65

Оммавий ахборот воситаларида ногиронлар тимсоли

Оммавий ахборот воситалари нафақат жамиятнинг қадриятлар борасидаги қарашларини акс эттиради, балки уларни, жумладан аҳолининг ногиронлар муаммоларига муносабатини ҳам шакллантиради. Афсуски, ОАВ ногиронлар муаммоларига у қадар кўп мурожаат этмайди. Марказий босма ОАВнинг йиллик таҳламларини кўздан кечирсангиз, бор-йўғи ўнтача мақолаларни, шунда ҳам кўпроқ 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни арафасида чоп этилганлигини, кўришингиз мумкин. Журналистлар тайёрлаган материалларнинг аксарияти ахборот характерига эга. Масалан, ЎзА мухбирининг хабари фикримизга мисол бўла олади. Қисқагина хабарда Тошкент шаҳрида «Имконияти чекланган шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашда ННТнинг роли» мавзусида «давра суҳбати» бўлиб ўтганлиги, у Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси (ЎзННТМА) ҳузуридаги имконияти чекланган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи ННТлар кучларини бирлаштириш бўйича Маслаҳат кенгаши томонидан ташкил этилганлиги айтиб ўтилган. Хабарда қайд этилишича: «Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси кенгаши раиси А.Каримов давра суҳбати ногиронлар муаммолари билан шуғулланадиган нодавлат нотижорат ташкилотларининг долзарб масалаларини муҳокама қилиш, имконияти чекланган инсонларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларини ўрганиш, шунингдек, миллий қонунчиликни БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига мувофиқлаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш борасида ўзига хос майдонга айланганини таъкидлаган»[1].

Аксарият ҳолларда бундай материалларни Интернет-ОАВда учратиш мумкин. ОАВнинг вазифаларидан бири ногиронлик масалаларига бағишланган мавзуларни ёритиш экан, бу ахборот тингловчига, томошабинга, ўқувчига бузилмасдан етказиб берилиши, ўзида ногиронлар ташкилотлари кенг жамоатчиликка етказмоқчи бўлган мазмун ва маънони мужассам этиши жуда муҳимдир. Афсуски, аксарият журналистлар ногиронлик мавзуси билан етарлича таниш эмаслар ҳамда эскирган салбий қарашлар асирлигидан қутила олмаганлар. Ана шу инсон ногироонлик мавзусини ёритар экан, материал беихтиёр мавзуга нисбатан унинг шахсий муносабати билан «бойитилиши» ва масала бузиб кўрсатилиши мумкин. Бу эса, афсуски, жамиятда ногиронларга нисбатан ижобий муносабат шаклланишига хизмат қилмайди.

 

 

 

«Ҳуқуқий давлат ва фуқароларнинг ҳуқуқий онги шаклланишида ОАВнинг роли» мавзусида семинар-тренинг, 2016 йил. Тошкент шаҳри[2].

 

Битта воқеа-ҳодиса ҳақида турлича ҳикоя қилиш ва ҳар хил тасаввур уйғотиш мумкин. Аксарият ҳолларда ОАВда ногиронларни ўзига хос қаҳрамонлар сифатида тасвирлашадики, бу ҳам у қадар маъқул эмас. Ногиронлар бирор бир қаҳрамонлик кўрсатишмаган, улар шунчаки ўзларининг чекланган имкониятларидан келиб чиқиб яшашга, ҳаётда ўз ўринларини топишга интиладилар ва бунинг йўлини топадилар, бу эса ҳурматга лойиқ ҳол. Масалан, Ю.Бондаренконинг мақоласида имконияти чекланган иқтидорли болалар ҳақида ҳикоя қилинади:

«Дунё амалиётида ногиронлиги бор инсонлар илм-фан, маданият, санъат соҳаларида, жамоат ишлари ва сиёсий фаолиятда сезиларли ютуқларга эришганликларини исботловчи далиллар кўплаб топилади. Бизнинг шаҳримизда ҳам имконияти чекланган иқтидор эгалари оз эмас. Фикримизнинг ёрқин мисоли – Андрей Гречкин – уни нафақат Чирчиқда, балки шаҳардан ташқарида ҳам яхши билишади. Андрей нафақат расмлар чизиш ва шахсий кўргазмаларини ўтказиш билан машғул бўлади, шунингдек болаларга тасвирий санъатдан сабоқ ҳам беради. Шаҳарда Севинч Даминовани ҳам кўпчилик танийди. У шеърлар ёзиш билан чекланиб қолмасдан турли учрашувларда ёшлар билан фаол мулоқот қилади, ҳар хил суҳбат ва ижодий кечаларда қатнашади. Шаҳзод Абдуқаҳҳоров эса мусиқа билан жиддий шуғулланади, ҳозиргача бир қатор ютуқларга эришган. Имконияти чекланган бўлсада футбол ўйнайдиган, хатто бир қатор нуфузли мусобақаларда совринларни ҳам қўлга киритиб улгурган Достон Давронов ҳам анчагина таниқли.        

Қайд этилганлардан кўриниб турибдики, уларнинг барчаси жамиятимизнинг тўлақонли аъзолари ҳамда унга фойда келтиришга қодир инсонлардир. Фақат ўз иқтидорларини намоён этишларига кўмаклашиш зарур, шунда балки улар ўзларини етарлича таъминлаш имкониятига ҳам эга бўлишар. Санъатда юксак марраларга эришиш учун рассом, мусиқачи ёки шоирнинг жисмоний камчиликлари аҳамиятсиз. Хатто бундай интилишлар қизиқиш даражасида қолиб кетган тақдирда ҳам уларнинг фойдаси беқиёс бўлади. Имконияти чекланган инсонлар ўзларини жамиятнинг тўлақонли аъзолари деб ҳис этишлари учун ҳаёт йўлларида юзага келган тўсиқларни енгиб ўтишлари, уларга жамият ҳаётида бошқалар билан тенгма тенг иштирок этишлари учун  шароит яратиб бериш зарур»[3].

Республика оммавий ахборот воситаларининг мониторинги шуни кўрсатдики, мазкур мавзу ОАВда оммабоп эмас, лекин шу билан бирга сўнгги йилларда эълон қилинаётган материаллар сони ортиб бормоқда. Улар орасида айнан кенг ўқувчилар оммаси учун қизиқарли бўлган ва уларни муаммолар, уларнинг ечими усуллари ҳамда ушбу муаммоларни ўзлари ва ўзгалар учун ҳал этаётган инсонлар билан таништирган ҳолда жамоатчиликда ногиронлар тўғрисида фикр шаклланишига таъсир кўрсата оладиган таҳлилий, муаммоли мақолаларнинг, очерклар, интервьюлар, инсонлар тарихига оид материалларнинг борлиги қувонарлидир. Масалан, Э. Хўжаевнинг Ўзбекистон Ногиронлар жамияти раиси ўринбосари Ойбек Исаковдан олган «Имконияти чекланган инсонларнинг умид ва интилишлари» номли интервьюсида ногиронлик билан боғлиқ долзарб масалалар ўртага ташланган: «Ногиронлик —шахс ривожи ва ҳолатининг шундай ўзига хослигики, у аксарият ҳолларда турли соҳаларда ҳаётий фаолиятнинг чекланиши билан кечади. Бунинг оқибатида ногиронлар алоҳида ижтимоий-демографик гуруҳга айланади. Аксарият ҳолларда уларнинг даромади, таълим олиш имкониятлари юқори бўлмайди(маълумотларга кўра, ногирон ёшлар орасида тўлиқсиз ўрта маълумотлилар кўп, лекин умумий ўрта ва олий маълумотлилар салмоғи озчиликни ташкил этади). Сир эмаски, ушбу шахсларнинг ишлаб чиқариш жараёнида иштирок этишларида муаммолар мавжуд, ногиронларнинг нисбатан озгина қисми меҳнат билан банд. Имконияти чекланган шахслар Ўзбекистонда дуч келаётган муаммолар орасидан бир нечта асосий гуруҳларни ажратиб кўрсатиш мумкин. Биринчидан, бу ногиронларда истиқомат, жамоат ва ишлаб чиқариш биноларига, ижтимоий инфратузилма объектларига кириб-чиқиш йўллари, пандуслар, пиёдалар ўтиш жойлари, махсус светофорлар, ногиронлар аравачалари учун қурилмалар ва бошқалар шаклида кириб-чиқиш ва ахборот олиш имкониятининг чекланганлигида намоён бўлади. Иккинчидан, ижтимоий-маданий ва спорт соҳаларидаги эхтиёжлар қондирилишининг чекланганлиги. Учинчидан, ишга жойлашишдаги қийинчиликлар, хануз ногиронларнинг бандлик масаласида камситилиши ҳолатлари учраб туради. Тўртинчидан, ногиронларнинг тиббий реабилитацияси учун соғлиқни сақлаш хизматлари ҳажми ва сифатини ошириш керак»[4].

Матбуот таҳлили натижаларига таяниб айтиш мумкинки, ногиронлиги бор инсонларнинг ижтимоий мавқеи ва ўрни ОАВда аксарият ҳолларда ёрдамга мухтож, эхтиёжманд қилиб тасвирланади. Оммабор матбуотда ногиронларнинг ҳуқуқлари бузилиши тўғрисидаги, шунингдек ана шу ҳуқуқларни тушунтирувчи ва шарҳлаб берувчи материаллар жуда кам. Ваҳоланки, ана шундай шарҳлар ногиронлар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишларида жуда-жуда асқотади.

Бу тоифа кишиларининг кундалик турмуши, жамиятга қай тарзда ва даражада интеграциялашаётгани, уларнинг ижтимоийлашуви қандай кечаётгани, билим олиш, меҳнат фаолияти, мажбурий ёлғизликни қандай енгиши, оиласи, бўш вақтларини қандай ўтказиши ҳақидаги мақолалар умуман йўқ, деса ҳам бўлади. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, замонавий ўзбек ОАВдан қаҳрамон – оддий инсон тимсоли деярли йўқолиб кетди. Аксарият журналистлар учун имконияти чекланган кишиларлар шахс эмас, балки шунчаки ногиронлардир.

Ногиронларга бағишланган материалларда кўпроқ уларнинг ижод ёки спорт соҳасидаги ютуқлари ҳақида ҳикоя қилинади[5]. Масалан, мамлакатимиз спортчилари 2016 йилги Паралимпия ўйинларида қўлга киритган улкан ютуқлардан кейин ана шундай материаллар сони кескин ортди[6].

Телевидениеда галдаги лавҳага навбат берар экан, диктор ҳозир хатто айрим тўрт мучаси соғ кишилар ҳам эплолмайдиган ишларни қилаётган ажойиб, мард киши ҳақида сўз боришини айтиб, аудиторияни ҳақиқий қаҳрамон ҳақидаги ҳикояга тайёрлайди. Аммо лавҳаларда инсон ўзини ногирон ҳис этмаслиги, ҳамма қатори ўқиши, ишлаши, яшаши учун зарур бўлган шароитлар ва кундалик турмуши камдан кам ҳолларда кўрсатилади.

Ўзбекистон электрон ОАВни, жумладан телевидениенинг таҳлили шуни кўрсатадики, телевидениеда ногиронлиги бор кишиларни на бошловчи, на кўрсатув иштирокчиси сифатида учратмайсиз. ОАВда ишлайдиган ногиронлар сони у қадар катта эмас.

Имконияти чекланган кишиларнинг жамият ҳаётига интеграциялашуви ҳақида сўз борар экан, ногиронлиги бор кишилар оддий ҳаётий вазиятларда жамиятнинг бошқалар сингари аъзо этиб тасвирланган ОАВ, сериал ва фильмларнинг муҳим ўрни борлигини тан олиш керак. Ногиронлиги бор киши фильмнинг бош қаҳрамони бўлиши, ёки эпизодларда кўзга ташланиб, одатий ҳаётда ҳар қандай инсонга жой борлигини кўрсатиб бериши мумкин. Жамиятда ногиронларга нисбатан ижобий муносатни шакллантириш учун бугун ОАВда имконияти чекланган инсонлар тимсолини ёритишнинг янгича концепциясини ишлаб чиқиш вақти келди.

Россия Федерациясининг «Перспектива» номли ногиронлар ҳудудий жамоат ташкилоти ОАВда ногиронлиги бор инсонлар мавзусини ёритиш концепциясини ишлаб чиққан. Концепцияда, жумладан қуйидаги қоидалар мавжуд[7]:

  1. Ногиронлиги бор инсон жамиятнинг бошқалар сингари аъзоси қилиб ва реал ҳаётий вазиятларда кўрсатилган сериаллар, фильмлар, телекўрсатувлар, реклама роликлари яратиш керак. Ногиронлиги бор киши фильм, сериал ёки кўрсатувнинг бош қаҳрамони бўлиши, ёки  эпизодларда (дўконда харидор, банк мижози, фильм/сериал қаҳрамонининг оила аъзоси сифатида) кўрсатилиши мумкин. Муҳими – ногирон инсон тимсолини акс эттиришда қотиб қолган стереотиплардан қочиш зарур.
  2. Ақлий ва руҳий ногиронлиги бор кишиларни ҳам эътибордан четда қолдирмаслик лозим. Кўзи ожиз, аравачада ҳаракатланадиган ва бошқа кўз билан кўриш мумкин бўлган жисмоний ўзига хосликлари мавжуд инсонлар билан бир қаторда телекўрсатувларга Даун синдроми бор, аутизм ва ментал ногиронликнинг бошқа шакллари мавжуд кишиларни ҳам таклиф этиш керак.
  3. Ногиронлик масаласи бўйича ишчи гуруҳ тузиш ва унинг таркибига ОАВ билан ҳамкорликни йўлга қўя оладиган ногиронлиги бор кишиларни ёки ногирон болаларнинг ота-оналарни киритиш зарур. Бундай гуруҳнинг вазифаси журналистларга, кино ва телевидениенинг бошқа ходимларига ногиронлиги бор киши тимсолини кўрсатишда стереотиплардан қочиш ва уларни жамиятнинг бошқа аъзолари сингари оддий кишилар сифатида тасвирлаш юзасидан маслаҳатлар беришдан иборат бўлади. Бунда ана шундай гуруҳлар узоқ йиллардан бери фаолият олиб бораётган хорижий давлатлар тажрибасига таяниш.
  4. Телевидениеда ижтимоий реклама сонини ошириш. Ногиронлиги бор кишилар ҳақида ижтимоий роликлар тайёрлашда у ногиронларга нисбатан ачинишни ёки салбий муносабатни шакллантириб қўймаслиги учун экспертларга мурожаат этиш мақсадга мувофиқдир. Шу вақтгача яратилган ижтимоий роликларни намойиш учун қабул қилиш.
  5. Ногиронлиги бор кишиларни фильмлар, сериаллар ва кўрсатувларга киритишда телевидение учун махсус ахлоқ қоидаларини ишлаб чиқиш керак. Бунда бошқа давлатлар тажрибасига ва БМТ томонидан ишлаб чиқилган қоидаларга таяниш тавсия этилади.
  6.  Журналистлар, телевидение ва кино соҳасининг бошқа ходимлари учун ногиронликни тушунтирувчи тренинглар ташкил этиш ва ўтказиш керак. Уларга ногиронларнинг жамоат ташкилотлари вакилларини ҳам таклиф этиш зарур.
  7. Ногиронлиги бор кишиларни актёрлик касбига ўқитиш амалиётини жорий этиш: мазкур йўналишда мутахассислар тайёрлайдиган олий ўқув юртларида актёрлик ва телекўрсатувлар бошловчилигига қобилияти бор ногирон ёшлар ўқиши учун имконият ва шароит яратиш керак.
  8. Ногиронлар ролини ижро этишга жалб этилган актёрлар албатта мазкур йўналишда мутахассислардан маслаҳат олишлари керак. Афсуски, аксарият ҳолларда кўрсатув ва фильмларда ногиронлар ёрдамга мухтож, касалманд қилиб, ёки аксинча, ногиронлик худди қаҳрамонликдек тасвирланади.
  9. Телевидениеда ногиронлиги бор инсонлар ҳақида ҳикоя қилувчи хорижий фильм ва сериалларни намойиш этиш, ана шундай фильм ва сериалларни ўзимизда яратишни йўлга қўйиш керак. Ногиронлиги бор инсонлар ҳақида ҳикоя қилувчи фильмларнинг «Тўсиқларсиз кино» Халқаро кинофестивали ана шундай маҳсулотларни танлаш учун яхши имкониятдир.
  10. Ногиронлиги бор кишилар иштирокида ва улар ҳақида фильмлар, сериаллар, кўрсатувлар тайёрловчи ва намойиш этувчи телеканаллар ва продюссерлик марказларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларга имтиёзлар бериш керак.
  11. Кўрсатув ва фильмларни молиялаштиришда уларда ногиронларнинг иштироки бўйича квота (масалан, тахминан 10 %) киритиш лозим.

[1] http:// http://uza.uz/oz/society/doimii-mer-va-etiborda-10.06.2014-32708

[2] Н.Қосимова олган сурат.

[3] http://chirchiknews.uz/cgi-bin/main.cgi?lan=r&raz=0&god=2012&mes=2&pg=1&nom=387&id=4835

[4] https://www.gazeta.uz/ru/2012/12/03/day

[5] Латипов Ш.Паралимпийцы Узбекистана: ни дня без медали. http://www.afisha.uz/gorod/2016/09/14

[6] sports.uz/ru/other/2016/09/1984339

[7] https://perspektiva-inva.ru/