586

ТИМОТИ ТОРЛОТ: «ЎЗБЕКИСТОН БУГУНГИ КУНДА ЁШЛАРНИНГ ИҚЛИМ ЎЗГАРИШИ МУАММОСИНИ ҲАЛ ҚИЛИШДА ИШТИРОКИДАН ФОЙДАЛАНИБ, ТАЪЛИМГА ЭЪТИБОРНИ КУЧАЙТИРИШИ КЕРАК»

Икки ҳафта давомида Глазго шаҳрида дунёнинг етакчи давлатлари раҳбарлари бугунги кунда жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солиб турган иқлим ўзгариши масаласини муҳокама қилишди. Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси жаноб Тимоти Торлот бизнинг саволларимизга жавоб беришга бажонидил рози бўлдилар.

— Элчи жаноблари, кузатувчиларнинг қайд этишларича, ўтган 25 йил давомидаги музокаралар вазиятнинг яхшиланишига олиб келмагинини қайд этишади. Шу муносабат билан, Сизнингча, дунёнинг етакчи давлатлари раҳбарлари ниҳоят иқлим ўзгарииши бўйича вазиятни яхшилаш борасида бир тўхтамга кела олишадими?

— Раҳмат, Наргис, сиз билан суҳбатлашиш мен учун мароқли. Дарҳақиқат, Ўзбекистонда иқлим ўзгариши муаммолари билан қизиқадиган ва нафақат ушбу мамлакат, балки бутун дунё учун долзарб бўлган ушбу мавзуда жуда кўплаб дастурлар ва блогларни юритадиган журналистни кўриб турганимдан хурсандман. Шундай экан, сиз билан суҳбатлашиш мен учун шарафли ва ёқимли.

Мен 1993 йилда БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича доиравий Конвенцияси имзоланганидан бери ҳеч нарсага эришилмади, деган фикрга қўшилмайман. Менинг ўйлашимча, дунё мамлакатлари уни имзолаш учун йиғилганларида бу асосий масала бўлмаган. Узоқни кўрувчи экологлар ва сиёсатчиларнинг кичик гуруҳлари иқлим муаммолари билан шуғулланиб келишмоқда. 2019 йили БМТдаги иқлим ҳаракатлари ҳафталигининг кўрсатишича, энди ҳамма биладиган ва ҳамма тушунадиган ушбу муаммо сайёрамизнинг келажаги учун аҳамиятлидир. Ўйлашимча, анча аниқлашиб бораётган фанга урғу бераётганимиз ҳам бунга сабаб бўлди. Ҳозир ҳеч ким 1993 йилдаги каби антропоген таъсирида иқлим ўзгариши ҳаётий ҳақиқат эканига шубҳа билан қарамайди. Шу боис, иқлим ўзгараётганини инкор этадиган кишилар сони камайиб бормоқда. АҚШнинг ғарбий қирғоқбўйларидаги ўрмон ёнғинлари, ёки Канададаги ўта юқори ҳаво ҳарорати, ёҳуд Ўзбекистон ва Австралиядаги ўрмон ёнғинлари, Бангладешлик фермерларнинг ҳаётига салбий таъсир кўрсатаётган денгиз сатҳининг кўтарилиши каби табиий офатларга кўпроқ дуч кела бошлаганимиз ҳам шунга туртки бермоқда. Бутун дунёда одамлар иқлим ўзгаришларидан азият чекишмоқда, бу ҳол тез-тез содир бўлаётгани эса ташвишланарлидир. Афсуски, Ўзбекистонда иқлим ўзгариши борасида аҳолининг хабардорлиги анча паст даражада. Ёз анча иссиқ бўлиб бораяпти, қиш эса авваллари бўлгани каби совуқ эмас. Бу эса сизлардаги қишлоқ хўжалигини, сувдан фойдаланишни ўзгартириш кераклигини кўрсатаётир. Одамлар иқлим ҳақида кўпроқ нарса билишлари жуда муҳим. Бу биринчидан. Глазгода янги битим имзоланадими, деган саволингизга жавобим «Йўқ». 2015 йилда Париж битими имзоланган эди. Мақсадимиз 2050 йилга бориб глобал исиш даражасининг атиги 2 фоизга ошишига эришишдан иборат. Албатта, Париж 1,5 фоизга ҳаракат қилмоқда. Глазгода биз қилмоқчи бўлган иш – Париждан кейин илк маротаба Сайёрамиз халқларини чинданда бирлаштириб,   «бизга кўпроқ шиддат зарур. Келгуси ўн йилликда ҳавога СО2 чиқарилиши тўрт мартага камайтиришга эришишимиз керак», — демоқчимиз. Биз ушбу мақсадга эриша олишимизга ишонамиз ва бу жараёнда иштирок этаяпмиз. Биз, Бирлашган Қироллик бутун дунёдаги мамлакатларни, жумладан Хитой, Ҳиндистон, АҚШ каби  ҳавогаис газларини кўплаб чиқараётган йирик манбаларини ҳам, шунингдек иқлим ўзгаришидан азият чекаётган ривожланаётган мамлакатларни ҳам бу жараёнга жалб этаяпмиз. Чунки, биргаликда биз кўпроқ нарсаларга эришишимиз мумкин. Албатта, бунга бирданига эришиб бўлмайди, бунинг учун вақт керак. Бизда Париж битимига асосланган бир қатор муҳим ташаббуслар бор ва биз уларни Глазгода амалга оширишга ҳаракат қилиб кўрамиз. Кеча биз улардан биринчисини – ўрмон ва ердан фойдаланиш бўйича етакчиларнинг Декларациясини кўрдик. Умид қиламизки, Ўзбекистон ҳам Қозоғистон ва Қирғизистондан ўрнак олиб, бугунги кунда уни имзолаган 110 та давлат сафига қўшилади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг сўнгги бир неча ой давомида ўрмонларнинг кесилиши,  мамлакатда дарахтларни муҳофаза қилиш ҳақида билдирган қатор фикрлари бизга ана шундай умид бах ш этади. Президент Шавкат Мирзиёев кўпроқ дарахт экишга эътибор қаратаётгани ҳам бизни хурсанд қилади, бу жуда муҳим ташаббус. Green Grid Initiative бўйича тоза энергия ташаббуси ҳам муҳим. Бу Ўзбекистоннинг тоза энергияни илгари суриш борасидаги интилишларига ҳам мос келади. Албатта, биз биламизки, мавжуд инфратузилма қўшниларингиз билан энергиядан биргаликда фойдаланиш анъанасига асосланган эди. Шу боис, Green Grid ташаббуси Ўзбекистоннинг шахсий интилишларига ҳам таъсир кўрсатишидан умидвормиз. Яна бир оддий усул – кўмирдан тоза энергияга ўтиш. Ўзбекистон электр энергияси ишлаб чиқариш учун у қадар кўп кўмир ишлатмайди. Сизлар қазиб олинадиган ёқилғидан қайта тикланадиган энергия манбалари, масалан қуёш ва шамол энергиясига ўта бошлагансиз. Кўмир  ҳавони энг ифлослантирувчи манба бўлиб, глобал иқлим ўзгаришига айниқса катта таъсир ўтказади. Шу сабали ҳам биз тезроқ энергия ишлаб чиқаришни кўмирдан муқобил вариантга ўтказишга ҳаракат қилаяпмиз. Ўзбекистон ҳам бу жараёнга ўзининг сезиларли ва самарали ҳиссасини қўшиши мумкин. Ўзбекистон бугунги кунда ёшларнинг иқлим ўзгариши муаммосини ечиш борасидаги ташаббускорлиги, содиқлиги ва иштирокига таянган ҳолда таълимга эътиборни кучайтириши зарур. Чунки Она ер мендан ҳам кўра кўпроқ уларнинг сайёрасидир. Мен ва бизнинг авлод йўл қўйган хатоларимиз учун жавобгармиз, ёш авлодга ушбу хатолар мерос бўлиб қолмоқда. Лекин улар барча учун яхшироқ, тозароқ, хавфсизроқ бўлган ўз дунёларини яратишлари керак.

— Яхши биласизки, Ўзбекистон иқлим ўзгариши оқибатларига тўла мослашмаган, ҳамда ўтган конференцияларда ривожланаётган мамлакатларга тахминан 100 миллиард доллар ажратилиши ваъда қилинган эди, аммо бу ваъда бажарилмади.  Нима деб ўйлайсиз, COP26 дан кейин бу ваъдалар бажарилармикан?

— Қисқача айтганда, ҳа. Менимча, якунига етиб бораётган йилда биз ривожланган давлатлар ажратишни ваъда қилган 100 миллиард долларни бера олмаймиз, аммо кейинги йил бунга эришишимиз мумкин. Бу кўп жиҳатдан СОР арафасида давлатлар ўз зиммаларига олган мажбуриятлар билан боғлиқ. Янги мажбуриятлар ҳақида гап кетганда, биз конференцияда Президент Байден ва Буюк Британия Бош вазиридан эълон қилинганидан бошқачароқ миқдордаги пул маблағлари ҳақида эшитдик. Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг таҳлили кўрсатишича, 2023 йилга бориб биз 100 миллиард доллар ажрата оламиз. Энг муҳими, ривожланган давлатлар глобал исиш оқибатларини бартараф этишга асосий ҳиссани қўшаётганларини англаб етишларида. G20 га кирувчи йигирмата йирик давлат дунё бўйича ҳавога ташламаларнинг тўртдан уч қисмини ишлаб чиқаради, шу боис улар  камроқ ривожланган давлатларни иқлим ўзгариши оқибатларидан ҳимоя қилиш ва молиялаштириш мажбуриятини зиммаларига олишлари керак. Оқибатларни юмшатиш, уларга мослашиш, зарарларни қоплаш учун ҳам керак бу нарса.  Covid-19 пандемияси даврида бу айниқса муҳим аҳамият касб этади. Чунки Covid-19 ижтимоий ҳимояланмаган гуруҳлар, хотин-қизлар ва болалар салбий оқибатлардан энг кўп азият чекишини ва зарар кўришини кўрсатиб берди. Глазгодан кейин биз зиммамизга олган мажбуриятларимизни бажаришга ҳаракат қиламиз. Бирлашган Қироллик зиммамизга олган мажбуриятларимизга содиқлигимизни кўрсатиш учун бошқа мамлакатлар билан ҳамкорликни давом эттирамиз. Биз аввалроқ сўз юритган муҳим ташаббусларимизни амалга ошириш учун ишлашдан тўхтамаймиз.

— Яхши биламизки, иқлим ўзгариши, биринчи галда қурғоқчилик, ёнғинлар, сув етишмаслиги – буларнинг барчаси иқтисодиётга, қишлоқ хўжалигига зарба беради. Иқтисодиётнинг, умуман олганда, давлатнинг ва аҳолининг иқлим ўзгаришига мослашиши жуда муҳим. Сизнингча, бу йўналишда нималар қилиш керак?

— Санаб ўтилган табиий офатлар бутун дунёда, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам ҳаёт тарзига жиддий таъсир кўрсатади. Менимча, бу ўринда глобал исиш оқбатида аста-секинлик билан сувнинг камайиб бориши иқтисодиётга энг кўп таъсир кўрсатади.  Сизлар сувнинг каттагина қисмини Тянь-Шань, Помир тоғларидаги музликлардан оласизлар. Афсуски, сўнгги 20 – 25 йилда ушбу музликларнинг 60 фоизи йўқолиб кетди. Глобал исиш давом этадиган бўлса, бу жараён ҳам кучаяди. Оқибатда, бу Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги учун катта фалокат бўлади. Бугунги кунда биз дарёлар атрофида сув таъминотидан узилиб қолган фермер хўжаликларини кўришимиз мумкин. Гарчи, кўпроқ иқлим ўзгариши эмас, балки инсонинг табиатга нотўғри муносабати оқибати бўлсада, Орол денгизига нима бўлганига барчамиз гувоҳмиз. Аммо Орол денгизи бу ердаги иқлим ўзгаришига таъсир қилмоқда, чунки у ҳудуддаги ҳаво ҳароратига совутувчи таъсир кўрсата олмай қолган. У қум бўронларини келтириб чиқармоқда, улар эса ўз навбатида ҳаво, сувнинг сифатида, яшаш учун воситаларга таъсир қилмоқда. Хўш, бундай шароитда дунё нима қила олади, Ўзбекистоннинг ўзичи? Парижда олдимизга қўйилган мақсадларга эришиш учун биз қанчалик тезроқ қазиб олинадиган ёқилғи ташламалари миқдорини камайтирсак, бу ерда сув манбалари ва анъанавий тириклик воситаларини муҳофаза қилиш имкониятига эга бўламиз. Бу дунё учун ҳам, Ўзбекистон учун ҳам муҳим. Сизларда шаклланиш, яратилиш ва мослаштириш босқичида бўлган яшил иқтисодиёт Стратегияси мавжуд, бу эса суғориш ва қишлоқ хўжалиги учун сувдан фойдаланишда қандай йўл тутаётганларингизни кўздан кечириш имконини беради. Далаларни суғоришнинг анъанавий усуллари самарали бўлмай қолган ва бунда сувнинг катта қисми йўқотилади. Канализация сувлари тўла қайта ишланмаслиги боис ҳам жуда кўп миқдордаги сув йўқотилади. Сизлар қишлоқ хўжалигида сувни камроқ талаб қиладиган экинларни етиштиришларингиз мумкин. Ўзбекистон ўзининг анъанавий иқтисодиётини янгича ҳаётий ҳақиқатларга мослаштиришига ёрдам берадиган кўплаб усуллар мавжуд. Албатта,  халқаро ҳамжамият бу борада ёрдам бериши мумкин. Ўзбекистонликлар мағрур миллат. У асрлар давомида мавжуд шароитга мослашиб келишган, бу борада сизларда катта тажриба бор. Сизларнинг таълим тизимингиз ёшларга иқлим ўзгариши нималигини, унинг оқибатларини, сув ва энергия манбаларидан тежаб-тергаб фойдаланишни ўргатишга мослашиши керак. Аста-секин экотранспортга ўтиш зарур. Мен мана икки йилдирки Тошкентда яшаяпман. Шу вақт ичида йўллардаги автомашиналар сони сезиларли миқдорда ошди. Одамлар атроф-муҳитни ифлослантирувчи автомашиналардан кўпроқ фойдаланишмоқда. Аммо экологик тоза автотранспорт воситаларига ўтиш учун ҳали ҳам кеч эмас. Дунёнинг кўпгина мамлакатларида бугунги кунда электромобиль ишлаб чиқариш анънавий бензин двигатели автомашина ишлаб чиқаришдан арзонга тушмоқда. Ўзбекистоннинг тажрибаси бу ерда қазилма ёқилғидан энергия ишлаб чиқаришдан кўра, қуёш энергияси ва шамол энергиясини ишлаб чиқариш анча арзонга тушишини кўрсатди. Шунингдек, бино ва иншоотларни энергияни кам истеъмол қиладиган қилиб қуришга ҳам эътиборни кучайтириш керак. Бу жуда муҳим. Буларнинг барчасини қишлоқ хўжалиги, ирригация, тарнспорт, шаҳарсозликдаги таълимдан бошлаш керак. Интервью олдидан биз Бангладешда муаммони ҳал қилиш учун анъанавий қишлоқ хўжалиги жамоатлари қишлоқ хўжалигини юритишнинг эски анъанавий услубларини гидропон деҳкончиликдан фойдаланишга мослаштираётганликлари ҳақидаги қисқача видео ҳақида гаплашган эдик. Тўғри, бу Ўзбекистоннинг муаммоси эмас, лекин сизлар биноларда қишда салқинни ва ёзда иссиқни сақлашнинг эски усулларидан фойдаланасизлар. Бунинг учун кўп миқдорда электр энергиясидан фойдаланиш шарт эмас, балки улкан билим ва тажрибалар соҳиби бўлган аждодларингиз тарихига назар солсангиз кифоя. Шунчаки уларнинг айримларини такомиллаштириш керак, холос.

Бугунги кунда бутун дунё жаҳоннинг етакчи давлатлари раҳбарлари иқлим ўзгариши оқибатларини муҳокама қилган Глазгодаги Бутунжаҳон иқлим форумини диққат билан кузатмоқда. Конференциядан сиз нималарни кутмоқдасиз?

— Мен оптимистман. Улуғ ғояларни, улуғ ташаббусларни ва уларни амалга оширишнинг ижодий усулларини ишлаб чиқиш учун жуда кўп иш қилинди. Албатта, СОР  Парижда олддимизга қўйилган мақсадларга эришиш йўлидаги навбатдаги қадам. Париждаги мақсадлар эса – нафақат 2030 йилга бориб ҳавога глобал ташламаларни 30 фоизга камайтиришни, балки 2050 йилда  ҳавога чиқарилаётган ис газлар миқдорини нолга туширишни назарда тутувчи узоқ муддатли мақсадлардир. Шу боис менинг Глазгодан умидларим катта, ўйлайманки 2050 йилда тоза нолга эришиш учун катта қадам ташлаймиз. Барчасига бирданига эриша олмаслигимиз ҳам ҳақиқат. Лекин Хитой мақолида айтилганидек: «Ҳар бир саёҳат биринчи қадамни ташлашдан бошланади». Шу боис, биринчи катта қадам битим имзоланиши йўли билан Парижда ташланган эди, энди ана шу саёҳатимизни давом эттиришимиз керак. Марказий Осиё ҳам дунё билан ҳамқадам эканидан хурсандман. «CAREC» экологик тадқиқотлар Маркази Глазгода ўзининг Марказий Осиё павильонига эга. Шунингдек, Ўзбекистонга бағишланган тадбир ҳам бўлиб ўтди, унда давлатингиз иқлим ўзгаришига қарши глобал курашга ўз ҳиссасини қўшишга тайёрлигини намойиш этди.

— Элчи жаноблари, саволларимизга батафсил жавоб қайтарганингиз учун Сизга катта раҳмат. Ўйлайманки, яқин келажакда аҳолимиз иқлим ўзгариши қандай салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини англаб етади ва Ўзбекистон «яшил» иқтисодиёт йўлига тўлиқ ўтади.

 

Наргис Қосимова суҳбатлашди.

Улашинг: