489

«… БИЗГА ЯРАШИШ УЧУН МУДДАТ БЕРИЛГАЧ, СУД ЗАЛИДАН ЧИҚИШИМИЗ БИЛАН ЭРИМ МЕНГА ТАШЛАНДИ…”

Бизнинг бугунги ҳикоямиз Бухородан. Машкура (исмлар ўгартирилган) 1146 – “Ишонч телефони”га ўз муаммоси билан қўнғироқ қилгач, унинг мурожаати Бухоро вилояти Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказига йўналтирилди. Қисқаси, аёлнинг кечмиши қуйидагича:

Машкура ва Азамат бир бирларига маъқул келиб қолгач, учрашишни бошлашди. Бироқ, томонларнинг ҳеч бири бу иттифоқдан хурсанд бўлмади. Лекин йигит ва қиз бир-бирини севишарди. Машкура ота-онасига Азаматдан бошқа ҳеч кимга тегмаслигини айтиб, оёқ тираб туриб олгач, ноилож тўй бўлди.

Азаматнинг катта оиласига келин бўлиб тушган Машкуранинг зиммасига барча оғир ишлар юкланди. У тонг отмасдан турар, нон ёпар, молларга қарар, ҳовлини супурар, овқат қилар, уй тозалар, томорқада ишлар эди. Катта ҳовлида қайнона-қайнотасининг оиласидан ташқари, қайнотасининг яна иккита ака-укаси оиласи билан яшарди. Орадан 9 ой ўтиб, Машкура ўғил фарзанд кўрди. Эри ҳар доим хотинини қаттиқ рашк қиларди. Шу сабабли Азамат томонидан Машкурани калтаклашдан бошланган зиддиятлар жисмоний суиистеъмолчиликка айланди. Хотинига кўчада бирор кимса ногаҳон қараб қўйса ҳам Азамат хотинини дўппослашдан чармасди. Боз устига, қайнонаси ҳам оловга мой сепарди. У ҳам ўғлига хотинининг енгилоёқ эканини доим ёзғийверарди. Шундай кунларда қишлоқда иш тополмай қийналган Азамат ўртоқлари билан Россияга ишлагани кетгач, Машкура учун янада қора кунлар бошланди. Қайнонаси энди унга очиқдан очиқ зулм ўтказишга ўтди.

Машкура Россияда ишлаган Азаматнинг қайтганига хурсанд эди. Айниқса эрининг алоҳида ижарага кўчиб ўтишлари ҳақидаги хабари аёлни жуда қувонтирди. Доимий равишда қариндошларининг тазйиқлари ва ҳаётларига аралашувидан қочиб, Машкура ва уларнинг никоҳларида ёруғ кунлар бошланишига умид боғлади.

Аммо барибир Азаматнинг қариндошлари бу ерда ҳам Машкурани тинч қўйишмади. Ёмонотлиқ бўлган келинчак деярли ҳар куни эридан калтак ерди. Бундан хабар топган Машкуранинг ота-онаси куёв билан жиддий гаплашишга келишди. Ўртадаги даҳанаки жанжал охир оқибат муштлашувга айланди. Шундан сўнг иккала томон бир қарорга келишди – ажрашиш. Машкуранинг отаси қизини эридан ажратиб олиб, невараларини ҳам олиб кетмоқчи бўлганида, Азамат кичик ўғлини ҳеч кимга бермаслигини айтди…

Суд куни белгиланди. Судья ёш оилага ярашиш учун вақт белгилади. Суд биносидан чиқибоқ, Азамат онаси томонидан хотинининг бузуқлиги ҳақидаги қулоғига қуйилган сўзлар, суд жараёнидаги қайнона-қайнотаси томонидан айбловлардан ғазаб отига миниб, Машкурага қўл кўтарди…

 “…Бизга ярашиш учун муддат берилгач, суд залидан чиқишимиз билан эрим менга ташланди. Аммо эрим ва унинг оиласи мени калтаклагани ҳақида менга ҳеч ким ишонмади. Ҳуқуқ-тартибот органларига эримнинг оиласи айтганидек ёлғончи эмаслигимни исботлаш учун менга вақт керак бўлди. Уларга ишониб, менга ишонишмаганлиги алам қилди. Жамиятимизда негадир доимо аёл айбдор»-дейди Машкура.

– Машкура марказимизга келганида жуда қаттиқ стресс ҳолатига тушган эди, – дейди Бухоро вилояти Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази директори Нодира Нажмитдинова. – Бу очиқ-ойдин ҳолат, эрининг тажовузи аллақачон чегарадан чиқиб бўлганди. У Машкурага таҳдид солиб, таъқиб қилди. Аввало аёлга психологик ёрдам кўрсатилиб, бўлиб ўтган ишлар бўйича ёрдам сўраб Ички ишлар бўлимига мурожаат қилдик. Машкурага эрининг оила аъзоларига нисбатан Ҳимоя ордери олиб берилди. Шунингдек, суд биноси атрофидаги воқеадан сўнг кейинги суд мажлисини онлайн тарзда ўтказилишини сўрадик. Бандлик марказининг кўмаги билан Машкурани заводга ишга жойладик. Суд қарорига кўра, унинг иккинчи фарзандини ҳам отасидан олиб, онасининг бағрига қайтардик. Алимент ундириш ҳақида ҳам қарор чиқди. Ҳозир Машкура фарзандлари билан ўз ота-онасиникида яшамоқда.

Жувонни ҳали ҳамон қўрқув ва ваҳима тарк этмаган, ҳозирча у ўзининг ёмон туйғуларини назорат қилиш ва уларни енгишни ўрганмоқда.

Наргис Қосимова

 

Улашинг: