419

ХИТОЙ ТЕЛЕВИДЕНИЕСИ РИВОЖИНИНГ ЎЗИГА ХОСЛИКЛАРИ

Илмий мақолада Хитой Халқ Республикаси телевидениесининг яратилиши, ривожланиш босқичлари ва тенденциялари, телекомпаниялар бошқарувининг ўзига хосликлари ва ҳуқуқий асослари, кадрлар ва иқтисодий сиёсати таҳлил этилади.

В научной статье анализируется создание, этапы и тенденции развития,  своеобразность и законодательная основа управления телекомпанией, кадровая  и экономическая политика телевидения Китайской Народной Республики.

The scientific article analyzes the creation, stages and tendencies of development, the peculiarity and legislative basis of the management of the TV company, the personnel and economic policy of the television of the People’s Republic of China.

Калит сўзлар: телекомпания, ривожланиш босқичи,  кадрлар сиёсати, Хитой Халқ Республикаси, маданий инқилоб, Хитой марказий телевидениеси.

Ключевые слова: телекомпания, этапы развития, кадровая политика, Китайская Народная Республика, культурная революция, Центральное телевидение Китая.

Keywords: broadcaster, stages of development, personnel policy, People’s Republic of China, cultural revolution, China Central Television.

Хитой Халқ Республикаси сўнгги йилларда жаҳонда ҳар соҳада етакчиликни қўлга киритаётган давлатлардан бирига айланди. Хитой ҳукумати оммавий ахборот воситаларининг ривожига катта эътибор бермоқда. Ушбу йўналишда олиб борилаётган ислоҳатлар 1 млрд. 384 млн. 350 минг нафар аҳолига эга бўлган мамлакатни тезкор ва долзарб ахборот билан таъминлаш имконини бермоқда. Хитойда онлайн журналистика билан бир қаторда телевидение жадаллик билан ривожланмоқда. Бошқа давлатларга нисбатан телевидение Хитойда анча кеч, яъни 1958 йилда иш бошлаган бўлсада (1), бугунга келиб рақамли ва онлайн ТВ нафақат бутун мамлакатни, балки қатор Осиё давлатларини ҳам қамраб олди.
Ярим асрдан кўпроқ тарихга эга бўлган Хитой телевидениеси ривожини шартли равишда бешта босқичга бўлиш мумкин:
1958 – 1966: миллий телевидениенинг ташкил топиши ва оёққа туриши;
1967 – 1976: “Маданий инқилоб” давридаги телевидение.
1977 – 1982: мамлакат провинцияларида телевидениенинг ташкил топиши ва ривожланиши;
1983- 2000: миллий телевидениенинг ривожи ва гуллаб- яшнаши;
2000-2017: миллий телевидениенинг онлайн платформага кўчиши.
1958 йил 1 май куни хитойликлар учун унутилмас сана ҳисобланади. Айнан шу куни Пекин телестанцияси иш бошлаган эди. Унгача мамлакатда атиги бир нечта телевизорлар бўлиб, улар ҳам фақатгина ҳукумат вакилларининг уйларида бор бўлган. Оқ-қора трансляция қуйидаги дастурни ўз ичига олган эди:
19:00 – Биринчи май байрами ҳақида илғор ишчилар ва қишлоқ хўжалиги вакиллари билан суҳбат;
19:15 – Ёшларнинг қишлоқда яшаши ва ишлашига даъват этувчи фильм;
19:25 – Иқтисодиётдаги кўтарилишга бағишланган шеър;
19:30 – Миллий классик балет: “Тўртта оққуш” ва “Чўпон бола”;
19:50 – “Телевизор” — Cовет Иттифоқи томонидан тайёрланган илмий-маърифий фильм (1). Ўша йилнинг 1 октябрига келиб Шанхай телестнцияси, 20 декабрда эса Харбин телевидениеси ишга туширилди. 1960 йилга келиб мамлакатда 29 та телестанция фаолият кўрсатмоқда эди. Ўша пайти телеянгиликлар Ҳужжатли фильмлар марказий студияси томонидан тайёрланарди. 1958 йилнинг 8 мй куни Пекин телестанцияси Германия Демократик Республикаида Меҳнаткашларнинг бирдамлик кунининг нишонланишини эфирга узатади. Бу хориждан тайёрланган биринчи телесюжет эди. Ўша йилнинг 15 июнидан бошлаб эса “Тишланган кулча” номли телесериал қўйила бошланади. Агарда фаолиятининг бошида Пекин телеэфирининг 75% ни фильмлар, 15 фоизини спектакллар ва фақатгина 10 фоизини оригинал кўрсатувлар ташкил этган бўлса, 1959 йилнинг охирига келиб бадий фильмлар 50 фоизни, спектакллар 30 фоизни, илмий-маъриий фильмлар ва кўрсатувлар 15 фоизни, янгиликлар 5 фоизни ташкил этади (1). Жуда қисқа муддатдаги бундай ўзгариш албатта ҳукумат томонидан телевидениега бўлган эътибори билан баҳоланади. Ўтган асрнинг 50 ва 60 – йилларида Хитой телевидениеси кечқурунги 19.00 дан 22.00 гача фаолият юритган. 1960- йиллардан бошлаб теледастурдан кўнгилочар кўрсатувлар жой ола бошлади.
“Маданий инқилоб” (1967-1976) даврида Пекин телестанцияси 1967 йил 1 январдан ўз фаолиятини тўхтатди. Шундан сўнг бир қатор телестанциялар ёпилди. Аммо 1968 йилга келиб, улар яна ўз фаолиятларини давом эттира бошлашди. Статистик маълумотларга кўра, 1975 йилнинг охирларига келиб мамлакатда 463 минг дона телевизор бўлиб, шундан 4 мингтаси рангли ва Хитойда ишлаб чиқарилган эди. 1979 йил 1 май куни Пекин телестанцияси “Хитой марказий телестанцияси” (CCTV) номини олади. 1979 йилнинг август ойида Радиоэшиттиришлар бўйича марказий бошқармада теледастурларни ишлаб чиқиш бўйича 1 йиғилиш ўтказилди. Унинг қарорига кўра, 1979 йилнинг кузида теледастурлар кўргазмаси ўтказилди. Унда Мамлакатнинг 25 та телестанцияси ўз дастурларидан ўрин олган кўрсатув ва фильмларни намойиш қилишади.
1979 йилнинг 28 январидан бошлаб эса Шанхай телевидениеси орқали биринчи реклама ролиги узатилади.
1983-1989 йиллар Хитой телевидениесининг том маънода гуллаб-яшнаган даври бўлди десак, адашмаймиз 1983 йилнинг март ойининг охирида мамлакат бўйлаб телевидение ва радиони ривожлантириш борасида 11 та йиғилиш ўтказилиб, йиғилиш қарорига биноан янги теле ва радиостанциялар ташкил этила бошланади. Агарда 1982 йили Хитойда 20 та шаҳар ва провинция телестанциялари бўлган бўлса, 1985 йилга келиб уларнинг сони 172 га етди. 1984 йилнинг 8 апрелида биринчи Хитой сунъий йўлдоши коинотга учирилди. Ўша йили Пекин, Урумчи ва бошқа шаҳарларда сунъий йўлдош сигналини тутиб қолувчи станциялар қурилади. 1986 йилга келиб бундай станциялар, орқали Хитойнинг 78 фоиз ҳудуди телевидение билан қамраб олинди.
1990 йилда сунъий йўлдош орқали эфирга чиқилиб, Хитой телеканалларининг кўрсатувлари хорижий мамлакатларга ҳам тарқатилди.
1988 йил 15 мартда CCTV фақатгина рангли форматда эфирга узатила бошланади. Маълумотларга кўра айнан шу йилга келиб телетомошабинларнинг сони 600 млн. нафардан (Хитой ҳолисининг 56 фоизи) ошиб кетади (2).
Мамлакат телевидениеси 1990 йилдан бошлаб рақамли форматга ўтди. 1994 йилда мамлакатда 766 та телестанция, 38917 ретрансляция станциялари фаолият юритиб, Хитойнинг 83,4 фоиз аҳолисини қамраб олган бўлса, 2003 йилга келиб бу кўрсаткич 94,62 фоизни, 2014 йилда эса 99, 97 фоизни ташкил этди. Бугунги кунга келиб Хитой телевидениеси жуда ҳам тезкор, кенг қамровли ва ранг-барангдир(2).
Хитой телевидениеси бошқарувига бозор иқтисодиёти тамойилларини киритиш миллий ТВнинг янада ривожланишига олиб келди.
Бугунги кунда Хитойда оммавий ахборот воситалари тўғрисида ягона қонун йўқ. Телерадиоэшиттиришлар соҳаси қатор қонунчилик актлари, хусусан “Телевидение ва радиоэшиттиришларга хизмат кўрсатишни таъминлаш тўғрисида”, “Телестанция ва радиостанцияларни лицензиялаш тўғрисида”, “Телерадиоэшиттиришлар тўғрисида”ги қонунлар билан бошқарилади. Хусусан, 1993 йил 5 октябрда сунъий йўлдош орқали теле- ва радиоэфирни бошқариш мақсадида Давлат Кенгашининг 129-сонли “Сунъий йўлдошнинг ерда қаабул қилиш қурилмаси тўғрисида” ги қарори қабул қилиниб, унда сунъий йўлдош орқали телекўрсатувларни эфирга узатиш учун ерда қабул қилиш қурилмасини ишлаб чиқариш, сотиш, ўрнатиш, фойдаланиш борасидаги меъёрлари белгилаб берилди.
1994 йил 3 февралда “Кабель телевидениеси тўғрисида” ги қонун қабул қилиниб, Телерадиоэшиттиришлар вазирлиги мамлакатда кабель телевидениесини ривожлантириш борасида кенг кўламда ишлар олиб борди. Халқаро миқёсга чиқиш учун 1995 йил 1 сентябрда вазирлик томонидан “Халқаро корхоналар билан ҳамкорликда телекўрсатувлар ишлаб чиқариш тўғрисида” қарор қабул қилинади. 1995 йил 18 октябрда қабул қилинган “Телесериалларни яратишни лицензиялаш тўғрисида” қарорга асосан мамлакатда кўплаб сифатли миллий телесериаллар ишлаб чиқиш йўлга қўйилади (3).
Телрадиоэшиттиришлар вазирлигининг 1996 йил 24 майда қабул қилинган “Телевизион станциялар ва радиостанцияларни яратишни цензуралаш тўғрисида”ги қарорида провинцияларнинг маъмурий органлари теле ва радиостанциялар маҳсулоти сифатини бошқариш кўзда тутилади. 1997 йил 11 августда Давлат Кенгаши томонидан “Телевидение ва радиоэшиттиришлар тўғрисида”ги 228-сонли қарорида телерадиоэшиттиришлар соҳасини бошқаришда муҳим омил бўлиб хизмат қилди.
2001 йил 25 декабрда Давлат Кенгаши “Кино тўғрисида” қарор қабул қилди ва унда Хитойда ишлаб чиқариладиган фильмларнинг импорти, экспорти, шунингдек лицензия олиш тартиби белгиланди (4).
Айни пайтда Хитойда 4 даражали телестанциялар фаолият юритади. 4 та вертикал чизиқ бўйича (Хитой Коммунистик партияси Марказий Қумитаси, провинция, шаҳар ва уезд) ва 3 та горизонтал йўналишда (матбуот, радио ва ТВ).
Бугунги кунда Хитойнинг 23 та провинциясининг барчасида ўз телекомпаниялари бўлиб, иқтисодий жиҳатдан улар мустақилдир. Биргина 100 млн. аҳолига эга бўлган Шаньдун провинцияси телестанциясида 1,5 минг нафарга яқин журналист фаолият юритади. Телекомпания бош директори Вэй Вунинг фикрига кўра, ташкилот бугунги кунда ўзини иқтисодий жиҳатдан таъминлаш учун фақатгина рекламага қараб қолгани йўқ. Компанияда мунтазам равишда Шандунь провинциясининг машҳур рассомларининг кўргазмалари ўтказилиб, уларнинг асарларини сотувга қўйяди. Бундан ташқари ташкилот ўз кўчмас мулкига эга бўлиб, нафақат ўз ходимлари, балки аҳоли учун кўп қаватли тураржойлар қуриб сотади. Айтиш жоизки қўшимча даромад топиш учун бу каби фаолият билан барча ОАВ шуғулланади. Бундан ташқари телевидение ривожига давлат бюджетидан ва ҳомийлик асосида ҳам пул ажратилади.
Ҳар бир телестанция интернетда ўз сайтига, шунингдек уяли алоқа телефонларида иловасига ҳам эга. Сўнгги йилларда Хитойда тезлик билан ривожланаётган онлайн телевидение ОАВ ўртасида етакчилик қилмоқда. Бу ҳар йили кўпроқ томошабинлар аудиториясини қамраб олиш имконияти демакдир.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, Хитой телевидениеси сўнгги 15 йил ичида нафақат техник, балки ахборотни йиғиш ва узатишда биринчи ўринларга чиқди ва яна бир бор мамлакат қудратини жаҳонга намойиш этмоқда.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ

Го Чжэнчжи. История китайского телевидения. Китайский народный университет. –М.: 1991. 67-68 с.
Янь Вэйгун. История развития CCTV. -Пекин, 1998. 5-6 с.
Ковалев А. Глобальное китайское телевидение: начало большого пути.newscontent.cctv.com
Сунь Синьшэн. Становление и развитие телевидения Китая. // Вестник электронных и печатных СМИ. Выпуск № 10. 34-38 с.