751

Аёлнинг ўрни ошхонадами? Ёхуд ТВда аёллар стереотипи қандай шаклланмоқда? (1-қисм)

Эркак ва аёллар ўртасидаги гендер тенгсизликка асрлар давомида шаклланиб келган гендер стереотиплар сабабчи. Стереотип – юнонча сўздан олинган бўлиб, (στεрεός —стереолар), “таассурот, қолип” деган маънони англатади. “Гендер стереотиплари” тушунчасига, биринчидан, эркаклар ва аёлларни ифодаловчи хусусият ва таърифлар киради. Иккинчидан, гендер стереотипларида эркак ва аёллар жинсига хос бўлган меъёрий хулқ-атвор намуналари мавжуд бўлади. Учинчидан, гендер стереотипларида эркаклар ва аёлларнинг жинсий, хулқ-атвори, касби, оиладаги ўрни борасидаги жамоатчилик фикри ўз ифодасини топади ва буни реал ҳаётда кўришимиз мумкин.

Аксарият ўзбек оилаларида аёллар эрининг ижозатисиз ўқимайди, ишламайди. Ҳаттоки, фарзандлар онадан бирор нарса сўраганида, “отанг нима деса шу” деган жавобни эшитади. Бунинг оқибатида фарзандларда “отам онамдан устун” ёки “отамнинг фикри онамникидан муҳим” деган тушунча пайдо бўлади. Натижада, уларнинг онгига сингган гендер стереотиплар ҳаётда ўз таъсирини кўрсатади. Ўзбекистонда маоши кам ижтимоий соҳаларда аёллар кўпроқ фаолият юритиб, раҳбар лавозимларда, иш ҳақи  юқори бўлган техник соҳаларда эркаклар ишлайдилар. Буларнинг барчаси аҳолида гендер тенглик ва нотенглик борасидаги қотиб қолган қолиплар сабабдир. Оммавий ахборот воситалари, фильмлар, рекламалар аёл ва эркак образларини, уларнинг ҳаётда, жамиятда ўзларини қандай тутишлари лозимлиги борасидаги  стереотипларни шакллантиради. ОАВ материаллари орқали саноат, сув, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари, экология соҳалари ва деярли барча лавозимларда раҳбарлик айнан эркаклар томонидан амалга оширилиши мумкинлиги, аёллар эса тикувчи, ҳамшира, ўқитувчи бўлиши мумкинлиги “қоғозга ўралган” ҳолда уқтирилади. Аксарият ҳолларда аёл образи медиада қурбон, ожиз, ўз фикрига эга бўлмаган, нопрофессионал, ҳиссиётли, ғийбатчи, маданиятсиз шаллақи сифатида кўрсатилади. Буни “Қодирхон”, “Қайнона ва келин”, “Исканжа”, “Сенсиз”, Мазлум” сингари ўзбек сериалларида, “Жазман ёхуд аянчли хотима”, “Армон”, “Шаллақи”, “Янги куёв”, “Бевафо” сингари ўзбек фильм қаҳрамонлари мисолида ҳам кўриш мумкин.  “Шаллақи”, “Бевафо”, “Фоҳиша”, “Хиёнаткор келин” каби фильмларнинг номланишиданоқ томошабинда аёлларга бўлган салбий муносабат шаклланади.

2021 йил декабрь ойининг ҳолати бўйича Ўзбекистонда 1636 та ОАВ  рўйхатдан ўтган бўлиб, уларнинг деярли ҳаммасида, у хоҳ хусусий, хоҳ давлатники бўлсин, гендер стереотипларини кузатиш мумкин.

Ўзбекистон аҳолисининг  аксарияти “Севимли”, “Миллий ТВ”, “My5” телеканалларида бериб бориладиган реалити ва ток-шоуларнинг томошабинидир. Айнан уларда аёллар ва эркакларнинг оиладаги роллари қандай бўлиши кераклиги муҳокама қилиниб, томошабин онгига сингдириб борилади. Масалан, “Севимли” телеканалида “Олов пазанда” реалити-шоусида турли касбдаги хотин-қизлар ОШХОНАдаги маҳоратларини кўрсатишади. Биринчи мавсумда танлаб олинган 5 та аёлга берилган рецепт ва 200 минг сўм пул билан 4 хил таом тайёрлашлари лозим бўлади. Таомларни эса бошловчи Маърифат Ортиқова раҳбарлигида қолган иштирокчилар баҳолашади.

Аввало реалити шоуда  “аёлнинг ўрни биринчи галда ошхонада” деган ғоя сингдирилса, иккинчидан, ҳар бир қатнашчи албатта рақиби келгусида ўзидан ўзиб кетмаслиги учун унга пастроқ балл қўйишга ҳаракат қилиши яққол сезилади. Энг асосийси, кўрсатув давомида қаҳрамоннинг касбий ютуқлари, аёлнинг жамиятдаги ўрни ҳақида эмас, гап фақат овқат пишириш, уй тутиш  ҳақида боради. Ёки мазкур телеканалдаги “Маҳаллада дув-дув гап” ток шоусида “Қайнона келинини  чиндан ҳам дўппослайдими?” номли сонида қайнонаси дўппослагани учун уйига кетган келин дарди эшитилади.

Воқеада қайнона келини икки фарзанди билан кетиб қолгач, ўғлини бошқага уйлантирган. Ток шоуга таклиф қилинган мутахассислар бошловчи Турсуной Алимова билан биргаликда кўрсатув сўнггида 22 ёшли келинни “баъзи жойларда ёлғон сўзлаётганликда” айблашади. Чунки жамиятимизда “ҳар нарсага аввало аёл киши айбдор, қарс икки қўлдан чиқади” деган тушунчалар сингиб кетган. Кўрсатувнинг мақсади юзага келган вазиятда, яъни кўчада фарзанди билан қолган жувонга ёрдам беришми ёки  қонуний ажрашмай туриб уйланиб олган эркакнинг тарафини олишми, тушунарсизлигича қолади. Томошабин эса “Эркак нима иш қилса ҳам ҳақ” деган хулосага келади. Буни биз «ЗЎР ТВ» да 2020 йилнинг охирларида намойиш этила бошлаган «Ёр-ёр» кўрсатувида ҳам кўришимиз мумкин. Унда журналист Муҳаббат Ҳамроева, ҳожи она Омина Каримова ва сўз устаси Тўхтамурод Азизов кўрсатувга келганларга ўзларини қизиқтирган саволларни беришади.

  • Турмушга нега чиқмадингиз 30 ёшга кириб?
  • Кўп болали оилага тушишни истайсизми?
  • Отаси йўқ деб айтганлар бўлганми, совчилар келишганда?
  • Оилага тайёрмисиз? Йигитни севиб қолиб, оиласига кириб боргач, қандай тутасиз ўзингизни?
  • Қўлингиздан нима иш келади? Оилага қандай ҳисса қўшасиз?

Куёвликка номзодларга эса оилани боқиш қўлидан келиши, турмуш ўртоқликка қандай талаблари борлиги сўралади, холос. Ушбу кўрсатувда хотин-қизларни мустақил шахс сифатида ўз фикрига эга бўлмаган, доим ўзини бошқа оила аъзоларига тобе ҳисоблаши керак бўлган, ҳар доим “хўп”, деб турадиган уй бекаси, уй тозаловчи сифатида намоён этилиши аёлларнинг қадр-қиммати камситилиши, деб баҳолаш мумкин. Бу кўрсатув жамиятда гендер стереотипларини тарғиб қилишда катта роль ўйнайди. Ёки “Тошкент” телеканалида 2022 йилнинг 19 апрель куни берилган (такрорий) “Иш ёки оила?” мавзусидаги кўрсатувда чақирилган экспертларнинг ўзи оилада аввало “хотин ишласа ҳам уй юмушларини бажариб, болаларини эплаб қўйиши лозимлиги”ни таъкидлашди. Фақат бир эксперт оилада эр ва хотин ўзаро бир бирини қўллаб-қувватлаши учун йигитларни ҳам оилавий ҳаётга тайёрлаш кераклигини айтиб ўтди.

Наргис Қосимова

Улашинг: