480

“…УЙГА ҚАЙТАРИБ ЮБОРСАНГИЗ, БАРИБИР ҚОЧИБ КЕТАМИЗ…”

Зулайҳо ва Замира (исмлар ўзгартирилган) ҳали мактаб ўқувчилари, бири 10-, бири 9-синфда ўқийди. Аммо опа-сингил ота-онаси билан яшашмайди, уйдан қочиб кетишган. Сабаби, оиладаги сурункали можаролар, нотинч вазиятнинг ҳукмронлиги. Оталари Зуҳриддин кайфу сафога берилган, ҳар куни ичиб маст бўлиб, хотинини аямай калтаклайди, эндигина балоғат ёшига қадам қўяётган қизларини куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлайди. Уйда фақат ур-сур, ҳақорат, хўрлаш ва таҳқирлашлар. Боз устига, оналари ҳам оталаридан еган калтагининг бор аламини қизларидан олади, уларни турткилаб, тинмай қарғайди.
…Ўша куни мактабдан чиқиб, дугоналари билан кўчада айланиб, қош қорайганида қайтган опа-сингиллар уйга киришлари билан оналаридан тарсаки ейишди. Салима бўйи ўсиб, ақли кирмаган саёқ юрган қизларини роса қарғади. Унга ичиб келиб, оёқда зўрға турган Зуҳриддин ҳам қўшилиб, уларни бўралатиб сўкиб кетди. Жанжалнинг устига келиб қолган Зулайҳо ва Замиранинг бобоси юм-юм йиғлаётган невараларини ўз ҳовлисига олиб кетди.
– Бобожон, нега дадам доимо ичади? – Замира индамай кетаётган бобосидан сўради.
– Э, она қизим, сизлар оналарингга ўхшаманглар. Онангиз бошқа эркаклар билан юради. Шунга куйганидан дадангиз ҳам ичади.
– Ёлғон гапиряпсиз. Онам ҳеч ким билан юрмайди. Дадам уйга бир тийин олиб келмайдилар, фақат ичиб келиб ойимни, бизни урганлари урган.
– Эй, сенлар нимани ҳам билардиларинг, – дея бобо қўл силкиб қўйди…
Бобоси ва бувисиникида бир ҳафтача яшаган Зулайҳо ва Замира ҳар куни оналари ҳақида ёмон гапларни эшитавериб, охири бунга ростдан ҳам ишониб қолишди. Боболари уларни яна ўз уйларига олиб келган куниёқ, бу уйда бобосининг таъбири билан айтганда, “ифлос” оналари билан турмасликка қарор қилишди. Икки кун кўчадаги ўриндиқларда ётиб юрган Зулайҳо ва Замирани ички ишлар ходимлари уйларига олиб бориб қўйишди. Аммо қочиб кетганликлари учун отасидан сўкиш эшитиб, калтак еган опа-сингиллар яна уйдан чиқиб кетишди. Тўғрироғи, мактабдаги дарслардан сўнг уйларига қайтишмади. Уларни топган профилактика инспектори бу сафар қизларни Наманган вилояти Реабилитация қилиш ва мослаштириш марказига олиб келди, Марказ раҳбари Назира Раҳимжоновадан қизларни олиб қолишини сўради. Уйдаги низолар ҳақида айтиб берди.
– Зулайҳо ва Замира ҳозир айнан ўтиш даврида. Албатта, бу пайтда ҳар бир ўсмирда руҳий ва физиологик ўзгаришлар юз беради. Қизларнинг иккаласи ҳам мунтазам калтак ва ҳақоратлар, бобо ва бувиси томонидан онасини чиқиштирмасликни кўриб, улғайишган. Йиллар давомида йиғилган стресс қизалоқларни атрофдагиларга нисбатан жаҳлдор қилиб қўйиб, бу нарса айниқса ҳамма ёмонлайдиган оналарига нисбатан нафратнинг уйғонишига сабаб бўлган, – дейди Марказ раҳбари Назира Раҳимжонова. – Психологимиз қизлар билан кўп ишлади. Аввал улар мактабга боришни ҳам, уйга қайтишни ҳам исташмасди. Ҳозир уларнинг аҳволи бирмунча яхши. Бошпанамизда маълум муддат яшаб, психологларимиз улар билан мунтазам машғулотлар олиб боришгач, қизлар анча тинчланиб, яна мактабга қайтишди. Улар Марказимизнинг бошпанасидан мактабга қатнашди, чунки қизлар оёқ тираб туришибди, “уйга қайтариб юборсангиз, яна қочиб кетамиз”, деб.
Очиғини айтганда, уларнинг хатти-ҳаракати тўла тушунарли, уйдаги ўта носоғлом вазият, ота-оналари билан келишмовчилик ва қийин муносабатлар. Биз саросимадамиз, шу даражадаги ота-оналар борки, улар ўзлари томонидан ота-она сифатида кучли салбий ва нотўғри позицияларини намойиш этишмоқда.
Биз қизларнинг ота-онаси билан бир неча марта гаплашдик. Аммо энг ачинарлиси, ота-оналари жуда агрессив ҳолатда, уларни “бузуқи”лар деб ҳисоблашмоқда, уйларига қайтариб олиб кетишни қатъиян рад этишмоқда. Ҳаттоки бобоси ва бувиси ҳам олиб кетишни исташмаяпти. Натижада қизларни вояга етмаган қизлар мактаб-интернатига жойлаштиришга мажбур бўлдик….
Ушбу жуда мураккаб ҳикоя. Катталардан ҳеч бири масъулиятни ўз зиммасига олишни истамаслиги билан тугади. Бироқ, ота-оналар билан иш олиб бориш шу билан тугамади, ҳозир бу масала билан маҳалла фуқаролар йиғини ҳам шуғулланмоқда. Албатта, Зулайҳо ва Замиранинг тақдири доимо назоратимизда бўлади.
Умид қиламизки, биз биргаликда ота-оналар ва болалар ўртасидаги алоқани тиклаймиз, ота-онага ҳозирги кунда қизларининг уларга қанчалик муҳтожликларини, уларнинг келажаги шунга боғлиқлигини ва энг муҳими, вояга етмаган болаларга ғамхўрлик қилиш уларнинг масъулияти ва бурчи эканини етказамиз…
Наргис Қосимова

Улашинг: