30

БУЛОҚЛАР ВА ШОИРЛАР БОҒИ

Булоқларнинг  шоирларга  нима  алоқаси  бор  дерсиз?  Аммо  айнан  Ер қаъридан, кўз ёш сингари тоза, шаффоф сувларнинг қайнаб чиқиб, зилол сувли ҳовузларни  пайдо  қилганлиги  кўпг  шоирларни  илҳомлантирган.  Хитойнинг юз миллион нафар аҳолига эга Шаньдун провинцияси дунёга буюк Конфуций ватани  бўлганлиги  билан,  унинг  маркази  Цзинань  шаҳри  (аҳоли  сони  етти миллион) эса етмиш икки булоғи билан машҳур. Уларнинг ичида энг машҳури Баотуцюань булоғидир. Унда сувнинг ҳарорати қишин-ёзин деярли бир хил –18℃.

Баотуцюань булоғи қадимги Шан сулоласи даврига оид  қулёзмалардаҳам қайд этилган.  “Баоту” сўзи хитойчадан “жўшқин айғир” маъносига яқин бўлиб,  айнан  булоқнинг  ўзига  хослигини  акс  эттиради.  Шимолий  Вэй сулоласи  ҳукмронлик  қилган  даврда  ёзилган  “Дарёлар  китоби”да   қайд қилинишича,  Баотуцюань   булоғи  юқорига  интилади  ва  ҳеч  қачон  қуриб қолмайди. Булоқдан ҳосил бўлган ҳовузнинг узунлиги 30 метр, кенглиги 20 метр бўлиб, унинг атрофида Цзиньсяньцюань, Шуюйцюань, Люсюйцюань ва бошқа булоқлар ҳовуз сувини тўлдириб туради. Бугунги кунда Булоқлар боғи шаҳардаги энг гўзал ва сўлим гўшалардан биридир. Бу ерда сақланиб қолган императорларнинг ёзги дам олиш қароргоҳлари, шоирларнинг турар жойлари ўзига хос музейга айлантирилган. Шуюйцюань булоғи ёнида Сун сулоласи ҳукмронлиги  дврида  яшаб,  ижод  этган  шоира  Ли  Цинчжаонинг  ҳайкали ўрнатилган.

Ли  Цинчжао  1084  йилнинг  13 мартида  Шаньдун  провинциясининг Личэне (ҳозирги  —  Цзинань) шаҳрида олимлар  оиласида дунёга келган. Отаси Ли  Гэйэй  Император  Академиясининг кўзга кўринган олими эди. Болалигидан Ли  Цинчжао  адабиётга  муҳаббат руҳида  тарбия  топди.  Ли  Цинчжао ўзига  хос,  нафис  услубда  жуда  кўп шеър ёзди. Улар табиатнинг гўзаллиги, орзулар,  инсон  ҳаётининг  мазмуни ҳақида эди. Биринчи шеърлар тўплами “Ишлов берилган яшма бандлари” деб аталиб,  лирик  миниатюраларда  шоира ўз  эҳтироси,  қайғуси  ва  орзуларини жумбоқ билан тасвирлайди. Болалик  йилларида  уларнинг хонадонида  даврнинг  кўзга  кўринган олим,  рассом  ва  шоирлари  тез-тез меҳмон бўлишарди. Уларнинг айтишувларини эшик орқасидан тинглаган ёш Ли  ўзи  ҳам  шеър  ёза  бошлайди  ва  тезда  машҳур  шоирлар  эътиборини қозонади.

Ли   1101    йили 19 ёшида тарихчи, рассом   Чжао Минчэнга турмушга чиқади.   1127  йилгача  улар  Шаньдун  провинциясида  яшашади.  Император саройида хизматда бўлган турмуш ўртоғи тез-тез узоқ сафарларга кетар эди. Соғинчли кунлар ёш шоиранинг ижодида изтироб ила акс этарди.

 Баҳор сепин ёйиб, товус каби кўзни қувнатар,

Шинам ҳовли. Жимжит, пардаси кўтарилмаган дераза.

Кулранг соялар уларни ўраб, сийпалар,

Сукунатда минорадан термуламан булутлар узра,

Қалбим каби цитранинг яшмали торлари ҳам сукут сақлайди…

 Аммо  1127  йили  Хитойни  чжурчжэней  қабиласи  боиб  олиб, императорни  ҳибсга  олишади.  Кўпчилик  қаторида Ли  Цинчжао  турмуш ўртоғи  билан  шаҳарни  тарк  этишади.  Икки  йил  улар  Нанкин  шаҳрида яшашади.  1129  йили  оғир  касаликка  чалинган  Чжао  Минчэн  вафот  этади, қайғуга  ботган  Ли Цинчжао  Ханчжоу  шаҳрига  кўчиб ўтади. Айнан  турмуш ўртоғининг ўлими шоира ижодида туб бурилиш ясашига сабаб бўлади.

Ўзга юрта ёлғиз янги йилни кутаман

Қачон қиров сочимга қўнди, билмайман,

Кеч тушди, шамол, қоронғу ва қор

Қордаги гуллар мендек меҳрга зор…

 Ли Цинчжао оғир кунларда ҳам  ижодини  тўхтатмади.  У ўзини ёввойи олхўри  –  мэйхуага ўхшатарди.  Дарахт  қишнинг сўнгги  кунлари,  ҳали  қор  эриб улгурмасидан  гуллайди.  Айнан шу  дарахт  шоира  учун  жасорат ва сабр-қаноат рамзига айланди. Ўз  шеърларининг  бир неччтасини  у  мэйхуага бағишлади. Хризантема Хитойда доно  ёлғизлик  рамзидир.  Нок гуллари  эса  гўзаллик  ва  қайғу белгиси.  Пиож  муҳаббат  ва камтарлик  рамзи  бўлиб,  мазкур гулларнинг  барчаси  шоира ижодида  ўз  аксини  топади. Хитой  тилининг  очилмаган қирраларини Ли Цинчжао айнан ана  шу  ўсимликлар   қиёфасида акс эттиришга муваффақ бўлади. Ли  Цинчжао  кўпроқ  “ци” номини олган жанрда ижод қилган. Унинг ўзига хослиги шундки, шеърлар ўша пайтдаги машҳур мусиқа оҳангларига монанд яратилган. Мусиқавий асос бандларнинг  узунлиги,  қофиялар,  ритмни  аниқлаб  берар  эди.  Минг  йил давомида мусиқа йўқолиб кетган бўлсада, ҳозир олимлар айнан шоиранинг шеърлари  асосида  уларни  тиклашга  уринишмоқда.   Ли  Цинчжао  ижодида Цзинань  шаҳри  булоқлари,  уларнинг  бўйларид  ўсаган  мажнунторллар   кўп маротаба тилга олинади.

Минг  йиллар  давомида  айнан  ана  шу  булоқлар  бўйида  Чин мамлакатининг  машҳур  файласуф  ва  шоиру,  шоиралари:  Цзэн  Гун,  Чжао Бяня, Су Чжэ, Юань Хаотун, Чжао Мэнфу, Ван Шоужэн, У Вэй, Вэн Фанган, Ван Шичжэн, Хэ Шацзи, Пу Сунлинлар ижод этишган.

1956 йили Цзинань шаҳри ҳокимининг қарори билан Баотуцюань боғи яратилиб,  Хитойнинг  ўнта  энг  машҳур  боғларидан  бирига  айланди.  Боғни томоша  қилар  экансиз,  ҳовузда  сузиб  юрган  тилла  балиқлар,  денгиз мушуклари, ҳар бир ҳовуз  бўйидаги  анор  ва  мажнунтол дарахтлари, сунъий шаршаралар ва албатта, қадимий услубда қурилган, Ли Цинчжао каби кўплаб шоирларнинг  ижод  намуналари  сақланган  уйлар  бағрида  сиз  яна  бир  бор Қадимги  Хитойга тушиб қолгандек, Ли Цинчжао даврига назар ташлаб, унинг нафис ва қайғуга тўла шеърлари оҳангини эшитгандек бўласиз.

Наргис ҚОСИМОВА

Тошкент – Пекин – Цзинань – Тошкент

 

 

 

Улашинг: