Ромена Августова
Боланинг нутқини (айниқса, имконсиз ҳолатларда)
шакллантириш ҳақида
Қалб кўзи
“Буни уларга ҳеч ким ўргатмаган, бу уларнинг қонида, табиатида бор… Қалб кўзи, ноёб кўриш қобилиятига эга бу болажонларда бошқаларга мавҳум бўлганларни кўра олиш иқтидори бор…”
Гап кимлар ҳақида кетмоқда? Қандай болажонлар ҳақида?.. Қандайдир ноёб қобилиятли, истеъдодлилар ҳақидами?..
Мана, бир неча йилдирки Ромена Теодоровна Августова нутқ педагогикаси билан шуғулланади. У умуман гапиришни билмайдиган ёки бош мия фалажи оқибатида оғир даражада дудуқланадиган болажонларни гапиришга ўргатади. Бундай болажонларнинг алоҳида гуруҳи мавжуд, булар Даун синдромли болажонлардир. Аниқроғи, биз шифокорлар тили билан айтганда “даунчалар”. Одатда “даун” сўзи ақлий жиҳатдан нуқсонли маънони билдирадиган ёқимсиз таърифга айлангани кўпчиликка сир эмас. Бундай болажоннинг дунёга келишидан ҳеч қайси оила кафолатланмаган. Бу болажоннинг ташқи кўриниши одатда паст бўйли, нимжон ва рангпар, қисиқ кўзли монголоид чеҳра бўлиши билан бошқалардан ажралиб туради. Ҳар йили мамлакатда (Россия назарда тутилган) икки мингдан ортиқ шундай болажон дунёга келади. Генетик ўзгариш, мутация: бор-йўғи бир дона ортиқча хромосома инсониятнинг алоҳида ноёб бир турини кашф қилган. Авваллари бундай болажонларни бошқа олигофреникларга қўшиб, “ақли ноқис”лар деб ажратганлар.
Мен руҳий касалликлар шифохоналарида, диспансерларида шундай болажонлар билан ишлаганман. Болажонлардан ҳам кўра кўпроқ уларнинг ота-оналари билан ишлаганимни айтиш ўринли (даунча болажоннинг дунёга келиши ҳар қандай одамни эсанкиратиб қўядиган ҳолат. Бунга ҳар ким ҳам бардош беравермайди…). Бир қараганда даунчалар ташқи кўринишидан бир хил бўлса-да, бошқа соғлом болажонлар каби турли характерга эга. Баъзилари гу-гулаб нималарнидир гапиришга ҳаракат қилади, ғалати қилиқлар қилишади, деярли ҳеч нарсани англамайди, оғизчаси ҳамиша очилиб, сўлакланиб туради. Баъзилари эса оддий болалардек қўшилувчан, суҳбатга мойил бўлишади. Эътиборли жиҳати шундаки, улар қанақа бўлишидан қатъий назар, “ўта қолоқ” ёки “ҳаракатчан” бўлишига қарамай ҳар бирининг ички ўз дунёси бор. Ягона руҳий муҳит. Даунчалар одатда “тинч ўтирмас”, қитмир бўлишига қарамай характерида агрессивлик кузатилмаган. Аксинча, уларда куюнчаклик, меҳрибонлик, дардкашлик ҳиссиётлари бошқаларга қараганда кучли ривожланган. Ёдимда, Биринчи Москва тиббиёт институтининг руҳий касалликлар шифохонасидаги кафедрамизда “педагогик” даунча Кеша бўларди. Қувноқ, ишонувчан, буюрилган ишни ўз вақтида бажарадиган ажойиб болакай. У беморларга овқат тарқатиш, идишларни йиғиштиришда ёрдамлашишни яхши кўрарди. Фантастик тарздаги юқори ҳиссиётли муносабати учун уни меҳр билан “бизнинг барометр” ёки “Гейгер ҳисоблагичи” деб атардик. Касалликнинг қаттиқ хуружи даврини бошидан кечираётган, оғриқлардан азоб чекаётган бемор ёнида гўё буни олдиндан сезгандек зумда пайдо бўлган Кеша бемор билан баравар дард чекиб йиғлар, ўзига жой тополмай қийналишларини кўп кўрганман… Беморда эпилептик зўриқиш бошланишидан икки-уч соатлар олдин унинг қаршисида пайдо бўлган Кеша қаттиқ безовталаниб, чап қаншарини тинмай ишқаларди. Кейинчалик маълум бўлишича, электроэнцефалография текширувида касаллик ҳуружи беморнинг айнан чап бош мия қисмидан бошланганлиги аниқланганди!.. Ҳиссиётлар борасида беқиёс бўлган даунчаларнинг интеллект борасида бироз оқсаши табиий ҳол. Лекин бу хулоса нотўғри эканлигини исботлаган одам топилди. Аниқроғи, даунчалар ақлий жиҳатдан қолоқ эмас. Ромена Августованинг кашфиёти: Даун синдромли болалар педагогик нуқтаи назардан ақлий ноқис эмас, улар фақат алоҳида тарбиявий ёндошувга мухтож, яъни улар билан ким ва қандай шуғулланиши кераклиги ҳақидаги фактлар методологик жиҳатдан исботланди. Улар таълим олиши мумкин, ҳар холда ўрта маълумотгача. Уларни нафақат гапиришга, балки ёзишга, ўқишга, арифметика ва бошқа билимларга ўргатишнинг имкони бор. Асосийси, ўқишга, илм ўрганишга бўлган иштиёқини, инсонга хос бўлган барча фазилатларни ўзлаштиришга хоҳишини уйғотиш мумкин аслида. Лекин ҳатто соғлом боланинг руҳиятини синдириш эҳтимоли мавжуд бўлган ва йиллар давомида шу ҳолда шаклланиб келган педагогик таълим-тарбиянинг одатий усуллари билан эмас. “Кўз ўнгимда кўримсизгина жажжи тирик жон қизиқувчан, фикрлашга қодир, ўқишга иштиёқманд ва ўрганиш борасида сабрли, қаноатли болажонга айланади”. Бу гаплар ўша, даунчалар ҳақида. Ахир, қайси ота-она ўз фарзанди учун энг яхши ва янг мукаммалини истамайди дейсиз?.. Руҳан номукаммал ва ақлан қолоқ болалар ҳамда катталардан иборат ғаройиб жамият тузган буюк замондошимиз Жан Ванье бундай одамлар инсониятга керак, улар Худони танитади, меҳр-муҳаббатни ўргатади, деган эди. У бутунлай ҳақ. Қўлингиздаги мана шу асарнинг маъноси ҳам шунда, азиз ўқувчим. Ромена Августова – атои Худо, истеъдодли педагог, бошқалар билмайдиганни билади. У ота-оналар ўқитувчиси, ўқитувчилар ўқитувчиси. Ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, у ҳеч қандай ёлғон-яшиқсиз, ортиқча ҳиссиётларсиз, тиниқ ва беминнат меҳр-муҳаббат тимсолидаги ўқитувчи. Бу китобнинг ҳар бир саҳифаси амалий тажриба ёғдулари, донолик маржонлари билан йўғрилган. Китоб у олиб борган машғулотлар каби содда ва аниқ баён этилган. Ушбу китобни, фарзанди бор оилалар ва фарзандли бўлишни орзу қилаётган барча жуфтликлар, ҳар бир ота ва она ўқиши керак. Ҳар бир педагог. Ҳар бир одамга тавсия қиламан.
Владимир Леви, Тиббиёт ва психология фанлари доктори, психологик ёрдам Фонди президенти.
Муллифдан
Кичкинтойларнинг улкан дўсти Ярослава Георгиевна Августова хотирасига бағишланади
Бизнинг мамлакатимизда кўп йиллардан буён Даун синдромли болалар таълим олишга лаёқатсиз деб тан олиниб келинарди. Ушбу фикр омма томонидан қабул қилинган ва ҳеч қандай эътирозга ўрин қолдирмаган, хатто мутахассислар бунга ҳамфикр бўлган. Ногирон болалар учун турли хил таълим услублар жорий этилиши зарур бўлган холда ҳам Даун синдромли болалар бу бефойда деб топилиб, истисно этиларди. Энди эса бу болажонларга бўлган муносабатлар ўзгариб, улар билан ишлашда биз мутахассислар ҳам, ота-оналар ҳам фақат хориж тажрибаларига таяниб иш олиб боришимизга тўғри келаётгани ачинарлидир. Айтиш керакки, Даун синдромли болажонларнинг энг оғир муаммоси бу – нутқий ривожланишдан ортда қолиш. Мана шу муаммони ҳал этишда бизга хориж тажрибалари ёрдам бера олмаслиги турган гап. Чунки она тилининг ўзига хос жиҳатлари мавжудки, уларни инобатга олмаслик катта хато бўлади. Бу борадаги маслаҳатлар умумий характерга эга бўлиши мумкин. Тилимизнинг (рус тилининг-М.С.) орфоэпик хусусиятларини қўя турайлик, лексикологик турфа хиллик, мураккаб сўз ясовчилар, олмош-келишик тизимларининг хусусиятлари, кўплаб сўз ясовчилар, урғунинг кўчмалиги, синтаксис моделлар каби нутқ хусусиятлари уни жуда бой ва мураккаб тил эканлигидан далолат беради. Даун синдромли болажонларда эса нутқнинг ҳатто энг элементар белгилари жуда секин ўзлаштирилади. Ҳатто баъзи Даун синдромли одамлар умуман гапирмайдилар. Бугунги кунда мутахассислар кўп йиллардан бери бутунлай эътибордан четда қолган ногиронлар муаммоси томон юз ўгирди. Афсуски, масала фақат Москва ва Санкт-Петербург доирасида ҳудудий жиҳатдан қамраб олинган. Россиянинг узоқ қишлоқларида бундай болажонларнинг ота-оналари ҳеч қандай кўмаксиз қолган. Улар боланинг нутқини чиқариш у ёқда турсин, муаммога ёндошиш йўлларидан бутунлай бехабардир. Кўп йиллардан бери “Даун синдроми” номли Москва ассоциациясида бир гуруҳ болажонлар билан иш олиб бормоқдаман. Нутқни ривожлантириш, шунингдек, Даун синдромли болажонларга таълим бериш методикаларини ишлаб чиқдим. Хозир сизга тақдим этаётганим китобда ушбу методикаларнинг биринчиси (нутқ) ҳақида батафсил баён этганман. Шу методика асосида гидроцефалия, олигофрения ва болалар церебрал параличи (ДЦП) ташҳисли болажонларни ҳам ўқитдим. Бу уч нафар гуруҳдаги болажонлар машғулотларимга тасодифан келиб қолишди. Уччаласида ҳам битта натижа – улар гапиришни ва ўқишни ўзлаштиришди. Кўп йиллик тажрибам шуни кўрсатадики, Даун синдромли болажонларнинг имкониятлари фақат гапиришни ўрганишу ўзини ўзи эвлаш ва кир қистирғич ясашни ўрганиш билан чекланмаган. Уларнинг ақлий ривожланиши ва ўсиши биз ўйлагандан ҳам кенгроқ. Лекин муаммо фақат Даун синдромли болалар учун махсус методик қўлланмаларнинг йўқлигида эмас. Муаммо уларнинг ота-оналарида. Бу болажонларнинг ота-оналари ҳам ўрганиши керак бўлган нарсалар бор.
Умуман, бола тарбияси жуда мураккаб жараён, ҳатто мутахассисларни узоқ ўйлантириб қўйган ушбу вазиятда ота-онага осон кечмайди. Айниқса, тақдирнинг аёвсиз синовига дуч келган, руҳан эзилган ота-онага… Аёлга Даун синдромли фарзанд кўрганлигини маълум қилишганида дастлаб у бу тушунарсиз аммо қўрқинчли ташҳисдан қаттиқ қайғуга ботади. Вақт ўтиши билан бу кучли дипрессияга айланади. Аёл қайғусини ичига ютади, унга кўникиб яшашдан ўзга чораси йўқлигини тушунади. Лекин энг инсонпарвар соҳа ходими – шифокорнинг “У ҳеч қачон сизни тушуниб, кўзларингизга кулиб боқмайди, оғзидан кўпик чиқариб бемаъно атрофга қарайди, ҳеч қачон гапирмайди”, деган сўзларини унутолмайди. Тўққиз ой не-не умидлар билан қорнида кўтариб юргани бола эмас, тушунарсиз бир тирик жон эканлигини таъкидлашлар кетидан атрофдагиларнинг: “пиёниста эрдан туғволиб энди ўзини ҳам, одамларни ҳам қийнайди булар”деган таъна-дашномлари гўё бир умр таъқиб этадигандек.
Ваҳоланки, ҳар қандай инсон ҳаёти бу – тақдир инъоми, яратганнинг иродаси эканлигини, ҳурматга сазоворлигини тушуниш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Буюк немис олими Альберт Швейцер ҳаётга таъзим ҳақида ёзган. Қани ўша таъзим? Ногиронларга ачиниш билан эмас, шафқат кўзлари билан қарашни ўрганмоқ, Худонинг олдида ҳамма баравар эканлигини тушунмоқ керак.
Мен ушбу китобни ўзининг машаққатли тақдирини бошқалар зиммасига юкламай, матонат билан ўзи ва фарзандининг муносиб ҳаёти учун курашаётган ота-оналарга бағишлайман. Шунингдек, ушбу ота-оналар билан биргаликда бор кучини сафарбар этиб, атрофдагиларнинг эгоистлиги, шафқатсизлиги, гумроҳлиги, баъзи шифокорларнинг илмсизлиги билан курашаётган, бурчини сидқидилдан адо этаётган барча мутахассисларга, махсус болалар идораларининг педагогларига, мураббийларига, врач ва ҳамшираларига бағишлайман. Сизларнинг сайъи-ҳаракатларингиз таҳсинга лойиқ.
Мен тавсия этаётган ушбу методика бўйича болажонлар 2,5-3 ёшдан киришишлари мумкин. Шунда бир йил ўтиб, боланинг нутқида бошланғич сўзлар пайдо бўлади. 4-5 ёшларга бориб, товуш белгиларининг барчаси ўзлаштирилади ва боланинг сўз бойлиги ортади. Бу вақтга келиб, бола ўз фикрини эркин баён этиш, мураккаб гапларни тузиш ва талаффуз эта олиш қобилиятига эга бўлади. Унинг нутқи секин-аста адабий тус олиб, тасаввуридаги хаёлий воқеликларни баён эта олади. Суҳбатга мойиллиги пайдо бўлади. Боланинг тақлидан хаёлий персонажлар билан суҳбатлашиши соғлом болалардаги каби фикрлаш қобилияти орқали нутқининг ривожланишини билдиради. Шунинг билан биргаликда, бу болажонлар уч-тўрт ёшларида ўқишни ўрганишлари ва ҳатто соғлом тенгдошларидан бу борада ўзиб кетишлари мумкин.
Оғзаки нутқимиздаги фаол сўзларни ўзлаштириб бориш билан биргаликда атроф-муҳитни англаш ва воқеликлар юзасидан ўз фикрини шакллантириш жараёни бир вақтнинг ўзида кечишини алоҳида таъкидлайман. Асосий эътибор талаффузнинг софлигига қаратилади ва кейинчалик ҳам бола мураккаб сўзлардан иборат гап тузилмаларини баён этаётганида бу талабни сусайтирмаслик зарур. Умид қиламанки, ушбу қўлланмада боланинг хатти-ҳаракатларини меъёрга келтириш бўйича баъзи кўрсатмаларим ота-оналарга қўл келади. Ота-оналик педагоглик эмас. Чунки баъзи ота-оналар хулқи меъёрий даражага мухтож. Мазкур ҳолатда ота-оналарнинг ўзлари кўп хатоликларга йўл қўяди. Масалан, боланинг нотўғри хатти-ҳаракатларига бўлган салбий муносабатларни эътиборга олиб, кўп ҳолларда ота-оналар ўз фарзандига нисбатан гапга тушунмайди деган тушунчани ўзида шакллантиради. Оқибатда ота-она болани атрофдагиларнинг кўзларидан яширишга, одамларга кўрсатмасликка уринадилар. Ёки ўз фарзандидан уялиш ҳисси уларни болага нисбатан қаттиққўл қилиб, зўравонликка (афсуски, уриш, жисмоний жазолашгача борадилар) ундайди. Бундай ота-оналар ўз фарзандининг яширин қобилиятлари борлигини билмайди ва билишни ҳам истамайдилар. Соғлом болалар билан олиб борган кўп йиллик тажрибамга таяниб шуни айтишим мумкинки, Даун синдромли болалар тарбияси принциплари уларники билан бир хил. Фақат Даун синдромли болалар бу борада кўпроқ вақтни, диққат-эътиборни, сабр-тоқатни талаб этади. Бу фазилатлар педагогнинг қон-қонига сингган бўлиши керак. Шундагина бола ва педагог ўртасида ўзаро илиқ муносабатлар ўрнатилади. Бола учун педагог биринчи навбатда авторитет, иккинчидан яқин дўст ва энг муҳими, ишончли, меҳрибон, уни тушунадиган одамга айланиши лозим. Умуман олганда, бу ҳақда китобнинг давомида кўп маслаҳатлашамиз.
“Фарзандимга гапиришни ўргатинг!” – педагогик фаолиятим давомида бу илтимосни кўп эшитганман. Аммо масала гапиришни ўргатиш билан чекланмайди. Соғлом туғилган бола уч ёшларга бориб гапиришни ўзлаштиради. Биз шундан кейин тарбияни тўхтатамизми? Шу билан унинг ривожланиши тугайдими? Ахир бола яна кўп нарсани тушуниши, ўрганиши, ўзлаштириши зарур! Ҳамма гап шундаки, бола шуларни ўрганганидан кейин тўлиқ гапира бошлайди.
Оля 22 ёшда. Талаффузи тоза, яхши гапиради. У Петербургдан келди. Мен ундан “Петербург нима?” деб сўрадим, у эса “Москвадаги дарё”, деб жавоб берди. Мана, 16, 18, 28, 38 ёшли Даун синдромли одамлар гуруҳи. Улар жимгина ўтириб, жамоатчилик театри репетициясини кутмоқда. Уларнинг ҳаммаси мактабни тугатган, гапиришни билишади, тўғри, баъзиларида нутқ айтарлик даражада яхши эмас. Улар бир-бирига турли савол бермайди, телевизорда кўрганлари ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашмайди, ёки ўз муаммоларини муҳокама қилмайди. Улар ўз оиласидагилар билан фақат зарурат юзасидан гаплашади. Бу ер эса улар учун гўё ҳосили ўрилмаган дала, ўрганилмаган сайёра, нотаниш дунё. Лекин бу жимлик, бу бегоналик, бу бефарқлик ва ҳатто, совуқ муносабат ортида уларнинг ўз дунёси, ҳеч ким тушунмайдиган, аммо фақат ўзларигина кира оладиган бир дунё мавжуд. У бир дунёки, бу дунёда ҳар ким ўзини боладек ҳис этади. Бир дунёки унда кўплаб сиру синоатларни кашф этади. Улар ким? Аслида улар қандай одамлар? Даун синдромли болани қайси йўлдан олиб бориш керак? Уларнинг тарбияси жараёнида нималарни ҳисобга олиш керак? Улардан нималарни кутиш мумкин?
Муҳайё Саидова таржимаси
(Давоми бор)