Аксарият юртдошларимиз мазкур саволга “оилада, фарзандларида” деб жавоб беришади. Оналар қизларини узата туриб, уларга “ували-жували, бир этак бола” тилашади. Назокат (исмлар ўзгартирилган) ҳам ота-онаси, бувисининг оқ фотиҳаси билан оила қурди. Келинлик хизматини сидқи -дилдан амалга ошира бошлади. Аммо тўйнинг иккинчи куниёқ қайнонаси Саломат ая Назокатнинг ишидан айб топди.
-Сизнинг қилган ишингизан онангиз қандай тарбия берганлигида кўринади. Супургини ҳеч қачон суяб қўйибсиз, ундай қилинмайди, бу бехосиятлик белгиси.
-Келин, хамирни нонга қаттиқ қилиб, муштлаб-муштлаб қориш керак. Бу туришда ҳамма нонингиз тандирда оқиб кетадику.
-Келин, кирингиз оқармапти? Онагиз кир ювишни ўргатмаганми?
-Келин, қулоғингиз карми, нима бало, сигирни овозини эшитмаяпсизми? Бечора сувсаган, боринг сув беринг.
Ҳар куни танбеҳларнинг кети узилмасди. Назокат эса онасининг “Қизим, янги оилада келин эмас, қиз бўлишга ҳаракат қил”, “Қайнонанг нима деса, хўп дегин”, “Қайнотангни кўзига тик боқма” деган ўгитларига қанчалик тўлиқ амал қилишга уринса, қайнонаси шунча авжига чиқарди.
Баъзида бу танбеҳларга қайнотаси ҳам қўшилиши эса Назокатни ҳайрон қолдирар, айби нимадалигини англаб етолмасди.
Ҳар бир қиз келин бўлгач, гул-гул очилиб, бахтлилигидан чиройига -чирой қўшилади. Аммо Назокат бу бахтни ҳис қилмади. Турмуш ўртоғи Аъзамжон Назокатга беш ой давомида жинсий ожизлиги туфайли яқинлашмади. Қайнонаси эса келинини туғмасликда айблай бошлади. Аъзамжон муаммоси юзасидан шифокорга учрашмай, дардини айтган ўртоғининг “уйлансанг, жинсий ожизлик” албатта йўқолади, деган гапларига қаттиқ ишонганиданми, аламини Назокатдан ола бошлади. Хотини кўзига барча муаммоларининг сабабчисидек кўринар, шу сабабли унга бўлар-бўлмасга қўл кўтарди.
Ўша куни Сурайё опа қизини кўргани борганида, Аъзамжон онасининг гапига кириб, хотинини “тарбиялаётган” эди.
Буни кўриб Сурайё опанинг бошидан ҳуши учди. Куевининг қўлига ёпишиб, юзига тарсаки тортиб юборди. Бўлди тўпалон, бўлди жанжал. Сурайё қудасига айтадигани айтиб, шу куниёқ қизини уйга қайтариб олиб кетди.
Аммо уйда Назокатдан ҳали қиз бола эканлигини эшитиб, ҳайратдан ёқа ушлади. Юз-кўзи маматалоқ бўлиб ётган қизини етаклаб, шифокорга борди. Шифокор ҳам Назокатнинг қиз бола эканлиги ҳақида тиббий хулосани берди…
Буни эшитган Саломат ая яна ҳамма айбни Назокатга тўнкади. Уни ёлғончиликда айблади. Қайтиб, “ёлғончи” келинни уйига киргизмаслигини айтди.
Наманган вилояти реабилитация ва мослаштириш марказига мурожаат қилган Назокатга аввало Марказ руҳшуноси психологик ёрдам кўрсатди. Марказ ҳуқуқшуноси томонидан эса айни пайтда ажрашиш бўйича судга ҳужжатлар тайёрланмоқда.
Афсуски, жамиятимизда нима муаммо бўлишидан қатъий назар доимо аёл киши айбдор. Юқоридаги воқеа эса бунинг ёрқин мисолидир. Сиз бундай воқеаларга дуч келганмисиз? Бундай масалада қандай йўл тутган бўлар эдингиз? Сизнинг фикрларингизни кутиб қоламиз.
Наргис Қосимова