3 393

ЁМОН ҚЎШНИ

Совчиларга рози бўлишдан олдин, Шариф ишонган дўсти  Бахромга қўнғироқ қилишга жазм қилди. Қизи Шахнозага келган совчилар Маъруфжонни роса мақташган эди. Аммо ўзбекчиликда суриштирмай қиз бериш, кейин бир умр пушаймонга кўмилиб яшаш, дегани.

Гўшакдан дўстининг таниш овозини эшитиб Шариф  жилмайди. Улар Бахром билан синфдош ўртоқ. Ҳаёт жуда қизиқ нарса. Уларни  мактабдан сўнг 20 йилга айирди-да, сўнг яна учраштирди. Бахром Шариф ишлайдиган корхонага бўлим бошлиғи бўлиб келганида, иккаласи йўлакда учрашиб қолиб, қучоқлашиб кўришишди.  Шундан бери Бахром билан яхши-ёмон кунида бирга.

-Э, бормисан ўртоқ. Ўзим қўнғироқ қилмасам дўстинг борлиги ҳам эсинга ҳам келмайди.

-Яхшимисан Шариф, уйдагилар тинчми?

-Ҳа тинч. Шу десанг тўй бошлаб қўйдим, сендан берухсат. Шахнозга совчи келган эди. Йигит билан бир гаплашсам девдим. Ундан олдин оиласини бир суриштириш керак.

-Кимни боласи экан? Қаердан?

— Гулзордан. Отасининг ўзини фирмаси бор экан, онаси ўқитувчи. Ҳар қалай зиёли оилага ўхшайди. Бирга бориб, маҳалла раисидан, қўни-қўшнилардан суриштирсак девдим. Кўп йилдан бери раҳбар бўлиб ишяпсан, одамнинг кимлигини бир қарашда билиб олишингни бизга келганингдаёқ сезувдим.

….Шариф аёли манзилни ёзиб олган қоғозчани Бахромга узатиб, тўғридаги савлат тўкиб турган кўпқаватли уйни кўрсатди.

-Мана шу дом, адашмасам. Қани юрчи?

Кўп қаватли уй атрофига қатор қилиб экилган дарахтлар иссиқда жонга ҳузур бағишлайди. Текис йўлак четларида барқ уриб ўсган райҳоннинг ифори, озгина шабадада ҳам димоққа гуп этиб урилиб, Шарифга доимо  қўлларидан райҳон иси келиб турган  момосини эслатди. Дарахтлар тагига қўйилган ёғоч курсилардан бирида  ўтирган, қўлидаги уяли алоқа телефони орқали бировга зарда билан гапираётган, 65 ёшларни қоралаб қолган одамни кўриб, унинг олдига боришди.

-Ассалому алайкум отахон, яхшимисиз? Соғлиқларингиз яхшими?

-Ваайлайкум.. Сизларни танимай турибман.

-Отахон, шу домда турасизми?

-Ҳа, нима эди?

— Шу ерда Маъруфжон Хуррамов деган йигит тураркан. Отасининг исми Исмоилбек. Ўзининг фирмаси бор….

-Ҳа, уларми? Танийман… танийман. Бўлмағур оила.

Шариф ҳайрон бўлиб Бахромга қаради.

-Отахон, нега ундай деяпсиз? Бизга яхши, зиёли оила дейишганди.

-Нима? Шу ёшимда  мени ёлғончига чиқараяпсизларми? Исмоилнинг оёғи ердан узилганига анча бўлган. Пулдан бошқа атрофда ҳеч нарсани кўрмайди, бировга ёрдам берай демайди. Маҳалла -куйга аралашмаса, пулини сассиғига чидай олмай кўчадан бери келмаса. Қачон қарама ишдан ярим тунда келади, мошинасининг  овозига уйқум ўчиб кетади. Айтишларича,  Юнусободда яна битта хотини бор экан. Ўшаникидан кеч қайтар экан. Боласиям ўзига ўхшаган. На салом беришни билади, на одобни. Қайсидир институтни битирди дейишувди, ҳозир отасининг қўлтиғига кирган. Бунинг бурни  ҳам осмонни тирай бошлаган, оёғи остини кўрмайдиган бўп қолган. Нашаванд. Бир неча марта милисага ҳам тушиб чиқди. Отасини пули кўпда, дарров чиқариб олишди.  Гапимга ишонмасаларинг люб-бой одамдан сўранглар. Юз фоизга тасдиқлаб беради айтганларимни. Ўзи сизларга Исмоил нима учун керак бўп қолди?

-Ўзимиз, шундай. Бирга ишламоқчи эдик.  Майли отахон, раҳмат. Айтгандай, уйни каттаси борми, қаерда туради?  деди Баҳром асабийлашаётган Шарифни секин биқинига туртиб қўйиб.

-Каттаси?! Менда каттаси… Нима эди?  Деди курсида ўтирган одам менсимайроқ уларга қараб.

-Шу уйни домкоми сизми? деб  қайтадан сўради Баҳром.

-Э, бундоқ тушунтириб  ўзбек тилида гапирмайсизми? Ўзига ярашмаган ҳолда ғалати кулди бояги одам. – Уйни каттаси дейсизлармией….Домком де, олам гулистон. Домком ҳув анови подъезднинг иккинчи қаватида туради. Чап томонидаги эшик. Мани гапимни у ҳам тасдиқлайди.

-Баҳром, шу одамнинг гапи  рост бўлса, қизимнинг ҳаёти дўзахга айланадику. Шариф қўлидаги машинанинг калитини асабий айлантириб, ўртоғининг қулоғига шивирлади.

-Шариф, бирдан хулоса чиқармагин. Шу чолнинг нигоҳи менга ёқмади. Жуда ҳам қарашлари бежомией. Башарасидан заҳар томиб турибди. Юр, яхшиси домкомга учрашайлик. Шу ерда яшаётган оилаларни яхши билса керак, ҳарқалай.  Агарда у  ҳам бўлажак қуданг ҳақида яхши гап гапирмаса, ночора?! Ҳали қизингни фотиҳасини қилмадингку, балки ҳаммаси яхшиликка бўлар.

Тўқ жигарранг эшкнинг қўнғироқ тугмачасини босишлари билан ичкаридан “Ким у?” деган эркак овози эшитилди. Орадан бир дақиқа вақт ўтар ўтмас эшик қия очилиб, устига енгил спорт кийимини кийиб олган, елкасига сочиқ ташлаган,  тўлароқ одам кўринди.

-Ассалому алайкум, келинглар… Э, э, Шарифмисан? Қайси шамол учирди? Мени қандай топдинг?

Таниш овоз, жуда ҳам таниш чеҳрани кўриб, Шариф турган жойида каловланиб қолди.

—  Жўрабек, ўзингми?

Баҳром нотаниш одамни қаттиқ қучоқлаб олган дўстига қараб, унинг орқасида нима дейишини билмай турарди.

-Айтгандай Баҳром, таниш. Бу менинг  қуролдошим, жонажон дўстим Жўрабек. Қуролли кучлар сафида бирга хизмат қилганмиз. Вақтнинг тез ўтишини қарая, ҳамон ўша ўша. Аммо бир оз тўлишибди, холос. Шариф дўстининг қўлини қўйиб юбормай, Баҳромга.

-Қани? Қани, уйга киринглар. Аксига олиб хотин ҳам болалар билан  Фарғонага, энасини кўргани кетувди-я. Аммо ҳеч қиси йўқ, бир ўзим қўлбола ош дамлайман. Бир отамлашайлик. Кўришмаганимизга ҳам неча йиллар бўп кетдией. Жўрабек меҳмонларни ичкарига таклиф қилиб,  ўзи ошхонага йўналди.

-Жўрабек, тўхта. Ҳеч нарса керак эмас. Бўлди, сени топдим, энди бошқа куни албатта отамлашамиз. Биз бошқа иш билан келган эдик, деди Шариф диванга ўтириб. –Қани “Омин, илоҳим  юртимиз тинч,  фаровон бўлсин, топган тутганинг тўйларга буюрсин”. Уччовлон юзларига фотиҳа тортишди.

-Тинчликми, Шариф. Сен мени бу ерда яшашимни билмасмидинг?  деб сўради Жўрабек столдаги ширинлик солинган ликопчаларининг устидаги докани олиб.

-Тўғрисини айтсам, йўқ. Аммо сени топганимдан жуда ҳам хурсандман. Шу десанг тўй бошламоқчи эдим, қизимни узатмоқчиман. Шу домда турган Исмоилбек деган одамнинг Маъруфжон деган ўғлидан қизимга совчи келувди. Энди биласан, ўзбекчилик… Насли- насаби ким, қандай оиланинг боласи…? Бир суриштирайлик деб келгандик. Аксига олиб, домни пастида ўтирган одам уларни “яхши оила эмас”, деди. Шу гап ростми? Шариф қуролдош дўстининг юзига тикилди.

Бу орада чой дамлаб келган Жўрабек, чойни қайтариб,  чой солинган пиёлани аввал Баҳромга, кейин Шарифга узатди.

-Исмоилбек тўй бошлабдида. Хурсандман. Ёшлар бахтли бўлишсин, илоҳим. Жуда яхши… жуда яхши оила.  Зиёли. Маҳаллага, домдагиларга  доимо қайишади, ҳаммага қўлдан келганича ёрдам беради. Ўғли ҳам ўқиган, адашмасам отаси билан бирга ишлайди.

Бахром Шарифга маъноли қараб қўйди.

— Пастдаги қўшнингиз  билан гаплашганимизда, у бизга мутлақо бошқа нарса айтдилар. Маъруфжон нашаванд, отаси –хотинбоз экан…

-Нима?  Жўрабек,  ойна олдига бориб пастга қаради.

-Ҳа, тушунарли. Ўзларинг ҳам одамига йўлиқибсизларда. Одамизот ёши ўтса ҳам ҳам ўзгармас экан.   Афсус, ана шундай одамлар сабабли ёшларнинг бахти очилмайди, “пишиб” қолган маслаҳат ош тарқалиб кетади. Шунинг учун ҳам суриштирганда битта одамни гапига ишониб қолмаслик керак.  Бир йил олдин тўғримдаги қўшним  қиз чиқарди. Қизи бирам чиройли, одобли, тарбия кўрган, ўқиган қиз эди. Беришдан олдин роса суриштиришди. Аммо куёвнинг айбини бирорта ҳам қўшни андиша қилиб айтмаган. Куёв ғирт безори, бунинг устига нашаванд экан. Бунинг ҳаммаси тўйдан кейин аён бўлди. Ўртада ёш келинчак бахтсиз, ота онаси эса  қўлида боласи билан уйга қайтиб келган кизининг дардига  малҳам бўла олмай ҳалак, эндигина тўғилган гўдак отасиз, етим  қолди. Шунинг учун  суриштиргандаям яхшилаб, бир неча яқинлари, қўшнилари, керк бўлса ўқиш жойи, ишхонасидан сўраш керак. Чунки қўшнилар ичида ҳам турли хил одамлар бор. Сал бир- бирини кўнглини оғритган бўлса, яхши оилани қасддан ёмонлаши мумкин. Собир акага ўхшаган ичи қора одамлар эса бировнинг яхши кунини кўра олмайди, ёмон кунига қувонади. Оз бўлсада бундай одамлар учраб туради, афсус. Маъруфжонга келсак, кўнгилни тўқ қилиб, қизингни бераверинг. Жуда ҳам яхши оила. Худо хоҳласа қизинг албатта бахтли бўлади.

-Э, бу Собир ака деганинг ичимга ғашлик солган эди, қара сени учратганим яхши бўлди. Барча ғуборларим тарқалди, сени кўриб эса кўнглим тоғдай кўтарилди. Майли Жўрабек, биз энди турайлик.  Қани бир омин қилчи. Шариф жилмайиб дўстига қаради.

-Э, йўқ. Бунақаси кетмайди. 20 йил деганда учрашдигу, сени қуруқ, шундай қўйвора олмайман. Битта ош дамлайман. Кейин кетасизлар. Жўрабек фотиҳага қўл очган Шарифнинг қўлини туширди.

-Ака, бизга рухсат беринг. Худо хоҳласа Шарифжон алоҳида келади, Ҳозир ишларимиз бор эди, деди Баҳром ўртоғининг иккиланаётганини кўриб.

-Афсус.. Бир  бирга хизмат қилган кунларни эслардикда, жўра. Баҳонада сиз билан ҳам яқиндан танишиб олардик. Аммо начора, фақатгина тез кунда қайта учрашиш шарти билангина сизларни қўйиб юбораман. Қани Баҳромбек сиз айтинг

-Илоҳи омин, шу хонадонда тўйлар бўлсин,  бизнинг ёшларимиз ҳам қўша қаришсин. Илоҳи омин.

Жўрабек Шариф билан Баҳромни кўчага кузатиб чиқар экан, ҳамон  сояда курсида ўтирган Собир акани кўриб, олдига борди.

Собир ака, уялмайсизми ёлғон гапиргани? Соч-соқолингиз оқарса  ҳам, ичи қоралигингиз қолмади, қолмадида. Буларга нима дедингиз?

-Нима дебман? Тўғрисини айтдим.  Ё, нотўғри гапирибманми? Собир ака ҳаво салқин бўлишига қарамай, румолчаси билан терлаган пешонасини артди.

-Э, суф сизга, жахли чиққанини яшира олмай Жўрабек.- Ахир кичик қизингизни узатганингизда шу Исмоилбек ҳомийлик қилмаганмиди? Тўйда қазили ош еганингизда, қон босимингиз кўтарилиб, мазангиз бўлмаганида Исмоилбек “Тез ёрдам”ни чақирттириб, сизни кўтариб машинага олиб чиқмаганмиди? Маҳалла гузаридаги болалар майдончасини ҳам Исмоилбек қуриб бермадими? Ўғли Маъруфжон саломни канда қилмайди, отаси бўлмаса маҳалланинг тўйи борми, ҳашарими доимо қатнашади. Бирор марта бу болани наша тугул, сигарет чекканини ҳам кўрмаганман.  Исмоил эса ўзининг аёлидан бошқасига қарагани йўқ. Уйим жойим дейдиган эркаклардан. Ёшингиз ҳам бир жойга бориб қолди. Бировнинг ғийбатини қилгандан кўра охиратни ўйлаб, тоат-ибодатни бошласангиз бўларди…

Шариф билан Баҳром  Жўрабекка миннатдорчилик билдириб, қучоқлашиб, хайрлашишди. Машинада кетишар экан, Бахром ҳануз  ўйчан йўлга тикилган Шарифнинг елкасига қўлини қўйди.

-Эҳ, ўртоқ. Айтдимку дарҳол тушкунликка тушма деб.  Бежиз боболаримиз “одамнинг оласи ичида” демайди. Анови Собир деганини қара. Туридан гўри яқинлашиб қолган-у, шунда ҳам  бировга яхшилик қилай демас экан. Бундай одамлардан Аллоҳимнинг ўзи асрасин. Тўйни бошлайвер, худо ҳоҳласа мана биз хизматда-да. Аммо  тўйда албатта анови ўртоғингга бир тўн қарз бўлдинг. Шу киши бўлмаганида, бир одамнинг номини ёмонотлиқ қилиб, кетаверар эканмизда.

Қуролдош дўстини топганидан хурсанд бўлсада, ҳамон Собир аканинг гаплари қалбига шубҳа соя солган Шариф дўстига жилмайиб қаради.

-Шуни айт ўртоқ. Аммо ота боболаримизнинг яна бир гапи бор. “Яхши уй эмас, яхши қўшни ол” деган. Яхшиямки, қўшниларимизнинг ҳаммаси яхши.

Иккаласи енгил тин олиб, баробар кулиб юборишди.

Улашинг: