40

ТУРК ҲАЛҚИНИНГ МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАРИ: ТАМАДДУН ЧОРРАҲАСИДА

Туркия халқининг миллий қадриятлари ўзбек халқининг  урф-одатлари, анъаналари билан ўхшашдир.  Йиллар давомида йўқотилган дўстлик ришталари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон 2018 йил 29 апрель куни икки кунлик давлат ташрифи билан мамлакатимизга келганида халқларимиз ўртасидаги азалий дўстлик ва қардошлик анъаналари янада мустаҳкамланди. Ўзаро ҳамкорлик кенгайди, Стратегик шериклик олий кенгаши тузиш бўйича келишувга эришилди. Мулоқотлар доирасида умумий қиймати 3 миллиард долларга тенг 50 дан ортиқ янги инвестициявий қўшма лойиҳани амалга оширишга келишилди. Энг муҳими, ўзбек-турк азалий қардошлик ришталари мустаҳкамланди. Халқимизнинг Туркияга бўлган қизиқиши янада ошди.

1926  йили Турки ҳукумати  мамлакатдаги мавжуд оилага нисбатан қўлланиладиган шариат қонунларини бекор қилиб, Швейцария оила кодексининг бироз ўзгартирилган вариантини қабул қилди.  Янги Оила кодекси оила қуриш жараёнида  икки томоннинг ҳам розилигини олиш, никоҳ шартномасини тузишни ўз ичига олиб,  кўпхотинликка йўл қўймайди. Аммо анъанавий турк оилаларида аксарият ҳолатларда  ёшларнинг оила қуриши ҳақидаги қарорни ҳамон оила бошлиқлари ҳал қилади. Туркияда тўй бир неча кун давом этиб, ўз иичга бир қатор  удумларни қамраб олади. “Қалин пули” ҳамон сақланиб қолган бўлсада, унинг ҳажми тобора камайиб бормоқда.

Тўй

Дунёдаги барча мусулмон халқлар сингари Туркияда ҳам тўйга катта тайёргарлик кўрилади.   Келинни олиб келиш учун борган куёв  албатта ўзи билан Туркия байроғини ҳам олиб боради. Тўй олдидан келин қўлига хна қўйилади, куёвнинг соқоли олинади.   Ўз отаси уйини тарк этишдан аввал турк қизи тўй либосининг энг муҳим безаги – бокиралик белбоғини қабул қилади. Уни белига боғлаб қўйишади. Одатда, у қизил рангда бўлади ва омад, жозиба бахт маъносини англатади. Қишлоқларда тўйга деярли барча катталар таклиф этилади, шаҳарларда асосан тўй танишлар, ҳамкасблар ва қариндошлар билан ўтади. Тўй бир неча кун давом этиб, албатта иложи борича ёрқин, ёдда қоларли тарзда ўтказилади.

Суннат тўйи

Оилада ўғил боланинг тўғилиши аёлни эри ва унинг қариндошлари наздида яна бир поғона юқорига кўтаради.  Суннат тўйи 6 ёшдан кейин қилинади. Қимматбаҳо кийимлар кийган тўй болани безатилган машина ёки отда мусиқа билан кўчалардан олиб ўтишади.  Унга кўплаб совға-cалом берилади.  Тўй одатда 2-3 кун давом этади. Албатта меҳмонларга ширинликлар улашилади. Конфет ва пахлава оилада кимдир ўлса ҳам улашилади. Айтишларича, шундан сўнг бошқалар ўлган одамнинг фақатгина яхши фазилатларини тилга олар экан.
         “Кўз тегиш”дан сақланиш

Кўзмунчоқ турклар учун кўз тегишдан сақланишни олдини олишнинг мақбул усулидир. Тўйда ёшларга, бола тўғилганда унинг бешигига, қарияларнинг ётоғига, жамоат транспортида машиналарда кўзмунчоқни кўриш мумкин. Болаларга кўз тегиши осон бўлганлиги боис, агарда кимдан ким уни мақтаса, дарҳол ота-онаси “Машаллах”, яъни “Аллоҳ сени асрасин” дейишади. Кўзмунчоқни исталган жойда –бозорларда, дўконларда, супермаркетларда сотиб олиш мумкин. Агарда сизга кўзмунчоқ совға қилишса, албатта бунга қувониш зарур, чунки сиз кўз тегишдан умрингизнинг охиригача ҳимояланган бўласиз.

Бола тарбияси

Турк оилаларида болаларни жуда ҳам эркалатишади. 10-12 ёшгача ўғил болалар асосан она тарбиясини олса,  кейин ота тарбиясига ўтади. Оталар ўз фарзандларининг тарбияси, уларни ўқитиш ва жойлаштириш учун масъулдирлар. Ажрашган ҳолатларда ҳам улар тўлиқ фарзандларини қонун тазъйиқисиз ҳам таъминлаб боришади.

Туркияда ажралишлар жуда ҳам кам. Бунинг сабаби бир нечта. Биринчидан ажрашиш жараёни 2 йилдан 10 йилгача вақтга чўзилиши мумкин. Бунда эркак ўз мол-мулкининг ярмиси ёки ҳаммасини ўз фарзандлари ва хотинига беради. Ажралиш жараёни муддатининг  кўплиги оилага қайтадан тикланиш, эр ва хотиннинг бир бирини қайтадан тушиниш учун вақт берилади. Туркиянинг Оила ва  жамиятни тадқиқ қилиш бош бошқармаси ўтказган сўровномага кўра, 89% қатнашчилар оилада ишонч бўлиб, хиёнат бўлмаса оила сақланишини айтишган бўлса, қолганлар бу саволга нейтрал жавоб беришган. 82,2 фоиз одам никоҳ ўқитмасдан туриб, бирга яшаб бўлмаслиги хусусида фикр билдиришган.

Туркияда шариат қоидаларига риоя қилиш анча кучлидир. Шу сабабли сўровномада қатнашганлар оилавий қадриятлар шаклланишида диннинг ролини алоҳида қайд этишган.

83,7 фоиз қатнашчилар кимдадир моддий ва маънавий муаммолар вужудга келса, биринчи галда оилага мурожаат қилишларини айтишган бўлса, 90,3  фоиз сўровномада қатнашганлар  оила манфаатлари учун ҳар қандай қийинчиликка тайёр эканликларини билдиришган. Шунингдек, қатнашчиларнинг  92,3 фоизи албатта кечқурун уйда, оиласи даврасида овқатланишини, 91,3  фоизи бирга телевизор кўришини,  91,1 фоиз ҳар куни ўзаро суҳбатлашишини, 79,8 фоизи мунтазам равишда қариндошларини кўришга боришини  билдиришган. 82,4  фоиз қатнашчилар никоҳдан ташқари бола тўғилишига қарши бўлса, 79,7 фоизи  никоҳгача бирга яшашага қарши чиқишган.

Туркияда  аёлларнинг ҳуқуқлари эркаклар билан тенгдир. Оилада асосий қарорни эркак қабул қилсада, аёлнинг фикри ҳам муҳим бўлиб, инобатга олинади. Агарда қишлоқларда аёллар асосан кўпроқ миллий услубда кийинса, катта шаҳарларда ҳам  бошига рўмол ўраган аёлларни кўплаб учратиш мумкин.

Мурожаат

Миллий қадритлар муносабатлардан бошланади. Туркияда бегона эркакка “бей”, аёл кишига “хоним” деб мурожаат қилиш қабул қилинган. Эркаклар ҳеч қачон аёллар билан қўл бериб кўришишмайди. Аёл кишининг кўришиш учун қўл чўзиши яқинроқ танишиш маъносини англатади. Катта ёшдагилар билан кўришганда албатта уларнинг қўлини ўпиб, пешонага текизилади. Бу уларга нисбатан ҳурматни англатади.

Турклар жуда ҳам меҳмондўст халқ. Ўзбеклар сингари улар ҳам меҳмон олдига дастурхон ёзмасдан қўйиб юборишмайди.Меҳмон қайси миллат вакили бўлишидан қатъий назар унинг тили, дини, анъаналарини ҳурмат қилишга ҳаракат қилишади.

 

Наргис ҚОСИМОВА