460

“…Икки йилгача  тунлари ўғлининг овози қулоғи остида янграб, йиғидан уйғониб кетарди…”

Ноила (исмлар ўзгартирилган) учинчи фарзандини дунёга келтирса ҳам ур-калтаклардан, хўрлигу ҳақоратлардан боши чиқмади. Эри унинг ҳар бир қадамидан айб топар, ўтирса ўпоқ, турса сўпоқ деб, сал кўнглига ёқмаган иш қилса аёвсиз дўппосларди.

Ўғли Самаджон бир-икки марта онасининг ҳимоясига чиқиб, отасини тўхтатмоқчи бўлди, аммо ўзи ҳам шафқатсиз калтаклар остида қолди. Шу тариқа оилада парокандалик юзага келиб, кунда кунора бўладиган жанжал-тўполонлар бу хонадондан файз-баракани кўтарди.

Ўша мудҳиш кунда ҳам ичиб келган Собир “аламини” яна хотинидан олди. Бечора аёлни хуморидан чиққунича уриб-тепди. Мусичадек бир бурчакка ғуж бўлиб, титраб-қақшаб йиғлаётган фарзандларининг тинимсиз кўз ёшлари ҳам отани ҳовуридан туширолмади.

Кечқурун амаллаб ўзини қўлга олган Ноила инқиллаб-синқиллаб кечки овқатга уннади. Таом тайёр бўлгач, катта ўғлини овқатга чақириш учун унинг хонасига бош суққан она даҳшатли манзарадан дод солиб чинқириб юборди. Ўғлининг осилиб турган жонсиз танаси аллақачон совиб бўлган, кўзлари бир нуқтага қадалганча қотиб қолган эди… Ўғил Ноиланинг абгор аҳволини кўравериб руҳан тушкунликка тушган, у билан бирдек азобланган, онасига ҳеч қандай ёрдам бериш қўлидан келмагач, уни бундай бахтсиз ва аянчли аҳволда бошқа кўрмаслик учун ўз жонига қасд қилганди…

Афсуски, мана шундай фожиадан кейин ҳам Ноила эрининг уйидан кетолмади. Жавоби оддий: қаерга бориш? Бориш жойи йўқ. Кейин қариндош-уруғлар, маҳалла-кўй, қўни-қўшнилар нима дейди…

Шу воқеадан кейин Собир ўзгарди деб ўйлайсизми? Асло йўқ. У ўша-ўша золим ва тажовузкорлигича қолди.

Ноила икки йилгача қаттиқ азоб чекди, тунлари ўғлининг овози қулоғи остида янграб, йиғидан уйғониб кетарди. Йўқотган боласининг ўрнини тўлдириш, таскин топиш илинжида Ноила яна бир фарзанд кўришга қарор қилди.

Аммо ҳомиладорлик даврида ҳам эри уни тинч қўймади. Яна тинимсиз ҳақоратлар, камситишлар, ур-калтаклар… Туғилган бола ногиронлигини кўриб, Собир яна ҳаммасида хотинини айбдор қилди. Бунинг устига, бот-бот хотини ва фарзандларини тунда уйдан ҳайдайдиган одат ҳам чиқарди.

…Ўша куни Собир ҳар қачонгидан ҳам тажовузкор эди! Остона ҳатламасданоқ хотини ва болаларига оғзидан кўпик сочиб ўшқира кетди. Уни тинчлантиришга бўлган уринишлардан эса, бадтар қутуриб кетди.

— Уриб ўлдириб қўймасимдан йўқол, кўзимдан! — деб бақирганича амаллаб ўрнидан туриб, болаларини бағрига олган Ноилани судраганича дарвозадан кўчага чиқариб ташлади.

Ота уйига фарзандлари билан келган Ноила бу ерда кўп тура олмади. Акаси ва укасининг хотини, бола-чақалари билан тиқилиб яшаб, ҳар куни келинларининг “текин ошга шерик топилгани” ҳақидаги пичинглари кўпайгач, ёрдам сўраб,  «NIHOL» ташаббусларни қўллаб-қуватлаш ва ривожлантириш марказига ёрдам сўраб мурожаат қилди.

Марказда унга кучли юридик ёрдам кўрсатилди. Марказ ҳуқуқшуноси Муҳаббат Мирзаеванинг айтишича, Ноилани фарзандлари билан уйга киргизиш учун унинг эрини судга бериб, ютиб чиқишган. Аммо Собир суд ҳукмидан норози бўлиб, апелляция берган. Апелляция судида ҳам Ноилани фарзандлари билан келин бўлиб тушган уйига киритиш бўйича Марказ ютиб чиқди. Аммо бу орада яна бир муаммо пайдо бўлди. Собир Ноиладан қонуний ажрашмасдан туриб, шаръий никоҳ ўқитиб, бошқа хотин олганини иддао қила бошлади.

— Биз Собирга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 126-моддасига кўра, кўп хотинли бўлиш, яъни умумий рўзғор асосида икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшаш — базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишини, бундан ташқари, Оила кодексининг 16-моддасига асосан, никоҳ тузишга лоақал биттаси рўйхатга олинган бошқа никоҳда турган шахслар ўртасида йўл қўйилмаслигини тушунтирдик, — дейди Муҳаббат Мирзаева. — Ўзаро келишувга кўра, ҳовлидаги уйларнинг икки хонаси Ноила ва фарзандига ажратилиб, Собирдан алимент ундириш борасида ҳужжатлар расмийлаштирилди. Шунингдек Ноилага Ҳимоя ордери олиб берилди. Энди Ноила ҳовлидан бошқа эшик очиб, фарзандлари билан ўз уйида яшаш ҳаракатида.

Энг катта муаммо шундаки, шунча воқеалардан кейин ҳам Собир ўзгаришга ҳаракат қилаётгани ҳам йўқ. Бир ҳовлида, битта том остида тинч ва осойишта, зўравонликларсиз ҳаёт кечириш учун Ноилага имкон бўладими йўқми, буни ҳали ҳеч ким билмайди.

«NIHOL» ташаббусларни қўллаб-қуватлаш ва ривожлантириш марказига нафақат Тошкент вилояти, балки водий ва Қашқадарё воҳасидан ҳам хотин-қизлар мурожаат қилишади. Ширин Рашидова раҳбарлик қилаётган Марказ ходимлари юқорида гувоҳ бўлганингиздек, ҳар бир мурожаатчига беминнат ёрдам қўлини чўзишади. Уларнинг фидокорона меҳнатлари олдида таъзимдамиз.

«NIHOL» ташаббусларни қўллаб-қуватлаш ва ривожлантириш марказининг “Ишонч телефони:

 +99870 762 41 63

Наргис Қосимова

 

 

 

Улашинг: