Нақшбандия тариқатида алоҳида ўрин тутган Ҳазрат Саййид Амир Кулол ҳазратлари зиёратгоҳида Қуръони карим оятларидан ўтган азиз авлиёлар руҳига тиловат қилинаётган бир пайтда кириб келган аёл сукут сақлаб ўтирганларга эътибор бермай, домлага мурожаат этиб, қизининг ҳақига дуо қилиб қўйишни сўради. Шу пайти телефони жиринглаб қолган зиёратчилардан бири эса, гўшакни кўтариб, шу ернинг ўзида норози нигоҳларга эътибор бермай, овозини кўтариб, баралла гаплаша бошлади. Ниҳоят сабри чидамаган домла тиловатни тезроқ тугатиб, барчани хаёлини бўлган аёл ва телефонда гаплашаётган эркакка танбеҳ берди. Зиёратга келган бир гуруҳ покистонилик мусулмонлар эса бошларини чайқай –чайқай хонақоҳдан чиқиб кетишди.
Афсуски бундай ҳолатларга юртимиздаги кўплаб зиёратгоҳларга борганимда деярли ҳар доимо дуч келаман. Уларнинг ҳар бирида зиёрат одоби ҳақидаги ёзувлар бўлишига қарамай, шу ерда дарахт шохларига латта боғлаётган, қабр тошни ўпиб, силаб, қўлларини юзига суртаётган, хаттоки мозорлар атрофидаги майда тошларни йиғиб «минора» ясаётган, қабр атрофини айланиб тавоф қилаётган, у ерда шам ёқиб, қабр устидан пул сочаётганларни кўплаб кузатаман. Ислом амаллари,зиёрат тартиб одобини билмай, қабрда ким ётганлиги, у нима ишлар қилганидан бехабар, кўр-кўрона сиғиниш, зиёратни холис Аллоҳ учун қилмай, дунё ва охират мақсадлари ҳосил бўлиши учун сўрайдиган нарсаларини қабрдаги зотдан сўраш ширк эканлигини афсус кўпчилик билмайди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда ички ва ташқи туризмга бўлган эътибор, унинг ривожи йўлидаги имкониятларнинг яратилиши зиёратгоҳларга келаётган зиёратчилар сонининг бир неча баробар ошишига олиб келди. Юртимиздаги мавжуд турли даврларга тегишли бўлган 4 минг 308 археологик, 2 минг 79 меъморчилик, 694 санъат асари, 395 диққатга сазовор жой, жами 7 минг 476 моддий-маданий мерос объекти давлат ҳимоясига олинган.
1991 йил Хивадаги “Ичан-қалъа”, 1993 йил “Бухоро тарихий маркази”, 2000 йил “Шаҳрисабз тарихий маркази”, 2001 йил “Самарқанд маданиятлар чорраҳаси” номи билан ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Мустақиллик йилларида 1 минг 4 та тарихий объектда кенг кўламли таъмирлаш-тиклаш ва ободонлаштириш ишлари бажарилди. Хитой, Япония, Франция, Польша ва бошқа давлат вакиллари билан ҳар йили 15 дан ортиқ халқаро археология мероси объектларида тадқиқотлар олиб борилмоқда.
Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, ундан фойдаланиш борасида амалга оширилган ишлар нафақат тарихни ўрганиш, тарғиб қилиш, балки ўсиб келаётган ёш авлодни бебаҳо тарихий меросни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, уларда миллий ўзликни англаш туйғусини янада кучайтириш, жамиятда юксак маънавиятни теран қарор топтиришга хизмат қилади.
Шарқда ўтганларни эслаш ва дуолар қилиш билан бирга тез-тез қабрларини зиёрат қилиб туриш ҳар бир мусулмоннинг вазифаси эканлигини барча билади. Бу ҳақда Абу Ҳурайрадан (р.а.) қуйидаги Ҳадиси шарифда ривоят қилинган: Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: “Қабрларни зиёрат қилиб туринглар, чунки, у сизларга ўлимни (охиратни) эслатади”. Бугунги кунда “зиёрат” ўз ичига туризмнинг икки йўналишини – зиёрат ва диний туризмни қамраб олади. Усмонийлар халифасининг Қуръони, ислом дининг энг қимматбаҳо ёдгорлигини Тошкентдаги Хасти-Имом мажмуаси таркибига кирувчи Бароқхона мадрасасида сақланаётганининг ўзи бу ерга кўплаб зиёратчилар ва сайёҳларни жалб этса, Самарқандаги ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакиваччалари Абу Жаъфар Қусам ибн Аббос ибн Абдулмутталиб ибн Ҳишом ал-Қурайший, яъни пайғамбаримизнинг амакилари Аббос ибн Абдулматталибнинг ўғли дафн этилган Шоҳи Зинда, дунёдаги энг узун -18 метрлик қабрга эга бўлган Хўжа Дониёр, Амир Темур мақбарлари, Бухоро шаҳрининг диққатга сазовор тарихий масканларидан “Хазрати Баховуддин Нақшбандий”, “Хазрати Мир Кулол”, “Мирараб” мадрасаси, “Минораи Калон” мажмуаси, “Самонийлар” мақбараси, Етти пир зиёратгоҳлари, Сурхондарёда Султон Саодат мажмуаси, Шайх Алоутдин Аттор, Исо Термизий, Ҳаким Термизий, Сўфи Оллоҳёр мақбаралари зиёрат туризмни риожлантиришнинг энг яхши омилларидан биридир.
Ҳўш, шундай улкан салоҳиятга эга бўла туриб, нега ҳануз зиёрат туризми Ўзбекистонда ҳануз ривожланмаётир? Албатта, бу борада қилинаётган ишлар анчагина бўлиб, аммо Тошкент халқаро аэропортида намозхона ташкил этилгани, соҳани ривожлантириш, юртимизга ташриф буюраётган зиёратчиларга қулайлик яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг “Туристик хизматларни сертификатлаштириш маркази” давлат унитар корхонаси томонидан янги давлат стандарти ишлаб чиқилганлиги, ўрнатилган қоидаларга кўра, ҳар бир меҳмонхонанинг умумий хоналар сонининг камида ўндан бирида Қуръони карим, ибодат қилиш учун жойнамоз ҳамда камида 30 фоизида қибла кўрсатгичи бўлиши шарт этиб белгиланганлиги етарли эмас. Бугунги кунда зиёратни асосан юртимиз фуқаролари ташкил этаётганини инобатга олсак, маҳаллаларда, мачитларда зиёрат одоби борасида маърузалар ташкил этиш, Ўзбекистонда зиёратгоҳларни тарғиб этувчи ўзбек, араб, инглиз тилларида бадиий ва ҳужжатли фильмлар, видеороликлар ишлаш, зиёратгоҳларнинг сайтларини ўзбек, рус ва инглиз тилларида ташкил этиш, бевосита зиёрат туризмига ихтисослашган туроператорларни тайёрлаш, тарихий шаҳарларда Ташқи ишлар вазирлиги бўлимларини очиб, сайёҳларга виза олишни Тошкент орқали эмас, жойда ҳал этиш, авиачипталар нархини камайтириш, аэропорт ва вокзалларда хизмат кўрсатишни яхшилаш, халқаро тўлов тизимидаги кредит карталардан фодаланиш ва валюта алмаштиришни йўлга қўйиш зарур.
— Ўзбекистонда жуда ҳам кўп зиёратгоҳлар мавжуд. Уларнинг ўзигина бу ерда зиёрат туризмини ривожлантиришни кенг йўлга қўйиш имконини беради, дейди, Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси Маданият ва туризм ишлари бўйича маслаҳатчиси Жесим Челеби. – Икки халқнинг моддий ва маънавий бойликларимизда, урф-одат ва анъаналаримизда ўхшашликлар бор. Ҳатто, биноларимиздаги ранг-тасвирларда ҳам. Ўзбекистондаги мадрасалар меъморчилиги, хусусан, уларда фойдаланилган ранглар, тасвирлар, Истанбулдаги Тўп қопи саройида ҳам учрайди. Ёғочдан ишланган шифтлар эса Анқарадаги тарихий обидаларники билан бир хил. Бу эса бизнинг маданиятимиз бир деган тушунча қуруқ гап эмаслигининг исботидир.Туркияда Самарқанд ва Бухорони, Нақшбанд ҳазратлари, Мотирудийни жуда яхши билишади. Шу боис Ўзбекистонни кўриш ҳар бир турк фуқароси учун орзудир. Ўзбекистонда саноқсиз уламолар яшаган. Уларнинг кўпларини ҳатто ўзбеклар ҳам билмайди. Тарихни халққа танитиш учун фильмлар тайёрланса, маданиятимиз авлодларга тўғри ҳолда етказиб берилган бўлар эди. Албатта, туризм ҳам ана шундай тарихий сериаллар олишдан бошланади. Бундан ташқари Ўзбекистон зиёратгоҳларида сервиз хизмати етарли даражада йўлга қўйилмаган. Оддий ҳожатхоналар йўқ, таҳоратхоналар талаб даражасида эмас. Чекка зиёратгоҳларга олиб бориладиган йўллар ҳар қандай сайёҳни иккилантириб қўйиш даражасида. Йўлларни текислаш, мунтазам автотранспорт қатновини йўлга қўйиш, четидаги овқатланиш, санитария шаҳобчаларини қуриш жуда муҳим.
Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантириш учун аввало юқорида тилга олинган муаммоларни зудлик билан ҳал қилиш, бугунги кунда бутун дунёда қўлланилатган масофавий маркетинг концепциясидан фойдаланиш зарур. Сайёҳларни биринчи галда ҳудуддаги меҳмонхоналарнинг борлиги, жойларни онлайн тарзда брон қилиш, уларнинг зиёратгоҳдан узоқ ёҳуд яқинлиги, мавжуд сервис хизматлар, коммуникация ва транспортнинг мавжудлиги қизиқтиради. Буларнинг барчасини замонавий ахборот коммуникацион технологиларни қўллаган ҳолда йўлга қўйиш мумкин.
Зиёрат туризми юртимизга маданий, экологик туризм билан бир қаторда жуда ҳам кўп маблағ олиб келишини назарда тутадиган бўлсак, бу борадаги аста-секинлик билан амалга оширилаётган ишларни жадаллаштириш лозим.
Наргис ҚОСИМОВА