488

“Бироз чида, болали бўлсанг ҳаммаси яхши бўлади….”

Несибали (исмлар ўзгартирилган) вояга етганида нафақат ўз маҳалласи, балки ён атрофдагиларидан ҳам совчилар оқиб кела бошлади.  Қош-кўзи қоп-қора, киприклари найзасимон, қуралай кўзларини сурма тортгандек ўраб туради. Ёноғидан қизиллик аримайди.  Икки бетидаги кулгичлари ҳар жилмайганида хуснига ҳусн қўшади.  10 синфни битирар-битирмас, қизига келаётган совчилардан шошиб қолган ота-онаси Несибалини турмушга беришга қарор қилишди.  Ҳали ўқиш нияти борлигини айтган  қизига онаси “Қиз боланинг бахти эрида,   оила қуриб, тинчиб кетсанг,  аёл киши учун шунинг  ўзи катта бахт” дерди.  Несибалидан икки синф юқори ўқиган Тўланбой анчадан бери қизнинг ишқида ёнар,  унинг йўлини тўсиб, дил изҳорларини айтишдан чарчамасди. Кунига 3-4 марта йўлидан чиқадиган, бир умр қўлида кўтариб юришга ваъда бераётган йигит аста-секинлик билан  балоғатга етиб,  орзулар уммонида сузиб юрган қизнинг кўнглидан жой ола бошлади. Охир -оқибат  яна совчилар эшик қоқишганида Несибали онасига дардини айтди.

-Ҳа, қўшни маҳалладаги Малоҳатнинг ўғлими? Яхши оила. Бир отанг билан маслаҳатлашайчи.

Шу гаплардан сўнг қизнинг юраги ўйнаб кетди. Уялганидан ошхонадан қочиб,  ҳовли четидаги  молхонанага кириб, ширин ҳаёлларга берилди.

Эртаси куни Тўланбой билан учрашувга чиққан қиз, ота-онаси розилигини, йигит совчи жўнатиши мумкинлигини айтди. Бахтиёр ёшлар шу куни  сайр қилиб, кунни қандай кеч қилишганини сезишмади ҳам.

Ўғлини уйлантириш пайига тушган онасига кўнглидан аллақачон Несибели жой олганлигини айтган Тўланбой балога қолди.

-Вой, сенга тегаман деб қараб турган қиз тиқилиб ётибику. Келиб-келиб ўша қизни келин қиламанми? Улар бизнинг тенгимиз эмас. Отаси оддий ишчи бўлса? Сен бола эсингни еганамисан? Отанг бунга ҳеч қачон рози бўлмайди!

-Она, мен ундан бошқасига уйланмайман. Агар Несибали хотиним бўлмаса,  Россияга кетаманда, қайтиб келмайман.

Тўланбой фикрида собит эканлигини сезган  Зулейҳа жимиб қолди.

Қўшни маҳалларда ҳам овоза бўлган тўй бўлди. Несибали  бахтдан  чиройига ўн чирой қўшилиб гўшангига кирди. Тўланбойнинг ҳам оғзи қулоғида. Ахир шунча йигит орзу қилган қиз айнан уники бўлган эди.

Тўйдан сўнг фақатгина бир киши, Зулейҳанинг чиройи очилмади.   Тўйдан сўнг тўртинчи куниёқ қайнона янги келинга  зуғум қила бошлади.

-Ҳа, онанг сенгга  чой дамлашни ўргатмаганми? Чойми бу ювиндими?

-Қўлинг сингур, кирни ҳам шундай ювадими?  Тоза бўлмабдику?

-Ҳар , эринг ошиб-тошиб бозор қилиб  келаяптими овқатга ёғни ўлчамай соласан?

Ҳар куни такрорланадиган “тирноқ тагидан кир қидириш”ларга қайинсингиллари ҳам қўшилишди.

Онасининг, сингилларининг ҳар куни Несибалини ёмонлашлари Тўланбойга ҳам таъсир қила бошлади. Энди  шундоғам тинмай  уй юмушлари билан банд бўлган, деярли овқат  емайдиган хотинига қўл кўтара бошлади.

Уйга борганида онасига дардини айтганида “бироз чида, болали бўлсанг ҳаммаси яхши бўлади” деб юпатиб, қизини ортга қайтарарди.

Оилали қайин сингиллар  ҳар ойда фарзандлари билан ота-онасининг уйига келган кунлари Несибали учун ҳақиқий дўзахга айланарди. Шу даражага бордики, улар ташқарига чиқмай, тунда ҳожат чиқарган тувакларигача  Несибалига тозалата бошлашди.

Ҳомиладор бўлган Несибали ҳолдан тойиб,  аввалгидек уй юмушларини чаққонлик билан қила олмагани учун икки баробар кўп тазйиққа учрай бошлади.  Бу сафар ҳам келган қайнисингиси эрталабдан бақир-чақир қилиб, энди нонуштадан сўнг дастурхонни йиғиб олаётган Несибелига  хонасидаги тувакларни тозалаб қўйишни буюрди. Токсикоз бўлиб, зўрға юрган Несибелини бу сафар сабри тугади:

-Етар, ўзингиз ва болаларингизнинг ахлатини ўзингиз тозаланг, — деганди, Лобар қўлидаги пиёлани Несибелига қараб отиб, унинг юзига шапалоқ тортиб юбордида, сўнг сочига ёпишди. Уйдаги бақир-чақир, тўс-тўпалоннинг устидан чиқиб қолган қўшни аёл  прфилактика инспектори, маҳалла ходимларини чақирди.

Қайнона, қайинсингил, Несибелини ўртага олиб суҳбатлашишгач, уларни “яраштириб” маҳалладагилар ортга қайтишди.

Аммо улар кетиши билан Зулейҳа қизи билан “нега милиса чақирасан, нима бизни қаматмоқчимисан?” дея яна келинчакни ҳақоратлай бошлашди. Кечқурун ишдан қайтиб, кўпиртирилган воқеани эшитган Тўланбой “ҳали сенми менинг синглимни ҳурмат қилмайдиган” деб, хотинини ўласи қилиб калтаклади. Агарда Тўланбойнинг отаси келиб, ўғлини қайтармаганида,  Несибели майиб бўлиб қолиши аниқ эди.

Шу зайлда ўтаётган қора кунлар   тобора тушкунликка тушиб бораётган келинчакка тугамайдигандек кўринарди. Шу куни эри ва қайнотасини ишга кузатиб, қайнонаси  қўшниникига чиқиб кетганидан фойдаланган Несибали ҳаёт билан видолашишга қарор қилди. Молхонага кириб, тўсинда илиғлиқ турадиган арқонни олиб, тўйиб  йиғлади, сўнг ундан сиртмоқ ясаб ўзини осди. Шу пайти уйга қайтган Зулейҳа Несибелини чақириб, уни топа олмагач, келинини қарғаганича негадир безовта  маъраётган сигирдан хабар олиш учун молхонага кириб, даҳшатдан чинқириб юборди. Молхона тўсинида жон талвасасида типирчиаётган Несибали осилиб турарди.

“Ёрдам беринглар”, деб бақирганича Несибелининг оёқларига ёпишиб, уни амаллаб ечиб олган Малоҳат зудлик билан “Тез ёрдам” чақирди. Бахтига келини тирик қолди.

Касалхонада даволаниб чиққан келинчак, шундан сўнг рушнолик кўрмади. Фарзанди дунёга келгач,  “ялқовсан, болани ҳам, уйни ҳам эплай олмаяпсан” дея Зулейҳа унга кўз очирмай қўйди. Навбатдаги калтакдан сўнг  маҳалла фаоли Озода опа Несибелини  Сайра Насирова раҳбарлик қилаётган Реабилитация ва мослаштириш марказига олиб келди.

Кучли стрессда, ўта тушкунликдаги Несибели  Марказда бир ой давомида яшади. Марказ психологи Роза Аманова томонидан унга кўрсатилган психологик ёрдам, жувонга руҳий далда  бўлди. Марказ юристи Несибелининг қайнона-қайнотаси, эри билан гаплашиб, оиладаги зўравонлик учун жиноий жавобгарлик борлигини тушунтиришди. Фарзанди билан уйга қайтган Несибели, эндилика турмуш ўртоғи билан алоҳида яшамоқда.

Марказ ходимлари, Ички ишлар назоратида бўлган оила тинчиб, ниҳоят ёшлар ўз бахтини топишди.

Шу ўринда бир савол туғилади. Ўзганинг фарзандини инсон сифатида кўрмай унга зулм ўтказишдан наҳотки баъзи қайноналар роҳатланса? Зеро, ҳар қандай бошқа  инсонга нисбатан зулм қилиш, ҳақоратлаш, калтаклаш жазосиз қолмаслиги керак. Профилактика инспекторлари бундай ҳолатда “суҳбат ўтказиб, яраштириш”гина эмас,  зулм қилаётган шахсни  жавобгарликка тортиши ҳам лозим.

Наргис Қосимова

Улашинг: