Наргис Қосимова,
Халқаро журналистика факультетининг доценти
Асосий тушунчалар: ахлоқ, телевидение, журналист, касб этикаси, альтруизм, эгоизм, Конституция, ОАВ
Ахлоқ сўзининг луғавий маъноси араб тилида кишининг табиати, ҳулқи маъносини беради. Биз ахлоқ сўзини кўпинча этика сўзи билан ҳам аралаштириб ишлатамиз. “Этика” юнон тилидан олинган бўлиб “ethos” хулқ-атвор маънони беради. Демак, дунёда икки ғарб ва шарқ мамлакатарида умуммаънога эга икки сўзда бир моҳият мужассам. Бу эса ахлоқий нормалар, категориялар кишилик инсониятни қадимдан қизиқтириб келган. Лекин, шуниси қизиқки, кўпинча ахлоқий меъёрлар инсоннинг ички маданиятига, тарбиясига, атроф-муҳитга кўра белгиланади:
-муомала маданияти;
— тарбия;
— миллий урф-одатлар,қадриятлар;
— билим;
— бошқа динлар ва урф-одатларни тушуниш, ҳурмат қилиш;
— ирсий келиб чиқиш.
Булардан ташқари инсоннинг зиёли шахс эканлигини белгиловчи ташқи ва ички мезонлари ҳам мавжудки, биз кўпинча иҳтиёрсиз равишда мана шу ҳолатни биринчи ўринга қўямиз.
Ташқи:
— ташқи кўриниши;
— муомаласи;
— маълум ҳаётий жараёнда ўзини тута билиши;
Ички:
— дунёқараши;
— тафаккури;
— касб-кори;
— ўзгаларга нисбатан муносабати.
Ахлоқ нормаларига амал қилиш асосан ихтиёрий хусусиятга эга. Бу кўпинча альтруизм ва эгоизм тушунчалари билан ҳам мувофиқ келади. Альтруизм (alter лотин тиkидан бошқа,ўзга маъносини беради) ўз манфаатларидан кўра бошқаларнинг ташвиши билан яшаш, уларга ғамҳўрлик қилиш бўлса, эгоизм – (эго- лотинчада мен) ўз манфаатларини бошқалар ва жамият манфаатларидан устун қўйишдир. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 1948 йил 10 декабрда қабул қилинган Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш умумжаҳон декларациясининг 19 –моддасида “Ҳар бир инсон фикр ва сўз эркинлиги ҳуқуқига эга, бу ҳуқуқ четдан аралашувсиз ўз фикрига эга бўлиш эркинлиги, маълумот излаш, тўплаш, уларни ҳар қандай чегарадан қатъий назар истаган матбуот воситаси орқали тарқатиш эркинлигини ўз ичига олади”[1] дейилади. Худди шундай қонун Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29-моддасида ҳам келтирилади.
Бу ҳуқуқнинг қонун ҳужжатлари билан ҳимояланганлиги эса шахснинг эътиқоди ва яшаш жойи, миллати, турмуш тарзи ва ҳ.к.лардан ташқари ҳар қандай мамлакат ва унинг фуқаролари тўғрисида ўз фикрини очиқ айта олиш имкониятини яратади. Бу ҳуқуқлар суъистеъмол қилинмаслиги учун ҳам давлат ҳужжатларига киритилган бўлиб, инсоннинг шаъни, қадр қимматини ерга урмаслик, ҳақорат қилмаслик ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чора тадбирлари қонунлар билан расмийлаштириб қўйилган. Бундай ҳуқуқ эркинлигининг бузилиши ҳолларини инсон эркинликлари топталган тарихий даврларда ёки бугунги кунда айрим мамлакатларда содир бўлаётган ижтимоий-сиёсий қонунбузарликлар натижасида кўришимиз мумкин. Ҳатто собиқ совет тузумида ҳам инсоннинг фикр эркинлиги, сўз эркинлиги, эътиқод эркинлиги узоқ йиллар давомида топталгани ва миллатлар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятидан бебаҳра бўлганликлари сир эмас. Демак, бугунги кунда демократик жамият қуриш йўлида юксалаётган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 1 -моддасида мамлакатимиздаги тузум демократик республика эканлиги қайд этилган бўлса, 2- моддасида “Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар” деб қайд этилгани бежиз эмас. Телевидение оммавий ахборот воситаларининг йўналишларидан бири бўлиб, бевосита Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги[2], “Телерадиоэшиттиришлар тўғрисида”[3]ги қонунлар билан мувофиқлаштирилади. Тележурналистлар фаолияти эса “Журналистик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги[4] Ўзбекистон Республикаси қонуни билан бошқарилади. ОАВининг фаолиятини ташкил этувчи шахслар, шу жумладан журналистлар жамоатчилик фикрини ўрганиши мумкин, зарур ахборотларни олиши мумкин, бироқ воқеъликни объектив акс эттириши учун қонун ҳужжатларини яхши билиши ва жамоатчиликка ҳодисани аниқ етказа олиш малакаси, ахлоқий меъёрларини билиши муҳимдир.
Нимани очиқ айтиш ва нимани ошкор этмаслик меъёрларини билмаган журналист кўп ҳолларда беиҳтиёр равишда этник низоларни кучайтириши ёки сўнаётган оловни алангалатиб юбориши мумкин. Мана шундай ҳолатларда жамиятга ҳақиқатни ошкор этиш зарурми ёки йўқ масаласи кўндаланг туради. Бунда ҳам журналистиканинг ҳуқуқий -ахлоқий асосларидан келиб чиқиб иш кўриш мақадга мувофиқдир. Масалан, маълум бир мамлакатда кечаётган ижтимоий-сиёсий ўзгаришларни жамоатчиликка етказаётган журналист қай бир маънода сиёсий куч ҳисобланади. Унинг
талқинида ёритилаётган воқеа жамоатчилик томонида қабул қилинар экан, ўша воқеанинг гувоҳи бўлмаган шахслар журналистнинг ахбороти орқали маълум тушунчага эга бўладилар. Агар бу журналист сиёсий мақсадлар, кўрсатмалардан келиб чиқиб ахборот етказса, унда қайд этилганидек этник можаролар, тушунмовчиликлар, хуллас нотўғри ахборот узатиш вужудга келади. Мана шу ҳолатда журналистнинг шахсий маданияти, ахлоқи биринчи ўринга чиқади. Айрим ўринларда журналист ўз мамлакати манфаатларидан воз кечиб бошқа бир халқнинг тақдирини биринчи ўринга қўйиши мумкин. Бунга мисол тариқасида АҚШнинг Вьетнамга қилган тажовузини ва 20 йилдан ортиқ вақт мобайнида олиб борилган совуқ урушга қарши журналистар фаолиятини келтириш мумкин. Натижа журналистларнинг ғолиблиги билан якунланди. Рус олимаси В.В Егорованинг фикрига кўра, телевидение ходимининг касбий-ахлоқий фаолияти аввало касб салоҳияти, телеканал имижи ва шахсий шаъни ва қадр-қимматига путур етказмасликда кўринади”.[1]
Хорижда тележурналистларнинг қатор ахлоқ кодекслари қабул қилинган. Масалан, 1999 йилнинг 28 апрель куни Россия телерадиоэшиттиришлар Хартияси қабул қилинди. Унга кўра, Хартия ҳар қандай ахлоқ кодекси билан мос келади. “Ахборотни аудиовизуал узатиш экранда кўрсатилаётган материалларга қаттиқ талаблар қўяди. Телевидениенинг аудитория онгига психологик таъсирини инобатга олиш лозим…. Журналист кадрларни теришда ахборотни нотўғри равишда талқин қилиб беришлари касбий ахлоқ меъёрларининг бузилишига олиб келади”[2].
Хулоса қилиб айтиш жоизки, ахборот маданиятининг ижтимоий-сиёсий, миллий, маънавий-маърифий, ҳуқуқий, фалсафий, эътиқодий, иқтисодий, умуминсоний аспектлари ҳақида биринчи навбатда, ахборот маданиятини шакллантирувчи бош субъект – журналист қайғуриши керак.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати
- “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни. lex.uz/docs/1106870
- Егоров В.В. Терминологический словарь телевидения: основные понятия и комментарии. -М.,2007. С.103
- Хартия телерадиовещателей [Электронный ресурс] URL — http://www.presscouncil.ru/index.php/teoriya-i-praktika/dokumenty/756-khartiya-teleradioveshchatelej