Меҳнат муҳожири. Россия, Туркияга йўл олган опа-cингиллар ичида аксарияти олий маълумотли эканлигига ишониш қийин. Яқинда хорижга қилган сафаримда самолетда хамроҳ бўлган опанинг ҳикоясидан сўнг анчагача ўзимга кела олмай юрдим. Албатта мақолада унинг исми ўзгартириб берилган.
Меҳнат муҳожири тушунчаси ортида, камситилиш, оч қолиш, турли ҳақоратларни эшитиш билан бирга оилани боқиш, фарзандини ўқитиш учун ўз ғуруридан, ўзлигидан воз кечиш каби инсон учун энг оғир ҳис-туйғулар, минглаб инсонлар тақдири яширинган. Ўз юртидаги ишсизлик, оилани бир ой тугул, бир ҳафта ҳам тебратишга етмайдиган маош, улғайган фарзандларини ўқитиш, уйлантириш, уйли-жойли қилиш учун минглаб юртдошларимиз Россия, Қозоғистон, Туркия, Бирлашган Араб Амирлиги, Жанубий Корея, АҚШ, Европа каби давлатларда ҳақсиз-ҳуқуқсиз, мазкур давлат фуқароси ўша иш учун оладиган маошнинг ярмига кўниб ишлашга, ўта оғир шароитларда кун кечиришга мажбур этмоқда.
Меҳнат муҳожири… Фотима атиги бир ой давомида ана шу икки сўздан иборат бирикма либосини кийиш нақадар оғирлигини тушиниб етди.
Мактабда дарс бериш билан биргаликда яна 2 та жойда ишлаб, икки фарзандни едириб, кийинтиришга етган маошлари улар улғайиб, талаба бўлишганида етмади. Икки қизининг салкам 19 млн. сўм, хорижда таҳсил олаётган ўғлининг 5 минг АҚШ доллари миқдоридаги бир йиллик ўқиш шартнома пули ва бошқа тўловларини тўлаш учун ёр-биродарлардан қарз кўтариб дадил Ўзбекистон Миллий банкига йўл олди. Тўловлар фавқулодда тез амалга оширилди. Аммо энди нима қилади? Олаётган маошларини жамлаганда зўрға ойига 300 доллар пул йиғилади. Фарзандларининг ўқиш пулидан ташқари, кексайган онасининг дори-дармони, бўи етган қизларига сеп йиғиш, анчадан буён таъмирталаб бўлиб қолган уйини эшигини бузаётган совчилар олдида уялмаслиги учун таъмирлаши зарур. Турмуш ўртоғи бахтсиз ходиса туфайли бундан 15 йил олдин ҳатдан кўз юмгач, Фотима учун ҳам бахтли онлар тугаган эди, гуё.
-Икки йилдан буён Туркияда ишлаб юрган дугонам “ягона йўли чет элда ишлашдир”. “Шунда топган пулинг ҳам етади, кечаю-кундуз тер тўкиб топган пулингни кўчадаги “валютчикларга қўш-қўллаб топширмайсан” деди. Унинг гапида жон бор эди. Барча ишхонамдан ўз аризамга кўра ишдан бўшаб, Истанбулга чипта олдим, дея суҳбатимизни давом эттирди Фотима опа, бироз тин олиб. Истанбулга етиб келган куниёқ иш топдим. Мухаммадселим Башдемирнинг 3 нафар фарзандларига қараш ва икки қаватли 12 та хонадан иборат хонадонида хизматкорлик қилиш. Менинг вазифамга 6 ойлик, 3 ёш ва 5 ёш болаларга туну-кун қараш, кир ювиш, дазмоллаш, уйни тозалаш кирарди. Мухаммадселимнинг аёли 30 ёшлик Шейма хоним вазифамни тушунтиргач, жилмайиб “қорнинг очса, музлатгичдан истаган нарсангни олиб е” деди. Турклар ҳақиқатдан меҳрибон ва меҳмондўст экан” деган ҳаёл яшин сингари миямдан ўтиб, кўнглим кўтарилди. Аммо… аммо қанчалик янгилишганимни иккинчи куниёқ тушуниб етдим. 5 яшар қизчани боғчаа олиб боргач, 4 соат деганда амаллаб уйларни тозалаб бўлганим билан, болаларни сайрга олиб чиқиш, сўнг ювилган кирларни дазмоллаш, югуриб қизчани боғчадан олиб келиш, “жужуқлар” билан ўйнаш, яна ҳамма жойи сочилган уйни йиғиштиришга тўғри келди. Оила овқатлангунича 6 ойлик чақалоққа қараб турдим. Ниҳоят энди ўтириб, овқатланаман деганимда Шейма хоним чақириб, болаларни ухлатишга буюрди. 10 кун ушбу хонадонда 10 йилдек туюлди Аммо дам-бадам ўзимга қийналсамда фарзандларимни олийгоҳда ўқитиб олсам, бу кунларни кўрмагандек бўлиб кетаман, деб юпатардим. 11 куни Ўзбекистондан мудҳиш ҳабар келди. 13 ёшли жияним саратон касаллигидан вафот этибди. Анчагача ўзимга кела олмай гангиб турдим. Сўнг қуйилиб келаётган кўз ёшларимни тўхтата олмадим. Шу орада Шейма хонимнинг уч яшар ўғилчаси Яхё ётиш олдидан копток ўйнагиси келиб қолди. Қанчалик эртага уйнашимизни айтмай, ер депсиниб, чинқира бошлади. Боланинг шовқинига югуриб келган хоним, сабабни билгач, “Сен жиянинг ўлиб, менинг болаларимни хафа қилаяпсан, уйимдан кет” деди. “Эртага ўйнайман, бугун жуда бошим оғрияпти” дейишимга қарамай, индамай пастга тушиб кетди. Болаларни амаллаб ётқизгач, пастга тушиб чой ичиб ўтирган эр-хотиндан нафратимни яшира олмадим. “Менинг ишлаган пулимни бер, эртага эрталаб кетаман” дедим. Тонг саҳарда ишлаб топган 200 долларни олиб, амаллаб ижара хонадонга етиб келдим. Каталакдек уч хоналик квартирада салкам 16 киши яшайди. Бир хонада 8 одам ухлайди. Измирга дугонамнинг ёнидан иш қидириш мақсадида самолетга чипта олгач, амаллаб хонадонда уч кеча тунадим. Кундузлари Султон Ахмад майдонида жойлашган Топкапи саройи, Аё София ибодатхонаси, Султон Ахмад, Султон Сулаймон жоме масчитларини томоша килдим.
Измирда мен тушган хонадоннинг эгаси Суха Озкан “Афримекс” савдо кампаниясининг раҳбари ўзининг 100 ешли отаси ва 96 ешли онасига қараш учун ёллади. Бу хонадонда эса кечаси чол ухламагани учун ухлаш мумкин эмас эди. Кундузи улар ухлаганида эса уйни тозалаш, уларга овқат пишириш, кирини ювиш ва энг ёмони улардан қолган қолдиқ овқатларни ейишим мумкин экан. 4 кун уйқусизлик ва очлик (чунки қолдиқ овқатни ейишга ҳазар қилдим) оқибатида бу хонадонни тарк этдим. Кетар чоғи Суха Озканнинг “Хамма ўзбеклар қул, туркларнинг марҳамати туфайли улар бу ерда кун кўраяпти” дегани жон жонимдан ўтиб кетди. “Ўзбек ҳеч қачон қул бўлмаган ва бўлмайди ҳам. На туркка ва на бошқа халққа. Икки қулоғинг билан шуни эшитиб” ол деганимча кечқурун чиқиб кетдим. Дугонам ишлаётган хонадон соҳибаси кўчада қолдирмади. Уйга чиптани алмаштириб, қайтгунимча у бошпана берди. Ҳозир ўша аёлникида ишлаяпман. Худога шукр, муносабати менга яхши. Аммо у ердаги бошка юртдошларимизни кўриб, баъзида юрагим эзилади. Ишлашга рухсатномаси булмагани учун, полициядан кочиб, яшириниб юришади. Чунки ишга рухсат олиш хужжатини тўғирлаш 500 доллар туради.
-Қайтмайсизми? Олий маълумотли экансиз. Ҳозир ўқитувчиларнинг ҳам маоши ошди, дедим унга тикилиб
-Ҳа, қайтмоқчиман. Ғурурсиз яшаш жонга тегди. Аммо яна бироз чидашим керак. Фарзандларим ўқишити тугатиб олсин.
Фотима опа бошқа гапирмади. Истамбул аэропортида мен билан илиқ хайрлашиб, тумонат одамларга қўшилиб кетди.
Бугунги кунда сиёсий, иқтисодий сабабларга кўра бутун дунёда миграция жараёни кучайиб, Ер юзидаги аҳолининг ҳар 5 тадан биттаси, ёки 20 фоизи миграция жараёнига тортилган. Бу билан бирор давлатда миграция кўп ёки кам дея олмаймиз. Мазкур ҳодиса ривожланган ҳамда ривожланаётган давлатларда ҳам мавжуд.Ўзбекистонда бу жараён аксарият ҳолатда иқтисодий сабабларга кўра содир бўлмоқда. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги берган маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикаси бугунги кунда фуқароларининг хорижий давлатларга меҳнат қилиш учун чиқишида расмий миграция орқали йўналтириш бўйича бир қатор ишларни амалга оширмоқда. Хусусан Россия Федерацияси, Польша, Япония, Корея давлатлари билан фуқароларимизнинг у ерда қонуний меҳнат қилиши борасида келишувга эрилишиб, у ерда меҳнат қилаётган фуқароларнинг ижтимоий ҳимояси, тиббий кўриги, белгиланган иш миқдоридан кам бўлмаган иш ҳақи масалалари билан бир қаторда уларнинг Ўзбекистон миллий байрамларида дам олиш ҳуқуқлари белгиланди. Шу пайтгача Ўзбекистон Республикасида миграцияни тартибга солиш бўйича Конституция ва айрим бир қонун ҳужжатларида тарқоқ нормалар мавжуд бўлган бўлса, ҳозирги кунда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда “Миграция тўғрисида” ги қонун лойиҳаси тайёрланиб, кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига киритилган. Демак, миграцияга нафақат ташкилий, балки қонуний нуқтаи назардан ҳам унинг стратегиясини инобатга олган ҳолда чоралар кўраяпмиз. Айтиш жоизки, миграция масалалари ўз ичига фаол, ўрта ёш ва ёш аҳолини қамраб олади. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ташқи миграцияга мойил бўлган аҳолининг расмий статистикаси юритилади ва хорижий давлатларда меҳнат фаолиятини юритаётган аҳолининг мониторинги олиб борилади, чунки бу биринчи галда мамлакатнинг имиджини белгилаб беради. Норасмий миграция билан қамраб олинган аҳолининг мониторингини олиб бориш қийин. Чунки бу йўналишда Ички ишлар вазирлиги, маҳаллаларга ҳам топшириқлар берилган бўлсада, бундай статистикани юритиш қийин. Чунки вилоятдан пойтахтга меҳнат қилиш учун кетаяпман деб, бошқа вилоятлар ёки қўшни ресспубликаларга чиқиб кетаётган юртдошларимиз ҳам йўқ эмас. Албатта муҳожирларнинг маълумотлар базасини шакллантириш ва давлатлараро маълумот алмашиниш масаласи муҳим. Бу ҳар бир давлатга фойдали бўлади. Чунки Марказий Осиёда аҳоли миграцияси жуда ҳам фаол ва ҳар бир давлат томонидан меҳнат муҳожирларининг ҳаётини сақлаш, фуқаролар ҳуқуқларини таъминлаш, у давлатнинг қонунчилиги, сиёсати, тиббий суғуртаси муҳим аҳамият касб этади. Агарда давлатлар ўртасида қонунчилик бир биридан кескин фарқ қилса, меҳнат муносабатларини тартибга солиш ҳам қийин бўлади. Аммо МДҲ давлатларининг бу борадаги қонунчилик бир бирига яқин ва бугунги кунда айнан меҳнат миграцияси борасида ахборот алмашиниш ва меҳнат муносабатларини тартибга солиш қийин бўлмайди деб ўйлайман.
Мамлакатимизда меҳнат миграциясининг кучайиши бир қанча ижтимоий муаммоларни келтириб чиқарди. Булар сирасига қуйидагиларни киритиш мумкин:
турли хил юқумлик касалликлар, хусусан сил, ОИВ инфекцияси билан зарарланган меҳнат муҳожирларининг мамлакатга қайтиши натижасида, касалланганлар сонининг ўсиши;
ота ёки она, айрим ҳолларда уларнинг ҳар иккаласи ҳам ишлаш учун хорижга кетиши оқибатида тарбияси оғир, жиноят қилишга мойил деб таърифланадиган болалар сони ортиши;
ишлаш учун хорижга чиққан ёшларнинг турли ёт ғоялар, экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолиши ҳамда ана шу оқимларнинг ғоялари билан заҳарланган ҳолда мамлакатимизга қайтиши ёки террорчи гуруҳлар таркибида уруш бўлаётган юртларга чиқиб кетиши;
ёш қиз-жувонларнинг алданиб фоҳишахоналарга тушиб қолиши.
Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Энг ачинарлиси, ана шу ҳолатларнинг ортида нафақат битта инсоннинг, балки бутун бошли оилаларнинг тақдири турганлигидир.
Наргис Қосимова, журналист