1 371

Зиддиятлар тушунчаси ва таснифи

Наргис Қосимова, ф.ф.н., доцент         

Асосий тушунчалар: инсон, зиддият, гуруҳ, конструктив, деструктив, объект, предмет, манфаат, мақсад.

Инсоният яралибдики, турли-туман зиддиятлар қуршовида яшаб, курашиб келади. Зиддиятларнинг мавжудлиги, бир томондан, инсониятни курашга, ўзининг, жамиятнинг ҳаётини, давлат фаолиятини яхшилашга ундаса, иккинчи томонидан турли хил деструктив, вайронкор кучларнинг фаоллашувига ҳам олиб келади. Томонлар бир бирларининг тушунмаслиги, бирор бир муросага келмаслиги мазкур кучларни ҳаракатга келтиради. Хўш, зиддият нима? Нега у инсоният ҳаётида муҳим аҳамиятга эга? Оммавий ахборот воситалари зиддиятларнинг келиб чиқишига сабаб бўладими?

Зиддият – мураккаб, кўп қиррали ва даражали ижтимоий-руҳий ҳолат. Зиддият деганда, аввало, қадриятлар ҳамда маълум бир мақом, ҳокимият, захиралар учун кураш, рақиблар томонидан бир бирига моддий ва маънавий зарар етказиш, рақибни йўқ қилиш тушунилади. Зиддиятларда у ёки бу мавзулар, қизиқиш ва манфаатлар орқали бирлашган индивидлар, ижтимоий гуруҳлар, миллий-этник жамоалар, давлатлар, бир гуруҳ мамлакатлар қатнашадилар. Шунингдек, шахснинг ички зиддиятларини ҳам мазкур фан ўрганади.

Зиддиятлар турли сабабларга кўра юзага  чиқади, яъни: маънавий, моддий, иқтисодий, сиёсий, диний келишмовчиликлар ва бошқалар. Зиддиятни чуқурроқ тушуниш учун, албатта унинг келиб чиқиш сабабларини ўрганмоқ лозим. Масалан, эр-хотин ўртасидаги зиддиятларни оладиган бўлсак, аввало уларнинг оилавий ҳаётда турли маънавий ва моддий захирага эга бўлган оилаларда тарбияланганликлари, бир-бирини ҳурмат қилмаслиги, тушунмаслиги, эр хотинни, хотин эрни қўллаб-қувватламаслиги, оиладаги иқтисодий етишмовчилик ва ҳоказоларни сабаб қилиб олиш мумкин.  Ишхонада раҳбар ва ходим ўртасидаги зиддиятлар аксарият ҳолатларда раҳбарнинг бошқарув илмига тўлиқ эга эмаслиги, соҳани билмаслиги,  қўл остидаги ходимлар билан келиша олмаслиги, уларни тушунмаслиги ёки ўз гапини ўтказа олмаслиги ва ҳоказолардан келиб чиқади. Ҳар қандай зиддият асосида бирор томоннинг маълум бир мақсадга эришиш йўлидаги ҳаракати ётади. Демак, зиддият  маълум манфаат ва мақсадларга эришиш йўлидаги ўзаро мулоқотнинг ўзига хос сифатидир[1]. Ҳар қандай зиддият инсонлар ва индивиднинг руҳий ҳолатидаги қарама-қаршиликлар ҳосиласидир. Борлиқдаги ҳар бир предмет ва ҳодиса у ёки бу кўринишдаги қарама-қаршиликларга эга. Қарама-қарши хосса ва хислатларнинг ўзаро бир-бирини истисно этишлари асосида зиддият вужудга келади. Зиддият эса, албатта бошқа ҳолатга, босқичга, сифатга ўтиш заруриятини туғдиради[2]. Зиддиятнинг белгилари қандай намоён бўлади? У  зиддият қатнашчилари томонидан қабул қилинган ҳолатнинг мавжуд бўлиши, зиддият объектининг баҳслилиги, қатнашчиларнинг ўз мақсадларига эришиш учун зиддиятга киришишга тайёрликлари билан белгиланади. Узоқ йиллар давомида ташкилий зиддиятларга салбий ҳолат сифатида қараб, зиддиятларсиз ташкилот, зиддиятсиз жамоа ташкил этишга ҳаракат қилиб келинди. Аммо бугунга келиб ҳаёт зиддиятсиз бўлмаслиги исботланди. Гуруҳ, жамоа, давлатни самарали бошқариш зиддиятларнинг мавжудлигида  намоён бўлиб,  у камчиликларни юзага олиб чиқишда қўл келади. Бундай ҳолатда зиддият конструктив, яратувчанлик характерига эга бўлади ва тўғри қарор қабул қилишга омил бўлиб хизмат қилади. Аммо бунда зиддиятли ҳолат томонлари, яъни оппонентлар ўз фикрларига эга бўлган ҳолда ахлоқий меъёрлардан четга чиқмасдан бир қарорга келиши лозим. Дисфункционал (вайронкор) зиддиятлар шахсий қониқишнинг пасайишига, гуруҳдаги ҳамкорликнинг йўқолишига олиб келади. Зиддиятнинг бундай тури бир томон фақатгина ўз фикрини маъқуллашидан, муроса қилишга ва келишишга хоҳишининг йўқлигидан, иккинчи томонни ҳақоратлаш, унинг фикрини инобатга олмаслик,  ўз устунлигини кўрсатишга интилишдан келиб чиқади.

Зиддиятнинг объекти бўлиб манфаатлар тўқнашуви юзага келадиган қадрият хизмат қилади. Унинг объекти бўлсагина зиддият юзага келади. Бундай объектлар ҳақиқий, потенциал, ёлғон ва хаёлий ҳам бўлиши мумкин.

Зиддиятнинг предмети бўлиб ўзаро алоқага кирган томонларнинг рақобат орқали ҳал қилмоқчи бўлган қарама-қаршиликлари хизмат қилади.

Зиддиятларнинг ижобий ва салбий  кўринишларининг шахс, жамоа ва давлатнинг фаолиятига таъсирини қуйидаги жадвалларда кўриш мумкин.

Зиддиятларнинг ижобий ва салбий  кўринишларининг ўзаро таъсири

Шахс фаолиятида ички зиддиятлар мавжуд бўлган ҳолатда унинг вазиятга мослашиши, феъл-атвори ва мижозидан келиб чиққан ҳолдаги ҳаётига таъсири

Ижобий  Салбий
Ҳаётини ижобий томонга ўзгартиришга интилади Бунинг учун бошқалар билан зиддиятга киришади
Мақбул қарор қабул қилишга ёрдам беради Қарорларнинг кўплиги аксарият ҳолатларда тўғри йўлдан адаштиради
Янгиликка рағбат уйғотади Ҳиссий зўриқишнинг келиб чиқиши

Жамоа ҳаётига таъсири

 Ижобий Салбий
Зиддиятга киришган томонлар ўртасидаги вазиятнинг юмшашига олиб келади Зиддиятли ҳолатларда қатнашишда моддий сарф ва ҳиссий зўриқишнинг пайдо бўлиши
Оппонентлар тўғрисида янги ахборотга эга бўлиш

 

Кадрлар алмашинувининг юзага келиши, ходимларнинг ишдан бўшаш ҳолатининг кучайиши
Ташқи рақибларга қарши курашишда жамоанинг бирлашуви Интизомнинг бўшашиши, жамоада  ижтимоий-руҳий муҳитнинг ёмонлашуви
Гуруҳда ўзгаришлар ва ривожланишга рағбат уйғониши Ишга салбий таъсир кўрсатиш даражасида  жараёнга берилиш
Ходимларда бўйсиниш синдромининг йўқолиши

 

Зиддият бартараф этилгач, ҳамкорликнинг сусайиши. Ходимларнинг бир бирига нисбатан ишончининг камайиши
Янги технологияларни иш жараёнига киритиш, янги ғояларни илгари суришга рағбатнинг уйғониши Ишдаги муносабатларнинг тикланишидаги қийинчиликларнинг вужудга келиши

 

Давлатларо муносабатларга таъсири

Ижобий Салбий
Эски ижтимоий-иқтисодий тузилмалар, ҳаётдан орқада қолган мафкурага асосланган сиёсат билан янги ижтимоий манфаатлар ўртасида келиб чиққан қарама-қаршиликлар ва номувофиқликларни бартараф этишга ундайди Мамлакатлар ўртасида ҳарбий ҳаракатлар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин
Мавжуд глобал хавфларга қарши курашишда бирлашишга ҳаракат кучаяди Ядровий уруш хавфининг мавжудлиги, демографик ўсиш, экологик номувофиқликнинг кескинлашиши, турли минтақаларда ижтимоий ва фан-техника тараққиётининг нотекис бориши глобал зиддиятларни туғдириб туради
Битта ҳудудда жойлашган давлатларнинг ўзаро ҳамкорлиги кучайишига олиб келади  (Европа Иттифоқининг ташкил бўлиши) Бирлашган мамлакатлар ўртасида иқтисодий ривожланишнинг турли хиллиги натижасида ички зиддиятлар  келиб чиқади (Греция, ГФР)

 

Зиддиятлар таснифи

Зиддиятларни таснифлашда албатта уларнинг ўзига хослигини инобатга олиш зарур. Шу нуқтаи назардан уни:

1) шахснинг ички қарама-қаршиликлари ва кураши;

2) шахслараро;

3) шахс ва гуруҳ ўртасидаги;

4) гуруҳлараро;

5) давлатлараро (ёки  давлатлар коалициялари ўртасидаги) зиддиятларга бўлиш мумкин.

Шахсдаги ички қарама-қаршилик унинг асабийлашиши, ўз ҳаётий фаолиятидан қониқмаслиги, бир қарорга кела олмаслиги натижасида пайдо бўлади. Масалан, Зигмунд Фрейднинг психоанализ назариясига кўра[3],  ички зиддият «Мен» ва  «Ўзига юқори баҳо бериш»дан келиб чиқади. Мазкур зиддиятлар руҳий асосга эга бўлиб, шахснинг ўзига паст  ёки жуда юқори баҳо беришидан келиб чиқади. Улар конструктив ва деструктив характерга эга бўлиб, шахснинг руҳий ва жисмоний ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Масалан, олий ўқув юртининг талабаси ўзидаги мавжуд билимга кўра, аллақачон етук мутахассис сифатида бирор бир ташкилот ёки корхонада ишлаши, ёхуд  докторантурада ўқиши лозимлигини ҳис қилади. Аммо ҳали олий ўқув юртини битирмаганлиги ва қўлида дипломи бўлмаганлиги сабабли у ич-ичидан сиқилади, талаба бўлиб ўзининг даражасига тенг келадиган яхшироқ иш излашга интилади. Ёки инсон ўзи яшаётган жамият ривожидан қониқмайди. Бошқа, ривожланган давлатга кўчиб кетгиси келади, аммо унинг моддий аҳволи бунга йўл қўймайди. Натижада унда юзага келадиган ички зиддият, уни турли йўлларга бошлайди (яхши иш топишга интилиш, ўз устида ишлаш, яқинлари билан пул устида жанжаллашиш, қарз олиш ва ҳоказо)

Шахслараро зиддият. Бу икки ва ундан ортиқ шахс ўртасидаги зиддият бўлиб, ҳаётда турли сабабларга кўра тез-тез учраб туради. Бунга мисол қилиб, йигитлар ўртасида бир қизнинг муҳаббати учун кураш (ёки аксинча), раҳбар ва ходим ўртасидаги келишмовчилик, қўшнилар ўртасидаги зиддият, жамоат транспорти йўловчилари ўртасидаги тушунмовчилик ва ҳоказоларни кўрсатиш мумкин. Бундай зиддиятлар жамиятнинг ҳар бир жабҳасида: иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, маънавий ва бошқаларда содир бўлиши мумкин. Шахслараро зиддиятларда инсонларнинг шахсий сифатлари, уларнинг  ақлий салоҳияти, тарбияси муҳим аҳамият касб этади.

Шахс ва гуруҳ ўртасидаги зиддият. Гуруҳлар ўз ичига бир қанча муносабатларни мужассам этади ва албатта унда расмий ва норасмий етакчи бўлади. Шу сабабли гуруҳ ичида зиддиятга бориш хавфи кучаяди.

Шахс ва гуруҳ ўртасидаги зиддият конструктив ва деструктив бўлиши мумкин. Биринчи ҳолатда у  шахс ва гуруҳ ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилса, иккинчисида гуруҳ ўртасидаги тарқоқликка олиб келади.

Гуруҳлараро зиддият. Мазкур зиддият турли хил гуруҳлар манфаатларининг тўқнашуви натижасида юзага келади. Аксарият ҳолатда бундай зиддиятлар ижтимоий гуруҳлар ичида юз беради. Масалан, мактабдаги синфлар, талабаларнинг гуруҳлари, ишлаб чиқариш бригадалари, ОТМ кафедралари, сиёсий партиялар, этник жамоалар, диний ташкилотлар  орасида. Ижтимоий зиддиятларни К.Маркс[4] ва унинг издошлари тадқиқ этишган бўлиб,  уларнинг фикрича, зиддият асосида иқтисодий, ижтимоий, маданий, ирқий ва бошқа келишмовчиликлар ётиши мумкин.

Статистик маълумотларга кўра, дунёдаги асосий зиддиятлар гуруҳлараро характерга эга. Буларга асосан этник, ирқий, диний ва маданий белгилар асосида юзага келадиган зиддиятлар киради. Кўп ҳолатларда зиддиятлар этник гуруҳларнинг элементар эҳтиёжларини қондирмаслик, яъни уларга маълум бир мақом, маданий ўзига хослик, фикр, сўз, дин эркинлигининг берилмаслиги натижасида келиб чиқади.

Давлатлараро зиддият. Бундай зиддиятлар асосан алоҳида давлатлар ва коалициялар ўртасидаги келишмовчиликлар оқибатида юзага келиши кузатилади. Уларнинг сабаблари турлича яъни, иқтисодий, сиёсий, ғоявий, ҳудудий ва бошқалар бўлиши мумкин.  Албатта давлатлараро зиддиятлар асосида, биринчи галда мамлакатлар манфаатларнинг бир бирига зидлиги ётади. Бундай зиддиятларнинг энг хавфли томони – ҳарбий ҳаракатлар бошланган тақдирда одамларнинг оммавий равишда қирилишидир. Давлатлараро зиддиятларни мувофиқлаштириш ва жаҳонда тинчликни сақлашда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тинчликпарвар фаолияти муҳим роль ўйнайди. Унинг асосий вазифаларидан бири сайёранинг хавфли нуқталарида  тинч аҳолтини ўлимдан  ва турли хавфлардан сақлашдир.

Айтиш жоизки, юқорида санаб ўтилган барча зиддиятларнинг турлари бир-бири билан доимо алоқада бўлиб, ўзаро таъсир этиш кучига эга. Масалан, халқаро зиддиятлар кўп ҳолатларда давлатнинг ички зиддиятларига, давлат эса гуруҳлар ўртасидаги зиддиятга, гуруҳлар шахс ва гуруҳ ўртасидаги зиддиятга таъсир ўтказади.

Зиддиятларнинг бошқа турлари. Албатта юқорида келтирилган зиддиятлар таснифи тўлиқ эмас. Бугунги кунда уларни бир қанча белгиларга қараб ҳам бўлиш мумкин.

  1. Одамларнинг ҳаётий фаолиятига қараб:
  • маиший;
  • оилавий;
  • меҳнат жамоалари ва турлари бўйича;
  • ҳарбий;
  • ўқув-педагогик ва ҳоказо[5].
  1. Зиддиятлар келиб чиқадиган объектларнинг характерига қараб:
  • захирали;
  • мақомли-ролли;
  • ижтимоий-маданий;
  • ғоявий ва бошқалар.
  1. 3. Таъсир кўрсатиш ва вазифаларнинг тақсимланиши бўйича:
  • «вертикал» зиддиятлар (раҳбар — ходим, юқори турган ташкилот — қуйи ташкилот);
  • «горизонтал» зиддиятлар (бир хил мақомдаги раҳбарлар ўртасида, ҳамкасблар ўртасида).
  1. Моҳиятининг фарқланиши бўйича:
  • конструктив ва деструктив;
  • қисқа ва узоқ;
  • реалистик ва нореалистик;
  • локал, ҳудудий ва халқаро.
  1. Фалсафий нуқтаи назардан зиддиятнинг маълум шаклда намоён бўлиши миқёси ҳамда тарқалиш кенглигига қараб, унинг умумий ва жузъий кўринишларини белгилаш мумкин. Умумий зиддиятга барча соҳаларда, предмет ва ҳодисаларда вужудга келадиган ва мавжуд бўлган зиддиятлар киради. Масалан, оқ ва қора, ёмон ва яхши, эзгулик ва жоҳиллик, уруш ва тинчлик ва ҳоказо. Жузъий зиддиятлар табиатда, жамиятда ва инсон фаолиятида ўзига хос хусусиятларга эга бўлган қарама-қаршиликлардир. Масалан, табиатда – жисм ва майдон, тортилиш ва итарилиш, ассоциация (уюшиши) ва диссоциация (ажралиш, тарқалиш) бўлса, жамиятда – зиддиятли мулкчилик муносабатлари, шахсий, гуруҳ ва ижтимоий манфаатлар ўртасидаги тафовут ва қарама-қаршиликлар, билиш соҳасида – амалиёт ва назария, ҳиссий ва мантиқий билиш ўртасидаги зиддиятлардир.[6] Зиддиятларнинг турларига назар ташлар эканмиз, уларни предметнинг мавжуд бўлиши ва тараққиётни белгилайдиган зиддиятлар тоифасига бўлиш мумкин. Ички ва ташқи зиддиятлар. Ҳар қандай предметнинг ҳаракати ва ўзгаришида бирламчи ролни ички зиддиятлар ўйнайди. Ички зиддиятлар предметларнинг ўзларида вужудга келган қарама-қарши хоссаларнинг ўзаро таъсирини билдиради. Атомларда ядро билан электронлар, организмлардан ирсият билан ўзгарувчанлик, жамиятда бозор иқтисодиётининг ижобий ва салбий томонлари ўртасидаги қарама-қаршини ички зиддиятлар туркумига киради. Ташқи муҳитнинг предметга кўрсатган таъсири ҳам маълум қарама-қаршиликларни юзага келтиради. Ташқи зиддият предметнинг уни ўраб турган муҳит билан, муҳитдаги бошқа предметлар билан қарама-қарши муносабатда бўлишини билдиради. Бу хилдаги зиддият предметнинг ривожланиши учун янги имкониятлар яратиши ёки аксинча, юксалишига тўсқинлик қилиши мумкин. Буни ҳисобга олиш назарий ва амалий аҳамиятга эгадир[7]. Инсон ва ижтимоий уюшмаларга нисбатан ташқи зиддият ролини ўйнаган табиат билан жамият ўртасидаги қарама-қаршиликларнинг таъсирини бугунги кунда техноген ва экологик ҳалокатларда кўриш мумкин. Мураккаб объектларда бир вақтнинг ўзида бир қанча зиддиятлар мавжуд бўлиши мумкин. Шу муносабат билан асосий ва асосий бўлмаган зиддиятларни фарқлаш лозим.

Демак, асосий зиддият – объектнинг ҳаракати ва тараққиётида етакчи ролни ўйнайди, вужудга келишидан бошлаб бошқа объектга айлангунча амал қилади. Физик объектларда тўлқинли ва корпускуляр хоссалар ўртасидаги қарама-қаршиликлар асосий зиддият сифатида микрозаррачаларнинг табиатини белгилайди. Ирсият билан ўзгарувчанлик ўртасидаги зиддият биологик популяциянинг тараққиётини белгилайдиган асосий зиддиятдир. Асосий бўлмаган зиддият – ташқи ва ички омилларнинг ўзаро алоқадорлигидан, хилма-хил кучларнинг таъсиридан келиб чиққан ва иккинчи даражали ролни ўйнайдиган қарама-қаршиликни билдиради. Экилган ўсимликка нисбатан об-ҳавонинг ноқулай келиши, демографик ўзгаришларнинг иқтисодий тараққиётга салбий таъсир кўрсатиши асосий бўлмаган зиддиятлар қаторига киради[8].

Юқорида изоҳланган зиддиятлар доимо ўзаро алоқадор бўлиб, ижтимоий субъектларнинг бир бири билан муносабатга киришиши орқали намоён бўлади. Зиддиятнинг келиб чиқиши учун онг зарур, шу сабабли ноорганик дунёда юз бераётган ҳаётий кўринишларни тўлақонли зиддиятлар қаторига киритиш нотўғридир. Масалан, фасллар алмашинуви, сувнинг тошни емириши, иссиқда  қор ёки музнинг эриши ва ҳоказо. Шунингдек, бундай зиддиятларга ҳайвонларнинг яшаш учун курашини ҳам киритиб бўлмайди.  Зеро, бу яшаб қолиш мақсадида ўз организмининг ҳаётий даражасини ушлаб туришдир.  Демак, зиддиятлар асосини аввало, манфаатлар ва мақсадлар қарама-қаршилиги ташкил этади.

Хўш, турли хил мусобақалар зиддият турига кирадими?  Албатта йўқ. Чунки мусобақа олдиндан белгиланган қоидаларга, келишувга асосан олиб борилади, зиддиятнинг ривожи ва унинг якуний хулосаларини эса олдиндан башорат қилиб бўлмайди[9].

[1] Анцупов А.Я., Шипилов А.И. Конфликтология: Учебник для вузов. — М.: ЮНИТИ, 2000. — 11 с.

[2] Қўшоқов С. Диалектика ва билиш назарияси. http://uz.denemetr.com/docs/769/index-314213-1.html?page=7

[3] Лукин, Ю.Ф. Конфликтология : управление конфликтами : Management of the conflicts : учебник для вузов / Ю.Ф. Лукин. — М. : Академический Проект Гаудеамус, 2007. — 19 с.

[4] The Context of Social Psychology // Ed. by J. Israel, H. Tajfel. – London, 1972. P.6.

[5] Лукин, Ю.Ф. Конфликтология : управление конфликтами : Management of the conflicts : учебник для вузов / Ю.Ф. Лукин. — М. : Академический Проект Гаудеамус, 2007. — 21 с.

[6] Қўшоқов С. Диалектика ва билиш назарияси. http://uz.denemetr.com/docs/769/index-314213-1.html?page=7

[7] Қўшоқов С. Диалектика ва билиш назарияси. http://uz.denemetr.com/docs/769/index-314213-1.html?page=7

[8] Қўшоқов С. Диалектика ва билиш назарияси. http://uz.denemetr.com/docs/769/index-314213-1.html?page=7

[9] Челдышова Н.Б., Шпаргалка по социальной психологии. http://www.koob.ru/cheldyshova/cheat_sheet_s_p

Улашинг: