510

“…Буни кўрган онаси югуриб келиб, қарғанганича Иродани аямасдан ура кетди…”

Ирода (исмлар ўзгартирилган) мактабда аълочи қизлардан эди. Аммо охирги пайтларда ўқитувчилари унда салбий ўзгаришларни кузата бошлашди: қизнинг ўқишга нисбатан иштиёқи сўниб борар, дарсларга қатнашиши ҳам олдингидек тўлиқ эмасди.Иродага нима бўлаётганини билиш мақсадида устозлари унинг ота-онасини бу ҳолдан огоҳлантиришди. Аммо ҳеч қандай натижа бўлмади. Чунки Ирода ўсиб-улғаяётган оилада носоғлом муҳит ҳукм сурар, хонадон доим нотинч эди. Қизнинг отаси кунда кунора ичиб, маст-аласт ҳолда уйга келар, остонадан ҳатлаб ўтар ўтмас жанжал-суронни бошлар, унинг истиқболига ошиқиб, қўлтиғидан олиб ёрдамлашмоқчи бўлган хотини ҳар гал калтаклар остида қоларди. Сўнгги йилларда сурункали равишда рўй бераётган бу тинимсиз можаролар оиланинг барча аъзоларини, айниқса онани ниҳоятда асабий қилиб қўйди. Онаси арзимаган сабаблар туфайли гарчи ҳеч қанақа айби бўлмаса ҳам, бор аламини Иродадан олишга уринар, уни тергаб, ҳатто қўл кўтарарди ҳам.

…Тарки одат амри маҳол, ўша куни ҳам отаси одатдагидек яна ичиб келди. Аллақачон қоронғу тушиб, алламаҳал бўлган чоғда ичкаридан беркитилган ҳовли дарвозасини мушти билан тарақлатиб урар экан, эшикнинг тамбалаб қўйилгани унинг ғазабини бадтар қўзғатарди.

Бу тўполондан чўчиб уйғониб кетган Иродага онаси Улбўсин “сен ухлайвер” деди-да, ўзи апил-тапил эгнига халатини илиб, ҳовлига отилди. Эрининг ширакайф овозини эшитиб, оёқ-қўли бирдан бўшашди, бошига келиб тушадиган мушт зарбини олдиндан сезгандек, миясига кучли оғриқ кирди. Зўрға оёқда турган Одил дарвозани очиши билан Улбўсиннинг юзига мушт туширди. Онасининг дод солиб йиғлаб бақиргани, орқасидан отасининг қаттиқ сўкинган овозини эшитиб, Ирода бошини ёстиқ остига яширди. Аммо ҳовлидаги йиғи-сиғи ва тинимсиз сўкинишлар, калтак зарбидан онасининг додлашлари авжига чиққан сари, ёстиқ ҳам ёрдам бермай қўйди. Қиз овозларини чиқаролмай унсиз йиғлаётган укаларига “сизлар уйдан чиқманглар” деди-да, ташқарига отилди. Ҳовлининг ўртасида онаси узала тушиб ерда ётар, отаси уни дуч келган жойига аёқсиз тепарди. Ирода югуриб бориб, отасини итариб юборди. Буни кутмаган Одил гандираклаб, орқаси билан ерга ўтириб қолди. Фурсатдан фойдаланиб, Ирода онасини суяб ўрнидан турғизди ва улар ҳовлидан қочиб чиқишди. Шу кеча она-бола қўшнилариникида тунаб, тонг саҳарда уйларига қайтиб чиқишди. Ота ҳовлидаги сўрида ухлаб ётарди. Онаси болаларидан хабар олгани инқиллаганича уйга кириб кетди. Ирода хуррак отаётган отасига нафрат билан қараб туриб қолди.

Уй ичидан онасининг бақирган овози унинг хаёлларини тшзғитиб юборди:

— Қаққайиб тургунча бор, сигирни соғ, ем-хашагини бер. Аҳволимни кўрмаяпсанми? Эй худо, жонимга тегдинг ҳамманг, ўлсам қутиламанми, бу азоблардан?

Ирода онасининг дийдиёларини эшитиб, шоша-пиша ошхонадан челакни олиб, оғил томон юрди. Сигирни соғиб, олдига хашак ташлагач, челакни кўтариб, оғилхонадан чиқди. Бу орадан онаси ошхонада нонушта тайёрлаш билан овора эди. Оғилхонадан чиққан Иродани кўриб, калтак зарбидан баданида турган оғриққа чидай олмай, яна қизига заҳрини сочди :

-Тезроқ кел, мунча шалпаясан!

Бадтар талвасага тушган Ирода сут тўла челакни кўтариб, ошхона томон шошганича бораётганида, қоқилиб кетиб, сут тўкиб юборди. Буни кўрган онаси югуриб келиб, қарғанганича Иродани аямасдан ура кетди.

Амаллаб онасининг қўлидан қутилган қиз, икки кўзи жиққа ёш, югуриб кўчага чиқди, боши оққан томонга кетаркан, миясида фақатгина “мен ўлсам ҳаммасидан қутиламан, ота-онам эса қилган ишларидан пушаймон бўлишади” деган биргина фикр чарх урарди.

Қизкетген (Дўстлик) каналига етиб келганида, атрофда ҳеч ким кўринмасди. Қиз бирпас мавжланиб оқаётган сувга қараб турдида, кўзини чирт юмиб, кўприкдан ўзини каналга ташлади. Усти сокин кўринган сув оқимининг таги анча кучли эди, бир зумда қизни ўз домига тортиб кетди. Ирода фақат шундагина ҳали ҳаётга тўймаганини, яшаш барибир нақадар яхшилигини оний лаҳзаларда кўнглидан ўтказди. Бор кучи билан юқорига интилиб, сув юзига чиқиши билан ёрдамга чақирди. Аммо қуйи оқим яна уни ўз домига тортди, оғиз-бурни сувга тўлиб, нафас ола олмай қолди. Кўз олди қоронғилашди.

Ирода кўзини очганида, устига энгашиб турган Миллий гвардия формасидаги йигитни кўрди:

— Синглим, одамнинг юрагини ёрдинг-ку, исминг нима? Каналга қандай тушиб кетдинг? — деди йигит кулимсираб.

Анча ўзига келиб қолган Ирода уйига боришдан қатъиян бош торгач, уни қутқариб қолган Миллий гвардия ходимлари Иродани Қорақалпоғистон Республикаси Реабилитация ва мослаштириш марказига олиб келишди.

Бу ерда Ирода 14 кун давомида психолог Роза Аманова томонидан амалга оширилган психологик реабилитация курсини ўтди. Роза Аманова дастлаб у билан коррекцион машғулотлар олиб борди, қизни руҳий хотиржамлик ҳолатига келтириш учун медитация ишларини амалда қўллади, ўзига бўлган ишончни уйғотиш ва ўзини ўзи баҳолаш даражасини кўтаришда турли аффирмациялардан фойдаланди.

Бу орада қизнинг ота-онаси билан ҳам бир неча маротаба профилактик ва психологик суҳбатлар олиб борилди. Оилада аёл, фарзандларнинг ўрни, улар ҳам Ўзбекистон Республикаси фуқароси сифатида давлат томонидан ҳимояланиши, ҳар бир оила аъзосига етказилган жисмоний ва руҳий жароҳат учун жазо борлиги оила бошлиғига тушинтирилди.

Реабилитация курсини тўлиқ ўтаган Ирода оиласига қайтса-да, ҳануз Марказ ходимларининг назоратида бўлиб турибди. Қизнинг айтишича, ушбу воқеа ва суҳбатлардан сўнг оила ниҳоят тинч ҳаёт кечирмоқда. Ота-онасининг ҳам фарзандларга нисбатан муносабати, муомаласи яхши томонга ўзгарган.

Мазкур воқеа яхшилик билан тугади, аммо бунинг акси ҳам бўлиши, эндигина балоғат ёшига қадам қўяётган қиз ҳаётдан кўз юмиши мумкин эди… Нега ота-она шакллантира олмаган муносабатларининг аламини фарзанларидан олишади? Нега аксарият ота-оналар фарзандларини одам ўрнида кўришмайди? Буни тўхтатиш учун нима қилишимиз керак?

Биринчи галда барчамиз оила ва жамиятда  зўравонликка ўрин йўқлигини англашимиз зарур. Зўравонликка чидаш ва  уни яшириш керак эмас!  Зўравонликка болалар учун, кўчада қолмаслик учун чидаш керак эмас…. Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин.  Аммо бу  зарурми?  Энг муҳими: ЗЎРАВОНЛИККА ЧИДАШ КЕРАК ЭМАС!

Қорақалпоғистон Республикаси Реабилитация ва мослаштириш марказининг “Ишонч телефони”: +998612242286.

Наргис Косимова

Улашинг: