Қўшни маҳаллада яшайдиган Нигора (исмлар ўзгартирилган)ни Салима опага роса мақташганди: “Уни келин қилсангиз, ҳеч қачон афсусланмайсиз! У жуда яхши, одобли қиз”! Маҳалла аёлларининг мақтовларидан руҳланиб, Салима опа ёлғиз ўғлига сўраб, Нигораларникига совчиликка борди. “Битта ўғил экан, овсинлари бўлмайди, кенг уйнинг танҳо бекаси бўлиб яйраб-яшнаб ҳаёт кечиради” дея, ота-онаси Нигорани Салима опанинг ўғлига беришга рози бўлишди. Нигоранинг эридан ташқари бу оила яна 3 нафар қиз бор эди, лекин қайнонаси уй юмушларини бор бўйи билан янги келинига топширди-қўйди. Уйда ҳеч ким ишламас, тирикчиликни ўтказиш қийин эди. Начора, рўзғорни юритиш керак, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай Нигоранинг эри Камолиддин уч ойлик ҳомиласи бор хотинини ташлаб, Россияга ишга кетишга мажбур бўлди. Уйдаги барча ишлар, ҳатто эркаклар юмуши бўлган томорқага ишлов бериш, молларга қараш ҳам оғироёқ келинчакка қолиб кетиб, буларнинг бари унга оғирлик қилди, бу табиийки, унинг соғлиғига ёмон таъсир қилди.
–– Ҳа, келинпошша, ўғлим кетиб, тоза талтайиб кетдингизми? Эрталаб кўчани ҳам супуриб-сидирмайсиз, сигирлар эрталабдан бери сувсиз, емишсиз маъраб ётибди.–– Салима опа ранглари сарғайиб, кўзлари киртайган, токсикоз бўлиб, сув ичса ҳам қусиб юбораверганидан озиб-тўзиб кетган келинини аччиқ таъналар билан узиб-узиб олди.
–– Ойижон, кечиринг, ҳеч мазам бўлмаяпти. Бироз ўзимга келиб олай, ҳаммасини саранжом-саришта қиламан. Қайинсингилларим ҳам озгина менга ёрдамлашишса… –– Нигоранинг гапи бўғзида қолди.
–– Вой, нималар деяпсан сен, менинг қизларим хизматкор бўларканми, сенга? Эпласанг эрга теккин эди-да, ювуқсиз! –– Салима опа Нигоранинг юзига тарсаки тортиб юборди.
Бақир-чақирни эшитиб ичкари хонадан югуриб чиққан қайинсинглиси Солия ҳам онасига қўшилиб, Нигорани дўппослай кетди. Калтаклар зарбидан вужуди зирқираб, йиғлайвериб кўзлари шишган келинчак ўша куни нарсаларини йиғиштириб онасиникига қайтар экан, эри Россиядан қайтиб келса уни ҳимоя қилишига, бирга бахтли ҳаёт кечиришларига умид қилиб, ўзига ўзи таскин берарди.
Ниҳоят, кўзи ёриши арафасида Нигоранинг эри уйга қайтди. Анчагина ҳолдан тойган, руҳий жиҳатдан эзилган жувоннинг боласи операция йўли билан дунёга келтирилди. Нигоранинг ота-онаси Камолиддинга ишониб, қизларини чақалоғи билан куёвининг уйига ташлаб кетишди. Аммо онасининг ҳар кунги дийдиёлари, хотинини тинимсиз ёмонлашлари, жанжаллари охир оқибат Камолиддинга ҳам таъсир ўтказди: унинг Нигорага бўлган муносабати бутунлай салбий томонга ўзгарди. Уйга келганида аламини хотинидан олиб, уни хақоратлар, қўл кўтарарди. Нигора нима қилишини билмас, ота-онасининг юзини ерга қаратмаслик учун барча ҳақорату калтакларга тишини тишига қўйиб чидашга ҳаракат қиларди. Аммо иккинчи фарзандига бошқоронғи бўлгач, эри яна Россияга қараб жўнаворди. Шундан сўнг ўқтин-ўқтин юз бериб турадиган уйдаги жанжал-тўполонлар бадтар авжига чиқди. Нигоранинг яна ота-онасининг уйига қайтиб боришдан бошқа иложи қолмади…
Эри Россиядан қайтганида эса, онаси ва сингиллари хотинининг “қилиқ”ларини ошириб-тошириб, қўшиб-чатиб, кўпиртириб айтиб беришади. Бундан қаттиқ ғазабланган эр онасининг уйидан қайтиб келган хотинини уриб-дўппослаб, бор аламини муштипар жувондан олиб, “ақлини киритарди”. Доимий камситишлар, хўрлигу ҳақоратлар, тазйиқ, зўравонлик ва сурункали калтаклашлардан безиб қолган Нигоранинг тобора ҳаётдан кўнгли совиб борар, бироқ фарзандларини деб, ҳаммасига чидаб келарди. Аммо арзимаган нарсадан яна жанжал чиқариб, хотинини аёвсиз дўппослаган Камолиддин бу сафар аёлини ушлаб тура олмади. Тоқати тоқ бўлган Нигора бу кўргуликларга ортиқ бардош бера олмади, фарзандларини олиб, онасиникига кетиб қолди. Бироқ, қизлик уйида ҳам келин ва унинг болалари бор… Уларга яна бир текинхўрнинг нима кераги бор?… Келинининг тинимсиз тўнғиллашлари, коса тагида нимкоса қабилидаги пичингга тўла маломатлари, онасининг “нима бўлса ҳам эринг билан яша, чиққан қиз чиғириқдан ташқари”, деган насиҳатларидан сабр-косаси тўлган Нигора болаларини онасиникида қолдириб, Бухоро шаҳрига иш излаб кетди.
Аммо иш топа олмагач, яхши инсонларнинг кўмаги билан аввал “Ойдин нур” марказида, кейин Бухоро вилояти Реабилитация ва мослаштириш маркази бошпанасида яшади. “Ойдин нур” марказида Нигора ширинликлар пишириш бўйича курсларда ўқиб, психолог, ҳуқуқшунос (алимент ундириш бўйича) ёрдамини олди. Бир муддат Марказ бошпанасида яшади. Бухоро вилояти Реабилитация ва мослаштириш марказида эса Марказ раҳбари Ҳуринисо Камолованинг қўллаб-қувватлашлари, психологининг у билан олиб борган руҳий машғулотлари туфайли анчагина ўзини тиклаб олди. Ниҳоят, Нигора ўз қишлоғига қайтиб, қариндоши билан ҳамкорликда нон маҳсулотлари цехини очишди. Туну кун ишга берилган Нигора тез орада даромадга кириб, уйига пул олиб кела бошлагач, онаси ҳам, келини ҳам уни тинч қўйишди…
Реабилитация маркази раҳбари оилани яраштириб қўйиш илинжида Камолиддин билан боғланиб кўрди, аммо у қўполдан қўпол қилиб “онаси ўпмаган қизни олишини” айтиб, гўшакни қўйди…
Ўзига нисбатан ишончи ортган Нигорада ҳам золим эрининг ёнига қайтиш нияти йўқ. Унинг мақсади фарзандларини ўқитиб, уларни етук инсонлар қилиб тарбиялаш. Энг қийин вазиятга тушиб, боши берк кўчага кириб қолганида унга беминнат ёрдам қўлини чўзган “Ойдин нур” ННТ, Бухоро вилояти Реабилитация ва мослаштириш маркази ходимларидан эса, жуда жуда миннатдор.
Нигоранинг аччиқ қисмати мисолидаги юқоридаги ҳикоямиздан ҳам кўриниб турибдики, аёл учун ўқиш, маълумот олиш ҳамда қўлида ҳунари бўлиши нақадар муҳим. Агар аёл ўз меҳнати орқали пул топса, унда ўзига нисбатан бўлган ишонч янада юксалади, зўравонликка кўниб кун кечириш меъёрий ҳолат эмаслигини, ҳаёт зулм ва зўравонликсиз амалга оширилиши лозимлигини англаб етишни бошлайди.
Зўравонлик меъёр эмас ва зўравонликсиз ва тазйиқсиз ҳаёт бўлиши мумкин!
Наргис Қосимова