1 592

ҚАДОҚЛАНГАН ПЛАСТИК ИДИШЛАРДАГИ СУВ ХАВФСИЗМИ?

Қадоқланган пластик идишлардаги сув  хавфсиз ҳисобланади. Бугунги кунда аксарият юртдошларимиз водопровод қувуридан келаётган сувни ичмай, бевосита пластик идишлардаги сувни сотиб олишади.

Қ.Шоев, 51 ёш. Тошкент шаҳри.

-Мен ва оила аъзоларим доимо пластик идишлардаги сувни истеъмол қиламиз.Чунки водопровод суви хлорланади ва соғлиққа зарар етказиши мумкин.

Ш.Каримова, 47 ёш, Чироқчи тумани Қашқадарё вилояти.

-Cўнгги йилларда туманимизда сув муаммоси долзарблашиб бормоқда. Артезиан қудуқлардан сув ичамиз ва кундалик ҳаётда ишлатамиз. Албатта, жуда зарур пайти қадоқланган пластик идишлардаги сувни истеъмол қиламиз. Чунки унинг сифати кафолатланган ва у анча тоза..

З.Ботиров, 34 ёш. Тошкент ш.

-Мен доимо водопровод қувуридан келаётган сувни ичаман.Чунки уни тоза деб биламан. Аммо кўчада албатта пластик идишга қадоқланган сувни истеъмол қиламан ва унинг сифати водопровод сувидан анча юқори деб биламан.

Албатта, бугунги кунда  пластик идишларга қадоқланган сув тоза, хавфсиз кўринишга эга. Аксарият одамлар уни ўта хавфсиз билан, барча эҳтиёжлари учун айнан қадоқланган сувни ишлатишади. Аммо у ҳақиқатан ҳам хавфсизми?

Бугунги кунда  қадоқланган сув дунё миқёсида энг харидоргир маҳсулот бўлиб, йиллик товарайланиш147 миллиард АҚШ долларга тенг. Журналистика соҳасидаги  АҚШдаги “Orb Media”нодавлат  ташкилоти ўтказган суриштирувга кўра, бир литрлик пластмасса идишга қадоқланган сувнинг таркибида минглаб микроскопик пластик бўлакчалари мавжуд. Orb Media томонидан Осиё, Европа, АҚШ, Африка қадоқланган сувни сотиш бўйича машҳур савдо белгилари маҳсулотларини тозалигини текшириш борасидаги ўтказилган тадқиқот профессор Шерри Мейсон томонидан амалга оширилди. Оддий кўз билан кўриб бўлмайдиган микропластикни аниқлаш учун олим ва унинг ҳамкасблари махсус буёқ билан сувни бўяб, кўк лампа остида инфрақизил лазер ёрдамида текширишганда  ҳар бир савдо белгиси маҳсулотида озми-кўпми микропластик борлиги қайд этилган.  11 та жаҳонга таниқли савдо белгиси остида чиқарилган 250 дона қадоқланган  сувнинг таркибидан полипропилен, нейлон и полиэтилентерефталат (ПЭТ) топилган. Тадқиқот натижаларига кўра, бир литр қадоқланган сувда 314,6 миллиграмм микропластик бўлакчалари борлиги аниқланган. Демак, бир йилда одам “тоза” сувни ичиши билан ўртача  24 375 дона микропластик бўлакчаларини “ейишини” ҳисоблаб чиқишган.

Бугунги кунда қадоқланган сув  дунёдаги тоза ичимлик сувга эга бўлмаган 2,1 миллиард инсонлар  учун ҳаёт манбаи бўлиб хизмат қилмоқда. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра,  ҳар йили  4000  нафар бола айнан ифлосланган сувни истеъмол қилганликлари сабабли ҳаётдан кўз юмишади. Инсон соғлом бўлиши учун бир кунда 2 литргача сув ичиши лозим. Иссиқ кунларда эса унинг  миқдори бунданда кўп бўлиши керак. Аммо биз хавфсиз деб билган сув ҳам тоза эмаслигини ҳисобга олиб, унинг оқибатларидан бехабар бўлсак, тадқиқот натижалари нафақат ўзимизнинг балки келажак авлоднинг ҳам ҳаётини жиддий хавф остига қўйиши мумкин. Айни пайтда “Orb Media” ташкилоти пластик идишга қадоқланган сувни истеъмол қилган инсон соғлиғига қандай зарар етказилиши мумкинлигини ҳақида ҳеч қандай маълумот бермаган. Бу борадаги тадқиқот давом этмоқда.

-Шиша идишларга қадоқланган сувни бугунги кунда энг тоза деб ҳисоблаш мумкин, дейди Gerolsteiner Mineral Water  немис компаниясининг  ижрочи директори Dr. Axel Dahm. —  Аминманки, Orb Media томонидан тақдим этилган натижалардаги миқдор кўрсаткичи анча камайтирилган.

Дунёга машҳур Nestle компаниясининг қадоқланган ичимлик сувида ҳам ҳар бир литрга 5 мг. гача пластик микроқисмлар борлиги аниқланган. Бошқа савдо белгилари эса ўз маҳсулотлари борасида аниқланган натижаларни чоп этилишига розилик бермаган.

Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича Европа қўмитасининг вакили Анка Падурарунинг фикрига кўра, “қонунчиликда қадоқланган сувда уни ифлослантирувчи моддалар бўлмаслиги аниқ кўрсатилган”.

Бугунги кунда фойдаланиш жиҳатдан жуда ҳам қулай бўлган пластик чиқиндилар билан дунё океани, денгизлар, дарёлар, ботқоқлар ифлосланган. Жуда кўп денгиз ҳайвонлари пластик  ва пластмасса маҳслуотларини ютишлари оқибатида халок бўлишмоқда.  Пластик энг майда  сув жонивори –планктондан тортиб китларнинг организмидан ҳам топилган. Сўнгги йилларда пластик идишларга қадоқланган сув истеъмоли ортганлиги сабабли,  оби ҳаёт билан инсон танасига кираётган пластик миқдори ҳам ортмоқда. Оқибатда улар инсоннинг ичаклари, талоғи ва жигарида қўним топиб,   БССЖнинг огоҳлантиришига кўра, турли хил аллергик касалликлардан бошлаб, саратонгача келтириб чиқариши мумкин.

Наргис ҚОСИМОВА

Улашинг: