95

Туркияда Ўзбекистон ҳақида уйдирма материаллар эълон қилган сайтдан барча материаллар олдириб ташланди

Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот ишлари бўйича маслаҳатчиси Давут Гази Бенлининг шахсий аралашуви биланТуркиянинг Dunyabulteni.net деб номланган интернет ахборот нашрида сўнгги пайтларда эълон қилинган Ўзбекистон ҳақидаги қатор уйдирма материаллар олдириб ташланди. Сайт раҳбари Фатиҳ Сарач, бу борада эътиборсизлик бўлганини, Ўзбекистонда бўлаётган ислоҳотларни жуда катта мамнуният билан кузатиб бораётганликларини айтиб, Ўзбекистон билан боғлиқ исталганча ижобий материалга ўз нашри сайтидан жой беришга тайёр эканини баён қилди.
Dunyabulteni.net сайти Туркия ва дунё хабарлари, таҳлилий материаллар эълон қилишга ихтисослашган интернет нашри бўлиб, унда сўнгги даврда “Özbekistan’da, pamuk hasadı başladı. Devlet, çalışanları yine tarlaya sürdü” (Ўзбекистонда пахта терими бошланди. Давлат бюджет ходимларини яна далага чиқарди), “Özbekistan’da başörtülü öğrenciler ve aileleri özel kayıt altına alınıyor” (Ўзбекистонда рўмолли ўқувчилар ва оилалари алоҳида рўйхатга олинмоқда), “Özbekistan’da sivil polisler sakallı erkek avına çıktı” (Ўзбекистонда фуқаролик кийимидаги ички ишлар ходимлари, соқолли эркаклар “ови”га чиқди) каби уйдирма хабарлардан иборат, асосан “Озодлик” сайти манбасига асосланган материаллар эълон қилинди.
Эълон қилинган бу уйдирма материаллар ичида тўғридан тўғри Наманган вилояти билан алоқадор масалалар ҳам ўрин олгач, бу борада кузатилаётган салбий тенденцияни олдини олиш бўйича Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот ишлари бўйича маслаҳатчиси Давут Гази Бенли билан мулоқотга чиқдик. Жаноб Бенли, Ўзбекистонда яшаб турган дипломат сифатида бундай материалларнинг ёлғон маълумотга таянганини айтиб, бу масала билан шахсан ўзи шуғулланишини билдирганди.
Бугун жаноб Давут Гази Бенли ўзининг Dunyabulteni.net сайти раҳбари Фатиҳ Сарач билан бўлган мулоқоти ҳақида хабар бериб, бўҳтон ва уйдирмадан иборат барча материаллар сайтдан олдириб ташланганини, нашр раҳбарияти Ўзбекистонда бўлаётган кенг кўламли ислоҳотларни ижобий баҳолаётганини, юртимизда бўлаётган ўзгаришлар ва янгиланишлар билан боғлиқ хабарларимиз учун сайт исталганича минбар тақдим этишга тайёр эканини билдирди.
Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот ишлари бўйича маслаҳатчиси Давут Гази Бенлини жамоатчилик кенг танимаса ҳам, ўзбек матбуоти оламида барча нашрлар вакиллари яхши билишади. Туркиянинг манфаати учунгина эмас, Ўзбекистон ва Туркиянинг муштарак манфаатлари учун хизмат қилаётган, ўзбек матбуотининг қадрдон дўсти, жаноб Бенлига юқорида баён қилинган ҳолат бўйича алоҳида ташаккурларимизни билдирамиз.
Дилмурод Жумабоев
Манба: http://vodiymedia.uz

Улашинг: