Наргис Қосимова,
ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультетининг доценти
Мақолада медиатив журналистика асослари, тамойиллари, функциялари, журналист-медиаторга қўйиладиган талаблар, оммавий ахборот воситаларида норасмий медиаторлар фаолияти кўриб чиқилиб, медиатив журналистика экологик муаммоларни ёритиш ва ечимини топишда, ахборий жанжалларни бошқаришнинг энг яхши усули эканлиги қайд этилади.
В статье анализируются основы медиативной журналистики, ее принципы, функции, требования предъявляемые журналисту как медиатору, рассматривается деятельность неформальных медиаторов в средствах массовой информации, а также отмечается , что медиативная журналистика самый лучший способ управления информационных конфликтов, освещение и решение экологических проблем.
Асосий тушунчалар: журналист, медиатор, ахборот,экологик муаммолар,низо, функция, медиатив журналистика, тамойиллар.
Медиатив журналистика зиддиятга киришган томонларни бетарафлик билан ёритишни тақозо этади. Журналистиканинг мазкур соҳаси икки томоннинг умумий келишувга келиб, турли хил қарашларни тинглаш, ўртада диалогни ўрнатиш, келишиш, бир-бирини эшитишдан иборат. Бу нарса журналистиканинг барча йўналишлари –радио, телевидение, интернет, босма ОАВга ҳам тегишлидир. Бугунги кунда афсуски медиатор журналистлар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари йўқ ва мазкур соҳада жуда кўп муаммолар мавжуд. Журналистика тобора қарам, буюртмага асосланган бўлиб бормоқда. У жамият қайси онунларга асосан яшаса, шу қонунларга бўйсинмоқда. Агарда жамиятда умуминсоний ва миллий қадриятларга, демократик тамойилларга риоя этилмаса аҳолини бошқариш, алдаш жуда ҳам осон бўлади. Асосан бу ҳолат электрон ОАВда кўринади. Жамият демократик тамойиллар асосида бошқарилса, баҳс, диалог маданияти шаклланади. Айнан шу ерда медиатив журналистика аралашуви керак бўлади.Низолар, зиддиятларни вазиятларни ёритиш журналистикага хосдир. Аммо уларни бартараф қилишга ёрдам бериш ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди. Бугунги кунда экологик муаммолар ва уларни бартараф этиш борасидаги низолар кучаймоқда. Масалан, сўнгги пайтлари мамлакатимизда ноқонуний дарахт кесиш ҳолатлари кузатилмоқда. ОАВда бу ҳақида кўплаб мақолалар чоп этилди. Хусусан, Ўзбекистон ахборот агентлигининг uza.uz сайтида чоп этилган “200 туп дарахт ноқонуний кесилди”[1], “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти туманларида ўзбошимчалик билан дарахт кесиш ҳолатлари аниқланди”[2], “Соясиз боғ: Тошкентда қарийб 200 та дарахт ноқонуний кесиб ташланди”[3], “Ўзбекистон: Тошкент ҳокимияти вакили дарахтларнинг кесилишини “жиноят” деб аташдан бош тортди”[4] шулар жумласидандир. Аммо журналистларнинг бонг уришига қарамасидан мазкур низолар
ҳануз ҳал қилингани йўқ. Журналист материалини тайёрлашда ҳам қайсидир маънода медиаторлик вазифасини бажаради. Муаммони кўтарганида журналист икки томонни ҳам диққат билан эшитиши лозим. Чунки медиатив журналистиканинг асосий тамойили, бу холисликдир. Экологик низолар бўйича жиной ишлар, суд жараёнини ёритганда ҳам журналистдан юридик ёки руҳий ёрдам кутилмаслиги лозим. Журналист-медиаторнинг асосий вазифаси келишувга олиб борадиган йўлларни излаш ва ўртада диалогни ўрнатишдир. Масалан, Бошқирдистон Республикаси телевидениесида “Қизил тугма” деб номланган кўрсатув бор. Бошловчилар турли экологик муаммолар борасидаги низоларни 20 дақиқа давомида таҳлил қилиб, зиддият тарафдорларини яраштиришга ҳаракат қилишади.
Журналистларнинг мустақиллиги ёхуд бетарафлиги қай даражада зиддиятли ҳолатларга таъсир кўрсатади? Албатта ва аксарият ҳолатларда ижобий томонга. Низоли ҳолатларда инсон қанчалик ўзини тинч ва сокин тутса, ютиб чиқади. Журналистлар аксарият қизиққон, эмпульсив, ҳиссиётларга бой инсонлардир. Шу сабабли ҳам ўзларини тутиб туришлари қийин бўлади. Шу сабабли ҳиссиётларни жиловлаш жуда муҳимдир. Медиатив журналистикани шакллантиришда бир маротабалик кампанилар эмас, балки журналистика факультетларида махсус фаннинг киритилишидир. Таҳлилий журналистиканинг вазифаси турли мутахассисларнинг воқеа-ходисаларга муносабати, зиддиятларни қонуний ҳал қилиш борасидаги асосли фикрлари ва таклифларини масъуллар эътиборига ҳавола этишдан иборат бўлса, медиатив журналистика уларни яраштиришга ҳаракат қилади.
Журналистикада медиаторларга қандай талаб қўйилади?
- Ҳиссиётга берилмаслик. Журналист медиатор сифатида ўз ишини объектив, ҳолисона адо этиши керак. Тўғри, ўзқариндошлари, таниш-билишлари аралашган зиддиятлар ечимини топишда у ҳолис бўла олмайди. Ёки раҳми келиб муҳтожлар, ногиронлар, аёллар томонга ёнбосадиган бўлса объектив хулоса чиқаришга қийналади. У фақат кимларга ҳолис ва ҳаққоний бўла олса шуларга медиатор бўлиши мумкин. Томонлар зиддиятга ҳар томонлама фойдали ечимни изловчи медиаторнинг тамоман холислигига ишонган дагина медиация жараёни сифатликечади. Журналист-медиатор томонларнинг шахсий характеристикаси, ижтимоий аҳволи ва бошқалар ҳақидаги тарафкашликка сабаб бўлувчи маълумотларга эътибор бермаслиги керак. Шунингдек, медиаторнинг зиддиятда ўз манфаати бўлса медиаторликдан воз кечиши ёки икки томоннинг розилиги билан иш бошлаши лозим. Медиация вақтида унинг холислигига томонларда шубҳа ёки норозилик туғилса жараён тўхталиши зарур.
- Сир сақлаш. Томонлар розилик бермаса ёки улар сирини ошкор қилиш қонунда тақиқланган бўлса медиатор жараён қандай кечаётгани, унинг натижалари, шунингдек, томонларнинг келишуви ҳамда қабул қилган қарорларини ошкор қилмаслиги шарт. Бироқ бу чеклов медиация дастурлари самарасини ўрганиш учун махсус мониторинг ўтказиш ёки маълумотлар асосида илмий тадқиқотлар ўтказилишига тўсиқ бўлолмайди. Айрим ҳолатларда тадқиқотчиларга статистикани ўрганишга рухсат берилади ва томонларнинг розилиги билан улардан интервью олиш ҳам мумкин.
Ихтиёрийлик. Медиация муолажаси – ўта ихтиёрий, эркин танлов асосида бажариладиган жараён. Яъни ҳеч ким томонларни медиациядан фойдаланишга мажбур қила олмайди. Агар бир томон рози бўлса, иккинчи томонни медиация ўтказишга зўрлаш ҳам мумкин эмас. Шу билан бир вақтда ҳар бир иштирокчи ўзи хоҳласа истаган босқичда
- жараённи тарк этиши мумкин[1]. Медиация натижаси, яъни ечимини тасдиқлаш ҳам ҳар бир томоннинг ихтиёрий розилиги билан бўладиган ишдир. Ҳар иккала томон ҳам медиациянинг қандай кечаётгани ва натижаларини таҳлил қилишга масъул ҳисобланади.
Хоҳлаган одам медиатор сифатида иштирок этиши мумкин. Бироқ ўз тоифасига кўра расман медиаторлар гуруҳига мансуб мутахассислар бўлиши керак. Улар давлатлараро ташкилотлар (БМТ), давлат ҳуқуқий институтлари (арбитраж суди, прокуратура), махсус давлат комиссиялари (масалан, зиддиятларни бошқарувчи), ҳуқуқни назорат қилувчи органлар вакиллари (маиший зиддиятларда участка инспектори), ходимлар орасидаги зиддиятларда уларнинг раҳбарлари, жамоат ташкилотлари (касаба уюшмалари), профессионал медиатор-конфликтологларбўлишимумкин.
Норасмий медиаторлар сифатида билим ва малакаси ҳамда ҳаётий тажрибаси етарлибўлган кишилар, хусусан, диний ташкилотлар вакиллари, профессионал психологлар, ижтимоий педагоглар ёки ҳуқуқшуносларга мурожаат қилиш мумкин.
Бугунги кунда интернет ҳамда ижтимоий тармоқларнинг кенг оммалашуви натижасида турли хил зиддиятли вазиятлар ҳақида ахборотлар тезлик билан тарқалмоқда. Балки омманинг эътиборини тортиш учунҳам конфликт ҳолатларни кенг ёритишга аҳамият қаратилаётир. Қандайдир ахборотни тақдим этишдан аввал журналистлар унинг ҳаққонийлигига, холислигига эътибор қаратиб, тарафларнинг ҳақ-ҳуқуқларини инобатга олганҳолда материал тайёрлашлари керак. У ёки бу ҳодисани фото ёки видео ёзувларини тайёрлашда ҳам ахборот олиш борасида белгиланган меъёрларга риоя қилиш лозим. Воқеа-ҳодисанинг таҳлили қонуний асослансагина, журналист текшируви ўз самарасини бериши мумкин.
Ҳиссиётларга берилиб, фақат бир тарафнинг ёнини олса, шунингдек ўз мақоласида ҳақоратомуз сўзлар, иборалар ишлатса журналист ўз обрўсини тушириб, шунчаки бир тарафкаш сифатида намоён бўлиши мумкин. Зиддиятли вазиятларда холис ва бетараф позицияда туриб, бужараённинг ижтимоий-психологик, ҳуқуқий ҳолатига тўғри баҳо бераолган журналист – шунчаки иштирокчи эмас, балки том маънода тўртинчи ҳокимият дебаталувчи соҳа вакили сифатида фаолият кўрсата олади[2].
Медиатив журналистикада фаолият юритаётган журналист аввало иккала томондан ҳурмат қилиниши. Уларнинг ишончига сазовор бўлиши лозим.
HackPack медиаплатформасининг асосчиси Жастин Варилекнинг фикрича[3],«Журналист ҳар қандай ҳолатда эгилувчан, ҳолатга мослашувчи, янги имкониятларни кўра била олиши лозим. Журналист ижтимоий алоқаларни ривожлантириши, янги ахборот технологиялардан фойдалана билиши, барча мавзулар, экспертларни билиши, нетворкинг, логистика ва ташкилий ишлардан бохабар бўлиши керак». Медиаплатформанинг асосий вазифаси журналистлар, турли хил эксперт ва мутахассисларни бир жойга тўплаб, жамиятни қийнаётган муаммоларни бирга ҳал этишдан иборат. Шунингдек платформа журналистларга давлат арбобларидан интервью олиш, умумий материаллар ёзишда ҳудудлардаги журналистларни жалб этган ҳолда маълумотларни тўплаш, экспертлар фикрини йиғишга ёрдам беради. Платформа Фейсбук ижтимоий тармоғида ҳам фаолият
кўрсатиб, айни пайтда 155 мамлакатдан ОАВ вакиллари ва мутахассисларни бир жойга бирлаштиргандир.
Медиатив журналистика ахборийжанжалларни бошқаришнинг энг яхши усули. Журналист икки томон ўртасида конструктив мулоқот ўрнатишини таъминлайди.
Кўп ҳолатларда жрналистларга у ёки бу соҳада умумий билимлар етишмайди ва «рефератив материаллар»нинг тайёрланишига хизмат қилади. Бунга йўл қўймаслик учун журналистлар муаммони тўғри тушунишлари ва қўя билишлари, мутахассислар фикрларидан фойдаланишлари, масалани содда тилда тушинтиришлари зарур.
Медиатив журналистиканинг функцияларидан бири ахборий урғуни тўғри беришдир. Оммавий аудиторияга қайси мавзу қизиқлигини билиш, доимо улар билан қайта алоқани ушлаш керак.
Иккинчи функция расмий ахборот (қонунчилик ҳужжатлари,бошқа расмий ҳужжатлар) билан ишлашга ундашдир. Аудитория масаланинг ҳуқуқий томонини билиши лозим. Журналист эса ҳуқуқий ҳужжатларни у тушинадиган тилда узатиши керак.
Учинчи функция томонлар келишувига хизмат қилишдир.
Хулоса қилиб айтганда, медиатив журналистика зиддиятларга тўла дунёни бошқариш, тинчликни ўрнатишда муҳим роль ўйнайди.
Фойдаланилган адабиётлар:
- Ўзбекистон Республикасининг «Медиация тўғрисида»ги қонуни.http://lex.uz/docs/3805227
- Ортиқова Ю. Зиддиятли журналистиканинг ўзига хос хусусиятлари. http://manzur.uz/?p=295
- Бекчанова М. Медиация –яраштиришнинг янгича усули. http://manzur.uz/?p=251
- Смирнов Д. Медиакомплаенс как точка входа для медиации. http://mediators.ru/rus/about_mediation/literature/text28
- Жастин Варилек билан интервью.https://ru.ejo.ch/novie-media/intervyu-s-dzhastinom-varilekom