Малика (исмлар ўзгартирилган) 36 ёшида бошидан жуда кўп машаққатларни ўтказди. Аслида болалигиданоқ Маликанинг орзу-истаклари ота-онасини мутлақо қизиқтирган эмасди. 17 ёшидаёқ ундан сўрамасдан ота-онаси уни келишув асосида турмушга бериб юборишди. Эри унга совуққон муносабатда бўлиб, мутлақо эътибор қаратгани йўқ. Маълум бўлишича, аллақачон унинг “севгилиси” бор эди ва у буни яширмасди. Шундан кейин ажрашиш ва ҳеч қачон бахтли бўлмаган қизлик уйига қайтиш!
Ота-онасиникида ҳам Малика ўзини кераксиздек ҳис қилди, қўлида ҳеч қанақа ҳунари бўлмаса-да, дугонасининг қистови билан таваккал қилиб Россияга ишлагани кетди. Орадан муайян вақт ўтиб, у юртига қайтди. Шаҳардаги кафеларнинг биридан иш топди.
Маликанинг бахтга интилган йўли айнан шу ерда якунланди. Жўрабекни учратганида у жуда бахтиёр эди. Гўзал, қадди-қомати келишган Малика ҳам бир қарашдаёқ Жўрабекни ўзига ром этди. Бунинг устига, Жўрабекнинг терговчи бўлиб ишлашини билгач, Маликанинг наздида у жиноятчиларни бир ҳамлада тутадиган қаҳрамондек туюлди.
Аммо афсуски, тез орада бу “қаҳрамон”нинг хотини ва уч нафар боласи борлиги аён бўлди. Аксига олиб, Малика ҳам бу пайтда Жўрабекдан ҳомиладор эди. Шу тариқа кетма-кет туғилган икки фарзанди унинг ҳаёти мазмунига айланишди. Жўрабек уни шаръий никоҳига олди. Кўп қаватли уйлардан хонадон сотиб олиб, иккинчи оиласи билан бирга яшай бошлади. Эрининг хафтада бир-икки марта келиши Маликани илгаридек унчалик хафа қилмас, болалари катта бўлиб қолган, ташвишлари ҳам кўп эди. Жўрабек эса унга машина олиб берди, оилани ҳар томонлама таъминлади.
Аммо сўнгги пайтларда эри кескин ўзгариб қолди. Энди у Маликага ўта совуқ муомала қилар, фарзандларининг ўқишдаги ютуқлари билан ҳам мутлақо қизиқмай қўйганди. Тажовузкор кимсага айланди, хотинига қўл кўтарадиган ва уни ҳақоратлайдиган одат чиқарди.
Бир куни ичиб келиб, Маликани куракда турмас сўзлар билан ҳақоратлаб, дўппослади. Сўнг шу куниёқ болалари билан уйдан чиқиб кетишини талаб қилди. Аввалига Малика қаршилик кўрсатди. Эрининг кайфи тарқаса, ўзига келиб қолишидан умидвор бўлди. Аммо эртаси куни ичмасдан ҳушёр ҳолатда қайтиб келган Жўрабек хотинидан уйнинг калитини тортиб олиб, уни уйдан чиқиб кетишига икки соатгина муҳлат берди.
Малика фарзандлари билан яна ота-онасининг уйига қайтишга мажбур бўлди. Яна турткилашлар, камситишлар бошланди…
Жўрабек хотинидан машинани ҳам қайтаришини талаб қилганида, Малика “бу болаларимнинг ҳаққи” дея рад жавобини берди. Аммо юзига келиб тушган тарсакидан гандириклаб, кўзидан ўт чиқиб кетди. Нима бўлса-да, икки нафар вояга етмаган фарзандининг ҳақини ундириш, доимий калтакланишлардан ўзини ҳимоялаш учун ички ишлар органига мурожаат қилди, аммо натижа бўлмади. Нима қилишни билмай боши қотган Малика 1146 – “Ишонч телефони” рақамини терди. Унинг мурожаати аёлларни Реабилитация қилиш ва мослаштириш марказига юборилди. Марказ ходимлари Малика билан боғланишди. Холидахон М. раҳбарлик қилаётган Марказ ходимлари жувоннинг бошидан ўтган кечмишларини эшитиб, унинг бутун ҳаёти кучли босимлар остида ва стрессда ўтганини тушунишди. Психолог дарҳол у билан ишлашни бошлади. Марказ юристи эса Маликага шаръий никохдаги эрига нисбатан “Ҳимоя ордери”ни олиб берилишига кўмаклашди.
Бу орада Жўрабек қилиб қўйган хатосини англаб етди шекилли, келиб Маликадан кечирим сўради, уй ва машинани қайтариб бериб, уни уйга олиб кетди… Маликанинг туриш турмушидан Марказ ходимлари доимий хабардор бўлиб туришибди, унинг иши назоратга олинган. Ҳозирча ҳаммаси яхши кетмоқда… Аммо Марказ раҳбари Холидахон М. Малика барибир ҳушёр бўлиши зарурлигини, у зўравонлик ҳаётига яна осонликча қайтиш имкони бор вазиятда эканини яна бир бор қайта таъкидлади. Ваҳоланки, “Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас” деган мақол бежизга айтилмаган. Марказ ходимлари Жўрабек билан унинг хатти-ҳаракатлари ноқонуний экани ва бу қилмиши учун қонуний жазо борлиги ҳақида профилактик суҳбат ўтказиб, уни огоҳлантиришди. Нима бўлган тақдирда ҳам, Жўрабекка инсоф бергани рост бўлсин!
Наргис Қосимова