1 803

БУЛОҚЛАР ВА ШОИРЛАР БОҒИ

Булоқларнинг шоирларга нима алоқаси бор дерсиз? Аммо айнан Ер қаъридан, кўз ёш сингари тоза, шаффоф сувларнинг қайнаб чиқиб, зилол сувли ҳовузларни пайдо қилганлиги кўпгина шоир ва шоираларни илҳомлантирган. Хитойнинг 100 млн. нафар аҳолига эга Шаньдун провинцияси бутун дунёга буюк Конфуций  ватани бўлганлиги, унинг маркази Цзинань  шаҳри (аҳоли сони 7 млн.) эса 72 та  булоғи билан машҳур. Уларнинг ичида энг машҳури Баотуцюань  булоғидир. Унда сувнинг ҳарорати қишин- ёзин  деярли бир хил — 18℃.

Баотуцюань булоғи қадимги Шан сулоласи даврига оид  қулёзмаларда ҳам қайд этилган “Баоту” сўзи хитойчадан “жўшқин айғир” маъносига яқин бўлиб, айнан булоқнинг ўзига хослигини акс эттиради. Шимолий Вэй сулоласи ҳукмронлик қилган даврда ёзилган “Дарёлар китоби”да  қайд қилинишича Баотуцюань  булоғи юқорига интилади ва ҳеч қачон қуриб қолмайди. Булоқдан ҳосил бўлган ҳовузнинг узунлиги 30 метр, кенглиги 20 метр бўлиб, унинг атрофида Цзиньсяньцюань, Шуюйцюань, Люсюйцюань  ва бошқа булоқлар ҳовуз сувини тўлдириб туради. Бугунги кундаа Булоқлар  боғи шаҳардаги энг гўзал ва сўлим гўшалардан биридир. Бу ерда сқлниб қолган императорларнинг ёзги дам олиш қароргоҳлари, шоир ва шоираларнинг турар жойлари ўзига хос музейга айлантирилган. Шуюйцюань  булоғи ёнида Сун сулоласи ҳукмронлиги дврида яшаб, ижод этган шоира  Ли Цинчжаонинг ҳайкали ўрнатилган.

Ли Цинчжао 1084 йил 13 март куни  Шаньдун провинциясининг Личэне (ҳозирги— Цзинань) шаҳрида олим оиласида дунёга келган. Отаси Ли Гэйэй Император Академиясининг кўзга кўринган олими эди. Болалигидан Ли Цинчжао адабиётга муҳаббат руҳида тарбия топди. Ли Цинчжао ўзига хос, нафис услубда жуда ҳам кўп шеърлар яратди. Улар табиатнинг гўзаллиги, орзулар, инсон ҳаётининг мазмуни ҳақида эди.  Биринчи шеърлар тўплами “Ишлов берилган яшма бандлари”  деб аталиб, лирик миниатюраларда шоира  ўз эҳтироси, қайғуси ва орзуларини жумбоқли равишда тасвирлайди.

Болалигида шоира хонадонида ўша даврнинг кўзга кўринган олим, рассом, шоирлари тез-тез меҳмон бўлишар эди. Уларнинг айтишувларини  эшик орқасидан тинглаган ёш Ли ўзи ҳам шеър ёза бошлайди ва тезда машҳур шоирлар эътиборини қозонади.

Ли  1101  йили  19 ёшида тарихчи, рассом  Чжао Минчэнга турмушга чиқади.  1127 йилгача улар Шаньдун провинциясида яшашади. Император саройида хизматда бўлган турмуш ўртоғи тез-тез узоқ сафарларга кетар эди. Соғинчли кунлар ёш шоиранинг ижодида изтироб ила акс этарди.                                                                                                     

 Баҳор сепин ёйиб, товус каби кўзни қувнатар,

 Шинам ҳовли. Жимжит, пардаси кўтарилмаган дераза.

Кулранг соялар уларни ўраб, сийпалар,

Сукунатда минорадан термуламан булутлар узра,

Қалбим каби цитранинг яшмали торлари ҳам сукут сақлайди…

Аммо 1127 йили Хитойни чжурчжэней қабиласи боиб олиб, императорни ҳибсга олишади. Кўпчилик қаторида Ли Цинчжао турмуш ўртоғи билан шаҳарни тарк этишади. Икки йил улар Нанкин шаҳрида яшашади.   1129  йили оғир касаликка чалинган  Чжао Минчэн  вафот этади, қайғуга ботган Ли ЦинчжаоХанчжоу шаҳрига кўчиб ўтади. Айнан турмуш ўртоғининг ўлими шоира ижодида туб бурилиш ясашига сабаб бўлади.

Ўзга юрта ёлғиз янги йилни кутаман

Қачон қиров сочимга қўнди, билмайман,

Кеч тушди, шамол, қоронғу ва қор

Қордаги гуллар мендек меҳрга зор…

Ли Цинчжао оғир кунларда ҳам ижодини тўхтатмади.  У ўзини ёввойи олхўри – мэйхуага ўхшатарди. Дарахт қишнинг сўнгги кунлари, ҳали қор эриб улгурмасидан гуллайди. Айнан шу дарахт шоира учун жасорат ва сабр-қаноат рамзига айланди.  Ўз шеърларининг бир неччтасини у мэйхуага бағишлади. Хризантема Хитойда доно ёлғизлик рамзидир. Нок гуллари эса гўзаллик ва қайғу белгиси. Пиож муҳаббат ва камтарлик рамзи бўлиб, мазкур гулларнинг барчаси шоира ижодида ўз аксини топади. Хитой тилининг очилмаган қирраларини  Ли Цинчжао  айнан ана шу ўсимликлар  қиёфасида акс эттиришга муваффақ бўлади.

Ли Цинчжао кўпроқ “ци” номини олган жанрда ижод қилган. Унинг ўзига хослиги шундки,  шеърлар ўша пайтдаги машҳур мусиқа оҳангларига монанд яратилган. Мусиқавий асос бандларнинг узунлиги, қофиялар, ритмни аниқлаб берар эди. Минг йил давомида мусиқа  йўқолиб кетган бўлсада, ҳозир олимлар айнан шоиранинг шеърлари асосида уларни тиклашга уринишмоқда.  Ли Цинчжао ижодида Цзинань шаҳри булоқлари, уларнинг бўйларид ўсаган мажнунторллар  кўп маротаба тилга олинади.

Минг йиллар давомида айнан ана шу булоқлар бўйида  Чин мамлакатининг машҳур файласуф ва шоиру, шоиралари: Цзэн Гун, Чжао Бяня, Су Чжэ, Юань Хаотун, Чжао Мэнфу, Ван Шоужэн, У Вэй, Вэн Фанган, Ван Шичжэн, Хэ Шацзи, Пу Сунлинлар ижод этишган.

1956 йили  Цзинань шаҳри ҳокмининг қарори билан Баотуцюань боғи яратилади ва Хитойнинг ўнта энг машҳур боғларидан бирига айлнади. Боғни айланар экансиз, ҳовузда сузиб юрган тилла балиқлар,  денгиз мушуклари, ҳр бир ҳовузни ўраб турган анор ва мажнунтол дарахтлари, сунъий шаршаралар ва албатта қадимги услубда қурилган, Ли Цинчжао  ҳамда бошқа шоирларнинг ижод намуналари сақланган уйлар   бағрида сиз яна бир бор Қадимги Хитойга тушиб қолгандек, Ли Цинчжао даврига назар ташлаб, унинг нафис ва қайғуга йўғрилган шеърлари оҳангини эшитгандек бўласиз.

Наргис ҚОСИМОВА

Тошкент-Пекин-Цзинань-Тошкент

 

Улашинг: