300 йилдан бери ўз ҳудудий сарҳадлари дахлсизлиги, эрки ва дини учун курашган Озарбайжон халқи 1918 йил 28 май куни Озарбайжон мустақил давлат деб эълон қилиниши ҳақидаги тарихий қарор қабул қилинди Озарбайжоннинг Шарқий ва Жанубий Кавказорти ҳудудларида миллий давлатчилик барпо этилди. Ўша мажлисда янги демократик давлат тузилиши фактини ҳуқуқий жиҳатдан тасдиқловчи „Озарбайжон мустақиллиги тўғрисидаги Акт“ қабул қилинди.
Озарбайжон тарихан шимолда Кавказ тоғларидан жанубда Эрон марказигача, ғарбда Гейча (ҳозирда Арманистон Республикасидаги Севан кўли) дарёсидан Урмиягача (Эроннинг шимоли-ғарби) ва шарқда Каспий денгизигача бўлган ҳудудларни эгаллаган.
Озарбайжон халқининг давлатчилик тарихи илдизи чуқур ўтмишга бориб тақалади. «Уч минг йиллик тарихга эга давлат Манн давлати(эрамиздан аввалги X-VIII асрлар)дан бошланади, сўнгра Мидия (эрамиздан аввалги VIII аср), Атропатена (эрамиздан аввалги IV аср), Кавказ Албанияси (эрамиздан аввалги IV аср — эрамизнинг VIII асри) ва бошқалар билан давом этади». Узоқ асрлар мобайнида Озарбайжон таркибига улкан ҳудудлар кирган: ҳозирги Арманистон Республикасининг деярли барча ҳудуди, Грузия ва Доғистоннинг бир қисми, Эроннинг шимолий вилоятлари ва ҳозирги Озарбайжон Республикаси. Бу Россия, Европа, араб, форс, усмонийлар, грузин, ва айнан арманларнинг ўрта аср ва кейинги манбаларида тасдиқланган фактлар ҳисобланади.
Россияда 1917 йилги февраль инқилоби кўплаб жабр-ситам остида эзилган халқларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳаракати учун йўл очди. Ана шу ҳаракатлар самараси ўлароқ, 1918 йил 28 майда Озарбайжон Демократик Республикаси ташкил топди. Бугун озарлар Озарбайжон Демократик Республикаси ташкил топганининг 101 йиллигини кенг нишонламоқда.
Бундан бир аср илгари мусулмон Шарқида биринчи дунёвий давлат дунёга келди. Бир томондан мамлакатнинг бирлашувига хизмат қилган мазкур сана, иккинчи томондан узоқ йиллар Эрон ва Россия бошқарувида бўлган Озарбайжон давлатчилигининг тикланиши куни сифатида байрам қилинади.
1917 йилдаги февраль инқилобидан кейин Жанубий Кавказ халқлари аъзо бўлиб кириши керак бўлган Кавказ Федератив Республикасини тузиш борасида қадамлар ташланди. Бироқ, ўша вақтдаги айрим омиллар федерация ғоясини амалга ошириш имконини бермади. 1918 йилнинг 26 майида Тбилисида бўлиб ўтган Кавказ Парламенти мажлисида Грузия ўз мустақиллигини эълон қилди. Орадан икки кун ўтиб Тбилисида Мамед Эмин Расулзода бошчилик қилган Озарбайжон Миллий Кенгаши томонидан Озарбайжон Демократик Республикасини ташкил этиш тўғрисидаги қарор эълон қилинди. Буни қарангки, янги Озарбайжон ҳукумати бағрикенглик намуналарини кўрсатиб, янги ташкил топган Арманистон Республикасига Иреван (Ереван)ни пойтахт сифатида, шу билан бирга унинг атрофидаги жами 9.5 минг квадрат километр майдонни туҳфа этишган.
Мамлакат мустақиллиги расмий эълон қилинган ҳужжат “Озарбайжон мустақиллик декларацияси” номи билан тарихга кирди. Унда мустақил Озарбайжон Республика кўринишидаги давлат бўлиши белгиланган. Биринчи марта мусулмон дунёсида дунёвий демократик давлат тузилиб, илк марта аёлларнинг сайлов ҳуқуқлари белгиланди. Мустақил давлатнинг биринчи раҳбари (Вазирлар маҳкамаси раиси) этиб Фатали Хан Хойский сайланди.
1918 йил 9 ноябрда Хойскийнинг маърузаси асосида кўк, қизил ва яшил ранглардан иборат, марказида оқ ярим ойли ва 8 қиррали байроқ тасдиқланди. Ф.Хойский ўз чиқишида ярим ой исломни ифодалаши, 8 қиррали юлдуз Озарбайжоннинг араб тилидаги 8та ҳарфдан иборат номига ишора эканини айтади. Учрангли байроқ 1918 йилнинг 7 декабрида ОДР парламентининг биринчи мажлисида илиб қўйилган эди. Парламент мажлисида сўзлаган нутқида Мамед Эмин Расулзода “мустақил Озарбайжоннинг рамзи бўлган, Миллий Кенгаш томонидан кўтарилган ва турк озодлиги, ислом маданияти ва замонавийликни англатувчи уч рангли байроқ ҳар доим ҳилпираб туравериши”ни айтди.
1918 йилнинг 10 декабрида “Озарбайжон” газетасида босилган М.Расулзоданинг мақоласида айтилишича, байроқдаги уч ранг турк миллий маданияти, замонавий европа демократияси ва ислом цивилизациясининг рамзлари ҳисобланади. Озарбайжон давлат гимни мусиқасининг муаллифи Узеир Гаджибеков шундай ёзади: «Озарбайжон Республикаси соғлом миллий асосда ва туркча ақл билан дунёга келди… Ўз навбатида Озарбайжон янги жамият барпо этишга, европача ақл билан ҳаракатланишга интилди. Бизнинг байроғимиздаги учта ранг бу унсурларни ифода этади.
Озарбайжон Демократик Республикаси қўлга киритган ютуқлардан бири ёш давлатни Париж Тинчлик Конференцияси иштирокчилари томонидан тан олиниши бўлди. Шу мақсадда 2018 йилнинг 28 декабрь куни Францияга Парламент раиси Алимардан бек Топчубашев раҳбарлигидаги делегация йўл олди. Делегациянинг саъй-ҳаракатлари билан 1920 йил 12 январида Озарбайжон мустақиллиги Париж Тинчлик конференциясининг асосий давлатлари томонидан тан олинди. Ўша йилнинг 22 апрель куни мамлакат парламенти Англия, Франция, Италия, Швейцария, Польша ва Америка Қўшма Штатларида дипломатик ваколатхона очиш борасида қарор қабул қилди.
Бироқ ёш Озарбайжон Демократик Республикаси осмони узра қора қузғунлар пайдо бўлди. Стратегик муҳим жўғрофий ҳолати ва унинг улкан нефть захиралари Совет Иттифоқининг Кавказдаги йўналишини асосий нишонига айланди. 1920 йил апрелининг ўрталарида Қизил армия бўлинмалари Озарбайжоннинг шимолий чегараларига, апрель охирларида Озарбайжон босқинини бошлаб, 28 апрелда Бокуга кириб келди. Атиги 23 ой мавжуд бўлганига қарамай, ОДР мамлакат зиёлилари учун катта мактаб вазифасини ўтади. Мамлакатдаги фуқароларнинг миллати, жинсидан қатъи назар улар томонидан давлат чегараларини белгилашда, она тилини давлат тили, деб эълон қилишдаги қўшган ҳиссалари келажакдаги мустақил Озарбайжон учун кучли асос в
азифасини ўтади.
СССР парчалангач, 1991 йилда Озарбайжон ўз мустақиллигини тиклади, ўзини ОДРнинг меросхўри деб эълон қилди, Демократик Озарбайжоннинг рамзлари – байроқ, герб ва гимнини тиклади. 1918 йилда ташкил этилган Озарбайжон Демократик Республикаси озар халқининг миллий ғурури, мамлакат тарихидаги ёрқин саҳифадир. Айнан шуларнинг барчаси мамлакатнинг иқтисодий, интеллектуал ва маданий соҳалардаги интилиши билан биргаликда ҳозирдаги мустақил Озарбайжоннинг юзага келишига сабаб бўлди. 1991 йилдан кейинги ривожланиш даври ҳам Озарбайжон халқи ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида эришган улкан ютуқлари билан тарихга киради.