2 075

НОГИРОНЛИГИ БОР ИНСОНЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ҚАЧОН ҲИМОЯ ҚИЛИНАДИ?

БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий вакили Хелена Фрейзернинг таъкидлашича, бугунги кунда  дунёда 7 млрддан ошиқроқ аҳолининг 7 дан биттаси у ёки бу ногиронликка эга бўлиб, шулардан  бири болалардир.  Афсуски, ногиронликка эга инсонлар, хусусан болалар кўпроқ тазъйиққа учрайди, шу сабабли улар ҳимояга муҳтождир. Давлат статистика қумитасининг маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 16 ёшгача бўлган 84900 нафар бола ногиронлиги бўлган инсонлар рўйхатига киритилган. 14636 нафар бола ақлий ва жисмоний нуқсонлари бўлган болалар учун махсус мактаб-интернатларда  ўз оилалари ва жамиятдан узоқда яшайди. Махсус муассасаларда яшовчи барча болаларнинг таҳминан 90% да ногиронлик мавжуд. Уларга нисбатан бағрикенг бўлиш, ногиронлиги мавжуд инсонларнинг жамиятнинг фаол аъзосига айланишида албатта оммавий ахборот воситаларининг роли катта. Аммо афсуски, бугунги республика ОАВда ногиронлиги бор инсонларнинг ҳаёти ва фаолияти фақатгина 1 июнь –Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни ва 3 декабрь-Халқаро ногиронлар кунида ёритилади, холос. Бошқа пайтлари афсус ушбу мавзу унутилади.  Мавжуд журналистик материалларда ҳам ногиронлиги бор инсонлар, айниқа болалар аянчли, ёрдамга муҳтож ҳолда тасвирланиб, уларнинг фикри деярли берилмайди.

—  Менинг 11 ёшли ўғлим Рустамжон Даун синдроми билан туғилди, дейди Шахноза Икрамова. –  Ўғлимда ДНК хромосомалари оддий болаларга нисбатан  битта кўплиги, яъни 46 та эмас, балки 47 бўлганлиги сабабли  у ноодатий эканлигини билиб, шокка тушдим. Афсуски Ўзбекистонда  мендай ота-оналарга бундай болаларни  қандай тарбиялаш керак, уларни қандай овқатлантириш, қандай ўқитиш кераклиги тўғрисида умуман “йўл харитаси” йўқ.  Даун синдроми мавжуд болаларни бежиз Қуёш болалари дейишмайди. Чунки улар доимо  одамга кулиб боқишади. Улар жуда ҳам меҳрибон, қалблари муҳаббатга тўла. Аммо жамиятимиздаги мавжуд стериотиплар, ногиронлиги бор инсонларга угай, салбий кўз билан қараш натижасида, аксарият ҳолатда бундай болаларни  на боғчага, на мактабга олишади. Хаттоки тўғруқхонада шифокорлар бундай болалар дунёга келгач, онани тинчлантириб, у  билан мунтазам шуғулланилса, у oддий бoлaлaр қилaдигaн ишлaрнинг кўпчилигини ўзлaштиришгa қoдирлигини тушунтиришнинг ўрнига, ундан ҳозирнинг ўзида воз кечиб қўя қолинг, барибир 10-15 йил яшайди, дейишади. Ваҳоланки, Даун синдроми мавжуд инсонлар уларни ақлий  ва жисмоний жиҳатдан ривожлантирилса 50 ёшдан ошиши мумкин. Ўғлим 10 ёшидалигида унга ногиронлик нафақасини расмийлаштирдим. Бунга 6 ой вақтим кетди, афсуски  бу жарён жуда ҳам қийин ва кўп вақтни олгани учун кўпчилик қўл силтаб қўя қолади. Яна бир муаммо, жамиятимиздаги инсонларнинг ОАВда мазкур синдром ҳақида маълумотга эга бўлмаганликлари натижасида у хоҳ оддий инсон, хоҳ олим бўлсин салбий муносабатда бўлишидир. Яқинда эрталаб ўғлим билан кетаётганимизда, қўшнимни қизчаси билан учратдик. Ўғлим қизча билан саломлашмоқчи бўлганида, у онасининг орқасига яширинди. Чунки оилада қўшни болаларни ўғлим билан қўрқитишар экан.

Республикамизда ногиронлиги бор инсонларнинг ижтимоий ҳимояси  1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ногиронларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонуни асосида бошқарилади.  2008 йилда мазкур Қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Бундан ташқари Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ташаббуси билан ногиронларни доимий равишда ижтимоий муҳофаза қилиш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган 70 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган эди. Аммо шунга қарамай ҳануз ногиронларнинг ҳуқуқлари етарли даражада ҳимоя қилинаётгани йўқ.

Наталья Плотникова, Тошкент вилояти Қибрай тумани “Опа- сингиллар” ногиронлиги бор аёлларни қўллаб –қувватлаш жамиятининг раҳбари, 1- гуруҳ ногирони.

-Жамиятимиз 2000 йилда ташкил топиб, унинг ғояси ногиронлиги бор аёллар томонидан берилган эди. Жамиятимизнинг 600 та аъзоси бор. 18 йил давомида  биз бевосита ногиронлиги бор аёлларнинг ҳуқуқий онгини ўстириш, уларнинг жамиятда ўз ўрнига эга бўлишига ёрдам бериш билан шуғуланиб келдик. Нега келдик, деяётганим айни пайтда ташкилотимизнинг манзили, хонаси йуқ. 2005 йилда Қибрайнинг марказидаги бинодан хона ажратилган эди, аммо бинонинг сотилиши оқибатида мана бир йилдирки бизнинг муқим турар жойимиз йўқ. Бир неча маротаба вилоят ҳокими, ҳукумат портали ва бошқа мутасадди ташкилотларга мурожаат қилсак-да, ҳануз мазкур муаммо ҳал қилинмади. Айни пайтда ташкилотнинг на маблағи, на манзили бор.  Бугунги кунда ногиронлиги бор инсонларнинг оддий инсонлар сингари яшашлари учун бир қанча тўсиқлар мавжуд. Аъзоларимиздан энг кўп эшитаётган шикоятларимиз Тиббий-меҳнат эксперт комиссияларида ногиронлик хусусидаги гуруҳни олиш учун жараённинг ўта қийинлиги, ҳамда комиссия аъзоларининг  аксарият ҳолатларда ногиронлардан пора талаб қилишлари, жойлардаги хокимият вакилларининг бизга угай кўз билан қарашларидир.

Бугунги кунда республика бўйича 78 та нодавлат нотижорат ташкилотлари Республика ногиронлар жамиятининг юртимиз бўйлаб 158 та филиали мавжуд. Аммо бу нодавлат ташкилотларнинг аҳволи қандай? Уларни бугун қанда муаммолар қийнамоқда?

       Ойбек Исаков, Республика ногиронлар жамияти раисининг ўринбосари:

-2018 йил 5 январда Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Президент Шавкат Мирзиёев  ўз нутқида  ногиронларнинг муаммолари шу пайтгача эътибордан четда қолиб келаёганлигини таъкидлаб, ногиронларнинг муаммоларига эътибор қаратилишига вақт етганлигини айтган эди. Бугунги кунда асосий муаммоларимиздан бири  бу БМТнинг “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция” сини ратификация қилишдир. Ўзбекистон мазкур халқаро ҳужжатга 2009 йилда қўшилган эди. Аммо ратификция қилиш ҳамон  чўзилмоқда. Чунки Конвенцияга қўшилиш фақатгина унинг тамойилларини тан олиш, ратификация қилиш эса Конвенция моддаларини республикада тадбиқ қилишни англатади.

Агарда Ўзбекистон БМТнинг “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция”ни ратификация қилса қуйидаги муаммолар ҳал қилинади:

  1. Ногиронлиги бўлган шахсларга давлат томонидан кўрсатилаётган хизматлар тизими халқаро андозаларга тенглаштирилади. Чунки миллий тизимда ногиронликни белгилаш қоидалари халқаро тизимдагига нисбатан кескин фарқ қилади ва анча мураккаб.
  2. Конвенцияни ратификация қилган ҳар бир 4 йилда аъзо-давлат ҳисобот беради. Ўзбекистонда ногиронлиги бор инсонларни  қўллаб -қувватлашга қаратилган қабул қилинган қонун ва меъёрий ҳужжатларнинг қандай ишлаши халқаро миқёсда назоратга олинади ва миллий қонунчилик ишлай бошлайди. 1991 йилда “Ногиронларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тўғрисида” гиЎзР қонуни қабул қилинган эди. Аммо орадан 27 йил ўтган бўлсада бу қонун тўлиқ ишламаяпти.
  3. Ногиронлар ташкилотларининг мавқеъи ошади. Чунки халқаро миқёсда ногиронлар ташкилотлари ҳукумат билан баробар муқобил ҳисобот беради. Уларнинг ҳисоботи бўлмаса, бу йўналишдаги ҳукумат ҳисоботи қабул қилинмайди ва кўрилмайди.
  4. Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги обрўси ошади. Президентимиз ўз чиқишларида бир неча маротаба мамлакатнинг халқаро миқёсдаги рейтингини ошириш керак, деган эди. Ҳар қандай ривожланган жамиятнинг рейтинги эса, хусусан, ногиронлиги бор шахсларга бўлган эътибор билан ҳам белгиланади.
  5. Ногиронлиги бўлган инсонларнинг яшаш даражаси, уларга қилиб берилаётган имкониятлар кенгаяди.

Абдураҳмонов Фарҳод, 1 гуруҳ ногирони:

-Бугунги кунда қабул қилинган “Ўзбекистон Республиксида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида” ги қонуни фақатгина давлатнинг мажбуриятлари тўғрисида бўлиб, ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилмаган. Масалан, қайси соҳани олманг, у ерда ногиронларни ҳаёти ва фаолиятини яхшилаш борасида деярли иш қилинмаган. Оилавий поликлиникларнинг фақатгина кириш жойларида пандуслар мавжуд. Аммо нигоронлиги бор инсон ўз аравачасида фақатгина биринчи қаватда жойлашган рўйҳатдан ўтиш хонасигача бора олади, холос. Қолган барча мутахассислар 2 ёки 3 қаватда жойлашган, уларга чиқишга эса имкон йўқ. Транспорт, суд, ички ишларнику-я айтмаса ҳам бўлаверади. Пандус йўқлигидан ташқари, ҳуқуқбузарлик содир этилган ногиронлиги мавжуд шахсларга уларнинг эҳтиёжларига қараб, масалан,  эшитиш ва  гапиришда муаммоси бор инсонларга  сурдотаржимон, кўзи ожизларга брайл услубида ёзилган айбнома ёки суд ҳукуми тақдим этилмайди. Буни ногиронларнинг ўзлари амалга ошириши лозим.Чунки тергов жараёнида ақатгина бир тилдан бошқа тилга таржима қилиш назарда тутилиб, ногиронлиги бор шахсларнинг бу борадаги эҳтиёжи инобатга олинмаган.  Битта сурдотаржимоннинг бир соатлик хизмат ҳақи эса бугунги кунда 40 АҚШ доллари атрофида туради. Айтингчи, у бу пулни қаердан олади? Яқинда, жамиятимиз аъзоларидан бири, ногиронлиги бор инсон, суд чақирувига бора олмаганлиги сабабли судья уни кўрмасдан, жисмоний ҳолатини қайд этмасдан, оз муддатли қамоқ жазосини ўташга ҳукм чиқарган. Аммо қамоқхоналарда ҳам ногиронлиги бор инсонларга шароит йўқлиги сабабли, уни умумий камерага қамаб, қўлтиқтаёқларини олиб қўйишган ва шу орқали  оддий ҳаракатланишини ҳам чеклашган.

Мазкур муаммоларнинг  замирида ногиронлиги мавжуд инсонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунчиликнинг мукаммал эмаслиги, мавжудлари ҳам ишламаслиги билан бирга ОАВ орқали ногиронлиги мавжуд инсонлар образининг нотўғри талқин қилиниши ҳам ётади.  Мазкур муаммолар 2018 йил 16 февраль куни  UNICEF халқаро болалар ташкилотининг Ўзбекистондаги вколатхонаси томонидан ўтказилган “Ногиронлиги бўлган шахслар, хусусан болалар масалаларини оммавий ахборот воситалари (ОАВ) томонидан ёритишнинг сифат даражасини ошириш” га бағишланган ОАВ вакиллари иштирокидаги учрашувда  яна бир маротаба кўтарилди.

— Ногиронлиги бор инсонларни тамғалашга қарши курашда, шунингдек уларнинг жамият ҳаётига тўлиқ қўшилиши ва фаол иштирокини таъминлашда ОАВ муҳим ўрин тутади. Журналистлар турли масалалар бўйича тўғри муносабатларни шакллантириш, жамоатчиликка маълумот етказиш ва ногиронлар, айниқса болалар ҳақида салбий тасаввурларга қарши туришда муҳим роль ўйнайди  — деди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги вакили Саша Грауманн. — Ногиронлиги бўлган шахслар, хусусан, болаларга тааллуқли бўлган масалаларни ростмана ва этик жиҳатдан тўғри этказиб беришда ОАВнинг иштирокини ошириш барча даражалардаги қарор қабул қилувчиларнинг ва жамоатчиликкнинг эътиборини мазкур масалаларга қаратиши, уларга ногиронлиги бўлган инсонлар фақатгина хайрия объектлари эмас, балки ҳуқуқ эгалари эканликларини етказиши мумкин.

Юқорида тилга олинган ҳуқуқбузилишлари аксарият ҳолатларда мутассадди ташкилот раҳбарларининг ногиронларнинг муаммоларини кўришни истишмаётганлигида эмасмикан?  Наврўз ёки 3 –декабрь халқаро ногиронлар кунига бир маротабалик хайрия акцияси ўтказиб, ногиронлиги бор инсонларга дастурхон ёзиш билан уларнинг кўнглини олиб бўлмайди. Аксинча,  “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисдаги Конвенцияни” ратификация қилиб, шу асосида ногиронлиги мавжуд юртдошларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган миллий қонунимизни ишлаб чиқиб, қабул қилиш, 27 йилдан буён орқага сурилиб келаётган муаммоларни бартараф этиш вақти келмадими?

Наргис ҚОСИМОВА

Улашинг: