўрсатмоқда  эди.  Ўша  пайтда  телеянгиликлар “Ҳужжатли  фильмлар”  марказий  студияси  томонидан  тайёрланарди.  1958 йилнинг  8  май  куни  Пекин  телестанцияси  Германия  Демократик Республикасида Меҳнаткашлар бирдамлик кунининг нишонланишини эфирга узатади. Бу хориждан тайёрланган биринчи телесюжет эди. Ўша йилнинг 15 июнидан бошлаб эса “Тишланган кулча” номли телесериал қўйила бошланади. Агар фаолиятининг бошида Пекин телеэфирининг 75  фоизини фильмлар, 15 фоизини спектакллар ва фақат  10 фоизини оригинал кўрсатувлар ташкил этган бўлса, 1959 йилнинг охирига келиб, бадиий фильмлар 50 фоизни, спектакллар 30 фоизни, илмий-маъриий фильмлар ва кўрсатувлар 15 фоизни, янгиликлар 5 фоизни  ташкил  этади(1).  Жуда  қисқа  муддатдаги  бундай  ўзгариш,  албатта,ҳукумат  томонидан телевидениега бўлган эътибори билан баҳоланади. Ўтган асрнинг  50-60-  йилларида  Хитой  телевидениеси  кечқурунги  19.00  дан 22.00 гача  фаолият  юритган.  1960-  йиллардан  бошлаб  теледастурдан кўнгилочар кўрсатувлар жой ола бошлади.

“Маданий  инқилоб”  (1967–1976)  даврида  Пекин  телестанцияси  (1967 йил  1  январдан)  ўз  фаолиятини  тўхтатди.  Шундан  сўнг  бир  нечта телестанциялар ёпилди. Аммо 1968 йилга келиб, улар яна ўз фаолиятларини давом  эттира  бошладилар.  Статистик  маълумотларга  кўра,  1975  йилнинг охирларига келиб мамлакатда 463 минг дона телевизор мавжуд эди, шундан 4 мингтаси рангли ва Хитойда ишлаб чиқарилганди. 1979 йил 1 май куни Пекин телестанцияси “Хитой марказий телестанцияси” (CCTV) номини олади. 1979 йилнинг  августида  Радиоэшиттиришлар  бўйича  марказий  бошқармада теледастурларни ишлаб чиқиш бўйича 1-йиғилиш ўтказилди. Унинг қарорига кўра,  1979  йилнинг  кузида  теледастурлар  кўргазмаси  ўтказилди.  Унда мамлакатнинг 25 та телестанцияси ўз дастурларидан ўрин  олган кўрсатув ва фильмларни намойиш қилдилар.

1979 йилнинг 28 январидан бошлаб эса Шанхай телевидениеси орқали биринчи реклама ролиги узатилди.

1983–1989  йиллар  Хитой  телевидениесининг  том  маънода  гуллаб-яшнаган  даври  бўлди  десак,  адашмаймиз.  1983  йил  март  ойининг  охирида мамлакат  бўйлаб  телевидение  ва  радиони  ривожлантириш  борасида  11та йиғилиш ўтказилиб, йиғилиш қарорига биноан,    янги теле-  ва радиостанциялар ташкил этила бошланади. Агар 1982 йили Хитойда 20 та шаҳар ва провинция телестанциялари  мавжуд бўлса, 1985 йилга келиб уларнинг сони 172 га етди. 1984 йилнинг 8 апрелида биринчи Хитой сунъий йўлдоши коинотга учирилди. Ўша  йили  Пекин,  Урумчи  ва  бошқа  шаҳарларда  сунъий  йўлдош  сигналини тутиб  қолувчи  станциялар  қурилади.  1986  йилга  келиб  бундай  станция лар орқали Хитойнинг 78 фоиз ҳудуди телевидение билан қамраб олинди.

1990 йили сунъий йўлдош орқали эфирга чиқилиб, Хитой телеканалларининг кўрсатувлари хорижий мамлакатларга ҳам тарқатилди. 1988 йил 15 мартда CCTV фақатгина рангли форматда эфирга узатила бошланди. Маълумотларга кўра айнан шу йилга келиб телетомошабинларнинг сони 600 млн. нафардан (мамлакат аҳолисининг 56 фоизи) ошиб кетади(2).

Мамлакат телевидениеси 1990 йилдан бошлаб рақамли форматга ўтди. 1994  йили  мамлакатда  766  телестанция,  38917  ретрансляция  станциялари фаолият юритиб, Хитойнинг 83,4 фоиз аҳолисини қамраб олган бўлса, 2003 йилга келиб бу кўрсаткич 94,62 фоизни, 2014 йилда эса 99, 97 фоизни ташкил этди. Бугунги кунга келиб Хитой телевидениеси жуда  тезкор, кенг қамровли ва ранг-барангдир(2).

Хитой телевидениеси бошқарувига бозор иқтисодиёти тамойилларини киритиш  миллий  ТВнинг  янада  ривожланишига  олиб  келди. Бугунги кунда Хитойда оммавий ахборот воситалари тўғрисида ягона қонун йўқ. Телерадиоэшиттиришлар соҳаси бир қанча қонунчилик  актлари, хусусан, “Телевидение  ва  радиоэшиттиришларга  хизмат  кўрсатишни  таъминлаш тўғрисида”,  “Телестанция  ва  радиостанцияларни  лицензиялаш  тўғрисида”, “Телерадиоэшиттиришлар  тўғрисида”ги  қонунлар  билан  бошқарилади. Хусусан, 1993 йил 5 октябрда сунъий йўлдош орқали теле-  ва радиоэфирни бошқариш мақсадида Давлат Кенгашининг 129-сонли “Сунъий йўлдошнинг ерда  қаабул  қилиш  қурилмаси  тўғрисида”ги  қарори  қабул  қилиниб,  унда сунъий  йўлдош  орқали  телекўрсатувларни  эфирга  узатиш  учун  ерда қабул қилиш  қурилмасини  ишлаб  чиқариш,  сотиш,  ўрнатиш,  фойдаланиш борасидаги меъёрлари белгилаб берилди.

1994 йил 3 февралда “Кабель телевидениеси тўғрисида” ги қонун қабул қилиниб, Телерадиоэшиттиришлар вазирлиги мамлакатда кабель телевидениесини ривожлантириш борасида кенг кўламда ишлар  олиб борди. Халқаро  миқёсга  чиқиш  учун  1995  йил  1  сентябрда  вазирлик  томонидан “Халқаро  корхоналар  билан  ҳамкорликда  телекўрсатувлар  ишлаб чиқариш тўғрисида”  қарор  қабул  қилинади.  1995  йил  18  октябрда  қабул  қилинган “Телесериалларни яратишни лицензиялаш тўғрисида”ги қарорга асосанмамлакатда кўплаб сифатли миллий телесериаллар ишлаб чиқиш йўлга қўйилди (3).

Телрадиоэшиттиришлар вазирлигининг 1996 йил 24 майда қабул қилинган “Телевизион станциялар ва радиостанцияларни яратишни цензуралаш тўғрисида”ги қарорида провинцияларнинг маъмурий органлари теле ва радиостанциялар маҳсулоти сифатини бошқариш кўзда тутилган. 1997 йил 11 августда Давлат Кенгаши томонидан “Телевидение ва радиоэшиттиришлар тўғрисида”ги 228-сонли қарори телерадио эшиттиришлар соҳасини бошқаришда муҳим омил бўлиб хизмат қилди.

2001  йил  25  декабрда Давлат  Кенгаши  “Кино  тўғрисида”ги  қарорни қабул қилди. Унда Хитойда  ишлаб  чиқариладиган  фильмларнинг  импорти, экспорт,  шунингдек,  лицензия  олиш  тартиби  белгиланди(4). Айни  пайтда Хитойда  тўрт даражали телестанциялар  фаолият  юритади. Тўртта  вертикал чизиқ бўйича (Хитой Коммунистик партияси Марказий Қўмитаси, провинция, шаҳар ва уезд) ва 3та горизонтал йўналишда (матбуот, радио ва ТВ).

Бугун Хитойдаги 23та провинциянинг ҳар бирида ўз телекомпаниялари бор ва улар иқтисодий жиҳатдан улар мустақилдир. Биргина 100 млн. аҳолига эга  бўлган Шаньдун провинцияси телестанциясида 1,5 минг нафарга яқин журналист фаолият юритади. Телекомпания бош директори Вэй Вунинг фикрича, ташкилот бугунги кунда ўзини иқтисодий жиҳ атдан таъминлаш учун фақатгина рекламага қараб қолгани йўқ. Компанияда мунтазам равишда Шандунь провинцияси машҳур рассомларининг кўргазмалари ўтказилиб, уларнинг асарлари сотувга қўйилади. Бундан ташқари, ташкилот ўз кўчмас мулкига эга. У нафақат ўз ходимлари, балки аҳоли учун кўп қаватли тураржойлар қуриб сотади. Айтиш жоизки, қўшимча даромад топиш учун бу каби фаолият билан барча ОАВ шуғулланади. Бундан ташқари,  телевидение ривожига давлат бюджетидан ва ҳомийлик асосида ҳам пул ажратилади.

Ҳар бир телестанция интернетда ўз сайтига, шунингдек уяли алоқа телефонларида иловасига ҳам эга. Сўнгги  йиллари Хитойда тезлик билан ривожланаётган онлайн телевидение ОАВ ўртасида етакчилик қилмоқда. Бу ҳар йили кўпроқ томошабинлар аудиториясини қамраб олиш имконияти демакдир. Хулоса ўрнида айтиш жоизки, Хитой телевидениеси сўнгги 15 йил ичида нафақат техник, балки ахборотни йиғиш ва узатишда юқори ўринларга чиқди ва бубилан яна бир бор мамлакат қудратини жаҳонга намойиш этмоқда.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР

  1. Го Чжэнчжи. История китайского телевидения. Китайский народный университет. – М.,1991. – C. 67–68.
  2. Ковалев А. Глобальное  китайское  телевидение:  начало  большого  пути// www.newscontent.cctv.com
  3. 3.Сунь  Синьшэн. Становление  и  развитие  телевидения  Китая //  Вестник  электронных  и печатных СМИ. Выпуск № 10. – C. 34–38.
  4. Янь Вэйгун. История развития CCTV. – Пекин, 1998. C. 5–6.

Улашинг: