753

«Озарбайжон киноси кунлари» Ўзбекистонда  бўлиб ўтмоқда

Жорий йилнинг 21-28 сентябрь кунлари Ўзбекистоннинг Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида “Озарбайжон киноси кунлари” ўтказилади.  23 сентябрь куни соат 12:00да “Ўзбеккино” Миллий агентлиги биносида   мамлакатимизга  ташриф  буюрган Озарбайжон делегацияси раҳбари, киноижодкорлари ва “Ўзбеккино” Миллий агентлиги раҳбарияти ҳамда ўзбек киноижодкорлари билан матбуот конференсияси бўлиб ўтди.

Матбуот конференциясида кино соҳасидаги келгуси ижодий алоқалар ҳақида келишиб олинди. Тадбирда сўзга чиққанлар ўзбек ва озарбайжон киноларининг бир-бирига яқинлиги ҳақида сўзлашди, ўзбек томошабинлари учун ҳам севимли бўлган “Қайнона”, “Аршин мол олон”, “Аҳмад қаерда?” каби озарбайжон фильмлари эсланди. Ушбу картиналарга руҳияти, мавзуси яқин бўлган “Маҳаллада дув-дув гап”, “Келинлар қўзғолони”, “Суюнчи” каби ўзбек фильмлари озарбайжонлик киноижодкорлар томонидан эътироф этилди ва ушбу картиналар Озарбайжонда ҳам томошабинлар меҳрини қозонганини айтишди.

Шу куни соат 16:00да “Зарафшон” саройининг кинозалида  тадбирнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Озарбайжон делегацияси таркибидаги делегация раҳбари Озарбайжон маданият вазирлиги Кинематография бўлими бошлиғи Алмаз Гажибаба, Озарбайжон маданият вазирлиги Кинематография бўлими консултанти Гулнора Жавадова, кинорежиссёрлар Озарбайжонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Аёз Салаев,  Мирбала Салимли, Шомил Алиев ҳамда киноактёр Мақсуд Маммадовлар иштирок этди.

Тадбирни “Ўзбеккино” Миллий агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов очиб берди ва ўзбек-озарбайжон ижодий ҳамкорлиги истиқболлари хусусида гапирди, ушбу ҳафталик ўзбек томошабинлари учун кино байрами бўлишини таъкидлади. Меҳмонлардан сўзга чиққан Озарбайжон маданият вазирлиги Кинематография бўлими бошлиғи Алмаз Гажибаба қардош халқлар ўртасидаги ижодий ҳамкорлик бардавом бўлишини тилади, ушбу ҳафталикни ташкил этишга ёрдам берган “Ўзбеккино” Миллий агентлигига самимий миннатдорчилигини билдирди.  Очилиш маросимида озарбайжонлик режиссёр ва актёрлар ҳам сўзга чиқиб, қўйилажак картиналарнинг мавзуси, ғояси ҳақида сўзлаб берди.

-Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасидаги маданий алоқалар ривожланиб бормоқда. Уларнинг янада мустаҳкамланишига биз, киноижодкорлар ҳам ҳисса қўшаётганимиздан жуда хурсандмиз. Ўзбек киномухлилари асосан Озарбайжоннинг “Қайнона”, “Арши мол олан”каби комедияларини севиб томоша қилишидан бохабарман. Аммо бугун намойиш этилаётган фильм бунинг акси. Фильм кўплаб совринларни қўлга киритди. Ўйлайманки, “Қирмизи боғ”  фильмида  бевосита  Ўзбеистондаги мавжуд муаммолар ҳам ўз аксини топган. Бу картина  икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашига ишончим комил, деди Мирбала Салим.

“Озарбайжон киноси кунлари” доирасида озарбайжонлик киноижодкорлар томонидан суратга олинган бадиий ва ҳужжатли фильмлар намойишини режиссёр Мирбала Салимлининг “Қирмизи боғ” бадиий фильми бошлаб берди.

Мирбала Салимлининг «Қирмизи боғ» фильми 2016 йилда суратга олинган бўлиб, картинада фарзанд кўриш орзусида яшаётган эр-хотин ҳақида ҳикоя қилинади. Фильмга қўйилган «Қирмизи боғ»  номи метафорик хусусиятга эга. Қирмизи боғ инсон орзу-истакларининг тимсолидир. «Қирмизи боғ» фильми 2016 йилда «Евразия», 2018 йилда Байкал халқаро кинофестивалида «Энг яхши фильм» номинациясида ғолиб бўлган.

Сеанслар вақти:

23 сентябрь, 2019 йил

«Зарафшон», ТОШКЕНТ

16:00 — “Озарбайжон киноси кунлари” тадбирининг расмий очилиш маросими

16:30 — “Қизил боғ” бадиий фильми намойиши, режиссёр Мирбала Салимли

24 сентябрь, 2019 йил

Алишер  Навоий номли киносаройи, ТОШКЕНТ

17:00 — “Анорзор” бадиий фильми намойиши, режиссёр Илғор Нажаф

24 сентябрь, 2019 йил

«Металлург» маданият саройи, ОЛМАЛИҚ

16.00 — “Озарбайжон киноси кунлари” тадбирининг расмий очилиши

16.30 — “Нахичеванлик Ҳусейн Хон. Қайтиш” ҳужжатли фильми намойиши

17:00 — “Степняк” бадиий фильми намойиши, режиссёр Шомил Алиев

25 сентябрь 2019 йил

«Шарқ юлдузи» кинотеатри, САМАРҚАНД

15:00 — “Озарбайжон киноси кунлари” тадбирининг расмий очилиши

15:30 — “Боку вақт кўзгусида” ҳужжатли фильм намойиши, режиссёр Наталья Завозненко

17:00 — “Степняк” бадиий фильми намойиши, режиссёр Шомил Алиев

26 сентябрь, 2019 йил

«Шарқ юлдузи» кинотеатри, САМАРҚАНД

17:00 — “Ўн аллома” ҳужжатли фильми намойиши, режиссёр Одил Озой

15:30 — “Анорзор” бадиий фильми намойиши, режиссёр Илғор Нажаф

Эслатиб ўтамиз барча сеансларга кириш БЕПУЛ.

Н.Қосимова

Улашинг: