3 460

ОҚАВА СУВНИНГ ИККИНЧИ ҲАЁТИ

Нега оқова сувларни тозалаш керак? Сувни эҳтиёжларимизга ишлатганимиздан сўнг уни тўкиб ташласак бўлмайдими? 19 асргача инсоният айнан ана шу йўлдан борган. Аммо бугун сайёрамиз экологик инқироз ёқасига келиб чучук сув заҳиралари соат сайин камайиб бораётган бир пайтда оқава сувларни тозалаб, табиатга зарар етказмаслик, уларни қишлоқ хўжалигига ишлатиш долзарб масаладир.

Инсонларнинг фаровон яшашлари учун  турли ҳил маҳсулотларга эҳтиёжлари ортаётган бир пайтда уларни ишлаб чиқаришга кетаётган сувнинг ҳам миқдори ортмоқда. Жуда ҳам кўплаб ишлаб чиқаришдан сўнг чиқадиган,  кимёвий моддалар билан заҳарланган сувлар, канализация сувлари  бир неча тозалаш босқичларини талаб этади. Зеро, уларнинг тозаланмасдан табиатга чиқариб ташланиши экологик инқирозни кучайтириш, инсонлар ҳаёти, соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бугунги кунда канализация тизимисиз аҳоли пунктлари, хусусан шаҳарларни тасаввур этиш қийин. Канализация тизими фаолиятининг ишдан чиқиши  тузатиб бўлмас оқибатларга олиб келиши мумкин. Эпидемиялар, атроф-муҳитнинг ифлосланиши…

Таҳминан 2,5 млн. нафар аҳолига эга бўлган Тошкент шаҳридан чиқадиган оқава сувлар Бектемир, Бузсув ва Салар аэрация иншоотларида тозаланади.

— Салар тўйинтириш иншооти пойтахтимизнинг жанубий қисмида, Салар ариғи қирғоғида 82 гектар майдонда жойлашган. Иншоот билан унинг бошлиғи Комилбой Сарибоев таништирар экан,  дарахтлар соя бериб турган, йўлакларнинг четларига гуллар экаилган, энг асосийси бирорта ёқимсиз ҳид бўлмаган ҳудудда айнан  канализация ва турли хил чиқинди сувлар тозаланаётганига ишонгинг келмайди, киши.

 -Тошкент шаҳар ҳокимлигининг “Сувсоз” далат унитар корхонаси Салар туйинтириш иншооти асосан табаитни муҳофаза қилиш, санитария гигиена қоидаларга риоя қилган ҳолда фаолият юритади. У 1961 йил 12 апрелда 25 000 м3 қувват билан ишга туширилган эди, дейди иншоот бошлиғи Комилбой Сарибоев. -1970-йилларга келиб Тошкент шаҳар аҳолисини кўпайиши натижасида иншоот ҳам кенгайган. 8 та бирламчи тиндиргичлар, ҳар бир бўлимда насос қурилмалар ўрнатилди.  Ҳозирги кунда иншоот пойтахтимизнинг Яккасарой, Миробод, Мирзо Улуғбек, Чилонзор, Яшнобод, Сергели туманларидан – 750-850 минг м3 оқава сувини қабул  қилиб,  зарарсизлантириб, Салар ариғига ташлайди. Айни пайтда  Салар  тўйинтириш иншооти таркибига механик тозалаш ва қуйқани қайта ишлаш, биологик тозалаш ва оқава сувини зарарсизлантириш ҳамда кимё-бактериология бўлимлари киради.   Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 16 декабрдаги ПП-1443  қарорига асосан Ислом тараққиёт банкининг инвестицияси иштирокида “Тошкент шаҳар канализация тармоқларини  такомиллаштириш” лойиҳаси доирасида реконструкция ишлари учун 20 млн. 806 минг. 661 АҚШ доллар маблағ ажратилган эди.   Келишувнома Хитой компаниялар консорциумига «CNI 22 & SUCDRI» берилиб, маблағ тақсимотига кўра  Салар туйинтириш иншооти буйича — 10 млн. 900 минг. 329 АҚШ доллари, Бўзсув аэрациястанцияси буйича- 9 млн. 032 минг. 911 АҚШ доллари ва Бектемир окава сув тозалаш иншооти буйича — 873 минг. 421 АҚШ доллари миқдорида реконструкция ишлари амалга оширилди ва иншоотнинг асосий ускуналар ҳамда механизмлари, яъни  насос қурилмалари, хаво ҳайдаш агрегатлари, механик панжаралар,  бирламчи ва  иккиламчи тиндиргичлар учун қуйқани йиғиш ва тортиш механизмлари, аэрация  тизимлари ва электр ускуналари алмаштирилди. Ислом тараққиёт банкининг инвестиция лойиҳаси буйича ер казиш ва юк  ортиш ташиш автоуловлари харид қилинди.    Кимёбактериологик лаборатория биноси мукаммал таъмирланиб, янги замонавий асбоб ва ускуналар билан таъмирланди.

Аэрация тўйинтириш иншооти билан таништирув механика бўлимидан бошланди. Мазкур бўлимнинг асосий вазифаси 11 дона механик панжараларида   йирик жисмларни ушлаб қолиш ва 16 дона шулардан 8 дона д-20мли  ва 8 дона д-40мли   бирламчи тиндиргичларида 1,5 соат тиндирилиб, оқава сувлардан муаллақ моддаларнинг 50-55 % ажратиш саналади. Тутиб қолинган қуйқа жадвалга мувофиқ тиндиргичлардан қайта ишлов беришга ҳайдалади, тинган оқава сувлар биологик тозалашга келиб тушади.

— 2016 йилда бўлимнинг 11 дона механик панжаралари янги замонавий панжараларига алмаштирилди, 8 дона д-20м тиндиргичлар ҳовузларига янги замонавий қуйқа йиғиш ва  6 дона замонавий электр энергия сарфини 10% га тежайдиган Grundfos насос ускуналари ўрнатилди, -дейди суҳбатимизни давом эттириб Комилбой Сарибоев. Афсуски, аксарият аҳолимиз канализация хизматидан тўғри фойдаланишни билмайди.Кўп ҳолатларда канализация қувурларидан йирик, қаттиқ предметлар, сўйилган ҳайвонларнинг  ичаклари ва бошқа чиқиндилар келади. Буларнинг барчаси нозик механизмларга урилиб, ўралиб қолиб, уни ишдан чиқаради. Албатта бу борада аҳоли ўртасида оммавий ахборот воситаларида канализациядан фойдаланиш маданияти хусусида кенгроқ тушинтириш ишлари олиб бориш зарур.

Бир  маромда ишлаётган ускуналарнинг ишини кузатар эканмиз, ҳақиқатдан ҳам оқава сувлар билан келган йирик чиқиндиларга кўзимиз тушди. Иншоот ходимларининг айтишларича, баъзи бир қушхоналар тунда канализация қувурларига чиқиндиларни ташлашар экан. Албатта, бундай пайти битта  чиқиндиларни ушлаш агрегати тўхтаб қолса, бутун иншоот тизимининг ишдан чиқиши табиий, бу эса пойтахтимиз учун катта экологик хавф туғдириши мумкин. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш иншоотда иш тунги сменада ҳам давом этади.

Иншоотнинг иккинчи, биологик бўлимига ўтдик. Бўлим оқава сувлардан механик ишлов беришдан кейин қоладиган  эриган ва муаллақлашган органик  моддаларни ажратиб олишга  мўлжалланган. Бу ишни лойқа аралашмасини парчалаш учун   мўлжалланган, умумий қуввати бир суткада  970.000 м3 булган 2 гуруҳ аэротенкалар ва 2 гуруҳ иккиламчи радиал тиндиргичлар   бажаради.

Иншоотнинг биологик тозалаш бўлимининг етакчи мутахассиси Мурод Раҳимжоновнинг айтишича, бу ерда оқава сувлар фаол балчиқ билан тозаланади. Чўкиб қолган фаол балчиқ (активный ил) иккиламчи фойдаланиш учун  аэротенкаларга қайтарилади. Тиндирилган окава сув зарарсизлантиришга ва Салар каналига оқизиб юборишга  йўналтирилади.

Фаол балчиқ  — сувни тозалашда қўлланиладиган бактериялар ва оддий микроорганизмларнинг  жамланмаси. Мазкур усул илк маротаба Буюк Британияда 1913 йилда қўлланилган. Микроорганизмлар сувни асосан азот ва фосфор бирикмаларидан тозалайди.

Иншоотнинг кейинги -оқава сувларни зарарсизлантириш бўлимига ўтамиз. 1996 йилга қадар бу жараён газ ҳолатидаги хлор билан   амалга оширилар эди. 1996 йилдан бошлаб зарарсизлантириш техник туз  эритмасидан электролиз усулида олинадиган гипохлорит натрий билан бажарилмоқда.Станцияда — 8 та д-33 м, 14 та д-40 м иккиламчи   тиндиргичлар ва — 3 та L – 60 м, 7 та L – 108,5 м  аэротенкалар   мавжуд. Ҳаво ҳайдаш станциясида – 4 дона  HOWDEN-SG80A-cvc русумли хаво хайдаш агрегатлари ўрнатилган. Айланма балчиқни аэротенкаларга қайтариш автоматик жараёнда  ишловчи циркуляция Grundfos насослари  ёрдамида амалга   оширилади. Иккиламчи тиндиргичларда тиндирилганидан кейин оқава сувлар гипохлорит натрий билан зарарсизлантиришга келиб тушади.

—  Гипохлорит натрий ишлаб чиқариш учун умумий сиғими 328 м3 ни  ташкил этадиган 56 дона қурилма ўрнатилган. Тайёр гипохлорит натрийни йигғиш учун  умумий сиғими 140 м3 ни ташкил қиладиган 2 дона идиш ўрнатилган, дейди ишлаб чиқариш-техник бўлимининг мутахассиси Маргарита Стрежилковская. – Оқава сувларга қўшиладиган гипохлорит натрийда фаол хлор миқдори 2,5-3,0 г/л.  Оқава сувларни Салар каналига қўйилиш жойида қолдик хлор 1,5 мг/л. Миқдорда бўлиши таъминланади. Қолдиқ хлор миқдори ҳар бир соатда  аниқланади.

Иншоотнинг асосий бўлимларидан бири бу чўкмани  қайта  ишлаш  бўлимидир. Унда чўкмага ишлов бериш мақсадида Салар туйинтириш иншоотида корхона ходимлари томонидан ишлаб чиқилган аэроб стабиллаштириш усулидан фойдаланилади. Майдончаларда чўкмаларга технологик ишлов берилганидан кейин улар 95 –96 %  намликка қадар кўпчитилади.

  Кимё – бактериологик  лабораторияси бўлими иншоотнинг юрагидир. Айнан шу ерда оқава сувлар тозаланиши устидан кимёвий, чўкмага ишлов бериш устидан, оқава сувларни тозалаш ва зарарсизлантириш устидан гидробиологик ва бактериологик назорат бўлимлари мавжуд.  Бу ерда бактериологик анализлар ҳар босқичда ҳафтада 4 марта олинади.

— Сув 5 та кўрсаткич бўйича таҳлилга оламиз. Бу BH, яъни  муҳит ишқорлими ёки фаолми,  азот- анил, оқава сувнинг ҳарорати, ҳажм бўйича қуйқанинг ҳосил бўлиши ва маълум ҳажмдаги моддалар миқдори. Умумий тўлиқ таҳлиллар эса 27 кўрсаткич, яъни оқава сувнинг умумий ҳолатини аниқлаш бўйича амалга оширилади, дейди биз билан суҳбатда бош технолог Эльмира Тинчерова. — Бунга кислороднинг биологик истеъмоли, яъни органик моддаларнинг миқдори, шунингдек, нитратлар, нитритлар, оғир металлар, фосфатлар, ювиш воситалари, нефть маҳсулотлари ва ҳоказолар киради. Нефть маҳсулотлар  биринчи тиндиргичларда ушланиб қолинади,  ювиш воситалари эса биологик тозалашда зарарсизлантирилади.

Кимё–бактериологик  лабораториясининг аниқланган натижаларига асосан

технологик жараён белгиланади. Тозаланган иккиламчи сув қишлоқ хўжалигида экинларни суғориш, балиқчиликни ривожлантиришда фойдаланади. Бугун Салар тўйинтириш иншоотида 279 нафар ходим туну-кун меҳнат қилади. Аксарият ҳолатда уларнинг меҳнати кўзга кўринмайди. Аммо шаҳримизнинг тозалиги, аҳолининг соғлиғини асрашда уларнинг ҳиссаси беқиёсдир. Оқава сувларни тозалаш  жараёни билан танишар эканмиз иншоотнинг ҳушмуомала, очиқ юзли ходимларининг  журналистлардан илтимоси  битта бўлди, у ҳам бўлса канализация тизимига турли хил унинг ишлаши ва механизмларнинг бузилишига халақит берувчи чиқиндиларни ташламаслик.

Иншоотнинг фаолият жараёни билан танишар эканмиз, аҳолига қуйидаги канализациядан фойдаланишнинг б ир нечта қоидаларини эслатиб ўтишни жоиз деб билдик.  Канализацияга қувурларни ифлослантирувчи ва тозалаш механизмларни ишдан чиқарувчи:

—  озиқ –овқат маҳсулотлари  қолдиқларини;

— сўйилган ҳайвон ва паррандаларнинг ичак-чавоқларини;

—  латта, пахта, шиша, сопол ва бошқа турдаги идиш синиқларини;

—  ёғоч, пластмасса идиш бўлакларини ташламаслик лозим.

Уйда, кичик хусусий корхоналарда мазкур чиқиндиларни йиғиш ва ахлатхонага ташлаш учун махсус идишлар бўлиши мақсадга мувофиқдир.

Ишлаб чиқарувчи корхоналар эса заҳарли кимёвий моддалар, буёқ билан ифлослантирилган оқава сувларни бирламчи тозалашдан ўтказгандан сўнггина, канализация қувурларига ташлашлари шарт. Ушбу оддий қоидаларга риоя этиш атроф-муҳитни тоза сақлаш, инсоннинг бебаҳо бойлиги соғлиқини асраш учун жуда муҳим. Буни унутмаслик лозим!

Наргис Қосимова

Улашинг: