Cўнгги йилларда шаҳарларнинг кенгайиши, аҳолининг қишлоқдан шаҳарга кўчишининг ортиши урбанизация жараёнларининг тезлашишига олиб келди ва тилимизда янги тушунча “урбоэкология”нинг пайдо бўлишига сабаб бўлди. Мазкур тушунча лотин тилидаги urbs — аҳоли пункти, ekolog – экология бўлиб, шаҳар экологияси демакдир. Урбоэкология экологиянинг бўлимидир. Урбоэкология нафақат шаҳарларнингэкологик жиҳатдан тарихий ривожланиш жараёни, балки инсониятнинг шаҳарлар табиатини асраш, яшил ҳудудларни кенгайтириш, шаҳар муҳитининг инсон соғлиғи ва фаолиятига таъсирини ҳам ўрганади.
— Шаҳар нафақат инсонлар, балки кўплаб ҳашарот, қушлар ва жониворларнинг ҳам яшаш жойидир, дейди эколог Дмитрий Переяславский.- Қисман улар хонакилаштирилган ҳолатда, бошқалари шаҳар табиатида, учинчилари эса инсон томонидан ўзгартирилган шароитга мослашган ҳолда яшашади. Албатта шаҳарнинг экологик ҳолатини илмий тарзда аниқлаш мумкин, аммо шаҳарликларнинг ўзи биоиндексация орқали ҳам ўз тураржойларидаги экологик ҳолат қандай эканлигини тушуниб олишлари қийин эмас. Шулардан бири лишайникларнинг борлигидир. Мох ва лишайникларни бир бири билан адаштирмаслик лозим. Лишайниклар турли хил рангда бўлиб, дарахт ва шохларда ўсади, мох эса бу ердаги юмшоқ қоплама ўсимликдир. Лишайниклар қанчалик кўп бўлса, ҳаво шунчалик тоза бўлади. Мохлар асосан намлик юқори бўлган жойларда ўсади. Яна бир индикатор — қушлардир. Ҳозир шаҳарда кўплаб майна ва каптарларни кўриш мумкин. Бошқа қушларнинг камайиб кетишига асосан дарахт ва буталарнинг камлиги, уларнинг асосий емиши бўлган ҳашарот ва қуртларнинг йўқолишидир. Агарда шаҳарда кўплаб қалдирғочлар, чумчуқлар ва бошқа қушларни кўрсангиз, бу шаҳар экологиясининг яхшилигидан далолатдир. Майналарнинг ҳам табиатда ўз ўрни бор. Чунки баҳорда, кўпайиш чоғида майналар кўплаб зарарли ҳашоратларни тутиб, болаларни боқишади. Бундан ташқари майналар сингари каптарлар ҳам инсондан қолган озиқ –овқат қолдиқлари билан озиқланишади. Албатта шаҳарда қушларни кўпайтириш учун уларга уялар қуриш зарур. Собиқ Иттифоқ даврида мактабларда меҳнат дарсларида қушларга ёғочдан уялар қуришарди. Афсуски, ҳозир бу анъана йўқолди. Яна бир “шаҳарлаштирилган” жониворлардан бири олмахонлардир. Аммо олмахоннинг мавжудлиги шаҳар экологиясининг тозалигини билдирмайди ва кўп ҳолатларда улар қушларнинг уяларини бузиб, тухумларини ейишади. Шу сабабли олмахонлар экоиндикатор бўла олмайди. Шаҳар ҳудудида сувнинг тозалигини аниқлашнинг усули, бу унда майда тирик организмларнинг бўлишидир. Агар бўлмаса, демак, унинг таркиби жуда ҳам кимёлашган. Агарда сувда қизил, вертикал равишда сузадиган қувур қуртларини кўрсангиз, албатта эҳтиёт бўлиш зарур. Бу сувни нафақат ичиш, балки унда чўмилиш ҳам мумкин эмас. Чунки унинг таркибида азот кўп бўлиб, мазкур қуртлар айнан ушбу кимёвий модда билан озиқланишади. Азот эса оқава сувларда кўп бўлади. Шаҳарда қичитқи ўт кўп ўсса, демак тупроқ унумдордир. Агарда унда жағ- жағ кўп бўлса, демак у деградация жараёнидадир. Шаҳарда ҳаво тозалиги ўсимликлар ярусига боғлиқ. Бу майсалар, буталар, дарахтлар. Майсалар ердан кўтарилаётган чангни, буталар машиналарнинг ис газларини, дарахтлар юқори қисмдаги чанглар ва газларни тутиб қолади. Дарахтлардан албатта юзаси кенг бўлган турлари, яъни чинор, қайрағоч, каштан, эман ва бошқалар ҳам чанг ҳам ис газларини тутиб қолиш қобилияти юқори бўлганлиги сабабли уларни кўпайтириш яхши натижа беради. Шунинг учун ҳам қадимдан ота-боболаримиз чинор экишган. Чинор нафақат соя берибгина қолмай, ҳавони чангдан тозалаган, унинг илдизлари танасига кўп сув йиғиши сабабли жазирама иссиқда атрофида ўзига хос ижобий микроиқлим ҳосил қилган. Бундан ташқари чинорлар Марказий Осиёнинг барча республикалари иқлимига хос бўлган жазирама иссиқдан ҳам асрайди. Соясида ўзига хос микроиқлимни юзага келтиради. Инсоннинг кайфиятини кўтаради. Игнабаргли дарахтлар бу вазифани тўлиқ уддалай олмайди. Албатта, дарахтлар кўпроқ чангни ютишлари учун ёмғир кам бўлганлиги сабабли уларнинг япроқларини вақти вақти билан ювиб туриш зарур.
Афсуски, пойтахтимиз ва юртимизнинг бошқа аҳоли пунктларида нафақат ободонлаштириш ходимлари, балки ҳовлиларда ҳам ер бағирлаб ўсган майсаларни томири билан юлиб олиб, тупроқни супириб, сув сепишади. Аммо Ўзбекистонда кун иссиқ бўлганлиги сабабли, ер тезда қуриб чанг кўтарилади. Майсалар эса ана шу чангни ушлаб қолишади. Шу сабабли аҳоли пунктларида айнан майсазорларни кўпайтириш мақсадга мувофиқдир. Сўнгги йилларда Тошкентда йўл ва кўп қаватли уйлар атрофига экилган “тирик тўсиқ”лар, яъни буталарни кесиб ташлаш ҳолати кузатилмоқда. Бу ўз навбатида болаларда нафас йўллари касалликларни, аллергияни олиб келиши мумкин. Чунки буталар бўйи узун бўлмаган болаларни биринчи галда чанг ва ис газларидан ҳимоя қилади. Ҳаводаги зарарли моддаларни тутиб қолувчи йирик япроқли дарахтлар, яъни чинор ва қайрағочлар кесилиб, ўрнига игна баргли манзарали дарахтларнинг экилиши эса шаҳар ҳавосини қадимдан ўстирилган чинорларнинг ўрнини боса олмайди.
Пойтахтда қанча боғлар, майсазор ва бутазорлар кўп бўлса, шунча инсоннинг яшилликдан кўзи қувнайди, уларнинг сояси жазирама иссиқдан, буталар шамолда кўтариладиган чангдан асровчи восита бўлиб хизмат қилибгина қолмай, қушларнинг асосий озуқаси ҳисобланган ҳашаротларнинг кўпайиш макони ҳамдир.
— Албатта бугунги кунда пойтахтимизда яшил майдонларнинг янгиланиши кетмоқда, дейди Экоҳаракат депутатлар гуруҳининг вакили, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати Сергей Самойлов,. – Тошкентдаги 1966 йилдаги зилзиладан сўнг аввало Тошкент шаҳри атрофида унинг “яшил халқаси”ни ташкил этиш мақсадида чинорлар экилган эди. Шаҳар кенгайиб улар ичкарида қолди. Айтиш жоизки ҳар бир дарахтнинг ўз яшаш муддати бор. Агарда терак 20-30 йил яшаса, чинорларнинг умри 40-50 йилдир. Бунда уларни узоқ умр кўрадиган Шарқий платан билан адаштирмаслик лозим. Кўп дарахтлар айнан шаҳарнинг сув, канализация, иссиқлик қувурлари ўтган жойларда экилгани сабабли, уларни таъмирлаш учун дарахтларни олиб ташлашга тўғри келмоқда. Шаҳар қурилишининг бош режаси мавжуд бўлиб, бугунги кунда Экоҳаракат депутатлар гуруҳи айнан ана шундай инфратузилмалар устига кўп йиллик дарахтларни экмасликни талаб қилмоқдамиз. Айтиш жоизки, бугунги кунда пойтахтда ҳар бир кишига 49 метр квадрат яшил майдон тўғри келади. Бу инсон саломатлигини асраш учун зарурдир. Игна баргли дарахтларнинг чангни ушлаб қолиш қобилияти кўпроқ бўлиб, улар ўзига хос микроиқлимни ҳам юзага келтиради. Шу сабабли игнабарглилар, бундан ташқари каштан сингари бошқа манзарали дарахтларни шаҳарда экиш мақсадга мувофиқдир. “Тирик тўсиқларга” келадиган бўлсак уларнинг ўрнига эстетик жиҳатдан чиройли бўлган, шаҳарни шовқин ва чангдан асровчи буталарни экиш жараёни кетмоқда. Шаҳар кенгаяпти ва кўпинча қурилиш жараёнида дарахт ва буталарни кесишга тўғри келаяпти. Бугунги кунда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қумитаси, Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси албатта ноқонуний дарахтлар кеслишини назорат қилишлари, бундай шахсларни жаримага тортишлари лозим.
— Шаҳарда яшил ҳудудларни кўпайтириш, йўлакларни қуришда асфальт ёки бетон ўрнига сопол плиткалардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман. Чунки асфальтдан ҳавога мой ҳиди тарқалса, бетон ҳавони янада исишига сабаб бўлади. Бизнинг иқлимимиздан келиб чиқиб, безак берадиган эмас, балки соя берадиган дарахтларни кўпроқ экиш зарур. Албатта автомобиль йўли четларига махсус велосипед учун йўлаклар ажратиш оз бўлсада шаҳар ҳавосининг тозалигига аҳоли томонидан қўшилган ҳисса бўларди. Чунки велосипедни пиёдалар йўлагида ҳайдаш пиёдаларга ҳалақит берса, автомобиль йўлида ҳайдаш ҳаёт учун хавфлидир. Балки шунинг учун ҳам бизда велосипед миниш ривожланмаётгандир?, дейди Тошкент шаҳрида яшовчи Дармон Ибрагимов.
Урбоэкологияни асраш ва ривожлантириш нафақат мутасадди ташкилотлар, балки ҳар бир фуқаронинг зиммасидадир. Унинг асосини дарахт ва буталар ташкил этишини инобатга олсак, дарахтларнинг қайси турлари кўпроқ шаҳарга мос келишини аниқлаш биологлар зиммасидадир. Бунинг учун ҳар бир аҳоли пунктининг ободонлаштириш корхоналари таркибида албатта биолог ва эколог штатларини жорий этиш, шаҳар ҳудудида буталар ва дарахтларни кўпайтириш лозим.
Наргис ҚОСИМОВА