Ҳаётимизда рамзлар жуда ҳам кўп. Уларсиз бугунги кунимизни тасаввур ҳам қила олмаймиз. Айнан рамзлар орқали биз ҳиссиётларимизни намойиш этамиз. Ана шулардан бири юрак рамзидир. Зеро, юртимиз, шаҳримиз, қишлоғимиз, яқинларимизга меҳр-муҳаббат, севгимизни изҳор этиш учун мазкур рамздан фойдаланимиз. Сўнгги йилларда шаҳарларимизнинг қоқ ўртасига ўрнатилган инглиз тилида “I love ….” деган ёзувлар кўпайиб қолди. Ҳўш нега юрак рамзи айнан ана шундай ♥ белги билан тасвирланади? Ҳар қандай шифокор хоҳ инсоннинг хоҳ ҳайвон, қушнинг юраги мутлақо бошқа кўринишга эга эканлигини айтади. Буни ҳар биримиз мактабда “Одам анатомияси” дарсларидан ҳам биламиз.
Албатта чин юракнинг расми инсонда романтик ҳиссиётларни уйғотмайди. Бир қарашда унчалик одамни ҳам ўзига тортмайди. Аммо айнан юракда муҳаббат, меҳр яшайди. Аммо рамзга қайтсак. Айнан юрак рамзи келиб чиқиши ҳақида бир қанча таҳминлар мавжуд. Шуларнинг бир-иккитасига тўхталмоқчиман.
Қадимшунослар археологик қазишмалар жараёнида эрамиздан аввалги 300 минг йилларда ясалган буюмларга айнан ҳозирги машҳур юрак рамзи туширилганлигининг гувоҳи бўлишган. Бу расмлар мутлақо муҳаббатни изҳор қилишдан йироқ рамзлардир. Аксинча уларнинг аксарияти фаровонликни ўзида мужассам этган. Қадимги Римда мазкур рамз кўпинча шароб худоси Дионисни олқишлаш учун узум барги ва новдасини акс этиш учун қўлланилган. Дионис шарафига уюштириладиган байрамларда одамлар бошларига печакдан чамбарак таsишган. Унинг барглари эса юрак рамзига жуда ўхшашдир. Эрамиздан аввалги II асрда эса буддистлар мазкур рамзни анжир баргларини тасвирлашда қўллашган. Милодий II асрда ҳомиладорликдан сақланиш учун Кирения шаҳрида силфий ўсимлигидан фойдаланилган. Унинг уруғи юрак рамзи шаклида бўлганлиги сабабли, ҳаттоки уруғ рамзи туширилган тангалар ҳам зарб этилган.
Кейинчалик қадимги Юнонистонда айнан мазкур рамз орқали аёллар, хусусан Афродита (Венера) Каллипига– гўзаллик худосининг орқа томони, яъни юмшоқ жойининг аксини тасвирлай бошлашган. Вирджиния университетининг профессори Голдино Пранзароне мазкур йўналиш бўйича олиб борган тадқиқотларида ҳам шу хулосага келади. Унинг фикрича, қадимда юнонлар, римликлар аёл гўзаллигида
айнан унинг орқа юмшоқ жойини “қадрлашган”. Юнон гўзаллик худоси Афродита танасининг ҳар бир қисми гўзалдир, дейди профессор Discovery News телеканалига берган интервьюсида. – Ҳаттоки, айнан Афродитанинг орқа томонига бағишлаб ибодатхона ҳам қурилган эди. Пранзароненинг айтишича, албатта қадимда юнонлар рамзни қизилга бўяшмаган. Бу нарса анча кеч, юнонларнинг рамзини католик черкови қабул қилгач амалга ошиб, график юрак анатомик юрак билан уйғунлаштирилган.
Неаполь Миллий археологик музейида яна бир гўзаллик рамзи Афродита (Венера) Каллипиганинг ҳайкали мавжуд. Қадимги юнон ва итальян тилида —Callipigia –тана орқасининг юмшоқ жойи демакдир. Яъни Афродита (Венера) Каллипига таржима қилинганида “чиройли юмшоқ жойли Афродита” келиб чиқади (Н.Қ. -Албатта тананинг мазкур қисмининг асл номини ахлоқий жиҳатларни ўйлаб ишлатмадим) . Аксарият тадқиқотчилар айнан Афродитанинг юмшоқ жойи юрак рамзининг келиб чиқишига асос бўлганлигини қайд этишади. Масалан, Евроазияга христианлик кириб келгач, муҳаббат рамзига ифлос рамз сифатида қаралган ва айнан мазкур рамз инсон юрагини акс этиши Ватикан томонидан қатъиян белгиланган.
Маълумки инсон юрагининг кўриниши, унинг функциясига Пергама шаҳрида яшаган Гален исмли шифокор III асрда ўзининг 22 томли тиббий изланишларида бир бобни бағишлаган. Кейинчалик Қадимги Юнон, Қадимги Рим шифокорлари, буюк Ибн Сино юракнинг кўриниши, унинг инсон ҳаётида тутган ўрни ҳақида тадқиқотлар ўтказиб, ёзиб қолдиришган.
XIII асрнинг ўрталаридан бошлаб, ҳозирги юрак рамзи ♥ санъат асарларида акс эта бошлади. Ана шулардан бири 1250 йилда ёзилган «Le roman de la poire» деб номланган француз қўлёзмасида акс этган. Кейинчалик ўйин қарталарида юрак рамзи акс эта бошлади. Агарда 1370 йилдаги қарталарга идиш, танга, қилич ва қамчи сурати туширилган бўлса, 1450 йили швецарияликлар қарталарни қалқон, атиргул, эман дарахтининг меваси ва чилдирмаларга бўлишган. Фақатгина 1500 йилдан бошлаб, қарталар бугунгидек қарға (trèfles♣), ғишт(carreaux♦), чиллик(piques♠) ва таппон (cœur♥s) га бўлинган. Француз тилида cœurs юрак демакдир. Қарталар тез оммавийлашди ва юрак рамзи айнан муҳаббат рамзи сифатида янада мустаҳкамланди.
1977 йили Нью-Йоркда реклама кампанияси жараёнида «I ♥ NY» («Мен ♥ Нью-Йоркни») логотипи ишлаб чиқилди. 1986 йили мазкур рамз «The Legend of Zelda» видеоўйинида қўлланилди. Шу йили Американинг юрак соғлиғи ассоциацияси уни ўзига рамз сифатида қабул қилди.
Албатта ҳар қандай рамзни жамоат жойларида визуал равишда акс эттиришда аввало унинг келиб чиқишини ўрганиш лозим. Юрак рамзи ҳам шулар жумласидандир. “I ♥ Uzbekistan”
деб ёзгандан кўра, “Мен сени яхши кўраман Ўзбекистон”, “Мен сени севаман Ўзбекистон… Ватаним… жонажон юртим… ва ҳоказо” каби оддий, ўзбек тилининг бой лўғатидан фойдаланиб, ўз муҳаббатимиз, севгимизни Ватанимизга, халқимизга изҳор этиш ўринли эмасми?
Бир биримизга ♥ орқали изҳор этаётган ҳиссиётларимиз учун балки рамз ёки аста-секин унутилиб бораётган оддий қоғозга туширилган ёки электрон тарздаги дил изҳоримизни қўллармиз? Нима дейсиз?
Наргис Қосимова