1 681

СУЛТОНЛАР САРОЙИ, ЁКИ “ТОПҚАПИ”ДА БИР КУН

Истамбулдаги султонлар саройи ҳақида эшитмаган инсон камдан кам топилса керак. Айниқса мамлакатимизда тарихий турк сериаллари, хусусан “Муҳташам юз йил”, “Кёсем султон” тарихий сериаллари орқали машҳур бўлган Топкапи саройига бориш иштиёқи Истамбулга қўнганимданоқ пайдо бўлган эди. Ниҳоят афсонавий ва тилларда достон сарой ёнидамиз. Унинг ичкарисига киришдан олдин   тарихига назар ташласак. Топкапқ, таржимада тўп дарвозаси деб таржима қ

илиниб, султон ҳар гал саройдан ташқарига чиққанда,  тўпдан ўқ отилган. Христианлик динига қадар бу ерда Византия  акрополи бўлган. 4 асрга қадар Авлиё Ирина черкови жойлашган.  Кейинчалик Авлиё Ирина черкови Топқапи саройининг бир қисмига айланди.1483 йили турклар томонидан Константинопол шаҳри ишғол этилгач,  султон Мехмед аввало эски саройда қўним топган. Ушбу сарой бугунги кунгача сақланмади.

1475-78 йиллари Мехмед султон Топқапи қурилишини бошлайди. Ярим асргача йиллар чамаси у фақатгина султонларнинг “ишхонаси” бўлган. Ҳарам саройдан ташқарида бўлган.  XVI асрда Хуррам султон  суюкли Султон Сулаймонга яқин бўлиш учун ҳарамни Топқапига кўчиртиришга муваффақ бўлган. Айнан Султон Сулаймон сарой ичида ҳарам қурилишини бошлаган эди.

Топқапида Усмонийлар даври  тугагунга қадар 25 нафар султон ўз оиласи билан яшаб ўтди. Уларнинг энг охиргиси султон Абдул-Межид I 1854 йили Долмабахче саройига кўчиб ўтади. Аммо бу бизнинг кейинги ҳикоямиз.  Ҳозир эса саройнинг асосий, яъни Шох дарвозаси ёки Bab-ı Hümayun деб аталган дарвозадан ичкарига кирамиз. Эшик олдида албатта сиз қўриқчиларнинг текширувидан ўтасиз. Чунки хавфсизликка риоя этиш жуда муҳим. Сарой тўртта ҳовлига бўлинган. Баби Хумоюндан ичкарига, биринчи ҳовлига кирасиз. Бу ерда  турли хил қўшимча бинолар ва Авлиё Ирина черкови жойлашган. Турклар черковни бузмаганлиги учун, у бугунги кунга қадар тўлиқ сақланган. Ушбу ҳовли Яничарлар ҳовлиси деб ҳам аталади.  Айнан ана шу ҳовлини кесиб ўтиб, султонлар Ая София мачитида жума номозини ўқишган, асосий ҳовлида йирик байрамлар бўлиб ўтган. Иккинчи ҳовлига “Саломлар дарвозаси” (Babü’s-selаm) орқали кирилади. Унда ғазна ва девонхона жойлашган. Дарвозани икки томонида миноралар бўлиб, ушбу дарвозадан фақатгина расмий таклиф қилинган элчиларгина ўтишган. Бошқалар Ўрта дарвозадан саройга киришган. Султон эса ушбу дарвозадан фақат отда ўтган.  Айнан шу ерда “Кўз ёшлар фаввораси” бўлиб, унда жаллод қатлдан сўнг қўли ва қиличини ювган, дейишади. Фавворанинг номи ҳам шундан келиб чиққан.  Дарвозадан ўтгач, сарой боғига чиқасиз. Боғ султон Мехмед II томонидан 1465  йилда барпо этилган. Боғнинг айланасига  сарой касалхонаси, новвойхоналар, ҳарам, шунингдек ошхоналар жойлашган. Ҳовлининг этагида “Бахт дарвозаси” жойлашиб, у орқали учинчи ҳовлига ўтилган.

Топқапи саройида жуда ҳам катта  тарихий предметлар мажмуаси бор.  Фақатгина Хитой чиннисидан 10 мингта экспонатдан зиёд. Унинг ичида ноёб, 10-13 асрга тегишли буюмлар бор. Айнан шу ерда султоннинг зотдор отлари боқиладиган отхона, гарнизон казармалари, Султон Кенгашининг биноси, қурол-яроғ хоналари ва бошқа хоналар бор.

Султон Сулаймон I ҳукмдорлиги даврида Топқапи ёғочдан қурилган бинолардан барпо этилган, тилла суви югиртирилган кошонага айлантирилди. Девон Кенгашида асосан вазирлар  қатнашиб, султоннинг ўзи юқоридаги қаватдаги дарчадан, уларни кузатиб ўтирган.

Учинчи ҳовлида  ҳарам ва Қафес, яъни тахт ворислари яшаган сарой ичидаги сарой ва Эндерун мактаби бўлиб, унда  бошқарув учун кадрлар тайёрланган. Унинг орқасида Тахт залида султон элчиларни қабул қилиб, давлатни айнан шу ердан бошқарган. Тахт зали икки эшикли. Унинг биридан фақат Султон кириб чиққан бўлса, бошқаси барча ташриф буюрувчиларга мўлжалланган.  Учинчи ҳовлида жойлашган Султон кутубхонаси Усмонийлар сулоласининг  ғурури бўлган, десак, адашмаймиз. Бу ерда дунёнинг турли бурчакларидан келтирилган ноёб китобларни топиш мумкин бўлган. Учинчи ҳовлининг кўрки бўлган Жавоҳирлар хонаси ва Махфий павильон  Турк ҳукмдорларининг хос хонаси бўлиб хизмат қилган.  Айнан шу ерда Оғалар сарой мачитида султон ва сарой аъёнлари кундалик нибодатдарини адо этишган.

Тўртинчи, энг охирги ҳовлида Реван, Софа, Межидие павильонлари ва Башлала минораси, Софа мачити, султонларнинг кийим-кечаклари сақланувчи хоналар, тикув устахоналар жойлашган.

Бугун Топқапи ўзига хос очиқ музей бўлиб, халқаро музей мақомига эга ва ундаги экспонатларнинг сони 65  мингдан ортиқдир.

700 инг квадрат метрдан ортиқ майдонни эгаллаган Топқапи саройи Босфор кўрфазининг энг ҳушманзара жойи — Саройбурун ярим оролида жойлашган.

 1923 йили Мустафо Камол Отатурк Топқапи бошқа саройлар сингари музей, деб эълон қилинди. Республика раҳбарининг резеденцияси сифатида Долмабахче саройи танлаб олинди.  Бугунги кунда Топқапи бутун дунёдан одамларни жалб этиб келмоқда. Бир йилда Султонлар саройини 2 миллиондан зиёд сайёҳлар томоша қилишса, Ислом давлатларидан ташриф буюраётганлар асосан Муҳаммад (С.А.В) нинг айнан шу ерда  сақланиб келинаётган ёпинғичи ва  қиличини кўриш учун келишади.

Топқапи 1985 йилда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон моддий мерос рўйҳатига киритилган.

Музей ҳар куни томошабинлар учун очиқ. Унинг дам олиш кунлари ва саройда  амалга оширилаётган илмий-амали фаолият билан  музейнинг  https://topkapisarayi.gov.tr   сайтидан кўриш мумкин.

Наргис ҚОСИМОВА

 

Улашинг: