939

ТУРКИЯ ЎЗБЕКИСТОН ЖУРНАЛИСТЛАРИ НИГОҲИДА

«Туркия ўзбекистонлик журналист ва фоторассомлар нигоҳида» мавзусида фотокўргазмаТошкент Фотосуратлар уйида Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати томонидан  ташкил этилди . Кўргазма уч кун давом этиб, унда турли вақтларда Туркия сафарида бўлган журналистлар ва рассомларнинг мамлакат ҳаётидан олинган фотосуратлари қўйилган.

Ўз нутқида Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонасининг ахборот ва оммавий коммуникациялар бўйича маслаҳатчиси Даут Бен Газлы фотокўргазмани ўтказишдан асосий мақсад турк маданияти, урф-одатлари, маросимлари ва меъморчилик анъаналари билан яқинроқ таништириш ва давлатлар ўртасидаги маданий алоқаларни кучайтиришдан иборатлигини таъкидлаб ўтди.

Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ўтган икки йил мобайнида 30 нафарга яқин ўзбек журналистининг Туркияда ташкил қилинган турли тадбирларда иштирок этишига кўмаклашди. Ижодкорлар Туркиянинг шаҳар ва қишлоқларида бўлиб, турк халқининг яшаш тарзи, табиати, меъморчилиги ҳақида бир-биридан қизиқарли фотосуратларни муҳрлади. Кўргазма учун улар томонидан 500 га яқин сурат тақдим қилиниб, саралаш жараёнида журналист нигоҳи қаратилган объeктнинг долзарблиги, мавзунинг аҳамияти ва асарнинг техник сифатига эътибор берилди. Турсунали Қўзиев, Фарҳод Қурбонбоев, Ҳусниддин Ато, Абдували Сойибназаров, Анора Содиқова, Бахтиёр Насимов, Давронбек Тожиалиев, Элмурод Эрматов, Ҳожимурод Отақулов, Ҳотам Мамадалиев, Муҳаммад Исмоил, Муҳаммаджон Ғаниев, Шарофиддин Тўлаганов, Шавкат Ортиқов, Шерали Авезматов, Тўлқин Эшбек каби журналистларнинг асарлари ўзбекистонлик фотосурат ишқибозларини бефарқ қолдирмайди.

Фотокўргазма ўз фаолиятини 14 апрелга қадар давом эттиради.

Н.Қосимова

Улашинг: