Наргис ҚОСИМОВА
Доцент филология фанлари номзоди
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети
Мақолада шахс ҳамда журналистнинг интернет сайтлари, ижтимоий тармоқ ва блогларда ахлоқ меъёрларига риоя этиш масаласи турли нуқтаи назардан кўриб чиқилган. Глобал тармоқдан фойдаланиш маданиятини шакллантириш, интернетда ахлоқий меъёрлар ва қоидаларига риоя этиш борасида тавсиялар берилган.
Калит сўзлар: интернет, ижтимоий тармоқлар, блог, ахборот, фойдаланувчи, ахлоқ, онлайн.
Ахлоқ масалалари инсоният тарихи ривожида ҳар бир давр учун долзарб бўлиб келган. Фан-техниканинг ривожи мазкур масалага янгича ёндашувни талаб этмоқда. Чунки замонавий дунёда ахборот муҳим аҳамият касб этиб, ахборот макони янги технологиялар таъсирида ўзгариб бормоқда.Сунъий йўлдош, уяли алоқа, турли хил рақамли технологиялар, шу билан биргаликда Интернет ёрдамида ахборотни йиғиш ва узатиш жуда ҳам осон бўлиб қолди. Интернет нафақат якка фойдаланувчилар, балки давлатлар ўртасида ўзаро алоқа ва коммуникация, бошқарув воситасига айланиб улгурди. Натижада ижобий характердаги ахборот билан бир қаторда салбий ахборотнинг инсон, хусусан ёшлар онгига сингдириш усул ва воситалари айнан интернет воситасида амалга оширила бошланди. Профессор Я. Н. Засурскийнинг таъкидлашича(1), «глобал тармоқлар халқаро ахборот маконида муҳим роль ўйнайди. Бундан ташқари ахборот соҳасида интернет сўз эркинлигини ҳам кафолатлайди”. Аммо “сўз эркинлиги” тушунчаси остида аксарият фойдаланувчилар глобал тармоқда хоҳлаганича, бирор бир қоида, ахлоқий меъёрларга риоя этмаган ҳолда фойдаланишни назарда тутмоқдалар.
Бу хусусият глобал тармоққа асос солиниб, у ривож топганидан бошланди. Интернет пайдо бўлиши билан унинг жамият ахлоқига таъсир этувчи муйаян бир жиҳатлари хусусида баҳслар бўлиб ўтган эди. Буларга глобаллашув, яъни турли хил маданий шароитда истиқомат қилувчи ва турли тарбияга эга одамларнинг мулоқотда бўлиши оқибатида миллий қадриятларнинг қадрсизланишини кузатиш, анонимлик, инсоннинг ўз ҳохиш–истакларини ҳақиқий исмини яширган ҳолда интернет орқали амалга ошириши каби масалаларга эътибор қаратилган эди. Айнан анонимлик онлайн тармоғида фирибгарликнинг кенг ёйилишига сабаб бўлди. Шунингдек, ахборотнинг яшин тезлигида тарқалиши ўз навбатида ҳақиқий ахборотни ёлғонидан ажрата олмаслик, турли хил салбий мазмундаги маълумотларнинг ёйилишига, агрессив, зўравонликка ундовчи, шаҳвоний,сайтларнинг пайдо бўлишига олиб келди. Фойдаланувчилар ёшининг турфалиги, назоратсизлик, интерактивлик унинг салбий оқибатларини кучайтирди. Интернетнинг юқорида санаб ўтилган хусусиятлари миллионлаб инсонларга айнан глобал тармоқдан ўзлари учун етишмаган эркинликни топиш ва ундан ўз билганларича фойдаланиш имконини берди. Бу эса айнан интернетда ахлоқий инқирознинг юзага келишига сабаб бўлди(2).
“Интернет–этика” тушунчасининг пайдо бўлиши турли манбалардатурлича талқин этилган. Рус медиатадқиқотчиси А. Скворцовнинг ёзишича (3) глобал тармоқда ахлоқий қоидаларни жорий этиш хусусидаги фикрлар 1989 йили интернет фаоллари аноним гуруҳининг пайдо бўлиши билан боғлиқ. Улар томонидан манифест қабул қилинган. Унга кўра интернетдаги ахлоқсизликка: интернет ресурсларига ноқонуний кириш, очиқ фойдаланишда бўлганахборот тўлиқлигини бузиш, бошқа фойдаланувчилар сирларини ошкор этиш киради.
Кейинчалик мазкур қоидалар кўпайиб, улар турлича талқин этила бошланди. Ушбу жараёнда интернетда ахлоқий қоидаларга риоя этилиши керакми ёки йўқми деган савол кўндаланг қўйилди. Чунки 1988 йили матнли хабарлар билан бир зумда алмашиниш протоколи Internet Relay Chat (IRC) ишлаб чиқилди, бу фойдаланувчиларга реал вақтда мулоқотда бўлиш имконини туғдирди(4). 1989 йили инглиз олими Тим Бернерс-Ли бутунжаҳон глобал тармоқ концепциясини яратди ва 1991 йилга келиб HTTP протоколи ва гиперматн белгилари тили HTML, URI идентификаторларини ишлаб чиқди(5). 1990 йили интернетга телефон тармоғи орқали уланиш имкони вужудга келади (Dialup access – «қўнғироқ орқали уланиш»)(6).1991 йили интернет барча фойдаланувчилар учун очиқ деб эълон қилинади(7). Интернетнинг илк фойдаланувчилари давлат ҳокимияти органларининг ва илмий–тадқиқот муассасаларининг ходимлари бўлганлиги боис интернетдан фойдаланиш қоидалари ташкилот йўриқномаларида белгилаб берилган эди. Уларнинг кўпчилиги интернетдан унинг яратилишидан асосий мақсад, яъни ахборот қидириш учун фойдаланишган. 1996 йилдан бошлаб интернетнинг том маънода глобал тармоққа айланиши натижасида унинг фойдаланувчилари ўзларининг қизиқиш ва шахсий эҳтиёжларини қондириш, ҳиссиётларини “тўкиб солиш” майдончасига айланди. Ахборотни ўта тезкор равишда фойдаланувчига етказиш, ахборот алмашиниш интернетдан фойдаланиш қоидаларини ишлаб чиқиш заруратини вужудга келтирди. Ана шундай дастлабки уринишлардан бири –– Арлене X. Риналди томонидан ишлаб чиқилган ва у «The net user guidelines and netiquette» қоидалар мажмуи бўлди(8). Риналди қўлланмаси Computer Ethics Institute (Компьютер этикаси институти) томонидан ўнта асосий қоидада жамланган, булар:
–фойдаланувчи компьютердан бошка инсонларга зарар етказиш мақсадида фойдаланмаслиги;
–фойдаланувчи бошқа инсонларнинг компьютер ишларига аралашмаслиги;
–компьютер фойдаланувчиси бошқа инсонларнинг шахсий ҳужжатларини (файлларни) кўрмаслиги;
–фойдаланувчи компьютерни ўғрилик мақсадида ишлатмаслиги;
–фойдаланувчи компьютердан фойдаланиб, ёлғон гувоҳлик бермаслиги;
–фойдаланувчи пули тўланмаган дастурий маҳсулотдан нусха кўчириб олмаслиги ёки ишлатмаслиги;
–фойдаланувчи бошқа инсонлар компьютерлари манбаларидан рухсатсиз фойдаланмаслиги;
– бошқалар ақлий меҳнати натижасини уларнинг рухсатисиз ишлатмаслиги;
–компьютерда бирор дастур тузаётганда у келтириб чиқариши мумкин бўлган оқибатларни ҳам ўйлаб кўриши;
–компьютердан фойдаланиш жараёнида бошқаларга ҳурмат ва эътибор билан ёндашиши керак.
Аммо бу қоидалар кўпроқ шахсий компьютердан фойдаланишга қаратилган эди. 1998 йили ташкил этилган Компьютердан фойдаланувчилар Европа ассоциацияси конфедерациясининг уставида “ахлоқий ҳамжиҳатлик ва ижтимоий адолат” асосий тамойил сифатида кўрсатилган эди (9). 2001 йил 23 ноябрда Будапештда Кибер жиноятлар бўйича Европа конвенцияси қабул қилинди (10).
2007 йили ЮНЕСКО ва Европа Кенгаши томонидан ташкил этилган ҳудудий конференцияда «Google» компаниясининг мутахассиси Питер Фляшер “Интернет инфратузилмаси глобал бўлганлиги боис, интернет ҳам глобал тарзда бошқарилиши лозим” деган фикрни илгари сурди(11) ва шахсий маълумотларни муҳофазалаш Хартиясини ишлаб чиқишни таклиф этди.
Ҳозирги кунда интернетдан фойдаланиш борасида ҳар бир ташкилот, ОАВ таҳририяти ўз қоидаларини ишлаб чиқишга ҳаракат қилмоқда. Масалан,BBS кoмпанияси ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифаларида компания ҳақида ножоиз фикр билдирган ёки иш вақтида интернетда ўйин ўйнаган ўз ходимларига маъмурий жазо қўллайди. Ҳозирда кўпгина таҳририятларходимлари ишдан чалғимасликлари учун онлайн режимда ижтимоий тармоқларга кириш йўлини чегаралаб қўйишган. Ўзбекистон Миллий телерадиокампанияси ҳам шулар жумласидандир.
2011 йилнинг 3 июнь куни БМТ резолюцияси қабул қилинди. Унга кўра интернетдан фойдаланиш инсоннинг асосий ҳуқуқларидан бири сифатида тан олинди. Бу ўз навбатида фойдаланувчи жамиятда риоя этадиган одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиши зарурми, деган саволни келтириб чиқарди. Фикримизча, ҳар бир интернет фойдаланувчиси, у ким бщлишидан ыатъи назар ахлоқий қоидаларга риоя этиши зарур. Бу жиҳат инсоннинг маданиятлилик даражасидан келиб чиқади. Зеро, маданиятли инсон ҳеч қачон сайт, электрон почта, ижтимоий тармоқлар ва блоглар орқали ҳақоратли, бевосита инсон руҳиятига салбий таъсир этадиган сўзларни ёзмайди. Чат ва форумлар орқали мурожаатларда сўз одоби доирасидан чиқмайди. Шу ўринда айтиш жоизки, босма оммавий ахборот воситаларида фаолият юритадиган журналистлар учун мавжуд ахлоқ қоидалари интернетда ҳам ўз кучини йўқотмайди. Шунга қарамай, интернетда фаолият юритишнинг ўзига хос томонлари бор. Аввало журналист ўз сайти, ижтимоий тармоқдаги саҳифаси ва таҳририят блоги ёки сайтини юритишда қуйидаги қоидаларга риоя этиши зарур:
–ахборотни унинг манбасини бир неча маротаба текширмасдан жойлаштирмаслик;
–ижтимоий тармоқлардан олинган иқтибос, фотосурат ёки видеотасвирларни манбаси кўрсатилмасдан туриб ишлатмаслик;
–ижтимоий тармоқлар олиниб, чоп этилган фотосурат ташкилот саҳифаси ёки блогига жойлаштирилганда бошқача мазмун касб этмаслигини англаши;
–интернетда фотосурат ва видеосюжетларни уларда тасвирланган кишиларнинг розилигисиз жойлаштирмаслик;
–ўзининг шахсий қарашлари, сиёсий фикрларини ташкилот саҳифасида беришлари зарур. Интернетдаги ташкилот саҳифаси фақатгина ташкилотнинг ижобий имижини шакллантириш учун хизмат қилиши кераклигини доимо ёдда тутиши керак. Шунингдек, ташкилот сайти ва ижтимоий тармоқдаги саҳифасида бошқа ташкилот, ходимни ассосиз қораловчи материалларни жойлаштирмаслик;
–интернетда муаллифлик ҳуқуқини ҳурмат қилиб, плагиатдан қочиш лозим.
Бугунги кунда кўпгина ижтимоий тармоқлар ўз мақомини фойдаланувчилар ўртасида юқори савияда ушлаб туриш мақсадида ўз ахлоқ кодексларини жорий этишган. Шулардан бири «В контакте» ижтимоий тармоғи бўлиб, www.liveinternet.ru сайтининг хабарига кўра, 2015 йил октябрь ойида мазкур ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг сони 328 миллион нафардан ошган. «vk.com» сайти(12) маъмурияти фойдаланувчилар учун ахлоқий қоидаларни ишлаб чиқиб, сайт рўйхатидан ўтган ҳар бир шахс қуйидагиларга риоя этиши шарт:
- Россия Федерациясининг амалдаги қонунчилиги ва сайт маъмурияти томонидан ишлаб чиқилган меъёрий ҳужжатлар ҳамда ушбу Низомга риоя этиши шарт;
- ўз шахсий саҳифангизда бошқа фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига зид келувчи ахборот ва объектларни (уларга ссилка бермаслик) жойлаштирмаслик;
- ахборот ва объектларни жойлаштирмасдан олдин уларнинг қонунийлигини текшириб кўриш; Сайтдан фойдаланишда фойдаланувчиларга қуйидагилар тақиқланади:
- тинчликка хавф соладиган, бузғунчилик характерга эга бўлган, бошқа фойдаланувчилар ва учинчи шахсларнинг шахсий ҳаётига дахл қиладиган ҳар қандай ахборотни юклаш, сақлаш, чоп этиш, тарқатиш ва бошқа ҳолатларда фойдаланиш;
- вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини бузиш;
- беҳаё матнлар, порнографик ва жинсий зўравонликни акс эттирувчи ёки зўравонликка ундовчи тасвирларни жойлаштириш;
- ҳайвонларни қийноққа солиш ва зўравонлик, унга ундовчи тасвирларини юклаш;
- ирқий, диний, этник душманликни, фашизмни ёки ирқий устунликни тарғиб қиладиган ғояни акс эттириш;
- экстремистик материалларни жойлаштириш;
- жиноятчилик фаолиятини тарғиб қилиш ва жиноят содир этиш учун кўрсатмалар бериш;
- чекланган ахборотни, учинчи шахсларнинг шахсий ҳаётига тааллуқли ахборотни жойлаштириш;
- гиёҳванд моддалар рекламасини, шу жумладан “рақамли наркотиклар”, гиёҳванд моддаларни тарқатиш йўллари, уларни тайёрлаш усуллари ҳақидаги ахборотни жойлаштириш;
- фирибгарлик характерига эга бўлган матнларни жойлаштириш;
- Россия Федерацияси қонунчилигининг талаблари ва фуқаролар, юридик шахсларнинг бошқа ҳуқуқ ва манфаатларига зид келадиган ахборотни жойлаштириш.
Бугунги кунда тобора оммалашиб бораётган блогларда ахлоқий меъёрларга риоя этиш керакми? Буни ким назорат қилади? Блоггернинг ўзими ёки ҳукумат? Блоггерлик ҳаракати тарихига назар ташлар эканмиз, дастлабки блогларнинг пайдо бўлиши бевосита дунёда содир бўлаётган сиёсий жараёнларга аввало журналистларнинг ўз шахсий блоглари орқали фикр билдиришидан бошланганлигини кўриш мумкин. Масалан, 2001 йилиблоггер Talking Points Memo АҚШ сенаторининг қора танлиларнинг ҳуқуқларини паймол қилувчи сўзларига жамоатчилик эътиборини қаратди,натижада кўпгина сенаторлар ўз лавозимларидан четлаштирилди. 2002 йили блоггер Салам Пакс Ироқ урушида АҚШ хукуматининг ножоиз ҳаракатларига дунё аҳли эътиборини тортади. 2004 йили Apple компанияси блоггерларни хали ўзи эълон қилмаган товарлар ҳақидаги ахборотни тарқатгани учун уларни судга беради ва ютқизади. Шу йили блоггерларнинг ҳуқуқлари журналистларга тенглаштирилади. Ўзбекистон Республикасида 2014 йили “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонуннинг “Ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборотни Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш” номли 12-моддасига блоггерлик тушунчасини киритилди ва уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилди(13).
Айни пайтда дунёдаги машҳур инсонларнинг аксарияти ўзларининг шахсий блоглари ва ижтимоий тармоқларида ўз саҳифаларига эга бўлиб, ўз мухлисларини доимий равишда ҳаётларидаги қизиқарли воқеалар, жаҳонда рўй бераётган воқеа–ҳодисаларга нисбатан ўз фикрларидан хабардор қилиб борадилар. Биргина Россия Федерациясининг Бош вазири Дмитрий Медведевнинг 2010 йил июнь ойида Twitter. com ижтимоий тармоғида очган блогини бугунги кунда 1,5 миллион фойдаланувчи ўқийди(14). Фойдаланувчилар унга интернет орқали тўғридан–тўғри мурожаат қилишлари мумкин. Бундан ташқари Бош вазир Президентнинг сайтида ҳам ўз видеоблогига, Facebook.com, Instagram.com ва «vkontakte.ru» ижтимоий тармоқларида саҳифаларига эга.
Республикамизда фуқаролик журналистикаси сифатида блогларривожланиб, уларни юритишда ахлоқ меъёрларига риоя этиш муҳим аҳамият касб этади. “Фуқаролик журналистикаси” мақомини олган uz. доменидаги блогларда мазкур меъёрлар блоггерлар учун “бузиб бўлмас қонун” даражасига кўтарилиши лозим. Булар қуйидагилардир:
1-қоида. Блог ўқувчиси тирик одам эканлигини доимо ёдингизда тутинг .
Бунда нафақат ёдда тутиш, балки ўқувчи ўрнига ўзингизни қўйиб кўриш мақбулдир. Сизнинг блогдаги фикрларингиз қай даражада ўқишли? У ўқувчини қизиқтира оладими? Блогдаги фикрларингиз расмий ҳисоботга айланиб қолмаяптими? Блогингизга янги хабар қўйишингиздан олдин мазкур саволларга жавоб берсангиз мақсадга мувофиқ бўлар эди.
2-қоида. Реал ҳаётдаги ахлоқ меъёрларига интернетда ҳам риоя этинг.
Корпоротив блогда ахлоқ қоидаларига зид сўзларни ишлатиш, бошқа аҳририятга ёки унинг ходимларига, ўзга инсонга нисбатан салбий муносабатингизни билдириш ўз имижингизга путур етказишини унутманг.
3-қоида. Ўзгалар фикри ва вақтини қадрланг.
Блогингизга жойлаштирган хабар қизиқарли ва бошқаларга фойдали бўлишига ҳаракат қилинг. Аудитория учун қизиқарли мавзуни танланг, шу билан биргаликда мазкур матн орқали ўзингиз ёки ташкилот имижини янада мустаҳкамлашга харакат қилинг. Блогдаги хабар ҳақида салбий фикр билдирилса, жаҳлингиз чиқмасин. Унга одоб доирасидан чиқмагай жавоб беринг.
4- қоида. Ўз қиёфангизни сақланг.
Интернетда сизни кимлигингиз, кўринишингиз – ташқи қиёфангизга эмас, балки интеллект, билимингизга қараб баҳо берилади. Блог юритаётганингизда матндаги жумлалар аниқ, қисқа, лунда ва тушунарли тилда бўлишига эътибор беринг.
5 -қоида. Бошқаларга ёрдам беринг.
Бошқа блоггерлар ва фойдаланувчилар билан соҳа бўйича тўплаган тражрибангиз билан ўртоқлашишга интилинг. Агар сизни бирор бир савол қизиқтирса, уни форумга қўйинг ва электрон почтангизга келган жавобларни кейинчалик блогингизга жойлаштиришни унутманг.
6-қоида. Зиддиятли ҳолатларга қўшилманг ва уларни келтириб чиқарманг.
Интернетда фойдаланувчини ҳиссий мувозанатдан чиқаришга қаратилган муносабат – флейм (flame) деб аталиб, аксарият ҳолатларда фойдаланувчилар тўпланган салбий ҳиссиётларини тўкиб солиш учун интернетдаги форумлардан фойдаланишади. Бундай ҳолатларга эътибор берманг.
7-қоида. Бошқаларнинг хатосини кечиришга ўрганинг.
Агарда блогингиз форумида сизга берилган саволда имловий хато ёки сиз учун жуда оддий туюлган савол бўлса, бунга эътибор берманг ёки одоб чегарасидан чиқмаган ҳолда фойдаланувчига унинг хатосини кўрсатинг.
8-қоида. Интернет орқали мулоқот қилиш ва изоҳ қолдириш маданиятини шакллантиринг.
Ахборот сайтлари томонидан таклиф қилинаётган ёки ушбу ахборот сайтидан фойдаланишингиз оқибатида пайдо бўлаётган барча шарҳлар, ўзаро алоқа, таклиф ва фикрлар ахборот сайтининг шахсий мулки ҳисобланади ва булардан ахборот сайти томонидан исталган ерда ва исталган мақсадда дунёнинг исталган ерида сизнинг рухсатингизсиз ҳам фойдаланиш мумкин. Шунинг учун сайтларда ўзингиз тўғрингиздаги маълумотларни киритишда ёки материалларга изоҳлар киритишда эҳтиёт бўлинг. Изоҳлар қолдиришда бировнинг нафсониятига тегадиган маълумотларни, ҳар хил ножўя сўзларни ёзишдан сақланинг. Ахборотдан фойдаланиш маданиятига риоя этинг. Интернетда фойдаланиш қоидаларининг тескари томони «Моветон» деб аталиб, жамиятда қабул қилинмаган ахлоқсиз хатти–ҳаракатлар мажмуини англатади. Буларга бамп, флейм, флуд, спам, оффтопик, хотлинкинг киради.
Вump ёки up–форумларда кўтариладиган ахлоқсиз мавзулар бўлиб, охирги ёзув орқали сараланади.
Fleym–«сўз уруши». Чат ва форумларда бехосдан юзага чиқадиган баҳс, мунозара. Аксарият ҳолатларда баҳслашувчилар бир–бирларини ҳақорат қилиб, шахсиятга ўтишади.
Flud – интернет форум ва чатлардаги хабарлар бўлиб, улардаги маълумотлар ҳеч қандай қийматга эга эмас.
Spam–юридик ва жисмоний шахслар томонидан сиз рухсат бермаган тақдирда ҳам шахсий электрон почтага келадиган турли хил хабарлар.
Оффтопик – олдиндан белгиланган суҳбат мавзуси доирасидан чиқадиган хабар. Масалан, веб-форумдаги хабар умумий мавзуга мос келмайди
Хотлинкинг – веб–сайтга бошқа интернет ресурслардан суратли файлларни қўйиш. Айнан юқорида санаб ўтилган ноҳуш ҳолатларнинг олдини олиш учун бир неча қоидаларга амал қилиш лозим:
– сиз форумларда шарҳлаётган материални ҳеч қачон тўлиқ матнининг нусхасини бошқа форумга қўйманг;
– смайликлар фойдаланувчилар томонидан ўз ҳиссиётларини хабар ва хатларда ифода қилишнинг ёрқин усули. Аммо жуда ҳам кўп смайликлар хабарни ўқишни қийинлаштиради;
– хабарларни бош ҳарфларда ёзманг. Бу нарса саводсизликдан дарак беради.
Бугунги кунда чат ва форумларда қуйидаги қисқартмалардан фойдаланувчилар кенг фойдаланишади:
- AFK – away from keyboard (компьютер ёнидан кетдим)
- BTW – by the way (айтганча)
- FYI – for your information (маълумот учун)
- F2F – face to face (юзма юз)
- HAND – have a nice day (ёқимли кун тилайман)
- IDK – I don’t know (билмайман)
- IMHO – in my humble opinion (фикримча)
- LOL – laugh out loud (қаҳқаҳа отиб кулаяпман)
- NP – no problem (муаммосиз)
- ROFL / ROTFL – rolling on the floor, laughing (кулгидан ерда юмалаб қолдим)
- TIA – thanks in advance (олдиндан миннатдорчилик билдираман)
- TMI – too much information (маълумот жуда ҳам кўп)
- WTG – way to go (шу тарзда олиб боринг)
- YW – you’re welcome (арзимайди).
Демак, веб-сайт, ижтимоий тармоқлар ва блогларни юритишда ахлоқий тамойилларга риоя этиш шахснинг интеллектуал даражаси, билими билан биргаликда унинг имижини ҳам белгилаб беради. Буни унутмаслик зарур!
Бугунги кунда интернетда фойдаланувчи ахлоқий меъёрларга риоя этиши учун нима қилиш зарур? Фойдаланувчига қатъий чоралар кўришми?
Уни маъмурий жавобгарликка тортиш ёки унга бошқа жазо турларини қўллаш лозимми? Афсуски, бугун бошқа ном билан интернетга кириш ва унинг воситасида ўзгаларни ҳақоратлаш, зуғум қилиш оддий ҳолатга айланиб бормоқда. Қонунчилигимизда айнан мазкур ҳолатларга қарши чоралар ишлаб чиқилмаганлиги боис, бу масала ҳам очиқ қолиб келмоқда.Фикримизча, интенетда фойдаланувчилар ёшларидан қатъи назар ахлоқий қоидаларга риоя этишлари учун онлайн маданиятни шакллантириш зарур. Бунинг учун:
–мактабгача таълим муассасаларининг машғулотларида интернетдан фойдаланиш маданияти ва ахлоқий қоидалари, ахборотни саралаш ва унга онгли равишда ёндашиш қоидаларини ўтиш;
– умумтаълим, ўрта махсус касб таълими, олий таълимнинг ўқув
дастурларига медиатаълим асосларини киритиш ва унинг таркибида интернетдаги ахлоқий меъёрларни фақатгина синф соатларида эмас, балкиалоҳида фан сифатида ўтиш зарур.
Шу ўринда оиладаги тарбия ҳам муҳим аҳамият касб этишини унутмаслик лозим. Зеро, очиқлик, онгли равишда ахборотни танлаш ва қабул қилиш, тарқатишгина инсонларни турли салбий хатти-ҳаракатларга йўл қўймайди.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР
- Засурский Я.Н. Информационное общество, интернет и новые средства массовой информации//Информационное общество, 2001, вып. 2.
- Қосимова Н. Демократик янгиланишлар жараёнида интернет глобал тармоғида журналистлар фаолиятини бошқарувчи ахлоқий меъёрларнинг роли//rif.uz
- Скворцов А. Этика интернета: основные проблемы и принципы. – М.: Наука, 2009. –208 с.
- Что такое интернет? История и этапы развития // http://moolkin.ru
- Анализ состояния и перспектив развития интернет в Республике Узбекистан. Информационно–аналитический отчет//УзАСИ, ПРООН.2009 г. www.undp.uz
- What is a Dialup Internet Service// http://whatismyipaddress.com/dialup
- Медиасфера, или СМИ в глобальной сети // http://www.interros.ru
- Путеводитель по саморегулированию сетевых СМИ. ОБСЕ. – Вена, 2013. – 237 с.
- Belford, R.. Uses of Flexible Virtual Laboratory Simulations in Introductory ChemistryCourses / R. Belford. – CONFCHEM, 2001. – 256 p.
- 10.Европейская Конвенция по кибер преступлениям. http://mvd.gov.by/main.aspx?guid=4603
- Этика и права человека в информационном обществе. Материалы Европейской региональной конференции организованной Комиссией Франции по делам ЮНЕСКО и Советом Европы. 2007 г.– 249 с
- www.vk.com. сatalog.php
- 13.Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонуни. 2014 йили. www.lex.uz
- Twitter.com