507

Хитой вакцинаси давлат рўйхатидан ўтказилди

Хитой вакцинаси «энг хавсиз»  деб топилгач, Хитой томонидан Ўзбекистон ёрдамида ишлаб чиқарилган вакцина ZF-UZ-VAC 2001 – давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар қилмоқда.

“2021-йил 1 март куни ZF-UZ-VAC2001 коронавируснинг янги типига қарши рекомбинант (CHO cell) вакцина тиббиёт амалиётида қўллаш учун тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтказилди”, – дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, ушбу вакцина Хитойнинг Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co. Ltd компанияси томонидан ишлаб чиқарилган. Вакцина яратишда ва синовдан ўтказишда Ўзбекистон ҳиссаси ва cаъй-ҳаракатларини инобатга олган ҳолда, Хитой компанияси Ўзбекистонни ҳаммуаллиф сифатида тан олган ва янги вакцинага ZF-UZ-VAC 2001 номи берилган эди.

Маълумот учун, Россиянинг “Спутник V” вакцинаси ҳам Ўзбекистонда 17 феврал куни оммавий қўлланишга рухсат берувчи сертификат олган эди.

Бугунги кунда “Спутник V” 30дан ортиқ мамлакатларда қўлланиш учун рўйхатдан ўтказилган. Россиянинг ўзида вакцинанинг биринчи компонентини олганлар сони 4,1 млн кишидан, тўлиқ вакциналанганлар сони 1,2 млн кишидан ошди.

Ўзбекистонда коронавирусга қарши Хитой вакциналарининг учинчи босқич синовлари 10 декабрь куни бошланган.

Коронавирусга қарши яратилаётган вакциналар, унинг синови ва истеъмоли борасида ўзбекистонликлар ҳам якдил фикрда эмас, бу улар томонидан кибер фазода энг кўп баҳсу мунозараларга сабаб бўлиб келаётган мавзулардан бири бўлади.

Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирининг айтишича, Хитой вакцинасининг хавфсизлигига ишонч ҳосил қилгачгина, уни Ўзбекистонга олиб келиш чоралари ва синовларига розилик билдиришган.

Хитой вакцинаси «биринчи ва иккинчи синовларидан яхши ўтганидан кейин, қўшимча эффектлари бўлдими-йўқми, ҳаммасини ўргангандан сўнг бу каби тўхтамга келишган.*

Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазири ўтган йилги интервьюсида буни «биолог ва генлар инженерлиги билан узоқ йиллар шуғулланган олим сифатида айтаётгани»ни алоҳида таъкидлаган.

Хитой вакциналаридан бири Ўзбекистонда ҳам синаб кўрилмоқда. Шу пайтгача  8 мингдан ортиқ ўзбекистонлик Хитой вакцинаси билан эмланган.

Хитой аллақачон камида уч вакцинасини фавқулодда дастур доирасида истеъмолга киритган, муҳим вазифаларда ишловчи ишчилари ва ҳарбийларига таклиф қилган, эмлаган.

Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co., Ltd компанияси ишлаб чиққан коронавирусга қарши вакцина Ўзбекистонда жами 5 минг кўнгиллида синалиши айтилган эди. Кейинроқ  кзнгиллилар сони 9 мингга чиқди.

Ўзбекистонлик масъуллар орада «ҳаммаси шахсий ҳохиш-истакка кўра амалга оширилиши, ҳеч кимнинг бунга мажбурий жалб қилинмаслиги»ни таъкидлашган.

Хитой вакцинаси синови фақат пойтахт Тошкентда ўтказилиши айтилган.

Маълум бўлишича, жаҳон стандарти тажрибасига кўра, барча кўнгиллиларга пул тўланади ва барча қатнашчилар синовлардан олдин турли хил зарарларга, ён таъсирларга қарши тиббий суғурта қилинади.

 

Наргис Қосимова

Улашинг: