534

Паризода нега отасининг қотилига айланди?

Барча исмлар ўзгартирилган

Паризода бир оиланинг эрка ва ардоқли фарзанди эди. Тўрт қизнинг иккинчиси бўлган қизалоқ опа-сингилларига қараганда анчайин шаддод, аммо меҳнатсеварликда ҳам тенги йўқ эди. Оилада отасининг эътиборсизлиги ва лоқайдлиги боис рўзғорнинг бор ташвишлари биргина онасининг елкасига тушиб қолган, фақат Паризодагина буни ич-ичидан ҳис қиларди.

Шу тарзда онасининг ниҳоятда қийналиб рўзғор тебратганини кўриб катта бўлган қиз дастлаб ип йигириш корхонасида, кейин нон маҳсулотлари тайёрланадиган кичик цехда ишлаб юрди. Кунларнинг бирида телефонига адашиб қилинган қўнғироқ унинг ҳаётида туб бурилиш ясаб юборди. Адашиб тушган йигитнинг исми Суҳроб экан, яқиндан танишиб, бир-бирларига кўнгил қўйишди. Шундай қилиб, муҳаббати сабаб Паризода ота уйидан анчагина олисда жойлашган қишлоққа келин бўлиб тушди.

У туғилиб катта бўлган ҳовли эса ёшлигидан давом этиб келаётган жанжаллар гирдобида қолаверди. Турмушга чиқиб, мустақил ҳаёт остонасига қадам қўйса-да, унинг қалбида ҳали ўзи тушуниб етолмаган хавотирли ҳислари бор эди. Йил ўтиб, ўзи ҳам она бўлди. Турмуши тинч бўлса-да, аммо қизлик уйидаги муаммолар: отасининг мудом спиртли ичимлик ичиб жанжал қилиши, енгилтабиат аёллардан бўшамаслиги, онасини таҳқирлаб азоб бериши, уйдаги ҳамма буюмлар, ҳаттоки қиш учун ғамланган тузламаю шарбатларни кўчага улоқтириб қўни-қўшнилар орасида шарманда қилаётганини эшитиб, отасига нисбатан нафрати тобора кучаярди. Аёл бўлиб онасига қилинган зулм ва хиёнатларни аввалгиданда чуқурроқ ҳис қилди. Кунларнинг бирида ҳали уч ёшга тўлмаган ўғлини кўтариб онасидан хабар олгани ота уйига келади. Онасини ёлғиз, бир кун олдинги кўнгилхиралик билан йиғлаб ўтирганини кўриб, фиғони фалакка чиқди.

— Ойижон, нима бўлди?

Онасининг қизариб-кўкариб, шишиб кетган юзини кўриб, ўзини аранг босди. Сув олиб келиб, унга ичирди.

— Яна урдими? Ифлос… Ойижон, бўлди ажрашинг, бир кунмас бир кун сизни ўлдириб қўяди. Нега шу азобларга чидаб юрибсиз? 25 йил шу одам билан бирга яшаб, нима рўшнолик кўрдингиз? Майли, туринг, уйга кириб, бир пас дам олинг. Мен овқатга уннайман. Қорнингиз ҳам оч бўлса керак. Паризода онасини суяб турғизаётганида дарвоза шарақлаб очилиб, ҳовли остонасида ширакайф аҳволда, нималарнидир минғиллаб гапирганича, отаси кириб келди. Гандираклаб, кичик тошга қоқилиб, ерга қулади. Яна ўрнидан зўрға туриб, айвонга чиқди. Ичкари хонага кириб, оёғини ечмай, тўшак устига оёқларини чўзиб ётиб олди. На йиғлаб ўтирган хотини, на қизини, кўрпачада ўйнаб ўтирган неварасини сезмади ҳам. Худди шу лаҳзада Паризоданинг юрагида нимадир чил-чил бўлиб синди гўё, уни вақт ҳам, ҳеч қандай дори дармон ҳам ўрнига келтиролмасди. Ўзини, нима қилаётганини англамаган ҳолда отаси томон отилди…

Дўстлар, бу ерда биз ўша куни Паризоданинг қизлик уйида содир бўлган қўрқинчли тафсилотлар ва деталларни батафсил ҳикоя қилиб ўтирмаймиз. Айтадиганимиз шуки, ўша куни Паризоданинг отаси вафот этди, у ўлдирилди…

Паризода бу қандай бўлганини, нималар қилганини эслолмайди, аммо у бу қилмишга – қотилликка қўл урди. У отасига қаттиқ жароҳат етказди ва отаси жойида вафот этди…

Суд Паризодага 6 йил қамоқ жазосини тайинлади. Турмуш ўртоғи Суҳроб уни ҳаммадан кўпроқ тушунарди. Чунки Паризода унинг ҳаётига файз-барака олиб кирди. Оила нима эканини ундан ўрганди. Паризода қамалганида ҳомиладор эди. Суд жараёнида эрига “Мени барибир кутмайсиз, илтимос ажрашайлик”, деб қайта-қайта йиғлаб, ялинди. Суҳроб эса Паризодага қараганча на эътироз билдирди, на хайрихоҳлик. Лекин 3 йил мобайнида жазони ижро этиш калониясига уни кўриш учун бориб турди. Бу вақт оралиғида, Паризода ўғиллик бўлди. Суҳроб Паризода билан бирга жазо муддатини ўтаган, кейинчалик озодликка чиққан танишидан эшитган ёлғон гапларга ишониб уни кўришга келмай қўйди. Аччиқ алами устига бир аёл билан учрашиб, бирга яшай бошлади. Ниҳоят жазо муддати тугади. Аммо эрининг бошқа аёл билан яшаётганини кўриб, дунё кўзига қоронғи кўринди. Фарзандларини кўриш учун онасиникига борганида, қизининг озодликка чиқанидан қувониш ўрнига она унинг юзига эшик ёпди….

Икки кун кўчадаги ўриндиқларда тунаб юрган Паризодани ички ишлар ходимлари оғир руҳий зўриқиш ҳолатида Навоий вилояти “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш” марказига олиб келишди. Собиқ маҳкума Марказ раҳбари Мўътабар Ҳасанова билан суҳбатлашгач, бу меҳрибон, оқкўнгил ва бағри кенг аёлнинг далдаларидан оз бўлса-да, таскин топди.

Айни пайтда у ва икки нафар фарзанди учун нафақат беминнат ётоқ-жой, балки ижтимоий, психологик ҳамда ҳуқуқий ёрдамларини аямаган Марказ ходимлари Навоий вилояти ҳокимлиги ва вилоят ИИБ билан ҳамкорликда Паризоданинг ҳаётда ўз йўлини топиб кетиши учун тегишли чора-тадбирларни олиб боришмоқда.

Психолог билан суҳбатда Паризода ўзининг бошидан кечирган кечинмалари, жазосини ўтаб келгани, аммо виждон азоби уни ҳамон қийнаётганини бот-бот такрорлади. Икки йил аввал отаси тушига кириб “Қизим, сени кечирдим” деган сўзларидан таскин топганини, ҳозир эса умуман тушларида кўрмаётгани, кўришни исташини айтди.

Ҳозирда Марказ ҳуқуқшуноси Паризодага иш топиш ҳамда аёлни уй билан таъминлаш учун Навоий вилояти ҳокимлигига мурожаат аризасини тайёрламоқда.

Азиз муштарийлар!

Паризоданинг ҳаётидан ана шундай даҳшатли кечмиш: барбод бўлган тақдирлар, тинимсиз оғриқлар ва азоб-уқубатлар, машаққатлар тарихи… Агар бу оилада зўравонлик ҳолатлари юқори чўққисига чиқмаганида эди, балки бу ҳодисалар ҳам юз бермасмиди…

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари – Хотин-қизлар масалалари бўлими бошлиғи Умида Абдуллаеванинг шарҳи:

“Баъзи ҳолларда тизгинсиз ҳис-туйғуларга берилиб, аёлларимиз жиноят, деб таснифланган хатти-ҳаракатларга қўл урадилар. Албатта, ғазабдан ёнаётган ёки калтакланишдан ҳимояланиш пайтида хатти-ҳаракатларимизни ақл билан бошқариш қийин, аммо биз ҳар доим бу ножўя ҳаракатларимизнинг мумкин бўлган оқибатларини ҳисобга олишимиз керак. Бу бизга, оиламизга, атрофимиздагилар ва жамиятга қандай таъсир қилади?..

Жорий йилнинг 3 ойи давомида республикамиз бўйича хотин-қизларимизга 11 мингдан ортиқ Ҳимоя ордери расмийлаштириб берилган. Булар фақат бизга маълум бўлган фактлар, холос. Жамиятда зўравонликка нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантириш зарур. Барчамиз бахтли ва осойишта яшаш ҳуқуқига эгалигимизни билишимиз керак.”

Наргис Қосимова

Улашинг: