358

Тирноқ остидан кир қидирманг? ОППОҚ ҚОҒОЗДАГИ ҚОРА НУҚТА

Баъзи ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон, хусусан, Президентимиз ҳақидаги уйдирма ҳамда ёлғонларнинг кўпайиб кетгани бизни мушоҳадага чорламоқда.

 Дунёда 200 дан ортиқ давлат бўлса, шундан Ўзбекистон деб аталмиш жаннатмакон юрт барча соҳаларда ажралиб туради. Ўзининг такрорланмас табиати, гўзаллиги, одамларининг меҳмондўст ва бағрикенглиги билан ном қозонган бу юртда турли миллат ва элатлар ахил-иноқ умргузаронлик қилмоқда.  Президентимиз халқим ҳеч кимдан кам бўлмасин, бошини баланд кўтариб, ўзбекистонлик эканидан фахрлансин, дея ўзини ўтдан чўққа уриб, юртимиз  тинчлиги, осойишталиги, халқимизнинг бадавлат яшаши учун туну кун меҳнат қилмоқда. Лекин, баъзи хасадгўйлар қон-қонимизга сингиб кетган бағрикенглик, меҳмондўстлик деган тушунчалардан маҳрум қилишга уринаётгани жуда ачинарли.

Куни кеча фойдаланишга топширилган муҳташам “Хумо” муз спорти аренасининг очилиши бутун дунёни лол қолдирди. Бу ҳақда нафақат ўзбек, балки, хориж ОАВлари ҳам бонг урди. Лекин баъзи “қора ниятли, манқурт кишилар” тирноқ остидан кир қидириб, Президентимиз россиялик 6 нафар спорт усталарига Тошкентдаги кўп қаватли уйлардан берганини қоралаб, ижтимоий тармоқларда суратлар ва матнлар жойлашди. Яъни, “бир уйда 2-3 оила тиқилиб яшаётган бир вақтда, россияликларга уй бериш нотўғри” дея талқин қила бошладилар.

Аслида спорт усталари ўзбекистонлик бўлмасада, юртимиз тараққиёти учун беминнат хизмат қилади. (Баъзи кимсаларга ўхшаб юртфуруш эмас). Ёшларга мураббийлик қилиб, дунё ареналарига олиб чиқади. (Ижтимоий тармоқда ўтириб гап сотмайди, бўхтонлар ёғдирмайди, хасад қилмайди).  Сайёҳларни жалб қилиб, ўзбек спортини ривожлантиришга ҳисса қўшади. Қолаверса, катта сармоя киритади. (Боқиманда эмас). Натижада беҳисоб маблағлар юртимизга оқиб келишини гапирмаса ҳам бўлади.

Маълумки, бугунги кунда ўзбекистонлик миллионлаб фуқаролар чет элларда, хусусан, Россияда ишлаб, ўз оиласини тебратмоқда. Улар  юбораётган саноғи йўқ долларларнинг олдида, спорт усталарига ажратилган уйларнинг баҳоси ҳамир учидан кулча, эмасми? Биз “бир майизни қирқ киши бўлишиб еган” деган иборани кўп эшитганмиз. Иккинчи жаҳон уруши даврида турли миллатга мансуб болаларга ўзбек оилалари ўз уйларидан жой берди, бағрига олди. Еб турган бир бурда нонини улар билан баҳам кўрди. Улар катта бўлгач эса, Ўзбекистонни Ватани деди, ўзбекларни ота-онаси деб тан олди ва оиласи учун хизмат қилди. Шу боис бизга бағрикенг, меҳмондўст халқ сифатда қарашади, танишади, ҳурмат қилишади.

Семинарлардан бирида оппоқ қоғозга ручка билан нуқта қўйиб, биздан “нимани кўряпсиз?” деб сўраган устозга ҳаммамиз ўша қора нуқтани кўраётганимизни айтганимиздан уялдик. Устозимиз наҳотки, “оппоқ қоғознинг оқ жойларини кўрмаётган бўлсангиз”, дея бизга норози қаради. Ҳа, юртимиздаги ўзгаришлар қанчалар улкан бўлмасин, ғаламислар ҳам фақат ўша қора нуқтани кўряпти, холос.

Шу ўринда ижтимоий тармоқларда сафсата сотаётган баъзи кимсаларга “оппоқ қоғоздаги қора доғни эмас, балки унинг оппоқ жойларини кўринг” дегим келди.

Муқаддасхон

Улашинг: