Наргис Қосимова,
ЎзДЖТУ, халқаро журналистика факультетининг доценти
Ахборот хавфсизлиги деганда турли хил ахборотнинг, сизнинг алоқаларингизнинг, аудио ва видеофайллар хавфсизлиги тушунилади. Хавфни бартараф этишнинг энг осон йўли, шу хавфни олдиндан аниқлаб, унга қарши эҳтиёт чораларини қўллаш ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, ахборот хавфсизлигини таъминлаш борасида ҳам соҳага нисбатан потенциал таҳдид манбаларини аниқлаш ва ҳимоя чораларини қўллаш бирламчи вазифалардан ҳисобланади.
Ахборот хавфсизлигига таҳдид манбалари ички ва ташқи манбаларга бўлинади. Мутахассисларнинг эътироф этишича, ахборот хавфсизлигининг долзарб муаммога айланишига асосан ташқи манбалар сабаб бўлган. Чунки, бугун замонавий дунёга эгалик қилиш учун курашнинг асосий воситаси сифатида ахборот тилга олинмоқда. Бундай вазиятда ахборот технологиялари ва ахборот бошқаруви юксак даражада тараққий этган давлатлар ўзидаги бу устунликдан ижтимоий онгга таъсир кўрсатиш йўлида фойдаланишдан том маънода манфаатдор ҳисобланади.
Ахборот хавфсизлигига таҳдиднинг ташқи манбалари:
- чет эл жосуслик ва махсус хизматларининг фаолияти;
- чет эл оммавий ахборот ва глобал коммуникация воситалари;
- халқаро гуруҳлар, тузилмалар ва алоҳида шахсларнинг ноқонуний ҳаракатлари;
- ахборот тарқатиш ва фойдаланиш бўйича хорижий давлатлар сиёсатининг амалга оширилиши
- табиий офатлар ва фожиалар.
Ахборот хавфсизлигига таҳдиднинг ички манбалари:
- сиёсий, иқтисодий ва жамоат ташкилотларининг, алоҳида шахслар ва гуруҳларнинг ахборот тўплаш, тарқатиш ва фойдаланиш соҳасидаги ноқонуний фаолиятлари;
- ахборот соҳасида фуқаролар ва ташкилотлар ҳуқуқларининг бузилишига олиб келувчи давлат тизимларининг қонуний ҳаракатлари ва кўзда тутилмаган хатолари;
- ахборот тизимларининг дастурий-техник воситаларининг базавий технологияларини яратиш, синаш ва ишлаб чиқариш бўйича маҳаллий саноатнинг талаб даражасида эмаслиги.
Ахборот маконининг вужудга келиши нафақат уни бўлиб олиш, балки унда кечаётган жараёнларни назорат қилиш ва бошқаришни ҳохловчи томонларнинг пайдо бўлишига олиб келди. Бу гуруҳларнинг кураш воситаси ҳам айнан ахборот қуролидир. Таҳлилчилар ахборот қуроли деганда одамларга руҳий таъсир кўрсатадиган ва уларнинг устидан назорат қилиш имконини берувчи воситаларни, компьютер вирусларини, мантиқий бомба, телекоммуникация тармоқларида ахборот алмашинувини бостирувчи мосламаларни, давлат ва ҳарбий соҳаларни бошқаришда ахборотларни сохталаштириш каби ҳаракатларни назарда тутишади.
Ахборот хавфсизлигига нисбатан таҳдидларнинг асосий таъсир воситаси бир марталик ташвиқот акциялари, узоқ муддатли тарғибот кампаниялари, мафкуравий тазйиқ, маданий экспансия, ахборот блокадаси каби руҳий-информацион таъсир воситалари ҳисобланади.
Руҳий-информацион таъсир асосан қуйидаги усуллар орқали амалга оширилади:
- дискредитация – воқеанинг аҳамиятини пасайтириб бериш;
- дезинформация – ахборотнинг маъносини ўзгартирган ҳолда тақдим этиш;
- туҳмат;
- эътиборни чалғитиш;
фактларни манфаат учун бузиб талқин қилиш.
Руҳий-информацион таъсир оммавий ахборот ва глобал коммуникация воситалари орқали амалга оширилади ҳамда давлатнинг ички сиёсатига ишончсизлик уйғотиш, ички ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштириш, мухолиф кайфиятларни қўзғатиш, ҳаттоки исёнга ундаш каби салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Глобаллашган ахборот майдонида руҳий-информацион таъсир воситаларини тўлиқ чеклаш ёки назорат қилиш имконсиз. Демократик бошқарув, фикрлар хилма-хиллиги бунга йўл қўймайди. Аслида тарқатилаётган ҳар бир ахборот қайта-қайта текширилган бўлиши керак. Аммо реаллик бу саробни амалга оширишга йўл қўймайди. Шунинг учун муаммонинг бошқа ечимларини излаган маъқул.
Биринчидан, ташқи таҳдид кучларига нисбатан муносабатни шакллантириш.
Иккинчидан, фуқароларнинг билимини ва таҳлил қилиш маҳоратини ўстириш лозим. Токи уларнинг ўзи оқни қорадан ажратиб олиш имкониятига эга бўлсин.
Учинчидан, ахборот оқимида жамият ва давлат манфаатларига мос бўлган ахборотни одамлар тезроқ қабул қиладиган ва ишонадиган даражага олиб чиқиш. Агар бу вазифа етарли даражада амалга оширилса, салбий ахборотларнинг ижтимоий онгга таъсири кескин тушиб кетади.
Тўртинчидан, миллий ОАВга ишончни ошириш. Чунки, ахборот хавфсизлигини таъминлашнинг энг муҳим шартлари жамиятда ахборот тақчиллигини бартараф этиш масаласи билан боғлиқ. Агар аҳоли маҳаллий ОАВга ишонмаса, уларни асосий ахборот манбаи сифатида қабул қилмаса, бошқа манбаларни излаши табиий.
Бешинчидан, ахборот бошқаруви ва технологиялари соҳасини малакали кадрлар билан таъминлаш.
Ривожланаётган мамлакатларнинг халқаро ҳамжамиятга интеграциялашувининг кучайиши улардан глобал ахборот майдонида ўз имижини яратишни талаб қилмоқда. Чунки глобаллашув инсон ҳаётини қанчалик шиддаткор қилмасин, ҳар бир миллатнинг ўзига хослиги, миллий қадрият ва анъаналарига содиқлиги, умуман, унинг миллат сифатида ўзлигини сақлаб қолишига жиддий таҳдид солмоқда. Шунинг учун ҳам ахборот хавфсизлигини таъминлаш муаммолари бугун нафақат ривожланаётган, балки дунёнинг етакчи давлатларида ҳам муҳим аҳамият касб этади[1].
Хўш, ахборот хавфсизлиги нима? Ўзбекистон Республикасининг «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонунига мувофиқ «субъектларнинг ахборотни яратиш, қайта ишлаш ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ фаолият соҳаси — ахборот соҳасидир»[2], ҳамда«ахборотни муҳофаза этиш — ахборот борасидаги хавфсизликка тахдидларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш чора-тадбирлари»[3].
Ахборот борасидаги хавфсизлик — ахборот соҳасида шахс, жамият ва давлат манфаатларининг ҳимояланганлик ҳолати. Ўзбекистон Республикасининг «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги Қонуни. 12.12.2002 й. 3-модда.
Шунингдек «ҳар қандай ахборот, агар у билан қонунга хилоф равишда муомалада бўлиш ахборот мулкдори, эгаси, ахборотдан фойдаланувчи ва бошқа шахсга зарар етказиши мумкин бўлса, муҳофаза этилмоғи керак»[1], яъни бундай ахборотларнинг
хавфсизлиги таъминланиши қонун билан белгиланган бўлиб, ахборотларни муҳофаза қилиш қуйидаги мақсадларда амалга оширилади:
«шахс, жамият ва давлатнинг ахборот соҳасидаги хавфсизлигига таҳдидларнинг олдини олиш;
ахборотнинг махфийлигини таъминлаш, тарқалиши, ўғирланиши, йўқотилишининг олдини олиш;
ахборотнинг бузиб талқин этилиши ва сохталаштирилишининг олдини олиш»[1].
Шахснинг ахборот хавфсизлигига дахл қилганлик учун жавобгарлик нормаларини қўллаш ахборот хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Шу боисдан, мамлакатимизда 2007 йилда «Aхборотлаштириш ва маълумотлар узатиш соҳасида қонунга хилоф ҳаракатлар содир этганлик учун жавобгарлик кучайтирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинди[2].
Ахборот хавфсизлиги жамият ва давлатнинг ахборот борасидаги хавфсизлигини таъминланиши муҳимдир. «Жамиятнинг ахборот борасидаги хавфсизлигига қуйидаги йўллар билан эришилади:
демократик фуқаролик жамияти асослари ривожлантирилишини, оммавий ахборот воситалари эркинлигини таъминлаш;
қонунга хилоф равишда ижтимоий онгга ахборот воситасида руҳий таъсир кўрсатишга, уни чалғитишга йўл қўймаслик;
жамиятнинг маънавий, маданий ва тарихий бойликларини, мамлакатнинг илмий ва илмий-техникавий салоҳиятини асраш ҳамда ривожлантириш;
миллий ўзликни англашни издан чиқаришга, жамиятни тарихий ва миллий анъаналар ҳамда урф-одатлардан узоқлаштиришга, ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни бузишга қаратилган ахборот экспансиясига қарши ҳаракат тизимини барпо этиш»[3].
Давлатнинг ахборот борасидаги хавфсизлиги қуйидаги йўллар билан таъминланади:
«ахборот соҳасидаги хавфсизликка таҳдидларга қарши ҳаракатлар юзасидан иқтисодий, сиёсий, ташкилий ва бошқа тусдаги чора-тадбирларни амалга ошириш;
давлат сирларини сақлаш ва давлат ахборот ресурсларини улардан рухсатсиз тарзда фойдаланилишидан муҳофаза қилиш;
Ўзбекистон Республикасининг жаҳон ахборот маконига ва замонавий телекоммуникациялар тизимларига интеграциялашуви;
Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини зўрлик билан ўзгартиришга, ҳудудий яхлитлигини, суверенитетини бузишга, ҳокимиятни босиб олишга ёки қонуний равишда сайлаб қўйилган ёхуд тайинланган ҳокимият вакилларини ҳокимиятдан четлатишга ва давлат тузумига қарши бошқача тажовуз қилишга очиқдан-очиқ даъват этишни ўз ичига олган ахборот тарқатилишидан ҳимоя қилиш;
урушни ва зўравонликни, шафқатсизликни тарғиб қилишни, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоват уйғотишга қаратилган, терроризм ва диний экстремизм ғояларини ёйишни ўз ичига олган ахборот тарқатилишига қарши ҳаракатлар қилиш»[4].
Агарда сиз хизмат сафарида бўлсангиз, компьютер ва телефонингиздаги маълумотлар сизнинг энг қиммат бойлигингиздир. Уларни йўқотиш тайёрламоқчи бўлган репортаж, мақолангизни йўққа чиқаради. Турли хил хакерлик хуружлари бугунги кунда тўфон сингари давлат, жамият ва шахс ахборот хавфсизлигига таҳдид солмоқда. Масалан, Хитойда хорижий журналистларнинг компьютерларини жосуслик вирус дастурлари билан
зарарлаш ҳолатлари аниқланган. Бунинг учун журналист электрон почтасига матнда яширилган вирус дастури жўнатилган. Эфиопия, Колумбия ҳукуматлари ўз мамлакатларида фаолият юритаётган хорижий журналистларнинг телефон сўзлашувларини эшитадилар, уларнинг электрон почталарини текширишади. Журналистлар фаолиятини кузатишни нафақат давлат хизматлари, балки йирик жиноятчи тузилмалар ҳам кундан кунга янгиланиб бораётган янгидан-янги қурилмалар ва интернет воситалардан фойдаланган ҳолда амалга оширишади. Демак, бугун ахборот хавфсизлиги фақатгина DDoS-хуружлардан ҳимояланиш эмас, балки ахборот хуружини уюштираётган ва ортида турган шахсларнинг мақсадларини тушуниб етишда ҳам кўринади.
Хавфни тушуниш. Ахборот хавфи мавжудлигини тушуниш қийиндир. Агарда сизнинг пулингизни ўғирлашса, бу ҳақида тезда биласиз, аммо сиз қўшни хонада бўлганингизда компьютерингиздаги маълумотларни ахборот ташувчи қурилмаларга кўчириб олишса, буни ҳеч қачон билмаслигингиз мумкин. Шахсий маълумотлар ўғирланса, уларни қайтариб бўлмайди.
Аксарият ҳолатда энг зўр дастурчи ҳам янгидан-янги чиқаётган дастурларнинг моҳиятини бирданига англамаслиги мумкин. Шу сабабли компьютерингиздаги қайси маълумотлар ҳимояга муҳтожлигини ўзингиз аниқлаб олишингиз зарур. Кўп журналистлар уларнинг иши шаффоф бўлиб, ҳеч нарсани яширмасликларини айтишади. Аммо журналистнинг компьютеридан ахборот манбаси томонидан берилган маълумотнинг ўғирланиши ана шу ахборот манбасига қанчалик зарар етказишини ўйлаб кўринг. Масалан, сизнинг Исроилдаги ахборот манбангиз араблар ҳақида маълумот берганида, маълумотнинг ўғирланиши ва арабларга қарши ишлатилиши бутун араб мамлакатларига ёки ҳудуддаги араблар ҳаётига хавф солиши мумкин. Интернетда чоп этилган материални ўчириш қийин, аммо вақти-вақти билан ижтимоий тармоқлардаги саҳифангизни тозалаб турганингиз маъқул.
Маълумотлар қийматини аниқлагач, уларни кимдан ҳимоя қилмоқчи эканлигингизни ҳам ўйлаб кўринг. Булар сиз хизмат сафарида бўлган ҳукумат аъзолари, партиялар, мухолифат ёки жиноий кучлар бўлиши мумкин.
Бошқа мамлакатлар ёки «қайноқ нуқталар»да хизмат сафари чоғида ахборот хавфсизлигини таъминлашда журналистларга қуйидагилар тавсия этилади:
- ўз телефонингиздан фойдаланмаслик ва жойнинг ўзида қиммат бўлмаган, ўша ерда рўйхатдан ўтган телефонни сотиб олиб, ишлатиш. Чунки телефон орқали сиз ким билан, нима мақсадда мулоқот қилаётганингиз ва жойингизни осон аниқлаш мумкин;
- мессенжерлар, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларингиз сизнинг дўстларингизни аниқлаш имконини беради, буни унутманг;
- SMS-хабарлар ўзгалар томонидан энг осон ўқиладиган маълумотлар турига киради. Журналистлар жосусликда айбланиб ҳибсга олинганда ҳукумат аъзолари уларга нисбатан айнан улар жўнатган SMS-хабарларни далил сифатида кўрсатишган;
- узоқдаги шахслар билан мулоқот қилиш учун шартли белгилар ҳақида олдиндан ўйлаб кўрган маъқул;
- интернет-провайдер сизнинг глобал тармоқдаги мулоқотларингизни қайд қилиб бориши мумкин. Шу сабабли интернетда ахборот хвфсизлигини таъминлаш усулларидан бири криптографиядир. Очиқ калитли криптография бошқалар билан шартли кодларсиз мулоқот қилиш имконини беради. Электрон почта учун энг мақбул криптография GNU Privacy Guard (GPG) оператив тизим бўлиб, уни Symantec Pretty Good Privacy (PGP) компанияси ишлаб чиқаради. Очиқ калитли криптография тизими техник жиҳатдан малакага эга бўлмаган фойдаланувчилар учун бироз қийин бўлсада, уни қўллаш бугунги кунда юқори технологик ривожланишга эга бўлган АҚШ, Хитой каби давлатларда ҳам хавфсиз ва ҳимояланган ҳолда ишлаш имконини беради. Электрон почтанинг Outlook, Thunderbird ва Apple Mailлар GPG/PGP тизимини қўллаб-қувватловчи қўшимча дастурларга эга. Шунингдек, Gmail ёки Google даги Riseup.net ҳимоя протоколларини қўллашади. Шу сабабли, бу почталарни бузиш анча қийин. Аммо мазкур сервисларга эга компаниялар сизнинг электрон жўнатмаларингизни ўқиш имконига эга бўлишсада, бошқа компаниялар буни амалга ошира олишмайди.
Бугунги кунда Twitter ва Facebook ҳамда Microsoft компаниясининг Hotmail сервиси ўз фойдаланувчилари талаби билан ўрнатиладиган бепул хавфсизлик воситаларини ўрнатади.
Агарда журналист репрессив режимли мамлакат шароитида фаолият юритса, интернетдан фойдаланганда бошқа мамлакат провайдери хизматидан VPN орқали фойдаланиши мумкин.VPN —virtual private network,яънихусусийвиртуалтармоқ. Мазкур тармоқ VPN-сервери орқали кириб-чиқаётган барча маълумотларни кодлайди ва фойдаланувчининг фаолият жойини аниқлашни қийинлаштиради.
VPNнинг аналоги сифатида «Tor» тизимиданҳамфойдаланишмумкин. Агарда сиз фаолият жойингизни яширсангиз, Tor ёрдам бериши мумкин. Аммо баъзи мамлакатларда у тақиқлангани сабабли секин ишлайди. MSN Messenger, Yahoo Messenger, AIM ва Facebook Chatлар ҳимояланмаган мессенжерлардир. Ундан касбий фаолиятда фойдаланиш хавфли. Skype тизими ярим ҳимояланган бўлиб, мазкур тизимдан ҳам эҳтиёткорлик билан фойдаланиш зарур. Шахсий маълумотларингизни «флэшка»да сақлаб, уни яширинча олиб юриш мумкин. Файлларни кодлашнинг Windowsдан локал дастурлари BitLocker ва MacOS FileVault алоҳида файлларни кодлаш имконини беради. Албатта, файл ва папкаларга пароль қўйишни ўйлаб кўринг.
Фойдаланган адабиётлар рўйхати:
Ходжаев C. Ахборот хавфсизлиги тушунчаси. Республиканский семинар: информационная безопасность в сфере связи, информатизации и телекоммуникационных технологий. Проблемы и пути их решения. Сборник тезисов и докладов. Государственный комитет связи, информатизации и телекоммуникационных технологий РУз. ГУП «UZ». Центр научно-технических и маркетинговых исследований. -Т., 29.10.2013.
- Қосимова Н. Интернет журналистиканинг технологик асослари. Т., 2012. 54-55 бетлар.
- Ўзбекистон Республикасининг «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисидаги» Қонуни. 12.2002 й.