Дунёдаги трансмиллий жиноятларнинг энг хавфлиси ва жирканчи одам савдоси афсуски фан-техника тараққиёти даври бўлмиш ХХ-ХХ1 асрда авж олди. Меҳнат миграцияси, ахборот алмашинувининг кучайиши одам савдоси билан шуғулланадиган жиноятчи гуруҳларга ўз қабиҳ ниятларини амалга оширишга имкон яратиб берди. Эндиликда интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган турли хил “юқори даромадли” ишга чақирувчи эълонлар “анъанавий” куча-куйда танишиб, “ишга ёллаш” жараёнининг ўрнини эгаллади.
Инсоният ўз тараққиёт жараёнида қулдорлик тузумини енгиб, бир нечта тараққиёт босқичларидан ўтгач, янги кўринишдаги “қулдорликка” қайтишига нима сабаб бўлмоқда? Унинг иллатлари қаерда яширинган?
Одам савдосига қарши курашиш тарихига назар ташлар эканмиз, “тирик товар” савдоси ҳақида қадимги Миср ва Месопотамиянинг ёзма манбаларида келтирилган қайдларни кўриш мумкин. Айнан ўша даврда қулчилик давлат иқтисодиёти ривожига ҳисса қўшган йўналишлардан бири бўлган. Африкадан олиб келинаётган арзон қора танли қуллар Миср, Финикия, Юнонистон, Рим, кейинчалик Туркия, Эрон, Арабистонга етказиб берилар эди. Ғарбий Европада қул жаллоблари асосан скандинавиялик викинглар ва италиялик савдогарлар, португаллар бўлиб, қулларни Европа мамлакатлари ва Бразилияга етказиб беришган. Қулдорларнинг бу қабиҳ фаолияти XIX асрга келибгина барҳам топди. Биргина Саудия Арабистонида қулчилик ХХ асрнинг 80-йилларигача давом этди. XYII асрга қадар қул савдоси давлат ихтиёрида бўлган бўлса, 1698 йили инглиз Парламенти жисмоний шахсларга ҳам қулчилик билан шуғулланишга рухсат беради. 1452 йилда Рим папаси Николай V ўзининг “Romanus Pontifex” булласи билан португалияликлар томонидан Африка ҳуддуларига босқинчиликка фатво беради. 1510 году йили эса мазкур босқинчилик ҳаракати оқибатида 250 нафар қора танли қул Эспаньола тилла конига келтирилади. Бир йил ичида Гондурас ва Гватемалага 1526, Колумбияга 1533 нафар қуллар келтирилган. Тарихда “Олтин учбурчак бўйлаб савдо” номини олган мазкур савдо йўналиши қулларни Африкадан олиб чиқиш, уларни Жанубий Америкада сотиш, пулига эса шакар, спиртли ичимликлар ва бошқа маҳсулотларни ўзга юртларга икки-уч баробар қимматга пуллаш имконини берган. Оқ танли қуллар, яъни шотландиялик ва ирландияликлар билан савдони инглизлар 1620 йилда бошлаб беришди. Қулларнинг аксарияти кемалардаги чидаб бўлмас шароит, очлик, сувсизлик ва касалликлар оқибатида охирги манзилга етиб келмай, ҳалок бўлишар эди. Қулчилик даврида Шимолий ва Жанубий Америкага жами Африкадан 12,5 млн. нафар қул олиб келинган.
XVIII асрга келиб Буюк Британиядаги қул савдосига қарши кураш ҳаракати бошланади. Қул савдосига қарши кураш тўғрисидаги биринчи билль Уильямом Уилберфорс (1759—1833) томонидан ишлаб чиқилиб, 1791 йили Парламентда кўпчилик томондан маъқулланди. 1798 йили биринчи қулларга қарши “Африка ассоциацияси” тузилди. Унинг талаби билан Буюк Британия Парламенти қуллар аҳволини ўрганиш учун комиссия тузди. Натижада қуллар ҳаётини енгиллаштирувчи биринчи акт қабул қилинди. Фақат 1848 йилдагина қуллар исёни натижасида Францияга мустамлака мамлакатлардаги қуллар озод қилинди. АҚШда қуллар 1865 йилда озодликка чиқишди. 1807 йил 25 мартда “Одам савдосини тақиқлаш тўғрисида акт” қабул қилинди. Халқаро миқёсда қул савдоси Венада (1815) ва Верона (1822—1823) конгрессларида қораланди. 1890 йилдаги Брюссель конференцияси одам савдосига қарши кураш борасидаги халқаро тизимни ишлаб чиқди.
ХХ асрда рўй берган инсоният тарихидаги энг қирғинбарот урушлар оқибатида аёлларнинг Европадан Америка ва Шимолий Африка қитъаларига кенг кўламли миграцияси ҳамда аёлларни Европага сотиш бошланди. Одам савдосига барҳам бериш мақсадида 1902 ва 1910 йилларда Парижда (Франция) иккита конференция ўтказилиб, “Оқ қуллар савдосига қарши кураш” номли бутунжаҳон Конвенцияси қабул қилинади. Кейинроқ конвенция “Аёллар ва болалар савдосини йўқотиш” ва “Вояга етган аёллар савдосини йўқотиш” номли бутунжаҳон Конвенциялари билан тўлдирилган. 1948 йилда “Инсон ҳуқуқлари” умумжаҳон Декларацияси қабул қилинди. Шундан сўнг “Инсон ҳуқуқларининг Европа Конвенцияси”, “Қуллик хусусида”ги Конвенция, “Қулликни йўқотиш амалиёти тўғрисида”ги қўшимча Конвенция, “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенция, “Аёлларга қарши дискриминациянинг ҳар қандай кўринишларига қарши кураш тўғрисида”ги Конвенциялар қабул қилиниб, дунёнинг кўплаб мамлакатларида қўлланила бошланди.
Айни пайтда трансмиллий уюшган жиноятчиликнинг узвий таркибий қисми бўлган одам савдоси замонавий кўринишда кенг тарқалмоқда. БМТ ва Миграция бўйича халқаро ташкилот мутахассисларининг таҳлилий хулосаларига кўра, ундан жабр кўрганлар сони бир неча ўн миллионни ташкил этади. БМТ маълумотларига кўра ҳар йили дунё бўйича 700 мингдан зиёд шахс одам савдоси билан шуғулланувчилардан азият чекишади. Интернет, хусусан ижтимоий тармоқларнинг ривожи замонавий қулликни келтириб чиқарди, бунга асосан ноқонуний йўл билан иш излаб ўзга юртга кетишлар мазкур жараённи янада кучайтирди. Минглаб инсонлар ХХ1 асрда ҳам одам савдоси қурбонлрига айланишмоқда. Шу сабабли ЮНЕСКО 23 августни Халқаро одам садоси қурбонлари хотираси куни, деб эълон қилди.
Ўзбекистон мустақилликнинг илк йиллариданоқ одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида қатор чора-тадбирларни амалга ошириб, 2003 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1950 йилда қабул қилинган “Одам савдоси ва фоҳишаликнинг учинчи шахслар томонидан ишлатилишига қарши кураш тўғрисида”ги Конвенцияга қўшилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2000 йил 15 ноябрдаги резолюцияси билан қабул қилинган “Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш тўғрисида”ги Конвенция, шунингдек, одам савдоси, айниқса, аёллар ва болаларни сотишнинг олдини олиш, унга чек қўйиш ва бунинг учун жазолаш тўғрисидаги қўшимча протокол ҳам ратификация қилинди. Шунингдек, мустақиллик йилларида хорижий давлатлар билан уюшган жиноятчилик, шу жумладан, одам савдосининг хавфли кўринишларига қарши кураш ҳақида бир қатор шартнома ва келишувлар имзоланди. Айниқса Ўзбекистон Республикасининг 2008 йилнинг 17 апрелида қабул қилинган “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 8 июлдаги “Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда одам савдоси жиноятига қарши курашишнинг миллий қонунчилик асосларини яратиб берди. Шунингдек, одам савдосига қарши курашиш, бундай жиноят қурбонларини ижтимоий ҳимоялаш тадбирлари комплекс характерга эга эканлиги инобатга олиниб, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг бу борадаги фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика Идоралараро комиссияси тузилди ва ҳозирги кунда комиссия томонидан одам савдоси ҳолатларининг олдини олиш, аниқлаш ва уларга чек қўйиш, унинг оқибатларини минималлаштириш ҳамда одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатишга қаратилган бир қатор ташкилий ва профилактик тадбирлар ўтказилиб келинаяпти.
Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 5 ноябрдаги “Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича Республика реабилитация марказини ташкил этиш тўғрисида” ги 240 — сонли қарорининг иккинчи бандига асосан одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича Республика реабилитация марказининг асосий вазифалари ва функциялари этиб белгиланди.
2001 йилдан буён республикамизда фаолият кўрсатаётган “Истиқболли авлод” ижтимоий-ахборот маркази мамлакатимизда мазкур трансмиллий жиноятга қарши курашишда етакчи ташкилотлардан биридир.
— Бизнинг асосий вазифамиз аҳолининг одам савдоси борасидаги хабардорлигини ошириш, қўллаб-қувватлаш, маслаҳат беришдир. Ҳаёт йўлида қийин вазиятга тушиб қолганларни ўз кучи ва матонатига ишонишга, умидларини сўндирмасликка ундаб, янги ҳаёт бошлашларида кўмаклашамиз. Фаолиятимизнинг асосий йўналишларидан бири бу, одам савдосидан жабрланганларни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Зеро, бугунги кунда жиноятчилар алданган инсонлардан уларни шаҳвоний хизматлар эксплуатациясига жалб этиш, қул меҳнати ва хизматидан фойдаланиш, трансплантация учун тана аъзо ва тўқималарини ажратиб олишда фойдаланишади, -дейди “Истиқболли авлод” ижтимоий-ахборот маркази жамоатчилик билан алоқалар бўлими мутахассиси Муаттар Рўзибоева.- Буларнинг олдини олиш нафақат ҳукуматимиз, балки ҳар биримизнинг вазифамиздир.
Марказ фақатгина ушбу фаолият билан чекланиб қолмай, 2014 йил 19 март куни қайта давлат рўйхатидан ўтказилганидан сўнг аҳолига кўрсатиладиган хизматлар кўламини кенгайтириб, аёллар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш, репродуктив саломатлик ва соғлом турмуш тарзи бўйича ахборот-тарғибот тадбирларни ташкил этиш, ОИВ/ОИТС, туберкулёз ва бошқа ижтимоий хавфли касалликларни аҳолининг ижтимоий заиф гуруҳлари орасида тарқалишини олидини олишга қаратилган лойиҳа ва дастурларда иштирок этиб келаётир. Биргина 2017 йилнинг биринчи ярмида марказнинг ишонч телефонига келиб тушган 1111 та қўнғироқ қайд қилиниб, уларнинг 688 нафари эркаклар ва 423 нафари аёллардир. Шундан хорижий мамлакатлардан 114 та Ўзбекистон фуқаросидан Ватанга қайтарилишини сўраб, 39 та ариза тушган. Айни пайтда 80 нафар юртдошларимиз марказ ходимларининг саъй –ҳаракатлари билан юртимизга қайтиб келдилар.
-Марказнинг “Долзарб алоқа тармоғи” ҳафтада беш кун ишлайди, дейди “Истиқболи авлод” ИАМ жамоатчилик билан алоқалар мутахассиси Муаттар Рўзибоева. — Жорий йилнинг 1 январидан 30 июнига қадар одам савдоси тўрига тушган юртдошларимиздан ёрдам сўраб жами 62 та қўнғироқ бўлган бўлса, хорижда меҳнат қилиш учун кетиш истагини билдирганларнинг қўнғироқлари 177 тани ташкил этди. Иккала ҳолатда ҳам қўнғироқ қилаётган эркакларнинг сони аёлларга нисбатан кўпчиликни ташкил этади.
Муқаддас китобларда нафс йўриғига юриш залолатга элтувчи фитна экани айтилади. Афсуски турли хил сабаблар, иқтисодий етишмовчилик туфайли оиласини, фарзандларини ташлаб йўлга отланувчиларнинг сони йилдан йилга ошиб бормоқда.
- Мен Туркияда 3 йилдан буён бир хонадон хизматини қиламан дейди. М.А.- Ўзбекистонда онам қўлида ногирон қизим, иккита мактабда ўқийдиган фарзандим қолган. Уларни келажакда ўқитиш, уйли-жойли қилиш учун ўзга юртларда сарсон бўлишга мажбурман.Тўғри бу ерда унча-мунча маблағ топсамда, хўжайинларимнинг менга қулдек қарашлари бошида оғир ботган эди. Аммо начора, инсон барчасига кўникар экан.
Марҳабо (исми ўзгартирилган) биринчи йилиёқ 6 ой паспортини олиб қўйишганлиги сабабли хўжайинига текин ишлаб беришга мажбур бўлган эди. Сўнг уй йиғиштира туриб, ўз паспортини топиб олгач, ушбу хонадондан тунда қочиб кетган, ўзининг айтишича икки кун кўча-куйда ётиб юриб, “инсофли” иш берувчига йўлиққан эди.
Марҳабога бу борада омад кулиб боққан бўлса, Россия, Жанубий Корея, Туркия, Таиланд, Малайзия, Қозоғистон, Швецияга кетаётган минглаб юртдошларимизнинг аксарияти билиб-билмай қул жаллоблари и тўрига илинмоқдалар. Хорижда давлатнинг қонунчилиги, тили,ишга ёллаётган шахсларнинг аслида кимлигини билмай туриб, аксарият юртдошлармиз кўр-кўрона уларга ўз ҳаётларини ишониб топширишмоқда.
Нима учун юртдошларимиз жабрланувчига айланадилар? “Истиқболли авлод” ИАМ ходимларининг фикрига кўра бу:
- серҳашам ҳаёт тарзини ошкора намойиш қилиниши (ёшлар қандай йўл билан бўлса ҳам пул топиш илинжида бўлиши)
- оилавий муносабатларни мустаҳкам ўрнатилмаганлиги ва оила аъзолари томонидан қўллаб-қувватланмаслик. Ижтимоий заиф груруҳлар орасида: меҳрибонлик уйларининг тарбияланувчилари, ноқобил-нотинч оилалар, қаровсиз қолганлар) кузатилиши
- ижтимоий-иқтисодий жараён (ишсизлик, билим даражасининг пастлиги)
- иш билан таъминланган эркакларга нисбатан иш билан таъминланган аёлларнинг сонини камлиги, шу сабабли аксарият ҳолларда аёллар муаммо билан тўқнаш хавфида бўлишади
- ахлоқ-одоб қоидаларига риоя қилинмаслик ҳоллари (вояга етмаганларга нисбатан шаҳвоний хатти-ҳаракатларни содир этилиши одатий ҳолга айланиб бораётганлиги)дир.
Одам савдоси жабрланувчисига айланмаслик учун аввало“Истиқболли авлод” ИАМ ходимлари қуйидагиларни тавсия этишади:
- танишларингиз ёки тасодифан учраган одамларнинг чет элда ишлаш, ўқиш ёки оила қуриш тўғрисидаги қизиқтирувчи таклифларидан ўзингизни четга олинг. Ҳужжатларингизни ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳеч кимга берманг!
- қийинчиликларсиз тезлик билан топиладиган ойлик маош, иш ҳаққи ва даромад ҳақидаги ваъдалар одатда ҳақиқатга тўғри келмаслигига эътибор қаратинг!
- қизиқиб кўринг: Сизга чет элга боришни таклиф қилаётган ташкилот ёки фирма, улар билан ҳамкорлик қилувчи маҳаллий вакиллар (сайёҳлик, никоҳ, иш билан таъминловчи, ўқишни ташкиллаштирувчи) қонуний фаолият юритишадими?
Агар Сиз чет элда ишлаш ёки ўқиш ниятида бўлсангиз:
— Сизга ўқиш ёки иш таклиф этаётган фирма ёки ташкилот билан шартномани белгиланган давлатга боришдан олдин, ўз давлатингизда имзоланг;
— Сизга чет элда ўқиш ёки ишлаш бўйича хизматларини таклиф қилган фирма ёки агентликни қонуний ишлашига ишонч ҳосил қилиш учун тегишли лицензия ва сертификатда улар томондан кўрсатиладиган хизмат турларига аҳамият беринг. Лицензия ёки сертификатнинг асл нусхаси кўринарли жойга жойлаштирилган ва бир нусхада бўлиши зарур;
— шартномани имзолашга шошилманг, мутахассислар билан маслаҳатлашинг, ҳар бир банди билан мукаммал танишиб чиқинг;
— агар шартнома шартлари Сизни қониқтирмаса, имзолашни рад этинг. Ўз шартларингизни киритилишини ва ўзгартиришни таклиф қилинг;
— шартнома фирма ёки агентлик директори томонидан имзоланганлигига аҳамият беринг. Агар шартнома ижрочи ходимлар, масалан директор ўринбосари ёки бошқа ходимлар томонидан имзоланган бўлса, имзо қўйиш ҳуқуқини берувчи қарор ёки ишончномани (нотариал тасдиқланган) кўрсатишларини сўранг;
— сиз имзо қўйган шартнома ва бошқа ҳужжатларингиз нусхасини яқинларингизда қолдиришингиз зарурлигини ёдингизда тутинг;
— чет давлатларда фақатгина меҳнат визаси ишлаш ҳуқуқини беради, сайёҳлик визаси билан белгиланган давлатга бориб ноқонуний ишлашга розилик берманг;
— ўзингиз билан паспорт, билет ва бошқа ҳужжатларнинг нусхасини олинг ва асл ҳужжатлардан алоҳида жойга яшириб қўйинг. Яқинларингизда чет элдаги иш ва яшаш жойингиз, иш берувчи, корхона ёки ташкилот раҳбари ҳақидаги тўлиқ маълумотларни қолдиринг;
-Шунингдек, бирор хавфга тўқнаш келсангиз бу ҳақида яқинларинингиз хабар бера олишингиз учун бирор оддий ва содда сўзни келишиб олинг (фавқулодда вазиятларга тўқнаш келсангиз, масалан ўғирлик, мажбуран ушлаб туриш ва бошқалар), бу телефон орқали гаплашаётганингизда кимдир назорат қилиб турган бўлса ёрдам беради;
— эътиборингизни қаратинг Сизга ваъда қилинаётган ойлик маош бажаришингиз керак бўлган ишга мос келадими, ҳаддан зиёд кўп тўлашни ваъда қилишмаяптими;
— йўл ҳаражатлари, яшаш, озиқ-овқат ва бошқа ҳаражатлар учун ўша жойда ёки кейинчалик ойлик маошингиздан ҳисоб-китоб қилиниши тўғрисидаги таклифга розилик берманг;
— қуйидаги эълонларга диққат қилинг ва улардан эҳтиёт бўлинг: “Официантка, раққоса ва бошқа ишларга қабул қиламиз. Тажриба ва малака талаб қилинмайди. Йўл ҳаражатлари, яшаш ва кундалик ҳаражатлар иш берувчи томонидан қопланади”; “Катта маош тўланадиган ишларга қабул қиламиз”. Бу каби эълонларда телефон рақамидан бошқа маълумот бўлмайди, иш таклиф қилувчи фирма ёки агентлик тўғрисидаги маълумот кўрсатилмайди.
Наргис ҚОСИМОВА