327

ЎЗБЕКИСТОНДА ДНК ҚАЕРДА ТЕКШИРИЛАДИ ЁҲУД КЛОНЛАШТИРИЛГАН ДАРАХТЛАР

Ирсий касалликларга мойиллигингиз борми? Ота -онангиз томонидан сизга ўтган иқтидор, хусусиятларни,  келгусида фарзандингиз қандай инсон бўлишини билишни истайсизми? Ушбу саволларга жавобни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Ўқув-экспериментал илғор технологиялар марказидан олишингиз мумкин. Марказ 2018 йил 19 апрелда Ўзбекистон Республикасининг Президенти  қарори билан ташкил этилган бўлиб,  унда олимлар ҳозирда бир қатор йўналишларда изланишлар олиб боришмоқда. Марказга уюштирилган медиатур журналистлар учун ҳақиқий “кашфиётлар куни” бўлди.

— Марказимиз билимлар учбурчаги – тижорат, олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказларини бирлаштиради ва ҳамкорлигини ташкил этади, дейди Марказ директори Шаҳло Турдиқулова. – Бундан ташқари марказимиз табиий фанлар соҳасида технологик платформа бўлиб хизмат қилади ва  билим ҳамда ғояларнинг бир бири билан боғлиқлигини таъминлайди, креатив ғоялар учун шароитни яратади. Бизнинг асосий вазифаларимиз аввало фундаментал, амалий тадқиқотларни ўтказиш ва юқори технологиялар  соҳасида инновацион ишланмаларни амалга ошириш, янги инновацион маҳсулотларнинг намуналарини моделлаштириш, макетлаштириш ва  тайёрлашда қатнашиш, миллий ва хорижий олимлар иштирокида турли хил анжуманлар, семинар-тренинглар ўтказишдан иборат.

Ўтган давр мобайнида Марказнининг моддий-техника базаси мустаҳкамланди. Унинг қошида ноёб ўсимликларни мироклонлаштириш усули орқали кўпайтириш учун иккита ишлаб чиқариш майдончалари ташкил этилди.  Бугунги кунда Марказда  замонавий биотехнологилар, Скрининг ва молекуляр алоқадорлик, Геофизика ва наноминерлогия, Физика-кимёвий  тадқиқот усуллари каби тўртта лаборатория фаолият юритиб келмоқда.

Аввало журналистларга ўз ДНКлари орқали хафақон касаллигига мойилликларини, стресс ҳолатига тушиш тушмаслигини, сунъий сейсмофаолликда ер қимирлаши кучини аниқлаш, микроскоп остида оғиз бўшлиғидаги микрофлорани ўрганиш, металл пластинкада лазер орқали  соч толасидан беш маротаба кичик бўлган тешик ясаш  вазифалари топширилди ва ОАВ ходимлари олимларнинг кузатуви ва ёрдами билан енг шимариб ишга киришишгди.

— Замонавий биотехнологилар лабораториясида  биз асосан фермент препаратларни ишлаб чиқариш, саноат микроорганизмларидан фойдаланган ҳолда, ирсий-муҳандислик оқсилларни оламиз. Айнан мазкур лабораторияда инсоннинг ДНК си орқали унинг у ёки бу касаликка мойиллигини аниқлаш мумкин. Ҳозир бутун дунёда инсоннинг ирсий паспортини яратиш русумга айланди. Бу жуда ҳам қулай. Айнан ана шу паспорт орқали инсоннинг феъл атворидан тортиб, унинг наслдан наслга ўтувчи касалликларини кўриш, бирор бир касаликка мойиллигини текшириш имконини беради, дейди лаборатория мудири, биология фанлар номзоди Дилбар Долимова.- Ҳозир биз антибиотиклардан фарқли бўлган янги препаратлар устида ҳам иш олиб бормоқдамиз. Чунки антибиотиклар инсон организмига кўпроқ салбий таъсир кўрсатади. Шу сабабли унинг  токсиклигини олдини олиш учун янги авлод дориларини яратиш кун тартибида турибди. Биз ҳар бир инсонга индивидуал равишда ёндошамиз. Янги фармогенетика йўналиши айнан у ёки бу инсонга қайси дори тўғри келиши, менга тўғри келгани сизга тўғри келмаслигини аниқлаб беради.

Скрининг ва молекуляр алоқадорлик лабораториясининг йўналишлари замон билан қадам ташламоқда десак, муболаға бўлмайди.  Айнан мазкур лабораторияда олимлар ўсимликларни микроклонлаштириш, “сунъий уруғлар”ни яратиш билан шуғулланадилар.

Лаборатория мудири Юлия Левицкаянинг фикрича, дарахтларнинг асоссиз кесилиши, биохилмахилликнинг йўқолиши табиатимизга жуда ҳам катта зарар етказмоқда. Лабораториямизда ўсимликларни микроклонлаштириш орқали турини тиклаш, йўқ бўлиб кетаётган, Қизил Китобга киритилган ўсимликларни сақлаб қолиш имконини беради. -Биз айнан илк тажрибамизни ватани Япония бўлган павлония дарахтидан бошлаган эдик. Мазкур дарахт жуда ҳам тез ўсиб, 3-4 йил ичида катта бўлади, дейди Ю.Левицкая. — Бундан ташқари унинг кенг сатҳли барглари Ўзбекистоннинг жазирама иссиғида яхшигина соя ҳам беради. Уни кўпайтириб,  турли ҳудудларга экиш, тез орада юртимизни кўкаламзорлаштиришга ёрдам беришига ишонамиз. Бундан ташқари лабораторияда айнан инсон организмини қаришига хизмат қиладиган ҳужайралар ўсишининг олдини олиш учун препаратларни яратишга ҳаркат қилмоқдамиз. Соғлом одамнинг юраги 120 ёш нормал ҳолатда ишлайди. Уни ўша ҳолатда ушлаб туриш мумкин.

Геофизика ва наноминералогия лабораторияси табиий ва техноген хавфларни баҳолаш, шаҳарсозликда уй-жой қуриш учун мақбул ерларни танлаб бериш, фойдали ер ости қазилмаларни топишга ёрдам беради. Замонавий ускуналар билан жиҳозланган лабораторияда ёш олимлар  зилзилалар геодинамикаси ва мониторинги, иншоатларнинг мустаҳкамлик даражаси, заҳарли моддалар тўпланган ерларни аниқлаш орқали экологик муаммоларни ҳал қилиш, геокимё ва минералогия бўйича таҳлилий хизматларни амалга оширишади.

Журналистларга тажриба сифатида сунъий зилзила орқали унинг кучи атиги 15 дақиқада ўлчаб берилди ва тажриба ўтказилган майдончада ер ости сувлари қанчалик  яқин жойлашганлиги аниқланди.

Физика-кимёвий тадқиқот усуллари лабораториясида катта илмий ходим Ойбек Турсунқуловнинг айтишича, лазер орқали ҳар қандай материалда кўз илғамас тешиклар қилиш мумкин. Бундан ташқари нанотрубкаларни ясаш, алюмин ва титаннинг ғовак мембраналарини тайёрлаш, аминакислоталардаги полианилин нанородлар синтезини амалга ошириш мумкин. -Мазкур технологиялар дунёга мутлақо янгича кўз билан қараш ва унинг очилмаган қирраларини ўрганиш имконини беради, деди у.

Илғор технологиялар марказидан чиққанимизда ҳар бир журналистда унинг стресс ҳолатига  бардошлиги, хафақон касаллигига мойил ёки мойил эмаслиги ва оғиз бўшлиғидаги бактериялар сони таҳлиллари билан биргаликда бир олам таассурот ва янги билимлар бор эди. Марказ олиммларининг янгиликка учлиги, энг асосийси уларнинг ҳар бир янги ғоя эгаси, ёш олим, янгилика интилган талаба билан ишлашга тайёр эканликлари бизни қувонтирди.

Наргис ҚОСИМОВА