883

«…БИР МАРТА БЕГОНА ЭРКАК БИЛАН ЁТСАНГ–ЁТИБСАН-ДА, БИРОР ЖОЙИНГ КАМАЙИБ ҚОЛАДИМИ?…»

…Келинлик либос, турмуш ўртоғи Турсунбек(барча исмлар ўзгартирилган) уни севар, эрининг оиласи эса Лобарни ўз фарзандидан ҳам аъло кўрарди. Лобар бахтли эди.

Лобар ана шундай бахтдан сармаст бўлиб юрганида Турсунбекни янги лавозимга ўтказиб, фирманинг бошқа вилоятдаги филиалига вакил сифатида ишга юборишди. Ёшлари бир жойга бориб қолган қайнонаси билан қайнотасини кўзи қиймай, Лобар эри билан кетишга рози бўлмади. Аввалига тез-тез келиб турадиган Турсунбекнинг сўнгги пайтлари турли хил баҳона-ю сабаблар кўрсатиб, уйга келиши камайиб кетганидан хавотирга тушган қайнонаси, энди келинини ўғлининг олдига юбориш ҳаракатига тушиб қолди. Қайнонасининг кўз ёшларини кўриб, Лобар тоқат қилолмади. Эрининг олидига жўнаб кетди. Ўша кунларда ҳомиладор бўлди.

Кунларнинг бирида Турсунбекнинг лавозими кўтарилганини «ювиш» учун ҳамкасблари йиғилишди.

Дид билан безатилган дастурхон атрофида ўтиришган ҳамкасаблар янги директор ўринбосарини табриклашар, директорнинг ўзи эса, елиб-югуриб хизмат қилиб, меҳмонларга чой олиб кираётган Лобардан кўзини узмас эди. Лобар Турсунбекнинг қистови билан бир оз дастурхон бошида ўтирди-да, ўзига тикилган кўзлардан қочиб, ўрнидан турди.

…Жажжи Самандар дунёга келди. Энди Лобарнинг ташвишлари кўпайган, шундай бўлса-да, оналик меҳри унинг ҳуснига янада ҳусн қўшган эди. Турсунбек ҳам бутунлай ўзгарган. Уйдан кўчага чиқмай ўтирган хотинини кўнглини ёзиш учун, уни ўзи билан имкон қадар зиёфатларга олиб боришга ҳаракат қиларди. Бу гал ҳам Лобар эрининг қистови билан истар-истамас Самандарни дугонасидай бўлиб қолган қўшни аёлга қолдириб, эри билан меҳмондорчиликка жўнади. Турсунбекнинг айтишича, бу сафар Лобарни шахсан директор ўзлари таклиф қилган эканлар, агарда у бормаса Турсунбекдан қаттиқ хафа бўлармиш. Эркакларга алоҳида, аёлларга алоҳида хоналарга жой қилинганини кўриб, Лобарнинг кўнгли бироз тинчиди. Ўзини эркин тутиб ўтирди. Бир-икки марта директорнинг ўзи кириб, зўрлаб ичирган бир неча қадаҳ коньякни айтмаса, деярли ичмади. Аммо умрида оғзига спиртли ичимлик олмаган Лобар учун шунинг ўзи кифоя бўлди. У уйларига қандай етиб келганларини ҳам, кейин нима бўлганини ҳам эслай олмайди. Фақатгина кўзини очганида, ўз тўшагида ётганини кўриб енгил тортди. Лекин туриб ўтирганида ёнида тескари қараб бегона эркак ётганини кўриб, қўрққанидан бақириб юборди. Унинг овозидан уйғонган эркак эса апил-тапил ўрнидан турди-да, эшик орқасида ғойиб бўлди. Лобар жойида қотиб ўтирар, нима қилишини билмай тинмай эрини чақирар эди.

Ётоққа югуриб кирган Турсунбек хотинини қучоқлади-да, тинчлантиришга уринди.

– Нима бўлди, жоним, нимадан қўрқдинг?

– Ҳозир …шу ерда…бир одамни кўрдим.

– Кимни кўрдинг?

– Шу ердан бегона одам чиқиб кетди…

– Қўйсанг-чи, бўлиши мумкин эмас. Боягина олдингдан ўзим туриб кетувдим. Кеча кўп ичиб қўйиб, энди жанжал қилишингни қара?!

– Йўқ, йўқ! Рост айтаяпман, шу ерда бегона эркак ётувди, қўрққанимдан бақиргандим, қочиб чиқиб кетди.

Турсунбек бирдан жиддийлашди.

– Хўш нима бўлибди, бир марта бегона эркак билан ётсанг-ётибсан-да, бирор жойинг камайиб қолдими?

Лобар эрига даҳшат тўла кўзлари билан қаради.

– Сиз нималар деяпсиз, эсингиз жойидами?

– Шу уй-жой, янги лавозим, ишхонадан берилган машина ўз-ўзидан бўляпти, деб ўйлаяпсанми? Бир марта директорнинг кўнглини олибсан, нима бўпти? Керак бўлса бу ишни ҳар куни қиласан!

Лобар эрига бир зум қараб турди-да, сўнг «Ифлос» дея унинг юзига шапалоқ туширди.

Хотинининг ўзига қўл кўтаришини кутмаган Турсунбекнинг ранги бўзариб, кўзларида ғазаб учқунлари алангаланди. Аммо ўзини босиб олди-да, яна қўл кўтаришга чоғланган хотинининг қўлини қайирди. Унинг юзига юзини яқинлаштириб, шивирлади:

– Бу гап иккимизнинг орамизда қолсин, биров билса, сўйиб ташлайман.

Лобар бирдан бўшашиб, ўзини ёстиққа ташлади-да, аламини кўз ёшидан олди.Шу кундан сўнг хотинининг миқ этмай, одамови бўлиб қолганини кўрган Турсунбек, онасига телефон қилиб, “келини бетоблигини, бир-икки кун уйда оғир иш қилдирмай юриб туришини” тайинлади-да, якшанба куни Лобарни ўғилчаси билан шаҳарга элтиб қўйди. Қайнонаси ҳар қанча уринмасин, келинининг сўлғин юзи, маъюс кўзларида яширинган дард-аламни қува олмади.  Эри билан маслаҳатлашиб, уни ўзининг уйига ота онасини олдига «ўйнаб келиш» учун юборди.

Қизлик уйида ҳам уни руҳий тушкунлик бутунлай тарк этмади. Бир неча кундан сўнг худди ҳиссиз қўғирчоқ каби ошхона деворида осиғлиқ турган арқонни олди. Бошини эгганича молхонага кириб кетди. Қизининг ҳолатидан хавотирланган онаизор унинг орқасидан борди. Лобар шифтга қараб бир нуқтага тикилганича турар, қўлида эса сиртмоқ ясалган арқон бор эди.

– Вой, болажоним, нима қилмоқчисан? Болангни ўйласанг-чи, эсингни йиғиб ол, болам!

Онаси қизининг қўлига ёпишди. Лобар худди чўчиб уйғонган кишидек бир сесканди-да, онасига қараб ўкириб йиғлаб юборди…

Кечқурун қизи билан гаплашган онаси бўлиб ўтган воқеани билиб, бошидан ҳуши учди. Лобарнинг энди «у уйга қайтиб бормайман, эрим билан ажрашаман”, деган гаплари онаизорни ўйлантириб қўйди. Юрак ютиб, эри билан маслаҳатлашишга қарор қилди.

Аёлнинг отаси воқеани эшитиб, узоқ сукутга толди.

– Қудаларнинг бу гапдан хабари борми?

– Билмадим, йўқ шекилли, бўлмаса қудам мунчалик куйиб-пишмас эдилар.

– Бўлмаса, қизингга айт бу гапни сенга айтибди, бошқа ҳеч ким билмасин, ҳатто опаларига ҳам айтмасин. Биласан, одамлар ҳозир оғзи билан юрадиган бўлиб кетишган, қизингни ўзи шарманда бўлади. Ундан кўра бир-икки кун шу ерда юрсин-да, кейин эриникига борсин. Вақт топиб Турсунбек билан ўзим гаплашаман.

Отаси қизини эрининг олдига обордида, Турсунбек билан анча гаплашди. Орадан уч ой ўтди. Турсунбекни бу орада вилоят туманларининг бирига вакил қилиб тайинлашди. Яна янги жой, янги уй ташвиши. Янги жамоа, янги танишлар… Янги жойга кўчиб келишганидан мамнун Лобарнинг ҳам кўзларидаги маъюслик йўқолди. Энди ҳамма қўрқувлари ортда қолгандек туйилди.

…Ўша куни боши қаттиқ оғриб, шамоллашнинг илк аломатларини сезган Лобар кечга томон эридан Самандардан кўз-қулоқ бўлиб туришни илтимос қилди. Эри олиб келган пиёладаги чойни ичди-да, худди қоп-қора бўшлиққа қараб учиб кетаётгандек бўлди. Эрталаб кўзини очганида эса эри билан бир неча маротаба уйларига келган Бадриддиннинг қучоғида ётганини кўрди.

Лобар жонҳолатда қичқириб, ўрнидан турмоқчи бўлганида, хонага Турсунбек кириб келди. Бу орада кўзини очган Бадриддин Турсунбекка қараб кўз қисди-да, шошилмай кийимини кийиб, нариги хонага чиқиб кетди. Лобар нафратдан ёниб тўполон кўтарди:

– Сиз нима қилдингиз яна? Одам ҳам шу қадар тубанликка бориши мумкинми? Қанақа эрсиз ўзи?

Лобар жазаваси тутиб эрининг қўлидан чиқишга уринар, юзига келиб тушаётган тарсакиларни ҳам сезмасди.

– Ўчир овозингни, мен нима десам шуни қиласан. Нима бўпти, Бадриддин сени ёқтириб қолибди. Ҳеч жойинг камайгани йўқ-ку, ҳамма иш ҳам осонликча битмайди! Менга озгина ёрдам берсанг, берибсан-да, энди катта иш битади.

Эрининг мулойим гапиришлари Лобарнинг қулоғига кирмас, миясида фақат бир нарса, тезроқ мана шу ҳаром бўлган тўшакдан тургиси келар, ифлос қафасга айланган уйидан қочиб кетгиси келар, ўзининг танасидан ўзи жирканиб, ҳаттоки ундан ҳам қутилгиси келар эди. Хаммомга отилди.  Бироздан сўнг қўшни хонада унинг Бадриддинга бир нималар деб гапиргани, сўнг ҳовлида машина овози эшитилди.

Эрининг кетганига ишонч ҳосил қилган Лобар тезда кийинди-да, Самандарни олиб йўлга отланди. Тўғри маҳалла фуқаролар йиғинига бориб, эри билан бошқа яшай олмаслигини, ўзига ёрдам кераклигини айтди. Афсуски, номус кучи ва “шарманда бўламан”, деган ўй билан у бор ҳақиқатни айтолмади, участка инспекторига ҳам мурожаат қилмади, эри ва бегона эркакнинг устидан арз қилмади. Маҳалла раиси Лобарни етаклаб, вилоятда фаолият кўрсатаётган Аёллар ва уларнинг оилаларига ёрдам кўрсатиб келаётган марказга олиб келди… Ўтказилган психологик машғулотлар ҳозирча кам наф берди, Лобар бутунлай ёпиқ ҳолатда, ҳеч ким билан гаплашишни истамайди, фақат ёлғиз қолдиришларини айтди. У катта қийинчилик, кичик қадамлар билан муносабатга киришмоқда холос. У фақат битта нарсани қатъий таъкидлади, эрини бошқа кўришни умуман хоҳламайди. Айни вақтда юрист томонидан Лобарнинг никоҳини бекор қилиш учун судга ажрим ҳужжатлари тайёрланмоқда.

Марказ мутахассислари ҳам Лобарнинг бугунги ҳолати жуда мураккаб эканини яхши тушунишади ва унга яна оёққа туриши учун вақт керак бўлади… Энг муҳими, бу ҳолда у ёрдам сўраб мурожаат қилишга қодир.

Наргис Қосимова

Улашинг: