535

МОСКВАДА КЎЧАГА ҲАЙДАЛГАН ҚАРШИЛИК ЖУВОН ҲИКОЯСИ

Йиртилган кўйлакда, пулсиз ва ҳужжатсиз Ўзбекистон республикасининг фуқароси тунги Москва бўйлаб кетмоқда. Ҳеч вақосиз ўзга юртда қолиш даҳшат эмасми? Айниқса короновирус пандемияси даврида. “Севимли” ёри ва қайнонаси уриб, тунда кўчага улоқтирган мана шу нозик аёл нималарни бошидан кечирганлигини тасаввур қилиш қийин. Уни ҳафа қилганлар ҳаттоки 8 ойлик боласини ўзи билан олиб кетишга имкон беришмади.
Ўз онасига амаллаб қўнғироқ қилган жувон бошига тушган кулфатни сўзлаб берди. У эса ўз навбатида қизини ортга қайтаришларига ёрдам сўраб, Қашқадарё вилояти ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилди. Ички ишлар мазкур мурожаатни “Истиқболли авлод” марказининг Қашқадарё вилояти бўлимига йўллашди. Чунки Марказ ходимлари бир неча маротаба хорижда меҳнат қуллигига тушган юртдошларимизни ортга қайтариш тажрибасига эгадирлар.

Марказ ҳудудий бўлимининг директори Шахноза Раупова қаршилик жувоннинг ортга қайтарилиши ва унинг хавфсизлигини таъминлаш учун зудлик билан чора-тадбирлар кўрилаётганлигини айтиб, бу ишга россиялик ҳамкорлар ҳам жалб этганлигини сўзлаб берди.
Жувонни “Истиқболли авлод”нинг Россиядаги ҳамкори «Альтернатива» ҳаракатининг кўнгиллилари топишди. Маълум бўлишича, бир ҳафтадан буён жувон катта шаҳар бўйлаб юртдошлари — ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари турар жойларида тунаб юрган. Қўрққан ва оч жувонни аввал полиция маҳкамасига олиб бориб, у ерда аёл шикоят аризасини ёзгач, вақтинчалик бошпанага олиб бориб, қорнини тўйдиришган, уст-бош, ётоқ учун жой беришган. Зарур руҳий ва тиббий муолажалар қилинган. Шу вақтда қашқадарёлик мутахассислар Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасига телефон қилиб, оилавий зўравонликка дучор бўлган Ўзбекистон фуқаросини Ватанига қайтариш масаласини ҳал қилиш учун ҳаракат қилишмоқда эди.

23 ёшли Қарши шаҳрида яшовчи аёл воқеаси республика “Истиқболли авлод” ходимларини ҳам ўйлантириб қўйди. Улар воқеа содир бўлгунга қадар, жувон қандай яшаганлигини билишга қизиқишди.
Икки йил олдин у турмушга чиққан. Чиройли тўй бўлиб ўтган. Аммо тўйдан сўнг эри ва қайнонаси кўп ўтмай ҳомиладор келинини Қаршида қолдириб, ишлагани Россияга кетишган. 8 ой олдин у ўғил туққан. Жорий йилнинг февраль ойида эри ниҳоят хотини борлиги ёдига тушиб, уни фарзанди билан Россияга чақириб олган. Аммо жувонга Кремлни кўриш насиб қилмади. Келган кунидан бошлабоқ, у қайнонаси ва эри томондан қилинган зуғум ва таъна-дашномлар остида қолиб кетди. Кейинги кунларни эса аёл умуман эслашни истамайди — калтакланиш, ҳақоратлар, камситилишлар.
Москвадек азим шаҳарда қийин шароитда қолган қаршилик жувон воқеаси кутилмаган ҳолатда якун топди. Барча унинг тақдири борасида қайғуриб, уни қутқариш, Ўзбекистонга қайтариб олиб келиш учун ҳаракат қилаётган бир пайтда, 23 ёшли жувон ўзини хафа қилганларни кечирди ва улар билан Россияда қолишга қарор қилди…

Ички ишлар ходимлари ва кўнгиллилар билан фарзандини олиш учун аёл эри ва қайнонаси ижарада яшаётган хонадонга боришди. Таржимонлик вазифасини онлайн шаклда “Истиқболли авлод” марказининг вилоят бўлими директори Шахноза Раупова ўз зиммасига олди. Икки соатлик музокаралар давомида қайнонаси йиғлаб, келинидан кечирим сўраб, бошқа бундай ҳолат такрорланмаслигини, оиласини фарзанди учун сақлаб қолишини илтижо қилди. Бошқа уни калтаклашлар, ҳақорат ва камситишлар бўлмаслигига ваъда берди. 10 кундан сўнг фарзандини кўришга муваффақ бўлган ёш она эса ҳаммани ҳайрон қолдириб, рози бўлди. Оилавий можаро ярашиш билан тугади. Уйдан ҳайдалган келинни ички ишлар ходимлари ва кўнгиллилар гувоҳлигида яна оилага қабул қилишди. Аммо ҳаммаси ҳам кўринганидек аслида унча яхши эмаслигини сезиб тургандекмиз…
«Истикболли Авлод» марказининг Қашқадарё вилояти бўлими ва унинг россиялик ҳамкорлари қаршилик жувоннинг ҳаётини назоратда ушлашади.

Наргис Қосимова

Улашинг: