Уй ҳайвонларининг умри турлича. Айниқса автомобиль йўлларида инсоннинг энг яқин дўстлари бўлмиш ит ва мушукларни тез-тез уриб кетиш ҳолатлари кузатилмоқда. Йирик шаҳарларда эса ота-оналар ўз фарзандларига ҳали кичик ит ва мушукчаларни овунчоқ сифатида олиб бериб, улар катта бўлгач, кўчага улоқтиришаётганлигига кўплаб мисоллар келтириш мумкин.
Очлик ва турли хил стресслардан касалланган дайди ҳайвонлар аксарият ҳолатларда инсон саломатлигига хавф туғдиради. Республикамиз вилоятлари ҳамда шаҳарларнинг ободонлаштириш бошқармалари қошида уларни ушлаш учун махсус бригадалар тузилган. Улар қаровсиз ҳайвонларни овлашади. Аммо бу бригадалар томонидан ушланган ҳайвонлар афсуски махсус текширувдан ўтказилмайди. Улар соғми, касалми бари ўлдирилади. Бундай ваҳшиёна муносабат аксарият ҳолда қаровсиз қолган уй ҳайвонларни сақлаш питомнигининг Ўзбекистонда йўқлиги сабабли амалга оширилади.
— Жиззах вилоятида ушланиб, ўлдирилган қаровсиз ҳайвон жасадлари Жиззах вилоятидан 24 километр узоқликдаги чиқиндихона полигони ҳудудидан ажратилган қаровсиз ҳайвонлар қабрстонига кўмилади, дейди Жиззах шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Баҳодир Отажонов. -Қабристонда 6 метр ҳандақ бўлиб, унга ҳайвонларнинг жасадлари ташланади ва зарасизлантирувчи кимёвий моддалар сепилиб, кўмилади.
Ҳар бир жонзотга меҳр кўрсатиш, ёрдам инсонни инсон қилиб турувчи хислатлардан биридир. Бугун мамлакатимизда табиатни асраш, экологик муаммоларни ҳал қилиш борасида қатор ишлар қилинмоқда. Аммо ҳануз давлат миқёсида қаровсиз қолган ҳайвонларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиб, уларни асрайдиган питомниклар ташкил қилинмаган. Ваҳоланки ўзини ҳурмат қилган ҳар бир жамиятда қаровсиз қолган уй ҳайвонлари учун қароргоҳлар мавжуд. Ҳар бир уй ҳайвони ҳам табиатдаги барча тирик жонзот сингари меҳрга муҳтож. Буни унутмаслик лозим!
Наргис ҚОСИМОВА